Таҳлил

 “Туронзамин” ўқувчиларига-Хоразм воҳасидан
“ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ” БЎЛМАГАН ХОКИМ УЧУН БИРИНЧИ ИШКАЛ
 
Каримовнинг Хоразм вилоятига ташрифига ойлардир тайёргарлик кўрилаётганди. Мустақилликнинг 21 йиллиги арафасида топширилиши лозим бўлган Ал-Хоразмий шох кўчасидаги қурилиш ишлари ўз вақтида охирига етмагани учун бу ташриф 9 октябргача кечиктирилди. Махаллий рахбарлар қанчалик уришмасин барибир кўзбўямачилик йўли билан шох кўчани битган қилиб кўрсатишга тўғри келди. Лекин президент кетиши билан кўзбўямачилик учун дўкон пешойналарига қўйилган моллардан тўлалигича бўшатилиб қурилиш-пардозлаш ишлари қайтадан бошланди.
Бу хам етмагандек кеча шох кўчадаги бир бино иккинчи қаватидаги бетон плиталар сифатсизлиги ва мухандислик хатолари сабаб тушиб кетган. Қулаган бетон плиталар биринчи қаватдаги бетон плиталарни хам синдириб ертўлагача туширган бу ходисада бахтли тасодиф туфайли қурбонлар бўлмагани айтилмоқда. Аммо шуниси аён бўлдики шох кўчадаги уйларнинг бари техник жихатдан ҳавфли ва уларнинг исталган вақтда тушиб кетиш эхтимоли катта. Бугун тепа қаватлар битмагани учун бўш турган бу уйлардаги бетон плиталар вақти келиб одамлар кўчиб киргандан кейин тушиб кетгудек бўлса моддий зарардан ташқари мисли кўрилмаган қурбонлар хам бўлиши турган гап.
Мустақиллик йилларида қурилган биноларнинг техник жихатдан хаётий хавф туғдириш даражаси йилдан йилга ошиб бормоқда. Айниқса махаллий хокимлар “ётиб қолгунча отиб қол” ақидаси асосида қурдирган коллежларнинг ярмидан кўпи 10 йил ўтмасдан техник жихатдан хаётий хавф туғдирадиган ахволга келиб қолган. Республика миқёсида ўтқазиладиган “Умид нихоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” ўйинларига тайёргарлик жараёнида барпо этилган ва этилаётган объектларнинг сифати хам коллежларникидан юқорироқ эмас. Шундай экан кейинги йилларда мамлакатда “мустақиллик объектларининг” қулаши тез-тез кузатиб туриладиган холга айланади. Хали битмасидан 9 октябрда президент Каримовга топшрилиб орадан 4 кун ўтмай қаватларни ажратувчи плиталари тушиб кетган Урганчнинг Ал-Хоразмий шох-кўчасидаги объект бу силсиланинг дебочаларидан бири хисобланади. Афсуски Ал-Хоразмий шох-кўчасидаги объектларнинг деярли БАРЧАСИГА бир корхона қурилиш моллари етқазиб берган ва бу корхона билвосита махаллий рахбарлардан бирига тегишлидир. Хоким Пўлат Бобожонов бу муаммонинг тагидан қандай чиқишини вақт кўрсатади. Зеро унинг хаёти бахтли тасодифлар билан тўлалигини кўпчилик билади.
“ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ” ХОКИМ УЧУН ОХИРГИ ИШКАЛ
Бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаётган Пўлат Бобожонов 2004 йил июлда Бош прокуратура биносидан чиқаётган пайтда портлаш юз беради. Бу террористик хужумда тақдир тақазоси туфайли Бобожоновга хеч қандай шикаст ёки зарар етмайди. Аммо Каримов ташрифидан 3 кун олдин, 2012 йил 6 окябрда Гурлан пахта тозалаш заводида ёнғин чиқиб йиллик хосилнинг деярли хаммаси ёниб кетишига қарамасдан унга хеч қандай зарар етмаганини янада бахтлироқ ходиса дейиш мумкин.
Ходиса рўй бергач ўзини йўқотган Бобожонов бош вазирга телефон қилиб соғлиғидан шикоят қилади ва президент ташрифини кечиктиришга шаъма қилади. Мирзиёев ташриф санасини ўзгартириб бўлмаслигини тушунтиришига қарамасдан Бобожонов соғлиғидан шикояти жиддийлигини айтади. Мирзиёев эртаси куни яхши шифокор билан бирга боришини ва пахта заводи ёнгани юзасидан чора излашини хам уқтиради. Президентдан бир кун олдин келган бош вазир ва хоким тунда президент ташрифи режасини ўзгартириб чиқишади. Шовот ва Гурлан туманларига ташриф бекор қилиниб шох-кўчани кўздан кечиргандан кейин Хонқа туманидаги фермер хўжалигига ва “намунали уйларга” бориш, у ердан қайтгач хокимят биносида вилоят фаоллари билан навбатдан ташқари сессия ўтқазиши режаси тузилади. Ташриф режасига киритилган ўзгартиришларни тасдиқлатиш жараёнида президент хавфсизлик хизмати бошлиғи ва бош вазир ўртасида кичкина низо хам бўлиб ўтади ва масала бош вазир ва хоким фойдасига хал бўлади.
Соғлиғидан шикоят қилган Бобожонов учун Мирзиёев марказдан олиб келган шифокор хали бугунгача хам хоким уни қабул қилишини кутиб навбатда тургани айтилади. Хоким бўлса ўзига билдирилган ишончни оқлаш ва халқнинг нафақат пешона тери, балки жигар қони эвазига етиштирилиб кейин ёқиб юборилган пахтанинг ўрнини тўлдиришдек хаётий масала билан банд бўлиб қолади.
Хоким аллақачон зарарни қоплашга киришганига қарамасдан пахта заводида ёнғин чиққани борасида қатор саволлар очиқ қолмоқда. Биринчидан “Президент Каримов вилоятга келишидан олдин бу ишкалдан хабардормиди?” саволи хамон жавобсиз қолмоқда. Зотан бир неча йилдан бери бош вазир Мирзиёев Ислом Каримовни тўлалигича информацион изоляцияда сақлаётганини иддао қилишади. Агар Каримов Хоразм вилоятига ташрифи чоғида бу масаладан хабари бўлмаган бўлса унда бугун унинг мамлакатда фақат номинал президент эканини айтишимиз мумкин.
Лекин ёнғин тўғрисида била туриб ташриф давомида муаммони кўтармагани варианти янада мудхишроқ. Чунки Каримов йирик бир туман пахтакорларининг бир йиллик мехнати деярли тўлалигича ёниб кетгани фактини инкор этиши халқ учун янада фожеалироқдир. Бобожонов бошлиқ махаллий амалдорлар аллақачон ёниб кетган пахта масаласида вилоят халқига янада қаттиқроқ зуғум ўтқазишни бошлашди. Афтидан кеч бўлсада хабар топган Каримов бу масалани кўтармаслиги эвазига Бобожоновга ёнган пахтани ўрнини қандай қилиб бўлмасин тўлдиришини буюрган. Албатта хоким ёки бошқа махаллий амалдорларга чора кўриш билан ёнган пахтанинг ўрни тўлиб қолмайди. Каримов учун фақат пахта керак, ёнган бўлса ўрнини тўлдиришса бас. Халқ бунинг учун нималарни бошдан кечириши унинг учун аҳамиятсиз. Ақалли бу ёнғинга сабаб бўлган омилларни ўрганиниб, кўрилган чоралар борасида халққа маълумот бериш керакмасмиди? ОАВларимиз АҚШнинг қайсидир штатида симёғоч учига чиқиб тушолмай ўтирган мушук тўғрисидаги хабарни кўрсатишади-ю, бутун бошли туманнинг бир йиллик пахта хосили ёнгани борасида хеч қандай маълумот бермайдими?
Очиқ қолаётган иккинчи савол пахта заводида чиққан ёнғиннинг ўт қўйиш оқибатида юзага келгани иддаосидир. Хорижий ОАВларга аноним тарзда маълумот берган завод ходимлари ёнғин чиқишининг сабаби электр таъминоти йўқ пайтида йўл қўйилган камчиликнинг электр таъминоти тиклангач ёнғин келтириб чиқарганидир. Ўзбекистонда яшайдиган хаммага маълумки вилоятда электр таъминотидан узилмайдиган 2 турдаги объектлар мавжуд. Биринчи гурухга муҳим бюроктарик бинолар – МХХ бинолари ва вилоят хокимяти киради. Иккинчи гурухга стратегик ахамиятга эга иншоатлар – ОАВ ва телевидения бинолари, алоқа ва коммуникация тизими ва пахта тозалаш заводлари киради. Пахта тозалаш заводи атрофида жойлашган ва завод билан айни тармоқдан электр оладиган махаллалар хам хеч қачон электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилишмайди.
Шундай экан Гурланда пахтага ўт қўйилгани иддаосига берилган жавоб хақиқатни акс эттирмайди ва юқоридаги иддаонинг ростлиги борасида тахминларни кучайтиради. Айни пайтда Каримовнинг бу борадаги сукутини хам ўт қўйилгани иддаосининг ростлиги билан боғлаш мумкин. Қолаверса халқимизда “Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди” деган мақол бор. Вилоятда тарқалган дастлабки хабарда заводга қасддан ўт қўйишгани иддаоси илгари сурилди ва бунинг нақадар хақиқатга яқинлигини вақти келиб балки билиб олармиз. Унгача эса Бобожонов президент билдирган ишончни оқлаб олсин учун кимларнингдир хатоси натижасида ёнган пахтанинг ўрнини тўлдириб турамиз.
КЕЛДИ-Ю КЕТДИ
Президентнинг ташрифи хақида хам қисқача тўхталиш лозим. Каримов ташрифини Урганч аэрапорти ва шахар марказини туташтирувчи Ал-Хоразмий шох-кўчасидан бошлади. Марказий кўчани бошдан оёқ бир хил – биринчи қавати дўкондан иборат беш қаватли турар жойларга айлантирган бу қурилишлар комплекси учун 124 миллиард сўм давлат маблағлари сарфлангани айтилди. Биринчи қаватдаги дўконларнинг нархи олдин 100 кейин 120 миллион сўм қилиб белгиланган бўлсада “шапкаси” билан дўконлар сохибларига 200 миллион сўмдан қимматга тушётгани айтилмоқда.
Дўкон сохибларига дўконларни фаолият олиб бораётган қилиб кўрсатиш талаби қўйилгач битмаган ва бўёғи қуримаган дўконларда сохибларининг шу дўконларда тунаб қолишларига тўғри келди. Биноларнинг турар жой сифатида қурилган юқори қаватлари эса хали вери битадиган кўринмайди. Устига-устак юқорида айтганимиздек аллақачон қурилишдаги хатоликлар туфайли битмасдан туриб қулаш холи хам кузатилдики, бу қурилишнинг сохибларига хали янада кўпроққа тушишини англатади.
Гурлан туманидаги ёнғин сабаб вилоятнинг ғарбий туманлари бўлган Шовот ва Гурланга бориш режаси Мирзиёев томонидан бекор қилингач Каримов Хонқа туманига бориб пахта далаларини ва намунаний уйларни кўздан кечирди. Хонқадан вилоят хокимятига келган Каримов вилоят фаолларига икки соатдан ортиқ фалсафа сўқиди. Қилган нутқини чапаклар билан олқишлаб турган вилоят фаоллари аслида бу пойинтар-сойинтар гаплардан мақсад нима эканини англай олишмади. Унинг “Анавининг ўзи колхоз раисидан чиққан…” деб Тожикистон республикаси президенти Имомали Рахмоновни камситишию, эрта индин Озарбайжонга йўл олиши хақида гаплари орасида нима боғлиқлик борлигини Каримовнинг ўзи хам билмаса керак. Нутқи орасида гулдирос қарсакларининг давомийлигини изохлар экан “Илгари мени ёқтирмас эдинглар, бу сафар қарашларингиз ва қарсакларингиздан мени яҳши кўришингизни ҳис қиляпман” деган мазмунда хам гап қотди.
Бу бетайин нутқ ортидан унинг номига узоқ тасанно ва мақтовлар ёғдирилди. Ташрифи давомида хам нутқ сўзлаётганда хам фикр-у ёди бошқа муаммолар билан банд экани кўриниб турган Каримов мақтовлар бошланиши билан жонланиб, нотиқларнинг самимиятини англаш учун синчковлик билан кузатди. Мажлислар залида хар бир қаторда бир нечтадан ўтқазилган МХХ ходимларидан хам айнан сессия иштирокчиларининг ўзини тутишини кузатиб, қайд қилиб бориш талаб этилди. Сессия Пўлат Бобожоновни хокимликка ўтқазиш билан тугаб Каримов зудлик билан Тошкент томон жуфтакни ростлади.
ИЖТИМОИЙ ТАНГЛИК ХАҚИДА ЙИРИК ВА МАЙДА ГАПЛАР
Вилоятда ривожланиш бордек қилиб кўрсатишга харчанд уринишмасин махаллий рахбарларнинг хатолари туфайли аксинча вилоят кундан-кунга иқтисодий-ижтимоий ботқоққа ботаётгани аён бўлиб бормоқда. Бобожонов бутун бошли туман хосилининг ёниб кетиши ортидан хокимятдаги хонасига қулфланиб олиб бошқа туманлардан қандай қилиб Гурланда ёнган пахтанинг ўрнини тўлдириш учун пахта ундиришни ўйлаяпти. Хоким бўлганидан бери хеч қаерда кўриниш бермаган бу прокурор-хокимнинг кўрсатмаларидан қанчалик норози бўлишмасин қуйи поғона рахбарлар мамлакатда ёзилмаган қонунлар асосида бу топшириқларни бажаришга мажбурдирлар. Улар пахтани чўнтакларидан чиқариб бермасликларни инобатга олсак вилоятга келган бу шумқадам хоким биринчи кунданоқ халққа жабрни ошириб илгаригидан хам кўпроқ ижтимоий тангликга сабаб бўлишини башорат қилсак бўлади.
Шох-кўчадаги битмаган қурилишнинг қулаши борасида хам прокурор-хокимнинг қарори айни кўринишда бўлади. Дўкон сохибига ўз хисобидан қурилишни тиклаш ва бинони зудлик билан фаолиятга очиш талаби қўйилади. Бу биноларни ким қурган, ким томонидан ишлаб чиқарилган қурилиш материалларидан фойдаланилган, етқазилган моддий зарарни улар зиммасига оладими деган саволлар хеч кимга берилмайди. Чунки бинолар қурилишига маъсул бўлган корхона-ташкилотларнинг барчаси вилоятдаги йирик амалдорларнинг яқинларига тегишлидир. Уларни орқасидан қувлаш эса калаванинг учини яна вилоят хокимятига олиб келади.
Буни қарангки вилоятдаги йирик даромад манбааларини тўлалигича эгаллаб олган амалдорлар энг майда “соҳаларни” хам қўлдан бой беришмайди. Октябр ойининг бошидан бери вилоят бензин сотиш шахобчаларида ахолига бензин сотиш тўхтатилган. Аммо бензин давлат нархининг бир ярим баробари ёки унданда ортиғига “қўлда” исталганча топилади. Заправка сохиблари ўзларига ажратилган бир литри 1700 сўм атрофида турадиган бензиннинг хаммасини “қўлда” бензин сотадиганларга 2200-2500 сўмдан топширадилар. Бу ноқонуний бензинфурушлар эса халққа бензинни албатта янада қимматроққа сотади. Айни сабабдан бугун Хоразмда бир литр бензиннинг нархи қўлда 2600-2800 сўмни ташкил этади. Прокурор-хоким бўлса ижтимоий тангликни жадаллаштирадиган бу муаммога ўз чўнтагиги кирадиган арзимаган пул учун кўз юмади. Чунки заправкачилар кўрадиган мўмай даромаднинг бир қисми нефтебаза рахбари орқали шахсан Бобожоновга етиб боради. Шунинг учун прокурор-хоким бундай “муммонинг” ечими йўқлигини рўкач қилиб милиция ва бошқа мутасаддиларга қўлда бензин сотилишига тўсқинлик қилмасликларини талаб қилади. Акс холда бош прокурор ўринбосари вазифасида ишлаб кўрган хоким оддий ноқонуний бензинфурушлар муаммосини хал қилолмасмиди? Аслида хокимга муаммонинг бартараф этилиши эмас бу муаммодан унга қанчалик даромад келаётгани мухим.
Аҳли Хоразмий,
“Туронзамин” ўқувчилари учун деб билгайсиз.
Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Tahlil. Bookmark the permalink.