Жаҳонгир Маматов

ОТАЛАР ВА БОЛАЛАР

Американинг марказий штатларидан бирида икки юқори синф ўқувчиси 12 нафар тенгдошини отиб ўлдиргани ҳақидаги хабар бутун дунёга ёйилди ва ўйлайманки сиз ҳам бундан воқифсиз. Мазкур жиноятни балоғатга етмаган болалар содир этишгани боис ота-оналар масъулияти тортишилди. Табиийки, ҳеч ким уларни қамоққа тиқиш керак, деган эмас.

“Вашингтон пост” газетасининг шу муносабат билан интернет орқали ўтказган сўровига мен ҳам ота-оналар масъулиятли, деб овоз бердим. Чунки балоғатга етмаган фарзандларнинг ҳар қандай ҳатти ҳаракатларига ота-оналари масъулиятлидирлар. Бу маънавий юк демак. Биз истасак, истамасак ҳам ҳар қандай ота-она масъулият ҳис этади. Бу инсоннинг руҳида, қонида мавжуд бўлган нарсадир. Яъни у истаса ҳам масъулиятдан қоча олмайди. Бу Тангри томонидан руҳимизга ерлаштириган илоҳий механизм бўлиши ҳам мумкин.

Аммо бола улғайиши билан ундаги мустақиллик инстинкти кучайиб боради. Бунинг Шарқ ёки Ғарбга алоқаси йўқ. Аллоҳ бандасини ўзидан бошқага тобе бўлмасликка ва мустақилликка ташна қилиб яратган. Бу ҳаёт жараёнида узвий ўлароқ давом этади. Лекин бизда 40 ёшли бири учун 80 ёшли ота-онасини ҳам айбдор қилиш тарихан мавжуд. Балки бутун империяларимизнинг емирилиб кетиши, ота ўлимидан кейин тахт талашлари авж олиши каби унсурларнинг сабабини ҳам ана шундан қидирмоқ керак. Отаси ҳаёт бўлган даврда лидерлик даражасига кўтарила олмаган ўғиллар бир-бирларини ёқавайрон қилиш билан овора бўлганлар.

Оталар ва болалар усулини Совет Иттифоқи даврида коммунистлар шу қадар маҳорат билан қўлландилар-ки охир оқибат уларнинг ҳам империяси қулаб кетди.Отаси ҳар қанча қобилиятли бўлмасин фарзанди ноқобил чиқиб қолса албатта бундай падардан воз кечишарди. Буни маънавият деб билишарди.

Бугун мустақил Ўзбекистон ана шу анъанани садоқат билан давом эттираяпти. Президент Ислом Каримовнинг мана бу сўзларини эшитгансиз, яна бир марта эшитиб кўринг:

”Мен нафақат бу муттаҳамларнинг кўзига қараб гапирмоқчиман, уларнинг отаси ва онасининг кўзига қараб айтмоқчиман:уларга тарбия берган ота боласининг ёнига келиб жавоб беради. Мен керак бўлса, янги фармонга ҳам имзо чекаман. Отаси жавобгар! Аёллар билан бизлар курашмаймиз. Керак бўлса, отасининг ёқасидан ушлаб, бўғиб ўғлини ёнига олиб келиб, бир жойга тиқиб, сўроқ қилиб жазосини берамиз, билсин отаси. Олти ой, бир йил гумдон бўлиб кетган болаларини сўрамайдими, қаерда юрибсан, деб, ким билан курашмоқчисан, ўзининг қўли билан бошини олиб ташламайдими?”

Кечирасизу бу бир давлат раҳбарининг эмас, довдур бригадирнинг гапларига ўхшайди. Аммо оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган чапани ва довдур бригадир ҳам бировга болангни ўлдир, бошини кесиб ташла демайди. Бутун дунёда ўлим ҳукми бекор қилинаётган бир пайтда, ҳатто жиноятчининг ҳуқуқлари борлиги эътироф этилаётган бир шароитда ва ҳали боласи гуноҳкорми йўқми, исботини топмаган бир ҳолатда отани қотилликка даъват этган Президентга эмас, бу гапларни ҳазм қилганларга қойил қолиш мумкин.

Гапни қаранг отасини ушлаб келиб, камерага тиқар эканлар, сўроқ қилар эканлар, кейин жавобгарликка тортар эканлар. Бутун масала боласи қаерга гумдон бўлиб кетгани ҳақида.

Хўш, бу масалага замонавий давлатчилик, ҳуқуқ нуқтаи назаридан баҳо бериб кўрайликчи, қандай натижа чиқар экан? Президент қонунларда мавжуд бўлган нормативлар бўйича фармон қабул қилиш ҳуқуқига эга. Қайси қонунда оталар болалар учун жавоб берадилар, деб ёзилган? Майли, эртага Президент парламентни тўплаб дарҳол қонун қабул қилдиради, шуни ҳам билмайсизми, дея дакки беришингиз мумкин. Аммо  ҳуқуқий давлат нуқтаи назаридан фикр юритаяпман. Чунки жаноб Каримов икки гапда бир “Биз ҳуқуқий давлат қурдик” дейдилар.

Бу ҳам майли, ҳали боласининг гуноҳи бўйнига қўйилмасдан отасини айблаш на ҳуқуққа ва на мантиққа тўғри келади. Ўзбекистон Конституциясининг 117-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар” деб ёзиб қўйилган.

Демак, бу ёш баркамоллик, вояга етганлик ва мустақиллик палласи ҳисобланади.

Демак, бу ёшда отаси Каримовга овоз берса боласи унга қарши овоз бериш ҳуқуқига эга. Яъни ўз фикри, ўз қараши билан ҳаракат қилади.

Демак, бу ёшда у ўз йўлини танлайди. Бутун дунёда шундай ва биз бу жараёнга қарши турсак бобокалонларимиз каби ҳолга тушамиз, қуллик руҳиятидан ҳеч қачон қутула олмаймиз.

Бир оилада отаси коммунист, ўғли демократ ва қизи социалист бўлиши мумкин. Сиз бунинг учун отасини жазолайдиган бўлсангиз шўролардан ҳеч қандай фарқингиз йўқлигини исботлайсиз, холос. Агар бировнинг камолга етган ўғли жиноят содир этганда гумон қилинса, бу Президентнинг эмас, ҳуқуқ тартибот идорасининг иши. Текширсин, исботласин ва қонунга кўра жазосини берсин. Бу унинг тақдири, унинг танлаган йўли. Отасини эса тинч қўйинг! Бугунгача жуда кўп оталар ва оналар фарзандлари Президентдан бошқача фикрлаган бўлса қийноққа солиндилар ва қанча- қанчалари юракларини ғижимлаб бу дунёдан кўз юмдилар. Яна уялмасдан биз оналар билан курашмаймиз дейсиз.

Агар камолга етган бир йигит Ватанини ташлаб четга кетган бўлса, бу отасининг эмас, унга яхши шароит яратмаган ҳукуматнинг айби. Чунки ҳукумат оталарнинг чўнтагидан чиққан солиқ ҳисобига яшаяпти. Жумладан Президент ҳам. Демак, унинг биринчи галдаги вазифаси солиқ берувчининг ўзига ва боласига хизмат қилишдир.

Агар демократия мавжуд бўлганда турли фикрлилик бўларди. Матбуотда ҳамма нарса тортишиларди ва болалар юртни тарк этмасдилар.

Агар етарли иш жойлари мавжуд бўлганда, етарли маош олишганда ҳеч ким ўз гўшасини ташлаб кетмасди. Демак, Президент даъвогар сифатида оталарнинг ёқасидан олиши керак эмас, балки болаларини шу кўйга солган ҳукумат ва унинг бошида турган Президентдан оталар даъвогар бўлишлари керак. Аммо фикран бунга қодир эмаслар, чунки фикран мустақил эмаслар.

Ҳозир камолотга етган йигитларни отасига боғлаш ёки маҳаллага юклаш бу ўрта асрга қайтиш демакдир. Аслида Тошкентда бомбалар портлаши натижасида яқинлари ҳалок бўлганлар ҳукуматни айблашидан қўрқиб бегуноҳ оталарни нишон қилиб кўрсатишмоқда.

Бизга “Отамиз Ленин” деб ўргатишарди худди ҳозир “Отамиз Каримов” деб ёзишаётгани каби. “Йўқ, Ленин менинг отам эмас” деганларни қамашарди. Худди “Ислом Каримов халқни эмас, ўзини ўйлаяпти” деганларни йўқ этишаётгани каби.

Аммо шундай кун келдики, биз мустақил бўлдик ва Лениннинг боласи эмаслигимизни ҳамма идрок этди. Яна шундай кун келадики фикрда ҳам мустақил бўламиз ва ўшанда қуллик исканжасиданҳам қутуламиз.

(“Озодлик” радиоси, 1999 йил, 9 май).

“Тарихни титратган кунлар”

jahonnoma.com

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, jahonnoma. Bookmark the permalink.