Сиёсий латифалар

ПАПУ

-Папу, эшиттингизми, Мексикада Ҳайдар Алиевга ҳайкал қўйишибди?,-деди Пулнора Алдаркўсага.

-Жинними улар? Мексика қаердаю Озарбайжон қаерда? Алиев бу мамлакат учун нима хизмат қилди?  Уларни АҚШдан озод қилиб бердими ёки Алиев Озарбайжонни озодлик оролчасига айлантирдими? Озари деган халқни билмаган мамлакатда унинг ўлиб кетган президентига ҳайкал қўйишганига бало борми?

-Илҳом пул бериб ҳайкал ва Ҳайдарланд қурдирибди ўша ерда, Папу.

-Пора берибдида! Қанча берибди?

-“Зелёний”дан…Беш миллиончик.

-Шу ҳам пулми?

-Керак бўлса биз 10 миллион беришимиз мумкин!

-Конечно!

-Гаплашайми бўлмаса, Папу?

-Нега қараб турибсан?

-Илҳом Мексикада Ҳайдарланд қурдирган бўлса,  мен Папуа мамлакати билан гаплашаман!

-Нимага энди Папуа?

-Папу, қаранг,  номи ўзимизнинг тилга яқин! Одамлари ҳам темпраментий, менинг модаларим учун Дубайдан ҳам  катта бозор бўлади.

МАҚСАД

Оқпошшо Тожикистон раҳбари  Раҳмонга 60 ёшга тўлган кунида снайпер милтиғи совға қилди.

-Бу бежиз эмас, бундан қандайдир кўзлаган мақсадингиз бўлиши керак?,- деди Раҳмон жилмайганча Оқпошшога.

-Иккаламизнинг ҳам кўзлаган мақсадимиз битта. Кимки ашаддий душманинг бўлса ўшани Роғундан туриб нишонга ол, урсанг нафақат мени, ҳов у томондаги 29 миллион одамни ҳам хурсанд қиласан.

-Лекин у айёр, сиз истаган нарсани бериб кўнглингизни олади.

-Мен истаган нарсани беролганда сенга снайпер милтиғи совга қилармидим?!

ЗАМОН

Алдаркўса ўзини кутиб олиш учун аэропортга чиқмаган Туркманбошига кесатди׃
-Ҳа, ука, отингиз панд бердими?
-Узр энди, шунақа бўлиб қолди.
-Бизники эшак, лекин унга ҳавас қиладиган ука, кичик бўлса ҳам ўзидан катта отни босиб кетади.
-Ҳа, ҳозир отлар ука, эшаклар ака бўлган замон!

ҚОЧМОҚ

-Оқпошшо Қозоғистонга келса, сиз Кореяга кеттингиз, у Душанбега борса, сиз бу ёққа келдингиз,-деди Туркманбоши Алдаркўсага.-Одамлар сизни Оқпошшодан қочди, деб гап қилишмоқда.
-У ҳўкизмидики мен ундан қочайин!

ТАГИ ТОЗА ЭМАС

Алдаркўса сафардан қайтиб кабенетида ўтирганди пилесос кўтарган хизматкор кириб қолди.
-Нега бесўроқ кириб келдинг?-деди Алдаркўса унга.
-Узр, сизни сафарда деб ўйлабман.
-Демак, келганимни сен ҳам сезмай қолибсан-да? Хўш хизмат?
-Агар беш дақиқа ўрнингиздан туриб турсангиз, тагингизни тозалаб қўярдим.
-Тагимга нима қипти?
-Боя ёрдамчингиз кимгадир “Каттанинг таги тоза эмас” деганини эшитиб қолдимда.

НУҚТА

-Сизга ёш аммо талантли бир ёзувчидан телеграмма келибди,-деди маслаҳатчи юртбошига.
-Ўқи-чи!
-“Тошкент вергул Оқсарой вергул Алдаркўсага нуқта”
-Кимга, нима?
-“Алдаркўсага нуқта”…
-Яна бир марта ўқи-чи?
Маслаҳатчи “Алдаркўсага нуқта қўйиш керак” деган маънони тушуниб қолиб ранги оқариб кетди ва жумлани овози қалтираган ҳолда ўқиди׃
-“Алдаркўсага нуқта!”
-Худога шукур, нуқта экан, ман нўхта деб эшитибман.

ИШТИРОК

-“Мамлакатда пора бермаган ва пора олмаган одам қолмаган” деб ёзишибди,-деди маслаҳатчи Алдаркўсага.
-Ким ёзади, нега ёзади?
-Чет эллик душманларимиз ёзади-да…
-Ҳар бир фуқаронинг жамиятни бошқаришдаги иштирокини таъминлашни талаб қилган ҳам шулар эмасмиди?.

ЖАНГ

-АҚШ ва Россия орасида гилам тагидан жанг бошланибдими?-деб сўради Алдаркўса маслаҳатчидан.-Нега очиқда эмасу гилам тагидан жанг қилишмоқда, мақсадлари нима?
-Сиздан кейин бўшаб қоладиган ўринга ҳар бири ўз одамини суқмоқчи.
-Нима мен ўлаяпманми?
-…
-Нега жавоб бермайсан, аблаҳ? Жавоб бер, мен ўлаяпманми?
-…
-Жавоб бер деяпман сенга! Мен ўлаяпманми?
-Йўғ…е, мен ўлаяпман….
-Сен нега ўласан?
-Биринчидан, нафас ололмаяпман, бўғиб турибсиз, иккинчидан, сизга ўхшаб қариб, мункиллаб қолдимда.

КЕЛАЖАК

-Таржима қил!
Таржимон жим тураверди.
-Сенга айтаяпман, бу чет эллик мухбир нима демоқда, тилингни тишладингми падарлаънат?
-Бу “Алдаркўса ўлгандан кейин мамлакатнинг келажаги нима бўлади?” деб сўрамоқда.
Алдаркўсанинг жаҳли чиқди ва׃
-Бало бўлади, гўр бўлади, очиқ мазор бўлади,-деб қўл силтаб, чиқиб кетди.

ЖМ.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Latifalar. Bookmark the permalink.