Ҳазили ҳам бор

Кўчманчимиз

Қайдадир ўқигандим. Нью-Йорк томон интилганларнинг кўпини россияликлар, украиналиклар ва ўзбекистонликлар ташкил этармиш.

Нью-Йоркдаги ишсизларнинг аксарини руслар ташкил қилар экан, ўзбеклар бу борада қандай аҳволдалиги бўйича аниқ маълумот йўқ.

Лекин бораман деган сон-саноқсиз. Буни билиш учун эринмасдан АҚШ элчихонаси томон саёҳат қилиб келишнинг ўзи кифоя. Элчихона эшиги ёнида турнақатор бўлиб турган ватандошларимизга кўзингиз тушади. Уларнинг асосий қисмини ўзбеклар ташкил этади, яъни ўзбекистонлик бошқа миллатлар вакиллари эмас, айнан ўзимизнинг қора кўзлар.

Асосий қисми деб камтарлик қивордимов, гапнинг очиғини айтганда уларнинг ҳаммаси ўзбек. Табиий савол туғилади, агар шундай бўлса, хўш у ҳолда нега руслар кўпроқ, ўзбеклар эса атиги учинчи ўринда экан, деган. Ўринли савол, ўринли жавоб эса қуйидагича. Сабаби, ўрислардан фарқли ўзбекларнинг анави виза деганларини олиши қийин. Ўзбекнинг мақсадини тўлиқ англай олмаётган консул жаноблари шу, визани олишга рухсат бермай қийнаяптида. Аслида унинг ҳам бундай қилишига маълум сабаблари бор, сиёсат шунақа, айнан ўзбеклар ва бизга ўхшаш аҳволда яшайдиган мамлакатлар аҳолисига нисбатан.

Америкаликларнинг ташвишини биз ўзбеклар учун тассавур қилиб, тушуниш жуда осон. Айтайлик, сизнинг оилангиз аъзолари саккиз кишидан иборат. Оила бошлиғи сифатида сиз ана шу саккизтани боқиш, кийинтириш ва беэҳтиёж ўсишини таъминлашингиз шарт.

Энди шу саккизтани ғамида юрган бир пайтингизда уйингизга яна ўшанча ейман-ичаман деган кириб келса довдираб қоласизда, тўғрими? Хуллас, консул жанобларининг мушохадаси ана шу кўринишда. Ўзбекларнинг АҚШга қатновчи миллатлар орасида атиги учинчи ўринни эгаллаши сабаби ана шунда.

Энг қизиғи, ўша бораётганларнинг анчаси ҳўв катталарга қарашли. Зеро, консул жаноблари америкача табассум билан визани шартта қўйиб юбораётган баъзи ўзбекларнинг оилавий шароити ҳатто америкача оғизни очиб қўювчи, даромади просто ақлбовар қилмас даражадалиги, чўнтак ҳаражатлари эса консул жанобларини-да довдиратиб қўювчи даражадалиги ҳақидаги аниқ далил исботларни келтира оладиган инсонлардир.

Масалан, мен билан сиз бундай ҳужжатни тақдим этишимиз учун албатта, бироз фирибга қўл уришимиз керак. Қолаверса, ўзимизни миллионерларча тутишимиз ҳам керак. Энди, гапнинг очиғи, миллионер ўзини қандай тутадию, қандай эснаб, қандай афт буриштиришидан бехабар мену сизга буни ўхшатиш осон эмасда. Шу боис ҳам, бундай ҳужжат билан келувчилар шубҳасиз каттавойларнинг арзандалари эканлигига ишонса бўлади.

Албатта, тақдир тақозоси билан у ёқларга бориб қолганларни бу рўйхатга қўшмаяпман. Зеро улар мажбурий иммигрантлар, бу ерда эса гап ихтиёрий иммигрантлар ҳақида кетаяпти.

Демак, ўша Америкадаги 2 минг доллар ҳам бойнинг боласига, камбағолга ўша ҳам осмондаги юлдуздай, эшитиб бир ютиниб қўямиз ҳолос. Шу ерда бир воқеани сўзлаб берсам. Беш йил олдин бир даврада ўтирган эдик. Бир ташкилотнинг каттаси, ходимлари ва у ташкилотга қатновчи одамларни йиғиб олиб, мамлакатимиз одил сиёсат билан Россияга қучоқ очиб нечоғли тўғри қилганимиз ҳақида роса гапирди.

Ҳатто, мана энди биз тўғри томонга бурилганимиз, худо хоҳласа энди ҳаммамиз бой бўлиб кетишимиз, унинг ўзи бу ўзгаришлардан анча ҳурсандлигини айтди. Америка ишончни оқламади дедию, шу захоти гапга берилиб кетиб, қизи, ўғли ва ҳатто икки невараси ҳозир АҚШда ўқиётгани, қизи ўша ерда турмушга чиқиб, ўша ерда яшаётгани, ҳар йили ёзда у ўша ёқларда дам олиб қайтишини фош қилиб қўйди.

Тавба, руслар яхшию, аммо Америка қизиқроқда, деганими бу?  Ҳалиги одам давлатга қарашли идораларнинг бирида бошлиқ ўринбосари, ундан ташқари бир қатор хусусий ташкилотлар раҳбари.

Унинг учун Нью-Йорк ҳам, бошқа штат ҳам очиқ, плизз, келаверинг, пулингиз борми, у ҳолда келиб бизда яна бир икки минг ишлаб олишингиз мумкин. Пулингиз йўқми, у ҳолда аймсорри, сизга Америкада иш ҳам йўқ! Демак  биз ҳаммадан ўтиб кетардик, агар имкон бўлганда. Афсус имкон йўқ. Керак бўлса, ўзбек гастарбайтери Американи ҳам тўлдирворади, ўзимизда улар эҳҳе қанча. Қўшни давлатлардагисинику айтмай қўяқолай. Мана боз Америкага бурилдик. Унининг омади чопиб қолди. Бориб-келаверади.

Ҳурматли америкалик дўстларга айтиб ўтай, мен асло уларни камситмоқчи ёки айбламоқчи эмасман, бор нарсани айтдим, холос. Мен бу мавзуга тўхталганимнинг боиси, бизга агар имкон бўлса, ҳеч шубҳасиз дунёнинг истаган мамлакатини энг арзон ишчи кучи билан таъминлашга тайёрмиз демоқчиман.

Ўзбеклар ҳатто ойига 500 долларга ҳам ишлашга тайёр, иш бўлса кифоя. Зеро ўзимизда бундай “неъмат” йўқ. Қаердаки янги корхона ёки ташкилот очсак, аввал ўзимизга керакли одамларни жойлаймиз, улар ўзларига кераклигини, кераклилар эса ўзларига кераклигини жалб этади. Унданда даҳшати, бу қурғур ташкилот нари борса икки ёки уч йил зўр ишлайди, ойликлар ҳўв айтганим америкача табассумни келтириб чақирадиган бўлади. Ҳаммаси зўр, урра, лалалай-лалалай…

Аммо, ўша икки ёки уч йил ўтгач, тўсатдан пул тугаб қоладимие, осмон ўпар ойликлар негадир энг оддий давлат корхонасининг ишчисиникидан ҳам кам бўлиб қоладимие. Хуллас, табассум у ёқда турсин, лалалай-лалалай ҳам келган жойига равона бўлади. Раҳбаргаку осон, уни ҳўв ҳимоячилари бошқа, кечагина очилиб, раҳбарга зор бўлиб турган ташкилотга кўчиришади.

У ерда ҳам худди ўша табассум, лалалай-лалалай, кераклилар кераклиларга ёнбосиб давру даврон бошланади ва икки йил ўтгач… ҳамма кимнингдир онасини, яна кимнингдир бошқа аллакимини эслаб ғўдранишга тушади. Бизда иш тақсимлаш, тўғрироғи иш билан таъминлаш масаласи ана шундай. Ёқса ишланг, ёқмаса ана Америкага боринг, тўғрироғи бориб кўринг…

Нега америкага интиламиз, биринчидан, у ерда эмишки тартиб бор, иш берувчи гастарбайтер бечорани ер тўлага тиқиб, пулини хоҳласа бериб, хоҳласа бермай қўймас экан. Ахир иттифоқдош дўстимиз бизни ана шундай сийлайдида.

Балким шунинг учун ҳам уни иттифоқдош дўст деб танлаб олгандирмиз, ким билади… Аммо не таажжубки, ана шу тартибли жойга ҳам фақат тартибни ўта “ҳурмат” қилувчилар, яъни ўз юртидаги тартибни футбол қилиб ўйновчилар бора олаяпти. Тартибли ишга, ойликка ва ниҳоят тартибли муносабатга муштоқлар эса, иложсизликдан ўша ертўлалару, ур-тепга боришаяпти.

Майлида, ахир уйга нимадир олиб келиш керак, фарзанднинг умидсизланиб қолишидан ёмони борми…

Қолган ишларни хитойликларга беришга қарор қилдик. Нима қиламиз энди? Bизa билан ҳов ўшaлар бориб ишлай олса? Бизчи? Грин карта ўйнаймиз. Ютволиб, боре, деб кетворамиз. Бутунлай. Нима қипти? Зотан ота боболаримиз ким бўлган? Кўчманчилар. Бу дунёдан у дунёга кўчгандан кўра, бу дунёдан бошқа дунёга кўчган маъқулроқда…

Нидои Мазлум.

One Response

  1. yaxshi maqola chiqibdi, rahmat!

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: