Таҳлил

НАВБАТДАГИ “БУЮК ЎЙИН”

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ экани тахмин қилинаётган молиявий жиноятлар сўнгги ойларда Ўзбекистон билан боғлиқ хабарларнинг биринчи қаторидан тушмай келмоқда. МТС уяли алоқа операторининг дабдурустдан ёпилиши ва хукумат томонидан тортиб олиниши билан боғлиқ машмашаларнинг узвий давоми сифатида майдонга чиққан бу ходисаларнинг ортида ким турганини хақида фикр юритишнинг вақти келди назаримда. Албатта бу фактларнинг ўртага қўйилиши билан мамлакатдаги сиёсий мувозанат қандай ўзгариши тўғрисида хам қатор хулосалар қилиш имкониятига эгамиз.

Бош ролларда: Гаяне Авакиян, Беҳзод Ахмедов ва бошқалар

Бугун Швейцария прокуратураси терговлари асосида ўртага қўйилаётган фактлар ва Ўзбекистон томонининг бунга жавобан Uzmetronom сайтида эълон қилган “норасмий” позицияси қанчалик қарама-қарши бўлмасин, Ўзбекистонда яшаётган хар биримиз шуни биламизки оддий фуқаролар учун хорижга 2000 АҚШ долларидан ортиқ пул олиб чиқиб кетиш деярли мумкин бўлмаган мамлакатда миллиардлаган долларлик халқаро транзакцияларни фақат “Қиролият оиласи” вакилларигина амалга ошириши мумкиндир. Албатта улар бу операцияларни хавфсизлик нуқтаи назаридан ўз номларидан бажаришмайди.

Демак бугун Гаяне Авакиан, Беҳзод Ахмедов ёки бошқа шахсларнинг пул ювиш билан боғлиқ операцияларда айбланиши аслида Гулноранинг бу операциялар билан айбланиши деганидир. Афтидан хали-хануз навбат Гулнорани Швейцариядаги энг бой 100 киши рўйхатига киришига сабаб бўлган ҳисоб рақамларига пуллар қаердан келгани билан боғлиқ текширувлар бошланмаган кўринади.

Бир эхтимол бу ҳисоб рақам ёки рақамларининг Lombard Odier банкида эмаслиги бўлиши мумкин. Аммо ишончим комилки бу хонимчага тегишли барча ҳисоб рақамлари текшириб кўрилса албатта терговдаги фуқароларимизга тегишли хисоб рақамларидан ғойиб бўлган йирик миқдордаги пулларнинг қаерга кетгани аён бўлади.

Зеро на Гулнора нада Лола бугунгача мамлакат ташқарисида бир тийин хам даромад кўришга муваффақ бўлган бизнесга эга бўла олишмади. Уларнинг асосий даромад манбаи тўғридан-тўғри ўзлаштирилган Ўзбекистон республикасига тегишли маблағлардан иборатдир.

Шведларни лаққа туширган лицензия билан боғлиқ тўловлар шуни кўрсатмоқдаки Каримовлар оиласи мамлакат ичкарисида маблағ ўзлаштириб ташқарига ташиш билан чекланиб қолмасдан ташқаридан мамлакатга келиши лозим бўлган маблағларни хам хорижда ўзлаштириб олмоқдалар.

Зотан Tax Justice Network гурухи хозирлатган хисоботда Ўзбекистоннинг оффшор худудларда 23-25 миллиард доллар атрофида маблағлари яширилгани кўрсатилади. Мазкур маблағларнинг асосий қисми шубхасиз Каримовлар оиласи тасарруфида қолмода. Демак Швейцария прокуратураси олиб бораётган суриштирувларнинг натижаси Гулноранинг зарарига бўлиши эхтимоли жуда юқори. Бугун ким қандай йўл билан оқлашга уринаверсин, бу молиявий махинацияларнинг бошида Гулнора турганлиги иддаолари тасдиқланишига хеч қандай шубха қилмаслигимиз керак.

Шаффофлик, иқтисодий ўсиш ва абадий қарздорлик парадокси

Шу ўринда мамлакатдаги молиявий даромадлар билан боғлиқ шаффофлик йўқлиги масаласи мамлакатни ва энг мухими сиёсий иқтидорни инқирозга олиб бораётган мухим масала эканини такидлаш жоиз. Мустақиллик йилларида табиий захираларга бой бўлган мамлакатимизнинг сотган пахтаси, табиий гази, олтини ва ҳакозолардан орттирилган даромадлар қаерга қўйилган ёки нимага сарфлангани борасида хеч қандай хисобот йўқ. Хатто хукуматдаги юқори поғона мутасаддиларнинг асосий қисми хам бундан бехабар.

Хўш бугун хорижда яширилган Ўзбекистонга оид 23 миллиард доллар маблағ кимларнинг номида, қаерларда сақланмоқда? Буларни нима мақсадларда сақлашмоқда ва қачон нима учун сарфлашни режалаштиришган? Бу саволлар жавобсиз қолар экан мамлакатда коррупция, таниш билишчилик ва махаллийчилик каби эркин иқтисодий муҳит яратишга тўсқинлик қилувчи иллатларнинг таг-томири билан қирқиш борасида ҳаёл қилмаса хам бўлади.

Масаланинг яна бир томони эса Ўзбекистондаги бизга номаълум гурухлар томонидан хорижий “солиқ жаннатлари” дея аталадиган оффшор худудларида энг камида 23 миллиард доллари бўла туриб нима учун мамлакатдаги стратегик соха ва дастурлар учун халқаро молиявий ташкилотлардан кредит олиш мажбуриятида қолаётганимиз парадоксидир.

Масалан қишлоқ хўжалигидаги навбатдаги ислоҳатлар учун Осиё Тараққиёт Банкидан 2012 йилда 50 миллион доллар, энергетика ва йўлсозлик тизимини ривожлантириш учун 3 миллиард доллар қарз олаётганимиз каби янгиликлар кунда-кун ора чиқаётган янгиликлар орасида. Қачонгача ўзини биздан устун қўядиган элитамиз Стинг, Моника Белуччи ва Билл Клинтон каби мултимиллионерлар билан суратга тушиш учун миллионлаб долларлар сарфлар экан биз авлодларимизга халқаро ташкилотлардан олган қарзларимизни мерос қолдириш мажбуриятида қоламиз?

Глобал иқтисодий бўхронлар туфайли дунё хамжамияти иқтисодий инқироз томон дадил илгарилаётган бугунги кунда Ўзбекистон йилига ўртача 8-9% иқтисодий ўсишга эришаётганини иддао қилиб келади.

Шундай экан нима учун мамлакатимиз халқаро молиявий ташкилотлар ёрдам қўлини чўзиб узоқ муддатли кредитлар ажратаётган давлатлар қаторида етакчилардан бўлиб қолмоқда? ЮНИЦЕФ ва Европа Комиссияси соғлиқни сақлаш тизимиз учун 2012 йилнинг ўзида 5.7 миллион доллар хайрия маблағи ажратди.

Маълумки бу каби хайрия маблағлари ўта долзарб сохалардаги жуда мухим дастурларни молиялаштириш учун ажратилади. Хўш бизнинг миллиардерларимиз чет элларда кўнгилхушлик учун сарфлаётган маблағларидан орттириб атига 5.7 миллион долларни хаётий дастурлар учун ажратишса бўлмасмиди?

Тахмин қилиш мумкинки мамлакатда 1000 никоҳ тўйи ва 1000 суннат тўйи ўтқазишдан мухимроқ масалалар борлигини улар билишса керак! Ахир хозир давлат томонидан амалга оширилишга одатланилган хайрия тадбирларининг асосий қисмини Гулнора номидан “ўтқазиш” анъана тусига кирган.

Шундай экан бу хонимчанинг пиар менежерлари нахотки асосий жабхаларга хам эътибор қаратиш лозимлигини кўздан қочиришган бўлса? (Охирги жумлам учун мамлакатдаги ишбилармонларнинг қарғишига қолишим аниқ. Улар “Энди Гулнора учун соғлиқ дастурларни “ихтиёрий-мажбурий” молиялаштириб беришимиз қолганди” дейишётгандир!)

Масалан мамлакатдаги олий таълим муассасаларида талабалар учун бепул интернет таромоқлари ташкил қилиш бир неча йилдан бери Олий Таълим Вазирлиги кўрсатмаси асосида ташкил қилинган эди. Бу йил эса мазкур ишни Гулноранинг (ха, Фонд Форум лойихасининг хам эмас!) номига расмийлаштириб беришди. Гарчи таълимнинг биринчи куниданоқ вилоятлардаги талабалар пахта теримига сафарбар қилинганлиги сабаб уларнинг хали бундай “илтифот”дан хабарлари йўқ.

Шу ўринда энг яҳши қадам нафақа ва ижтимоий тўловларни хам тўғридан-тўғри Гулноранинг номидан тарқатилиши таклифи билан чиқаман – хеч шубхасиз бу иш бугунгача қилинган энг кучли пиар қадам бўлади.

Иқтисодий ўсишга қарамасдан қарздорликка махрум бўлганимиз парадокси хақида хулоса қилиб эса бугунги хукуматнинг асосий мақсади ижтимоий-иқтисодий ахволни яхшилаш, ахоли фаровонлигини орттириш эмас, бор йўги ўзининг кучли иқтидор сохиби эканини исботлашдан иборат бўлиб қолмоқда. Акс холда 10 миллионга яқин мижозга эга МТС-Ўзбекистон фаолиятини шахсий манфаатлари йўлида дабдурустдан тўхтатиш оқибатида энг катта зарар халққа бўлишини била туриб бундай қарор олмаган бўларди.

Энг муваффақиятли йилда соф даромади 500 миллион доллар бўладиган пахта саноатини сақлаб туриш учун хар йили 10 миллионлаган одамни инсоний бўлмаган шароитларда пахта теримига жалб қилиш учун хам халқ манфаатларини хамма нарсадан паст қўя олишдек жасорат лозим.

Экспорт қилинганидан халққа бир тийинлик фойда бўлмайдиган, сотилганидан келадиган даромад қаерга кетиши номаълум бўлган табиий газ манбаасини ўз халқига бермасдан 30 миллионлик халқнинг асосий қисмини қахратон қишда газсиз қолдириб, энди туғилган чақалоқлар қотилига айланиш учун хам халқ манфаатлари бетига намойишкорона тупурган хукумат бўла олиш керак.

Буларни хаммасини амалга оширгандан кейин эса албатта икки қават жонли хавфсизлик халқаси ортида, танланган 5 минг киши билан ўз мустақиллигини нишонлаб ўйин кулгу қилиш ва киноя билан ОАВдан халққа қарата “Мен сизларни севаман” дейиш жудаям табиий холдир. Афтидан фақат Ислом Каримовгина бизни севиб қолмасдан, бизни ўзидан хам кўпроқ севадиган Гулнорага мерос қилиб қолдирмоқчи.

shov-shuv.uz, sayyod.uz ва Гулноранинг президентлик тарғиботи

Гарчи илгари хам ўзи хақида бирор ижобий янгилик чиқмаган бўлсада, охирги пайтларда халқаро майдонда алохида нафрат ва танқид нишонига айланган Гулнора мамлакат ичкарисида обрўсини ошириш учун катта ишларни амалга оширмоқда. Юқорида тўхталганимиз тўйлар ўтқазиб беришдан ташқари мамлакатда қандай кўнгил очар дастур бўлса хаммасининг бошида бу хонимча тургани эътироф этиляпти.

Охирги ойларда мамлакатдан чиқа олмай қолгани ўлганинг устига тепган бўлиб, шўрлик халқ уни янада кўпроқ кўришдек “бахт”га сазовор бўлмоқда. Бир кун ёшларга карате кўрсатса эртасига Бухорони қамал қилиб ўз ашулаларига клип суратга олмоқда. Кимлардир буни хақли равишда президентлик учун қилинаётган пиар дея бахолашмоқда. Не ажаб яқин орада бу хонимчани отасининг ўрнига даъвогар сифатида кўриб қолсак?

Шундоқ хам отасидан кейинги энг мухим шахс саналган Гулнора учун президентлик бўлиш хеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Аммо уни тарғиб қилиш учун фойдаланилаётган воситаларни кўриб бу хонимчанинг сиёсат борасида хеч нарсани тушунмаслигига яна бир бор амин бўлиш мумкин.

Биринчидан унинг рахнамолигида ўтадиган тадбирлар фақат кўнгилхушлик ва санъат билан боғлиқ бўлгани сабаб ва иккинчидан ўзининг савияси туфайли ўзини тарғиб қилиш учун асосан shov-shuv.uz ва sayyod.uz сайтлари хизматидан фойдаланмоқда.

Гарчи бошқа ахборот воситалари хам юқорининг кўрсатмаси асосида Гулнорани тарғиб қилиш бўйича етарлича ишларни амалга оширмоқда. Аммо юқорида тилган олинган, фақат санъат олами хақида янгиликлар бериш билангина шуғулланадиган сайтлар Гулноранинг шахсан кўрсатмаси билан унинг тарғиботини амалга оширмоқда.

Албатта Каримовнинг 20 йиллик сиёсати туфайли дунёқараши бир неча карра пасайиб кетган ёшлар учун бу сайтлар маълумот олишнинг асосий манбаасига айланганини тан олиш керакдир. Аммо бу ёшларнинг қўллаб қувватлашигина Гулноранинг президентликка келтирилишига етарли деб хисоблаётган Гулноранинг савияси мени янада қўрқитмоқда.

Гулноранинг президентликка келтирилиши мамлакатда нафақат монархиянинг, балки том маънода анархиянинг бошланишига хам олиб келади. Бугунгача отаси яратган муштумзўрлик тизими соясида халққа тегишли бўлган моддий-манавий бойликларнинг расмий эгасига айланишдан бошқа ҳеч нарсани уддалай олмаган бу хоминчанинг халқимиз бошига не кунларни солиши мумкинлиги борасида ўйлашдан хам тийиламан. Бир неча йил илгари Мирзиёев президент, Ёмонқулов бош вазир бўлган холдан ёмони йўқ деган хулосалар қилардик. Бугун тушуниб етяпмизки,бундан хам ёмон холат Гулноранинг президентликка келтирилиши экан.

Кремл, Ислом Каримов ва қора мушук

Афтидан Гулноранинг президентликка келтирилиши эхтимоли мамлакат ичкарисидаги баъзи гурухлар билан бир қаторда Марказий Осиё иқтисодий-сиёсий хаётида беқиёс ўринга эга бўлган Россия лидерларининг хам эътирозига сабаб бўлмоқда. Каримовнинг бу қадар узоқ иқтидорда қола олишининг асосий сири 23 йиллик муддатда ҳеч қачон ўзига ворис бўлиши мумкин бўлган одамни ўртага чиқармаганидадир.

Бугунгача Сафоев, Мирзиёев, Азимов каби исмларнинг ворис бўлиш эҳтимоллари фақат миш-мишлар даражасида қолиб кетди. Аммо охирги қарорлар ва Гулноранинг ёппасига тарғибот билан шуғулланишга киришгани кекса Каримовнинг ниҳоят бир қарорга келгани ва бу қарорни баъзи давраларда овоза қилгани тўғрисидаги миш-мишлар хақиқатга яқинлигини кўрсатади.

Гарчи Каримовнинг шахсий тамойиллари туфайли бу сафар хам биз оддий халқ миш-мишлардан нарига ўтолмасакда, амалий харакатлар соат миллари аллақачон аниқ бир нуқтага қадалган бўлиши мумкинлигидан дарак бермоқда. Каримовнинг хали сиёсий майдондалиги хокимият учун ички курашни намойишкорона даражага чиқишдан сақлаб турадиган омидир ва кескин ўзгаришлар бўлмаган тақдирда хокимят учун очиқчасига ички кураш Каримовнинг ўлимидан кейинга қолдирилган хисобланади. Аммо бугун Кремл дохийлари ва Каримов ўртасида қора мушук ўтганини русларнинг таъбири билан айтганда қуролланмаган кўз билан хам илғаш мумкин. Бу қора мушук Гулнора бўлиши эъхтимоли эса жуда катта.

Биринчидан Россиянинг Ўзбекистондаги энг йирик ширкатларидан бири МТС айнан Гулноранинг раҳнамолигида талон-тарож қилингани хеч кимга сир эмас. Қолаверса бу ходиса мамлакатда фаолият юритаётган рус ишбилармонларига қилинган ягона тажовуз хам ҳисобланмайди. Энг мухими эса чол қизини ворис сифатида кўраётгани борасида илмоқ ташлаган бўлса буни Кремлга етказиш тахт учун даъвогар бўлган хар қандай сиёсатчи учун хам фарз хам қарздир.

Кеча ўтган кунларда Путиннинг кетма-кет Қозоғистон ва Қирғизистонга қилган ташрифлари ва айнан шу муддатда Каримовнинг Жанубий Кореага сафар қилиши тасоддиф бўлиш эҳтимоли жуда паст. Ваҳоланки Ўзбекистон Путин учун аслида кўпроқ стратегик ахамиятга эга бўлган давлатдир. Путиннинг ташрифи кун-тартибидан ўрин олган масалалар шуни кўрсатдики, ташрифдан асосий мақсад айнан Ўзбекистонга ўз жойини кўрсатиб қўйишдир.

Ўтган ойда Кремл билан жуда илиқ муносабатда бўлган Назарбоевни зиёрат қилган Каримов албатта ўзининг қандай компромисларга тайёр эканини Путинга етқазишни илтимос қилган. Аммо афтидан Путин ўзига Каримовдай учинчи шахс орқали мулоқат қиладиган вассал керакмаслигини билдириб қўймоқчига ўхшайди. Акс холда Lombard Odier банки билан боғлиқ ишнинг айнан Кремл кўрсатмаси билан МТСга қасос сифатида қўзғатилиши масадаси чуқурлаштирилмасди. ФСБ томонидан Гулнорага оид сирлар ошкор қилиниши хам бугунгача давом этмаган бўларди. Ва албатта бугун қабул қилинган Гулнорани Россия худудига кирса қўлга олиш ва жавобгарликкар тортиш қарори олинмаган бўларди.

Бир жихатдан оддий халқ учун бунинг айтарлик салбий томони йўқ ва аксинча хақиқатдан қисман бўлсада хабардор бўлишдек ижобий жиҳатга эга. Гулнора Lombard Odier банки билан боғлиқ иш туфайли бир миқдор маблағларидан айрилишга мажбур бўлганидан тутоқиб мамлакат ичкарисида янги ва янги “молиявий-иқтисодий” тажовузларга қўл уриши турган гап. Лекин кўз бир қисим тупроққагина тўлишини англай олмайдиган бу хонимча шундоқ хам босқинчилик ва зўравонликни тўхтатишни режалаштирмаётганди, демак бу борада айтарлик ўзгариш бўлмайди.

Ўктам Худоёров,

Тошкент, “Туронзамин” учун.

%d bloggers like this: