Огоҳлик

Яқинларингизни огоҳлантирдингизми?

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида сохта вакциналардан эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақидаги огоҳлантириш ҳам, инсонлар чорваси нобуд бўлганидан катта молиявий зарар кўраётганлари ҳам, ушбу ҳолатда расмийлар қандай чора кўраётганлари ҳам хабар қилинаётгани йўқ.

Қирғизистон жанубида майда чорванинг қирилишида Ўзбекистоннинг қўпорувчилик амалларини кўрганлар ҳам топилаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг ўзида бир неча ўн минг қўй нобуд бўлгани ҳақида лом-мим дейилмаяпти.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Сузоқ туманида 1700 бош қўй ўлиши ортидан прокуратура ветеринария хизмати масъуллари устидан жиноий иш қўзғаган.

Сузоққа Бишкекдан ҳукумат махсус комиссияси юборилгани ҳақида хабар қилинган.

Қирғизистон Санитария хизматидан ҳозирча тахмин билдиришларича, майда молнинг оммавий қирилишига сохта чечакка қарши вакцина сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Якуний хулоса нобуд бўлган қўйларни ва қўлга киритилган эмдорини текширгандан кейин эълон қилиниши хабар қилинган.

Жалолобод вилоятига борган Ветеринария департаменти раҳбари Жонибек Султонов чорванинг чечак касаллигига қарши эмланган 2800 жонивор нобуд бўлиши мумкинлигини билдирган.

Чечакка қарши вакцинанинг Россияда ишлаб чиқарилгани ёзуви бўлган, бироқ уларнинг сохта экани аниқланган.

Қирғиз оммавий ахборот воситалари сохта эмдори Ўзбекистондан олиб келингани, уни пуллаган ишбилармоннинг майда моллар оммавий нобуд бўлаётганидан кейин ғойиб бўлгани ҳақида хабар тарқатганлар.

Ўзбекистоннинг ўзида қўйлар эмланганидан кейин нобуд бўлиши сентябр ойининг ўрталарида бошланган.

Дастлаб Жиззах вилоятида чечак касаллигига қарши вакцина билан укол қилинганидан кейин жониворларнинг бадани ҳаддан зиёд қизиб кетиб, қўйлар ўз танасини тишлаб нобуд бўлаётганлари хабар қилинган.

Жиззахлик чўпонлар вакцина Тошкентдан олиб келинганини, уни одамлар ҳам “қўлдан”, ҳам ветеринар дорихоналардан сотиб олганларини айтишган.

Сохта эмдори Ўзбекистонга ҳам ноқонуний олиб кирилгани хабар қилинган.

Жиззахда одамларнинг минглаб қўйлари ўлиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Қассобларга қўй гўштини сотиш тақиқланган.

Жиззах вилояти расмийлари 12 минг чорва ўлгани ҳақида айтишган, бироқ норасмий маълумотларга кўра Ўзбекистонда 35 мингдан 50 минггача қўй нобуд бўлган бўлиши мумкин.

Сохта вакциналарнинг Жиззах вилоятидан ташқари Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида ҳам тарқалгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Ўзбекистон расмийлари чечакка қарши вакцина ким томонидан, қачон ва қайси мамлакатдан Ўзбекистонга олиб кирилгани ҳақидаги саволларга жавоб бераётганлари йўқ.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида сохта вакциналардан эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақидаги огоҳлантириш ҳам, инсонлар чорваси нобуд бўлганидан катта молиявий зарар кўраётганлари ҳам, ушбу ҳолатда расмийлар қандай чора кўраётганлари ҳам хабар қилинаётгани йўқ. (BBC).

%d bloggers like this: