Нурилла Остон

nurulloКИМНИНГ КИМЛИГИНИ БИЛИШ

(Ҳажвия)

ХХ аср бошларида қирол Фердинанд II ни ҳимоя қилиш мақсадида Австрия-Пруссия урушига кўнгилли бўлиб борган шоввоз аскар Швейкдан бўлак расмий лақма бўлмаган. Ўшанда ўн саккиз кишидан иборат судмедэкспертиза комиссияси унга расмий лақма мақомини берган. Шундан буён дунё статистикасида бирорта расмий лақма қайд қилинмаган. “Урушга кўнгилли бўлиб борди, ўз ихтиёри билан кетди” деган гапларнинг бари ёлғон. Шоввоз аскар Швейкдан бўлак ҳеч ким урушга кўнгилли бўлиб бормаган, уларни мажбурлаб вагонга тиқиб юборишган.

Норасмий лақмалар ҳар қадамда истаганча тиқилиб ётибди. 1916 йилда оқпошшо Сибирга мардикор ёллаганида Франтон штатида бир норасмий лақманинг гапи билан жами каллакесар-у ўғриларни мардикорликка жўнатишган. Аҳоли эндигина тинчгина нафас оламан, деб турганида бир йилдан кейин ўша каллакесарлар қизил шапка, чарм камзул, елкасида пагони, кетида нагони билан қайтиб келиб аҳолини роса қийратган. Мана, лақмаликнинг оқибати!

Доно халқимиз норасмий лақмаларга лақаб қўйиб олади. Бировини Зубай лақма, бировини Умбар эшак дейди, бировини Шоди паранг, деб улуғлаб ҳам қўяди. Бир куни Зарип ҳўкиз эшакда, Марип эшак пиёда колхоз йиғилишига кетишаётган экан, рўпараларидан Маматқул семиз чиқиб:

–Ҳа Зарип, бировини миниб, бировини етаклаб қаёққа кетаяпсан?-депти-ю, ўтиб кетаверипти. Зарип ака унинг гапига тушунолмай, ҳайрон бўлиб йўлида давом этибди. Марип ака ҳам:

–Бу қиззиғар нега ундай деди,-деб саволига жавоб ололмай эшакнинг ёнида илдам йўрғалаб кетаверипти. Зарип ака колхоз идорасига етганида ўзидан-ўзи хохолаб кула бошлабди. Марип ундан “Ҳа нега куласан, отангни арвойига”,-деса, Зарип яна қорнини чангаллаб кулармиш. Чунки Марипнинг лақаби эсига тушиб кетган экан-да!

Ёшбеков деган ёзғувчи Мухтордан бир куни “Кино нима?” деб сўраб қопти. “Ҳа энди, одам баъзан зерикади, лақиллагиси келади, шунда кинога тушади, кино шу-да”,-деб жавоб берипти Мухтор. Лақиллаш эса яхшиликка олиб келмайди. Меҳмонхонада икки шерик сиёсат тўғрисида гаплашаётган экан, учинчиси “Ҳов, қўйинглар сафсатани, деворда ҳам қулоқ бор”,-дея уларни огоҳлантирибди. Парво қилишмагач, қават бекасига бориб: “Беш дақиқадан кейин хонамизга уч стакан кофе олиб келсангиз”,-депти-ю қайтиб келиб стол устида турган кулдонга қараб: “Ўртоқ полковник, учта кофе олиб келишсин”,-депти. Беш дақиқа ўтар-ўтмас қават бекаси учта стаканда кофе кўтариб кепти. Икки шерик буни кўриб, қўрққанидан апил-тапил жойига ётибди. Ярим тунда полковникнинг одамлари икки шерикни аллақаёққа олиб кетишибди. “Учинчисини нима қилайлик?”-деб сўрашганида полковник: “Унинг кулдонга қараб ҳазиллашгани менга жуда ёқди, тегманглар”,-дермиш…

Абдурайим билан Мамарайим ҳам норасмий лақма бўлган. Уруш пайтида улар душман қуршовига тушганларида бир-бирлари билан видолашиб, ким эсон-омон уйга қайтса, дўстининг болаларига оталик қилишига аҳдлашиб, бири сувга, бири қамишзорга яширинипти. Бир пайт Абдурайим қараса, душман тўппа-тўғри Мамарайим томонга қараб бораяпти. Дўстига жони ачиб, қамишзорда туриб “Эй фриц, сюда, сюда”,-дея уларни чақирса, Мамарайим сувдан чиқиб “Ўзи қамишзорда, ўзи қамишзорда”,-дермиш. Душман уларнинг икковини ҳам тутиб олипти. Абдурайим “Ёпти боймат, душманни чалғитсам, нага сувдан чиқдинг”,-деб Мамарайимни уришса у: “Ҳа, энди гангир-гунгур-да, ёлғиз зерикиб қолма, дедим”,-дермиш… Шу икки оғайни беш йил концлагерда ўтиришганидан кейин яна ўн йил Сибирда дарахт кесишган. Сталин ўлганидан кейин уйларига қайтиб келишган.

Ҳозир лақмаларни овлайдиган туллаклар кўпайган. Лақма пул беради, туллак пул теради. Лақма ўз қўли билан берган пулини ололмай, сарсон бўлиб туллакнинг орқасидан шоқол авраган қўзидай эргашиб юргани-юрган. Туллак лақмага олган қарзини бермайди, умидсиз ҳам қилмайди. “Бераман,-дейди у.-Кўраяпсанку, тушиб қолдим. Лекин, пул топсам, албатта бераман, чунки жон билан қарзни худо ҳам кечмайди”. Лақма “худо” деган сўздан кўнгли юмшаб, яна туллакка ён беради. Лекин, пулини ҳам ололмай бир умр сарсон бўлиб ўтади.

Баъзи раҳбарчалар лақмаликни санъат даражасига кўтаришади. Ўзларидан катта амалдорнинг гапларига вафодор итдай меҳр билан термулиб қараб ўтиришади, қулоқ солишади, маъқуллаб, чапак ҳам чалиб қўйишади. Бундан илҳомланган амалдор авж пардага кўтарилади, оғзини боди билан шодига дарвоза қилади. Сал тойиниб кетса, дарров оёғидан чалиб йиқитишади. Ана кейин бошланади ўлиб қоппиз, билмай қоппиз, шунинг гапи билан давлат мулкини ўзлаштирганмиз ва ҳоказо. Аслида эса раҳбарча ўзлаштирган пулига данғиллама уй қуради, ҳар куни арақ ичиб, шашлик еб, кекириб юрган бўлади, тагига янги мошина олиб, қўлидаги тилпончага давлат пулининг ўзанини буриб қўяди. Ўйнашига ҳам битта мошина олиб беради, қолган пулни пахта қўйишга ишлатади.

Шунинг учун ҳозир шоввоз аскар Швейкка нисбатан берилган “Расмий лақма” мақомоти эскирди. Энди “Норасмий лақма” ва “Расмий туллак” деган мақомларни жорий қилиб, кўкрак нишонларини таъсис қилиш, уларни шу мақомга сазовор бўлган эга-эгаларига тарқатиб чиқиш керак. Ана ўшанда кўкрак нишонига қаралса, кимнинг кимлиги билинади-қўяди!

One Response

  1. Qoil! Yashshang Nurullo Oston aka. Lekin zur hajviya ekan :)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: