Жаҳонгир Муҳаммад

АССАССИН (Роман)

САККИЗИНЧИ БОБ

1998 йилнинг охири

Олимжон Нилуфар билан бўлган воқеаларни видеога ёзиб олган бўлсада, бошлиғига “Ҳали тайёр эмас” деб айтганидан ўзи қўрқиб кетди. Чунки видео ишлаб турганидан Хатича холанинг хабари бор ва ундан билиб қолсалар шунча қилган дуо-саломлари пучга кетиши мумкин. Шу боис дарҳол йўлга чиқишга қарор қилди. Агар билишган тақдирда ҳам телефонга ишонмадим дейди.
-Мен тезликда марказга бориб-келишим керак!-деди у Нилуфарга.
-Йўқ,- дея Нилуфар унинг бўйнига осилди.
Олимжон Нилуфарни қайтадан тўшакка йиқитди ва сўнг бир зум ташқарига чиққан бўлиб ведеоёзув тугмасини босиб қайтди. Бу сафаргиси ҳар эҳтимолга қарши деб ўйлади у.
-Алишер ишни катталаштириб юборибди, мени қидириш кучайтирилибди, марказда бир танишим бор ва унга иккаламизга паспорт тайёрлаб беришни илтимос қилдим,-деди Олимжон.-Тезда бу ерлардан кетмасак бўлмайди.
-Кўнглим хира, кетманг, мана шу ерда яшайверамиз, бизни топа олмайдилар, сиз марказга бориб келаман деяпсиз, ушлаб олсалар нима қиламан?-деди Нилуфар ғамгин оҳангда.
-Э, жоним, ҳаммасининг йўли бор, шпион киноларини кўрганмисиз? Худди ана ўшанақа қилиб соқол-мўйлов қўйиб оламиз, қани бўлинг, сочларингизни тузатинг, ўнг қулоғингизни кўринадиган қилиб қўйинг, расмга оламан, хорижга борадиган паспорт учун! Бўлинг, вақт мараз Алишернинг ҳисобига ишламоқда.
Алишернинг номини эшитганда илонни кўргандек сесканадиган бўлиб қолган Нилуфар, чойшабга ўралиб, Хатича хола тайёрлаб қўйган ҳаммомга кириб кетди. Олимжон видео ёзувларни текшириб кўрди-да сифатига кўнгли тўлгач, дипломатга жойлади. Кейин ҳаммомдан чиқиб, нозланиб турган Нилуфарга׃
-Агар мен тез қайтмасам, мана бу телефонга қўнғироқ қилиб, Орифни сўрайсиз, у менинг укам бўлади,-деди,-аммо у ҳозир чет элда ва бир ҳафта, ўн кунда қайтади. Continue reading