Гапирса гап кўп

ia4.JPGХАВФСИЗЛИК НУҚТАИ НАЗАРИДАН…

Кеча ўзим учун даҳшатли бир янгиликни аниқладим, буни қарангки, мамлакатимиз дорихоналарида “калий перманганат” савдоси ман қилиб қўйилган экан. Бу нима экан ўзи дегувчилар бўлса эслатиб утаман, бу халқ орасида марганцовка номи билан машхур бўлган, махсус кукун.

Унинг хусусиятлари ва истеъмолда нечоғли машхурлиги ҳақида назаримда гапиришнинг хожати йўқ. Энди бу модда савдода йўқ, демак унинг ажойиб хусусиятларидан фойдаланиш имкони ҳам йўқ. Нега? Бу саволнинг пайдо бўлиши табиий. Сабаби, эмишки бу модда портловчи мосламалар яратишда кенг ишлатилар экан, шу боис қўпорувчиларни бундай мухим қўшимчадан мосуво қилиш, халкни эса ҳавф ҳатардан асраш мақсадида уни савдодан олиб ташлабдилар. Қойил а?

Аслида, балким, ҳукуматнинг бу ҳаракатини маъқуллаш керакдир, балким шундайлар топилар ҳам, билмадим. Аммо менда бу ҳолат, гапнинг очиғи, кулгу пайдо қилди, худди дорихона ишчиларида бўлгани каби. Сабаби жуда ҳам оддий. Агар эътибор берган бўлсангиз, афсуски, портлашлар бугун фақат Ўзбекистонни ҳавотирга солаётгани йўқ. Бундай балога Россия ҳам, Британия ва Испания ҳам, Туркия ва Италия ҳам, Чеченистон ва Доғистон ҳам дуч келмоқда. Хўш, нима деб ўйлайсиз, у ерларда ҳам марганцовка савдодан олиб ташланганмикан?

Йук деган бўлсангиз, ҳақсиз. Зеро, на Россия ва на бошқа давлатлар портлашлар масаласида, русча айтганда, паранойя ваҳимасига чалинган. Улар бир воқеа туфайли, минглаб таҳминий объектларни бартараф этишга, ўша воқеага сабаб бўлиши мумкин кўринган ҳар қандай нарсага ҳадик билан қарашга одатланмаган. Бизда эса аксинча. Бу қадар инсон ақлини шоштириб қўювчи ҳаракатларимиз борки, уларни таърифлашга тил ожиз.

Террорчилар ҳужум қилиб қолгудай бўлса, бизнинг пахлавон посбонларимиздан яшириниб олишлари мумкинлик эҳтимоли юзасидан барча томорқаларни йўқ қилдик, изғиритларни қирқиб ташладик, дарахтларни кесдик. Яшилларимиз, агар бундайлар бор бўлса, қизарибгина индамай томошабин бўлдилар. Зеро, ғиринг деса, террорчи сифатида қамалиши мумкин эди. Энди бир пайтлар кўкаламзор бўлган Ўзбекистон, бугун… Ким билади, эртага бирор аҳмоқ, айрим уйлар террорчиларнинг яшириниб олишлари учун қулай имконият яратаяпти, деган иддао билан, уйларни синдиришни мўлжаллаб қоладими, астағфируллоҳ. Ахир бундай таҳминни рад қилиб бўлмайди, ишонинг, телбалар кам дейсизми, ху-в теппада…

Барча уринишлар энг аввало президентга қарши қаратилган, деган ҳавотир билан катта-катта, неча ўн йиллик, балким юз йиллик ҳамдир, тарихга эга бўлган кўчаларимизни ёпиб, ўрнига дарахтлар экиб ташладик. Вей, энг қизиғи, астойдил ҳаракат қилиб парваришлаган жойларингизда ўсмаган кўчатлар, асфальтнинг устига тупроқ тортиб экилган жойларда чунонам ўсаяптики, қўяверасиз, синоатни қаранг. Эртага агар, ерни-ку тўсдик, шу, осмон колиб кетди-ку, деган ҳавотир чиқиб қолса, ким билади, президент деъвони устига нималар қуриб ташлаймиз, айтилса бўлди-ку… Учқур шоввозлар, деъвонда тиқилиб ётибди, нима қиларини билмай гаранг…

Худо кўрсатмасин, агар бирор беъмани, тўпдан отилган ўқ ху-в уйларнинг томидан президен деъвони устига бемалол учиб келиши мумкин деса тамом, атрофдаги ҳамма биноларни теккислаб, у ерларга блок-постлар ташкил қилиб юборамиз. Токи ҳеч ким хатто яқинлаша кўрмасин. Айтингчи, паранойя бўлмай нима бу? Ким билади, нечта катта, ухлаётганда бронежилет кийиб ухлайди, нечтаси умуман ухламайди, тунда, ахир «бўжи-мўжилар» кў-п… Мамлакатнинг ҳар бир аҳолиси деярли моньяк. Нуқул президентними, бирор бошқа амалдорними қонини ичсам эди, деган шум ҳавас билан яшайди, тавба, кўчада юриш ҳавотирли бўлиб қолди амалдорларимиз учун…

Анави куни, султонимиз ўтар кўча автомобил ҳаракатидан тозаланиб, хатто пиёдалар юриши-да қисман тўхтатиб қўйилган бир пайтда, бир қулоғи гарангрок энахон йўлни шартта кесиб ўта бошладию. Ана томошаю, мана томоша. Анави Америка киноларидаги полициячиларнинг жиноятчини ўраб олиб, бақир-чақир билан уни қуролсизлантириш ҳаракатлари ғирт шарманда, ўша воқеа олдида. Энахон нима бўлаётганини англаб етмасиданоқ, икки елкасидан тутиб, йўл четига олиб ўтишди. Кўп қаватли уйлар орасига олиб кириб деворга суяшди. Икки қўли кўтарилган, оёқ елка кенглигида қўйилган, вей чунонам эзғиладиларки, қўяверасиз. Энахон турмуш ўртоғи вафот этганидан буён эркак қўлларининг бу қадар силаб-сийпаганини эслай олмаса керак… 911 бизнинг 102 дан дарс олгуликмикан?

Тавба, бошқа мамлакатларда, президентлар кортежи қарама-қарши йўналиш бўйлаб келаётган машиналар билан тўқнашиб кетадимие, айримлари йўл-йўлакай тўхтаб бир кружка пиво ҳам ичиб олади. Чунки савдо тўхтамаган бўлади, одамлар йиғилиб пиво ичаётганини кўриб, унинг ҳам ичкиси келиб қоладида. Биздачи? Мустақиллигимиз “меъмори” (беъмори, дейишимга сал қолдия…) ўтадиган кўчадаги барча қаҳвахоналар, ошхоналар, дўконлар, борингки хатто ҳожатхоналар ёпиб қўйилади. Ким билади, бирор кимса еяётган овқатининг пўчоқ-мўчоғи билан президентимизнинг ҳаётига суйқасд қилиб қолиши мумкин. Кекириб юборса борми, ана сизга кимиёвий ҳуруж, нури дийдамиз нафаси бўғилиб, Худо кўрсатмасин ўлиши мумкин.

АҚШда онда-сонда Оқ уй ичига саёҳатлар уюштирилиб турар экан, мен ўзим бу саёҳатларда иштирок этмаганману аммо эшитганман. Украинада одамлар президент маҳкамаси биноси ёнида эсдалик учун суратга тушишар экан, энг қизиғи қаёқдандир тўсатдан пайдо бўлгувчи, икки метрли автомат қўлтиқлаган соқчилар ҳеч кимни ерга ётқизиб олиб, титишга тушмас экан. Сиёсий хушёр эмасда улар а? Бизда бундай манзарани хатто тасаввур қилиш кулгули. Оқ саройга саёҳат у ёқда турсин, Сенатимиз томонга қадам ташлаб кўрингчи, икки мингта томондан хуштаклар чалиниб, адашмасам мамлакатимизда мавжуд барча шеваларда онангиздан олиб, холангизгача «эсланади».

Балким беҳуда юришлар билан ишга муккасидан кетган сенаторларимизни чалғитиб юбормаслигимиз учун шундай қилинар, ким билади дейсиз…

Бир куни Олой бозори (пойтахт Тошкентдаги йирик, нарҳлари осмон бозор) ёнида турсам, ҳаммаёқни милиция ходимлари қуршаб олди. Аввал бироз довдираб қолдим ҳам, ахийри олишдия, деган гумонда. Бозор ёнидаги автомобиллар турар жойлари тозаланиб ташланди. Бозор-учар қилгани келган фуқаролар ҳамма нарсадан воз кечиб, машиналарини юргизишдию бозорни тарк этишди. Нима бало бўлди экан, деб суриштирсам, президентнинг ҳақиқий фарзандларидан бири бозор-учар қилгани келган экан. Вей, нарҳларнинг тушиб кетганини айтмайсизми, иттифоқ қулаганидан буён бунақа баракали кунлар кузатилмаган эди. Энг қизиғи савдогарлар ҳам ўзгариб қолди. Қандайдир қулоқлари атрофида симлар чиқиб турган сотувчилар пайдо бўлди. Роботмикан дебман, японларни қолдириб юборибмизу а, деган ҳаёлда боқсам, қўриқчилар экан. Миллатимизнинг эрка қизини қўриқлайдиган қўриқчилар…

Хоним савдо қилиб бўлгач, нарҳлар яна ўрнига қайтди, савдогарлар ҳам. Сал қолса одамлар ўша кутилмаганда пайдо бўлган нарҳларда бир нарса ҳарид қилшлари мумкин эди. Савдогарларни Худо сақлади… Зумда милиция ҳам, анави қулоқларидан симлар чиқиб турган йигитлар ҳам, йўқ бўлди. Шундан сўнг, кўча чунонам тинч ва осойишта бўлдики. Хатто ўша куни кўчада тунаб қолгим келиб кетди…

Ўйлаб қолдим (ичимда, ҳеч кимга эшиттирмай, хатто билинтирмай ўйладим, ахир билиб бўладими) демак, тинч осойишта ҳаётга эришиш учун… Дарҳол у ёқ-бу ёққа аланглаб олдиму. Келиб қолган автобусга чиқиб. Фавқулодда ҳатарли бўлтб қолган ҳудуддан узоқлашдим. Автобусда ҳеч кимга билинтирмай. Ҳаёлимнинг кейинги қисмларини ҳам ўйлаб олдим. Ўзимча тантанали дақиқаларни ҳам бошдан кечирдим, фақат чиптачи қурғур, “йўл кирани тўлаймиз” деб шанғилладию, орзулар келган жойига равона бўлди…

Бир куни танишим, агар йўлда кетар чоғи президент машинасининг балони ёрилиб кетса нима бўлади, деб сўраб қолди. Дўстим, қўй, бундай шум ҳаёлларни ўйлама, Худо курсатмасин, деб жавоб қилдим. Аввало шу гапингдан кейин ростдан ҳам балони ёрулгудай бўлса. Тамомсан, Ўзбекистонда нафақат деворларнинг, асфальтларнинг, дарахтларнинг, ҳавою чангларнинг ҳам қулоғи бор. Ҳамма нарса эштилади. Етказади ва кузатиб туради. Ўзига хос “пылесос” давлат. Аммо, бордию ростдан ҳам балон қурғур ёрилса, тасаввур қилиш қийин эмас нима бўлишини. Ҳеч нарса бўлмай туриб шунча машмашаю, бирор нарса рўй берса, эх-хе…

Нидои Мазлум.


 

 

 

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: