Нурилла Остон

nurulloИнқилоб бўлармуш!

Инсоният пайдо бўлганидан буён ўз тақдири, эртанги куни қандай бўлишини билишга қизиқади. Ҳаёт қийинчиликларига чидам билан бардош беради. Ҳаммаси олдинда, дейди у ишонч билан. Лекин олдинда нима борлиги олдиндан аён бўлса, яшашнинг қизиғи қолмайди. Шунинг учун бандасининг тақдирини яратганнинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бир соат, бир кун, бир ой, бир йилдан кейин нима бўлишини яратганнинг ўзи билади.

Буюк мутасаввуф аллома Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрори Вали бандаларни инсофга чақириб “Олаётган ҳар бир нафасингни сўнгги нафас деб билгил”,-деб бекорга таъкидламаган. Навбатдаги нафас сенга насиб қиладими-йўқми, бу ёлғиз Оллоҳга аён. Пайғамбаримиз саҳобалардан: “Умрнинг омонатлигини қай даражада идрок қиласизлар”,-деб сўраганида улар: “Аё пайғамбар, бомдод номозини ўқиганимизда, асрга етамизми-йўқми, деган ўйда бўламиз”,-дейишипти. “Идрокингиз жуда юзаки экан,-депти шунда пайғамбаримиз.-Мен номоз ўқиётганимда ўнг елкамга салом бериб “Ассаломуалайкум раҳматуллоҳ”,-деганимда чап елкамга салом беришга нафасим етармикан,-деган хаёлда бўламан…”.

Одамларнинг ўз тақдирини билишга қизиқишини дастлаб мўлтонилар пайқашган ва раммолчилик бизнесини бошлаб юборишган. Шундан лўлилар бутун дунёга тарқалиб кетган.

Тўғри, Нострадамус “фалон йилдан кейин сиёсат майдонига тақир бошида белгиси бор одам келиб, бутун дунёни остин-устун қилиб юборади”,-деган.

Лўлилар Нострадамус билан фахрланишиб: “Бу одом энг катта бобомез бобокалониненг бобокалоне бўладу”,-деб уни ўзларига яқин тутишади. Қизиғи шундаки, мўлтониларнинг қайси динга, қайси тилга таассублигини ҳеч ким билмайди. Улар қаерда яшаса, ўша тилни, ўша динни ўзлаштириб, одамларга фол очиб, чўнтагини қоқиштираверади. Икки мучални уриб олган эркаги соқолини Ойша холанинг патагидай қилиб, гадойлик билан халқни таласа, урғочиси обдастада исириқ тутатиб талайди.

Боласи одам гавжум жойларда ярим тиззада кўзини юмиб, микрофонни ҳам биру нўлга урадиган жарангдор овозда Қуръон сурасидан тиловат қилиб пул йиғади. Ана, сизга бизнес! Солиқ ҳам тўлашмайди, занғарлар! Уйга бориб кўрсангиз, оғзингиз очилиб қолади-ҳокимдан яхши яшашади. Тўйларига авваллари итига тилла тиш қўйдирган машҳур ҳофизни олиб келишарди, энди янги чиқаётган, манман деган ҳофизларни олиб келадиган бўлишган.

Бир содда Дамасчи йўл четида турган экан, исириқ тутатиб юрган лўли аёл ёнига келипти. “Манга ҳеч нарсанг керак эмас, балонгни олай,-депти у.-Лекин уч кундан кейин санга келодигон хатар кўзэмга кўриндэ, шундан бефарқ ўтиб кетолмадўм, истасанг шуни даф қилэб бераман”. Дамасчи йўлда юрмайдими, иримчироқ экан, ёмон гап эшитмай, деб ундан қутулиш учун юз сўм узатибди. Лўли ахмоқми, шундай лаққа турганида текинга кетадиган. У пулни олиб нималарнидир ўқипти, куф-суф қипти, кейин кўзини юмиб, “Худо йўлэга, пиру арвоҳлар, азиз авлиёлар йўлэга минг сом чэқар”,-депти.

Дамасчи илон авраган қурбақадай минг сўм чиқарибди. Лўли нималарнидир ўқиб-ўқиб, “Ана, хатар даф бўлаёптэ, минг сом чэқар”,-депти. Яна минг сўм кетибди. Бир пайт лўли сеансини тугатиб, кўзини очиб, юзига фотиҳа тортипти. “Ана эндэ хатардан халос бўлдэнг, қўлнэнг назрэнэ бер”,-депти. Дамасчи 2100 сўм бердим-ку, деса, лўли: “Бу инсу жинсларнэ ҳайдаш учун эдэ, эндэ қўлэмнэнг назрэни бер”,-деб яна 500 сўмни шилипти.

Кейин кетар жафосида: “Яхшэ одўм экансан, қанча пулэнг бўлса қағозга ўраб ушлаб тур, унга дам солэб қўяман, юрган йўлэнгда бало-қазолардан холэ бўласан”,-депти. Бечоранинг яхши одамларга бераман, деб асраб қўйган ўнг минг сўм пули бор экан, қоғозга ўраб қўлида ушлаб турипти. Лўли аёл алланималарни ўқиб, пулга дам солипти, кейин: “Энди бу пулнэ ўн олтита азиз-авлиёлар ётган жойларга тарқатасан, бўлмаса ўласан”,-деб кетаётган экан, ранги ўчиб кетган Дамасчи уни жон-жаҳди билан тўхтатиб: “Ўн олтита авлиёни қайдан топаман, бор-йўғи саккизта авлиё ётган жойни биламан”,-деса, лўли: “Манга ишонсанг, пулнэ бэр, ўзэм санэ номэнгдан тарқатэб чэқаман”,-деб, боласини ўртага қўйиб қасам ичипти.

Дамасчи жони узилгандай бўлиб, қоғозга ўралган ўн минг сўмни лўлига бериб юборипти. Ҳозир энди юрипти ўша ўн олтита азиз-авлиёнинг паноҳида бемалол кира ишлаб. Лекин шундан буён исириқ тутатиб юрган лўлиларни кўриб қолса, ранги оқариб, қочадиган бўлиб қолган.

Буям майли, ҳозир қирқни уриб қўйганидан кейин тушида оқ либосли бобо ва момоларини кўриб, улардан қўл олган фолбинлар кўпайган. Бирови бошига кўрпа ёпиб фол кўради, бошқаси қоп-қоронғи хонада башорат қилади. Қайсига борсанг, тақдирингдан фол очиб, пулингни қуртдек санаб олганидан кейин тасалли бериб: “Хафа бўлманг, ҳали ҳаммаси олдинда”,-деб кўнгилни кўтариб қўяди. Доҳийларда ҳам ажабтовур фолбинлик хислатлари бўлган. Улардан биттаси “Коммунизм+бутун мамлакатни электрлаштиришдир”,-деганида ҳаммасини олдиндан кўра билган…

Бошқаси шу электр чироғининг ёлқинидан илҳомланиб, “80-йилларда коммунизмда яшаймиз,-деб юборди.-Коммунизмда пул бўлмайди, ҳамма нарса текин бўлади”,-деди. Ё қудратингдан, бу башорат ҳам тўғри чиқди. 80-йилларга бориб, пул йўқолди-корхоналар ойлик маош бермай қўйди, пенсионерлар нафақа ололмай қолди. Пул йўқолгач, коммунизм узил-кесил ғалаба қозонди. Фақат ҳамма нарса қимматлашиб кетди, текинидан битта ҳаво қолди. Агар тадбиркорлар ҳавони сотишнинг иложини топишганида, нафас олишни йиғиштириб қўйса ҳам бўлади. Лекин бандаси тушкунликка тушмайди. “Ҳали ҳаммаси олдинда,-дейди умид билан.-Ҳаммаси яхши бўлиб кетади”. Жуда иримчироқ бўлса, лўлига чопиб боради. Лўли фол очади пулига қараб. “Бўлдэ боравур, балонгдэ олай,-дейди пулни қарсиллатиб санаб олиб.-Бошэнгдан фалокатнэ даф қилдэм, эндэ ҳаммасэ яхши бўладу, ҳаммасэ олдунда!”

Шунча йил яшаб, “Ҳаммаси олдинда” деган иборанинг маъносини энди-энди тушуниб етдим. Нима учун ҳамма бир-бирига шундай деб тасалли беради? “Ана фалончи юрипти ялло қилиб, егани олдида, емагани орқасида”,-дейишади бирор бизнесмен ҳақида гап кетса.

Яқинда битта фолбин инқилоб бўлади деганмиш. Демак ҳаммаси олдинда!

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: