Мулоҳаза

Ўзбекни маҳаллий милиция танимаса кулгилими ахир?

Мен мунозара учун таклиф қилмоқчи бўлаётганим мавзу ҳаммага яхши таниш, айниқса ҳали ҳам Ўзбекистонда қолаётганларга. Нега ундай дедим, сабаби бу мамлакатни тарк этгач, кўпчилик биродарлар эришилган эркинликдан шу қадар маст бўлиб кетишадики, натижада кечагина тарк этгани мамлакатдаги вазиятни деярли унутишади. Гапирсангиз йўғ-э, деб иккиланадиган бўлишади. Хуллас мавзу мана нима ҳақда.

Сурхондарёдан бир танишим меҳмон бўлиб келган эди. Телефон қилиб, Собир Раҳимов метросида турганини айтиб, уйимга қандай бориш қулайлигини сўради. Вей дўстим нималар деяпсиз, дедиму ўзим ўша танишим турган жойга йўл олдим. Ўн беш-йигирма дақиқаларда етиб бордим, дўстимни топдим, қучоқлашиб кўришдик ва ҳол-аҳвол сўраганча метро ичига юрдик. Ҳали жетон олиб улгурмасимиздан ёнимизга икки милиция ходими етиб келди. “Ҳужжатларни кўрсак бўладими?”, деб гап бошлади улар… Шу жойида қисқагина эслатма, биласизми, милиция ходимларининг баъзан дабдурустдан сизни безовта қилиши шу қадар асабга тегиб улгурганки, натижада ҳеч бир тошкентлик ҳужжат сўраб келган милиция ходими билан нормал тарзда гаплашмайдиган бўлган. Албатта бироз тортишиб олади… Биз ҳам бундан мустасно эмас… Continue reading

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД

 АССАССИН (ТЎРТИНЧИ БОБ)

20 АСРНИНГ ОХИРИ

Ҳамидхон Қорабой акани кўндирганидан мамнун эди. Энди Отабекни ҳам синдирсам “иш битди” деб ўйлаётган эди. Зотан эртага эрталабки рейсда Тошкентга учиши керак, уни Бош прокурор Бўритош Мустафоевнинг ўзи чақирган. Қайнотасининг айтиши бўйича Президент билан ҳам учрашиб қолиши мумкин. Шу боис кўнглида қилаётган ишидан ифтихор туяётган эди.

Ҳамидхон жуда камбағал оилада туғилди. Улар уч ака-ука эдилар. У ўртанча ўғил эди. Акаси ва укаси новча, кучли, аммо у семиз ва заиф эди. Отаси худди хўроз уриштирган каби уларни доим курашга туширарди. У акасидан ҳам, укасидан жуда осон енгилар эди. Улар уни гурсиллатиб йиқитиб, устига миниб олишар ва “бир қоп қум, гум-гум-гум!” деб мазах қилишар эди. У ҳар қанча кураш тушишдан қочса ҳам, отаси барибир уни чақирар ва йиқилганда унинг устидан куларди. Кейин;
-Сан ҳеч одам бўлмайсан, акангга қара, ёки укангдан ўргансанг ўласанми?-дерди.

У отасини ёмон кўрарди. Шунинг учун онасининг пинжига тиқиларди. Мактабда ҳам дарслари яхши эмас эди. У семиз ва лўппи бўлгани, юзлари худди қизларникидек тиниқ ва силлиқ бўлгани учун болалар уни бурчакка тортиб ўпишар, “Ҳамида, Ҳамида…” деб мазах қилишар эди. Бунинг устига исмига қўшилган “хон” қўшимчаси ҳам болаларга қўл келар ва улар “Хон, битта ўпич бермайсанми?” деб унинг устидан кулишар эди. Мактабда у ўзи билмаган ҳолда қизларга яқин юрадиган бўлиб қолди. Уйда эса онасининг ёнидан силжимас эди. Бир куни отаси ва онасининг жанжалини эшитиб қолди: Continue reading