Шавкат Муҳаммад

Чўнтакдан тушиб қолган ихтиролар

Америкалик генетиклар компьютерга ,,ўтириб” қолган инсонлар учун янги олма навини ихтиро қилибди. Бу олмалар таркибида суви камлиги билан ажралиб  туради, тишлаганда суви нохосдан мониторга сачрашининг олди олинган. Аммо бу олма турининг камчилигиям бор- уваланувчан, клавиатурага тўкилавериб жонга тегади.

Аслида бу олма навини бизнинг қишлоқдаги, умрида компьютер тугул, чернобелый телефон ҳам кўрмаган раҳматли  Норбўта бова бундан 26 йил аввал яратганди. Айнан қишлоққа  бир кунда бир марта келадиган автобус келар маҳалда  йўл четида тўпланадиган чолларнинг айтишича, бир замонлар қишлоқ носфуруши аллақандай шубҳали нарсалардан янги нос турини ихтиро қилган экан, Норбўта бова ҳарқалай дўстимасми,биринчи бўлиб бу носнинг синовида кўнгилли сифатида қатнашибди.

Носдан отиб олгач, бироз турибди-да, индамай шарт бурилиб боғига жўнаворибди. Раҳматли кампири уч кун боғдан келмаган чолини қайтариб олиб келишни сўраб қишлоқнинг раисига қайта қайта борган. Раис нимаям қила оларди, принципни ЎзССРнинг биринчи котибиданам устун қўядиган бовага сўзи ўтармиди..

Хуллас, бова чайласидаги, қаёқдандир келиб қолган рус тилидаги ,,???Садоводство в Арктических климат по методам колумбийцев???(тузатиш керак)” деган китоб бўйича боғда, носфуруш дўстининг носидан ҳам шубҳали тажрибаларни бошлаб юборибди. Рус тилини чала билиши панд берганми, ёки шубҳали нос таъсиридами янги олма навини ихтиро қилган бир ҳафта деганда.

Олма кўчати ҳосилга киргач ,кўрсаки, тажриба жараёнида қаердадир ҳисоб-китобда хатолик бўлган. Олма жонивор гилосдан сал катта, кўм-кўк , сувсиз ва жуда уваланувчанмиш.

Боғдаги лойқа ҳовузда бир соат чўмилиш учун,икки соат ишлаб берадиган болалар сўрамасдан бу олмани татиб кўрибди. Олма еган болалар беш минутдан сўнг кўзлари олайиб,лаби лунжи тарвақайлаб,турган жойларида таппа таппа ташлаб ётиб қолишган.

Натижа шуки,бу экстренный воқеадан кейин бир икки боланинг отаси боққа, Норбўта бовага жанжал қилиб келганмиш-да. Бованинг соқолини юлиб, боғини шудгорлаш қасдида келган бу азаматлар ўша олмани татиб кўргач, мулойимгина бўлиб ,чўнтакларини олмага тўлдириб қайтиб кетган дейишади.

Бу олмани мен татиб кўрмадиму,лекин ҳар йили, бу олма пишиғи пайтида қишлоқда ичкилигу-чеккилик таққа тўхтарди. Аёллару-кампирлар эрларининг қўлига товоқда ош,мантилар тутқазиб тез тез бованинг олдига олма олиб келишга юборарди. Беш олтита кампирлар ўзаро йиғилишиб бовага янги чопон-дўппини белбоққа тугиб, совға қилган  ишқилиб.

Ҳатто қўшни қишлоқдан ҳам  атайлаб олмага  харидорлар келганмиш. Аммо қишлоқ одамлари,бир донаям олмани четга чиқартиришмаган экан.

Тайвандаги бир фирмада янги елим ихтиро қилинибди. Нима эмиш, товуш тўлқинлари ёрдамида унча катта бўлмаган нарсаларни бир бирига ёпиштириш мумкин эмиш. Иккита кичикроқ нарсани қўлга олиб, озроқ клей суриб, бир-бирига ёпиштириб, қаттиқ бақирсангиз, бир неча минут ичида ёпишиб қолармиш…

Ол-а, дедим буни эшитиб. Бу тайванликлар жа оламдан бехабар эканку. Абдураззоқ бова давно кашф қилиб бўлган бу нарсани. Битта бақирса борми, майда-чуйда деталлар эмас, кўчасидан ўтиб кетаётган сигиру, эшаклар ҳам эгаси келиб бир амаллаб ердан кўчириб олиб кетмагунча  турган жойига ёпишиб қоларди.

Бақирганида деворгами ё тандиргами ёпишиб қолган кампири ва келинлари бова индамаса бир ҳафтаям ўрнидан қўзғала олмас эди. Бованинг овози тайван елимига ўхшаб бир неча дақиқада эмас, моментально таъсир қиларди. Яна битта қаттиқ бақирса,ёпишган ўрнидан кўчиб тушарди.

Эҳ, камтар бизнинг қишлоқ одамлари,жуда камтар. Югура бориб бу нарсалар учун тайванлик фирмачларга ўхшаб патент-матент талаб қилишгани йўқ.

Sleep Art- мистика ва кимёвий моддаларни қўлламасдан, фақатгина танага жисмоний таъсир кўрсатиш, танадаги айрим нуқталарга босиш, шовқин ва ҳидлар ёрдамида одамларни ухлатиб, истаган тушини кўрсатиш санъати.

Мумтоз ва хай-тек усуллари бор эмиш бу хизматнинг. Мумтоз услуб мутахассислари шовқин, ҳидлар ва айрим предметларнигина тан олишармиш. Хай- Текчилари бўлса турли электроника ускуналарини қўллармиш-миш-миш…

Мақтаниш эмаску, лекин бу, биз томонларда, билганим 15 йилдан буён янгилик эмас.

Қисқача айтиб ўтаман, қишлоғимиздаги Умрзоқ тракторчи юқорида айтилган тоифанинг биринчисига мансуб,агар тоифага ажратиш керак бўлса. Яъни мумтозчи. У одатда 34-36 ключи билан иш қиларди. У ухлатиб қўйган одамлар фақат рангли туш кўради. Нималарни кўрарди тушида ,буни ҳеч ким шу вақтгача эслолмаган.

Иккинчиси, раҳматли Мамасоли махсум, Хай-Тек мактабининг асосчиси. Ухлатиш учун  электроникадан фойдаланишни у бошлаб берган. Орқасига тўртта батарея тиқиладиган радиоси ёрдамида сеанслар ўтказиб турарди. СССР давридан қолган радиосига батареялар ишлаб чиқарилмай қўйгач, Хитой радиоларидан фойдаланадиган бўлди. Одатда бу радиолар тўрт-беш сеансдан сўнг алмаштириларди. Махсум одатда оқ-қора ,яъни чернобелый туш кўрдирарди. Одамларнинг баъзилари радионинг катта ё кичиклигига қараб кўрган тушини эсларди. Билмадим, қўрқинчли тушлар кўришармиди, ҳарҳолда уларга қайта яқинлашмаслик пайида бўларди.

Сўнгсўз: Юқорида ,,йигирма биринчи аср кашфиётлари” деб талқин қилинган айрим мисоллар билан матбуотда танишиб қолдим. Ҳаммасини бирма-бир санаб, сиз ўқувчиларнинг қимматли вақтингизни олмай деган истиҳолада, сўзимни мухтасар қилдим. Янги асрнинг янги кашфиёти сифатида чет элликлар дарров патентлаштириб, мақтанаётган чўпонсиз сурув, турли туман роботлаштириш, биологик соябонлару, фойдаланиб бўлгач, еса бўладиган жиҳозлар гапириб ўтиришгаям арзимайди. Ҳаммаси бизда ва сизда аллақачон ихтиро қилиб бўлинган.

 

 

 

%d bloggers like this: