Башорат Эшова

Ҳаммамиз ҳам Одам Ота ва Момо Ҳаво фарзандларимиз

Ўзбек, қозоқ, тожик, туркман қадим-қадимдан бир ота-онадан тарқалган ака-ука, опа-сингиллардир. Бизларнинг қонимиз, илдизимиз битта, урфу-одатларимиз хам ўхшаш…

Масалан, менинг отам тожик, онам эса ўзбек. Улар (Худо раҳмат қилсин) бир-бирига ўхшаб ҳам кетишарди. Аслида гапирмай туришса, ўзбек билан тожикни ажратиш қийин. Шуни учун ўзбек ва тожик халқини: “Икки тилда гапирувчи бир миллат”, деб бежиз айтишмаган…

Бизлар бир оилада олти фарзанд эдик: уч ўғил ва уч қиз.
Ёшлигимизданоқ турли миллат вакиллари яшайдиган маҳаллада корейс, рус, қозоқ болалари билан бирга ўйнаб ўсганмиз. Мен ёшлигимда корейс тилида, қозоқ тилида гаплашаолардим. Синфдошларим ҳам турли миллат кишилари эди. Шунинг учунми, ҳеч миллат ажратмайман. Ака-укаларим, опа-сингилларим ҳам шунақа.

Энг каттамиз Абдумалик акам ўзбек қизига уйланган. Келин ойим Турдихон опа саранжом -саришта, босиққина аёл. Миллат айиришмагани учун ҳам катта фарзандлари армиядан рус қизга уйланиб келганида уларни яхши кутиб олишган. Ҳозирда уларнинг ҳам бир-биридан чиройли икки фарзандлари бор.

Нурмат акам (Худо раҳмат қилсин) геология факультетини тамомлаган эдилар. Кеннойимиз Мавлудахон – миллати тожик, ўрта маълумотлик, икки ўғил, икки қизлари бор. Болаларининг ҳаммаси уйли –жойли бўлиб кетишган…

Нурмат акам ва опамнинг уйланиши, тўйлари билан боғлиқ баъзи воқеалар эсимга тушди. Нурмат акам институтни тугатиб уч йилга Қорақалпоғистонга кетганди. Икки йил ишлаб отпускага келиб дадамга бир қизнинг уйига совчи бўлиб боришлари кераклигини айтган. Бўлғуси кеннойимизнинг адаси Заркент қишлоғида раис лавозимида ишларкан. Шунинг учунми, аввалига бироз ноз қилишган. Акам уятчан камтарин инсон эдилар. Аммо унга қизларини беришмаганини эшитиб камтарлигидан асар ҳам қолмади. Бирданига кийимларини чемоданга солиб: “кетаман, уйлантирсаларинг фақат ўша қизга уйланаман, бўлмаса умуман уйланмайман” деб аразлаб кетмоқчи бўлган. Тоғаларим, бувиларим насиҳат қилишиб, олиб қолишган. Кейин бўлғуси қудаларга бориб, аҳволни тушунтиришган: хуллас бир ойнинг ичида тўй бўлди…

Шу орада Гулбаҳор опам Йўлдош Охунбобоев номидаги тиббиёт техникумининг иккинчи курс талабаси эди. Ўзимизнинг махалладан бирга катта булган Нурмат акамнинг дўсти қозоқ йигити Рисбай акадан совчи келди. Бўлғуси поччамиз касб-ҳунар техникумини тамомлаганини айтишди. Дадам: “Яқинда акасини уйлантирдим, бир йилда иккита тўй қилаолмаймиз, ҳам ўқиши бор”, дедилар. Бўлғуси қудалар шароитларингизни тушуниб турибмиз, ўзимиз ўқитамиз, унингиз кам, бунингиз кам деб айтмаймиз, дедилар.

Аммо дадамлар кўнишмаган. Бир куни бўлғуси поччамиз катта тоғамга одам юбориб: “шу гал охирги марта боришади, бўлмайди, дейишса, қизларини қозоқча одатимиз бўйича олиб қочаман, дод деганига хам қулоқ солмайман” депти. Нурмат акамниунг ҳам жуда жаҳли чиқди. “Мен уни дўстим деб юрсам, синглим учун келиб юрган экан, тағин обқачармиш”, деб астойдил хафа бўлди. Тоғам келиб дадам билан акамни кўндиришди. Тўй ҳам аломат бўлди. Куёв томондан кўп йигитлар, қизлар келишган. ўзбекча, қозоқча ашулалар айтилган, турли миллатларнинг мусиқасига рақсга тушишган… Заркентдан келган қориндошларимиз ҳайратланиб роса хохолаб кулишган. Тўй бўлиб ўтгач, акамнинг ҳам хафагарчиликлари тугаб, поччам билан дўстликлари янада мустаҳкамланди.

Гулбаҳор опамнинг қайнонаси қозоқ аёли (худо раҳмат қилсин) кўпни кўрган, жуда ҳам босиқ аёл эдилар. Опамнинг билмаган нарсаларини ўргатиб, келинларнинг энг олди ҳисоблардилар. Ҳозирда ҳам опам билан поччам жуда аҳил яшашади, уч қиз ва икки ўғилни вояга етказишди, хаммаси уйлик-жойлик, ўзидан тинган. Катта келини Нигора қозоқ қизи, кейингиси Жамила отаси қозоқ, онаси ўзбек. Жуда ҳам яхши яшашади… Қолган опа сингиллар ўзбекка турмушга чиқдик. Менинг, учта фарзандим, иккита ўғлим ва битта қизим бор. Укам ҳам ўзбекка уйланган. Укамнинг икки фарзанди, синглимнинг эса бешта боласи бор. Ҳаммаси ҳам тотув турмуш кечиришмоқда.

Ҳозирда замоннинг зайли билан турли мамлакатларда яшамоқдамиз. Жумладан, ўзим болаларим билан Швейцарияда яшайман. Опам билан поччамнинг икки ўғли Қозоғистонда истиқомат қилишади…

Хуллас, байналмилал оилаларнинг ўзига яраша хислатлари, фазилатлари кўп! Келинг, азизлар, миллат айирмайлик! Ҳаммамиз ҳам Одам Ота ва Момо Ҳаво фарзандларимиз. Биз бутун дунёда, айниқса, Марказий Осиёда тинчлик ва тотувлик бўлишини истаймиз…(Zamondosh).

%d bloggers like this: