Пўписами ёки…

Марказий Осиёда уруш эҳтимоли (?)

“Вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафакат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши эҳтимоли бор” – деган Қозоғистонга расмий сафар билан борган Ислом Каримов.

Ўзбекистон президенти бу гапларни Тожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб айтган.

“Шу учун чегаралар оша ўтадиган дарёлар масаласида биз жаҳон ва халқаро ҳамжамиятга қулоқ солишимиз керак”.

Ўзбекистон президенти электр ишлаб чиқариш учун йирик ГЭСлар ва уларни ишлатадиган улкан сув тўғонлари қураётган Қирғизистон ҳамда Тожикистонга мурожаат қилиб, Амударё ва Сирдарё қуйи оқимларида жойлашган қўшни мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олишга чақирган.

“Бу дарёлар бўйида жойлашган барча давлатларнинг розилиги ҳар қандай келишувнинг асосий шарти бўлиши керак” – деб айтган Президент Каримов.
Ислом Каримовнинг айни огоҳлантириши ортидан Оврўпо Иттифоқи вакили Марказий Осиёдаги сув муаммоларини ўзаро ҳамкорликда ечишга чақириб чиқди.

“Биз Марказий Осиё давлатларига сув муаммосини ечишда ёрдам берамиз” – деган Қибрисга борган Оврўпо Иттифоқи ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Кэтрин Аштон.

Унинг айтишича, Оврўпо Иттифоқи нефть ва газга бой Марказий Осиё барқарор бўлишидан манфаатдордир.

Аммо Марказий Осиёнинг икки йирик дарёси бошланадиган Тожикистон ҳамда Қирғизистон газ ё нефть манбаларига эга эмас. Бироқ бу икколвон сув манбаларига бой.

Сувсизлик ва зилзила хавфи

Бишкек ҳам, Душанбе ҳам ҳозир Амударё ва Сирдарё бошланадиган дарёларга тўғон ташлаб, Қамбарота ва Роғун ГЭСларини қуришга киришганлар.

Ўзбекистон тарафига кўра, хусусан, Роғун ГЭСини юргизадиган даражада сув тўплаш учун камида 8-10 йил вақт кетади.

Бу дегани – қуйида жойлашган ва деҳқончиликка асосланган Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар узоқ йиллар сувсиз қолиб кетишлари мумкин.

Шунингдек, зилзила тез-тез рўй бериб турадиган ҳудудда баланд сув омборлари тўғонларини тиклаш ҳаракатлари ҳам пастда жойлашган Ўзбекистондаги мутахассисларини қўрқитади.

Бунинг устига, Амударё суви тортилгач, Хоразм, Бухоро ва Қорақалпоғистондаги экологик вазият янада ёмонлашиб кетиш борасида ҳам хавотирлар мавжуд.

Бироқ Тожикистон ва Қирғизистон вакиллари улкан ГЭСлар қурилиши Ўзбекистонни сувсиз қолдирмайди, дейишади. Шунингдек, эҳтимолий зилзила зарари борасидаги хавотирларини ҳам рад этишади.

Айни дамда, Амударё бошланишида жойлашган Афғонистон шимолида ҳам нисбатан тинчлик ўрнатилиб, қишлоқ хўжалиги қайта жонлана бошларкан, афғонистонликлар суғориш учун кўпроқ сув ола бошлашади ва ҳозиргача Ўзбекистон ҳамда Туркманистон ишлатиб келаётган сув миқдори янада тортилади, деган ҳадиклар бор.

Халқаро мутахассисларга кўра, минтақадаги давлатларнинг хавотир ва даъволарини обдон ўрганиб чиқиш ва бу каби улкан лойиҳаларнинг келажакда қандай оқибатларга етаклашини холисона тадқиқ этиш лозим.

Таҳлилчиларнинг ўйлашича, ҳозир Россия ҳам, Ғарб ҳам ўз манфаатларига мос тарзда сиёсий ўйинлар олиб бориш учун Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида юзага чиқаётган “сув можароларини” ишга солишлари эҳтимолларидан эҳтиёт бўлиш керак.(BBC).

 

 

 

%d bloggers like this: