Сиёсий сатира: Нофизийдан нома(79)

ЧАНГ-ЧУНГ

Мана эски жўра, Путин Тўра тошкаримнинг Тошканига келиб ҳам кетдилар. Хитойга томон кетдилар. Биттаси ҳанг, биттаси наҳанг хўтикчаларнинг дикир-дикир югурганидек, Ислом ота ҳам ҳансираб-сансираб Хитойга етволдилар. Ишлар холам билди, поччам билмади шаклида.

Нима гап ўзи? Нега бунча югур-югур? Шу пайтгача ғоз бўлиб турган Ислом ота бирданига фас-фус этиб Иқтисодий эркин зонага кирвордилар. Хурсанд бўлиш керак. Қани карнай, қани сурнай? Нега жимсизлар? Аммо зоти молияларининг қовоқларидан паға-паға қор ёғарди. Худди эркин қамоққа киргандек. Балки Иқтисодий эркин зонадаги “зона” деган жойи ёқмай қолдими?

Ёки, Путин Тўра гап аравасида “Ҳусни Муборак ҳам Башар Асадовичга ўхшаб бизнинг йўлдан юрганда ҳукми йўтал бўлмасди, агар Қаддофий Амриқога сотилмай Каддафиан бўлиб турганда саҳронинг шерлари таламасди” деб қўйдимики, Ислом отанинг елкасидан тоғ босди. Ўзим кўрдим, Путин Тўра келганда самалётнинг ёнида самалёт бўлиб, ердан сариқ танга қидираётган болакайдек эдилар.

Оға ини аразли бўлса ҳам ғаразли бўлмас экан. Хитойда сал-пал қадларини тиклаброқ юрдилар.

Чимхўр ҳўкиз очдан ўлади, бизники хўрон, узоқ яшайди. Мана, биз Хитойда Маодан кейин кимлар келиб кетди билмаймиз. Фақат биттасининг оти “Ху” билан бошлангани учун эсда қолган. Аммо хитойликлар Ислом отани ҳар доим етти букилиб кутиб олишади. Чунки боравериб, боравериб ўзлариники бўлиб қолди. Уни дунёдаги энг узоқ яшайдиган монк деб ўйласалар керак. Ё бўлмаса уларнинг кўзлари орқаларида. Ислом отани яхшилаб кўриш учун яхшилаб эгиладилар.

Ислом ота ҳам уларни шанхай-манхайи билан севади. Уқалаб қўядигани ҳам улардан, ухлатиб қўядигани ҳам… Шунинг учун Хитой нима деса зоти молиялари ҳам “ес” деб юборадилар.

Ўзбеклар нега арава-арава бўлиб чет элларга кетвотти? Сабабини биттаси ундай дейди, биттаси бундай. Энг асл сабабни эса қўшнимиз тожиклар билади. Бир айланиб Тожикистонга бордим, “чу”, “чи”, “чанг”, “чунг”… Ҳаммаёқни хитой босган.

Тожиклар урусларга ухшаб мардикорларни гастермастер демас экан, “чанг-чунг батир” дейди. Қаёққа қараманг ҳамма оғир ишларни хитойлар қилиб юрибди. Кўприкни кўтараётган ҳам, туннелда тунавотган ҳам, сув омборини қураётган ҳам, тоғни талқон қилаёган ҳам хитой “…батир”лари.

Тожикистондан қайтиб келсам, бизникилар вашше кетиб бўлишибди. Уже Хитой билан бир неча миллард долларлик договор қилинди. Хитой хит бўлади, қулоқ солмасанг ит бўлади. Ўз лойиҳаларига ўзининг одамни юборади. Камчаткани қандай босиб олди. Путин Тўранинг ҳам кучи етмай ётибди. Чиқараман деб кўрсинчи, живир-живир талаб ташлайди.

Камчатка бўлиш навбати бизда. Ислом ота подписни қўйиб берди. Бир мири-ҳамён, уч мири зиён. Карвон варанг-варанг, ишонмасангиз чиқиб қаранг.

Аввали салом, хулласи калом шуки, Путин Тўра қозонни бир айлантириб, Хитойнинг гастербастерларини биз томонга ҳайронаи равона айлади. Тоғдан-тошдан, сувдан-йўлдан, чўлдан-кўлдан живир-живир, вишир-вишир бoстириб келишмоқда….

Илойим тушим ёлғон бўлиб чиқсин! Чунки доим тушим ўнгидан келадида…

Нофизий,
Тошкан.

%d bloggers like this: