Зулм зиндонидаги журналист

ДИЛМУРОД САЙЙИД׃ “ЎЗНИ ДОНО БИЛГАНЛАР ДАВРАСИ”ДА…

ЁКИ “ТОЖДОР МАҲЛУҚЛАР ҲАҚИДА”ГИ ШЕЪРНИ ЭСЛАБ…

«Нечун виждонини сотиб яшайдир,
Нечун қуллигидан бехабар ҳар қул?
Нечун зулм яшар, Зулм ошайдир?!
Ҳақсиз оломоннинг тириклиги шул..!»
Рауф ПАРФИ ЎЗТУРК.

Бир кун аввал, айтиш мумкинки, жуда тор доирада ўтказилган йиғиннинг ғализ таассуротларидан ҳали қутилмагандим. Интернет саҳифаларида эълон қилинган “Ҳур фикр учун таҳдид” сарлавҳали мақолани ўқиб қолдим. Ва мақолани ўқиш давомида ечимига қийналаётганим-айрим саволларга жавоб топгандек бўлдим. Шунингдек, эзгулик ҳамиша барқарорлиги учун шукрона келтирдим!

Йиғинда раислик қилувчи ҳокимият вакили “Ватан-маҳалладан бошланади!”-деган таъкидни бир неча қайта такрорлаганди. Интернетдаги мақолани ўқигач, хиёнат ҳам маҳалла идорасидан бошланиши мумкиндек туюлди менга. Чунки йиғинга кечикиб келганлигим боис “асосий саҳналару бош рол ижрочилари рақси ва ашуласи”дан бехабар қолган эканман!

Мен рости бундай йўналишда йиғилиш тайёрланганлигидан буткул бехабар эдим. Сабаби, айни чоғда ишим, югур-югурим кўпайиб кетган. Бир томонда судларда иштирокчилик, иккинчи тарафда шико-ятчилар билан соатлаб мулоқотлар, рўзғор ташвишлари дегандек…

Йиғин бўладиган куни эрталаб “Ҳимоя-жараён” газетаси атрофидаги муаммолар юзасидан учрашувимиз бор эди. Шунга кетаётганимда маҳалла қўмитаси котибаси мени тўхтатиб, Раис билан гаплаш-ган ё гаплашмаганлигимни сўради. Кейин идорага кирдик. Раис нонушта қилаётган экан. Қисқагина саломлашгач, кечки соат БЕШда идорага чиқишимни сўради. Сабаби билан қизиқиб ўтирмадим. Бу таклифни ҳар байрам олдидан ўтказиладиган тадбирларга боғладим. Кундуз уч яримларда уйга келиб, бир пиёла чой ичган бўлдим. Кейин қизчамга ул-бул олиш баҳонасида оилавий тарзда бозорчага йўналдик. Маҳалла идораси йўл устида эди. Соатга қарасам беш бўлибди. Оиламга кетаверишни айтиб, ўзим идорага кирдим. Қарийб ўн беш нафар одам йиғилган. Ҳокимият вакили мамлакатдаги эришил-ган ютуқлар ҳақида маъруза қилаяпти. Ўзимча “байрамолди тадбири экан” деган хулосага келдим. Бироқ кутилмаганда мавзу кескинлашиб, 2005 йил 24 ноябрда “Адвокат пресс”да чоп этилган менинг “Йўқ ҳақида бадиҳа” сарлавҳали мақоламга тақалди. Мақоланинг ўта ғайримафкуравийлигию, шу сабаб газета ёпиб қўйилганли ҳам алоҳида қайд этилди. Тўғриси, ҳайрон қолдим: “Нима булар ойдан ҳозир тушганми, ахир мақола бир йилу тўққиз ой аввал чоп этилган. Газета ҳам “Ҳимоя-жараён” номи билан қайта расман рўйхатга олинган. Умуман, “Йўқ ҳақида бадиҳа” атрофидаги тўфонлар босилган-ку! Бу аҳли доно-ҳокимият вакили, маҳалла раиси, “Маҳалла” газетасидек нуфузли таҳририят бош муҳаррири ўринбосари наҳотки, бугунги воқеликдан бир йилу тўққиз ой орқада қолишган?..”

Кейин улар менга эмас, аксинча мен уларга тушунтириш ишлари олиб боришимга тўғри келди. Менинг изоҳу баёнларимдан кейин мавзу маҳалла ободончилигига қўшаётган ҳиссам хусусига кўчди. Мен кўчиб келганимдан бери ўтган икки йил давомида ўз ҳисобимдан амалга оширган айрим ишларим ҳақида қисқача эслатдим. Эси бутун одам тушуниб олди. Яъни, ҳозир муҳокамага қўйилаётган Дилмурод Саййид нафақат ўз хонадонига, балки яшаб турган кўпқаватли уй атрофига ҳам ўз ҳисобидан харж қилиб, фойда келтираётганлигини, айримларга ўхшаб ҳатто яшаб турган хонадони учун пул тўлашдан бош тортмаётганлигини! Худога беҳисоб шукр, коммунал тўловларнинг бирортасидан қарздор эмас-ман. Бироқ яқиндагина бўлиб ўтган ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ҳам иштирок этган маҳалла аҳли йиғинида маҳалла раисининг ўзи коммунал тўловларни ўз вақтида тўламаслиги, қарийб юз минг сўм қарзи борлиги очиқ айтилганди…

Мавзу яна “Йўқ ҳақида бадиҳа”га бурилиб, унда буғдой масаласига оид билдирилган мулоҳазала-римга нисбатан салбий баҳо берила бошланди. Яна туриб аниқ далиллар билан ўз фикримни асосладим.

Кейин бозорга бормоқчилигимни айтиб, кетишга чоғландим. Шунда йиғин протоколига имзо қўйи–шимни сўрашди. Мен ўзим ўқиб чиқмасдан имзо чекмаслигимни билдирдим. Шундан кейин мажлис котибаси баённомани ўқиб берди. Баённома бошиданоқ йиғин кун тартибини хато ёзишдан бошланган эди. Унда айтилишича, “Маҳалла” газетасида чоп қилинган “Ҳимоя-жараёнга тоза ҳаво керак” мақоласи муаллифи Дилмурод Саййидни муҳокама қилиш” масаласи кун тартибига қўйилган экан. Кулишимни ҳам, куйишимни ҳам билмасдим. Чунки йиғилганларни шунча вақт баённомадаги ғализ кун тартиби билан чалғитиб ўтирган эканлар. Аниқлик киритишга мажбур бўлдим. Мен бунақа саёз мақола ёза олмаслигимни, қолаверса, мақола “Маҳалла” газетасида чоп қилинмаганлигини, балки интернетдаги горизонт.уз сайтидан ўзбекчага ўгирилиб босилганлигини йиғилганларга ва энг аввало йиғин ташаббускорларига тушунтирдим. Гапим малол келдими ё нимадир дейиши кераклиги эсига ту-шиб қолдими, ҳар ҳолда “Маҳалла” газетаси бош муҳаррири ўринбосари сўзга чиқди. Ва сўзни менинг ижодимдан фақатгина “Йўқ ҳақида бадиҳа” мақоламнию “Терминатор” китобимни ўқиганлигидан бошлади. Унинг айтишича, мақола ўта саёз, нохолис ёзилган экан. Шунингдек, “Терминатор” кито-бимга киритилган ҳикоялар ўзбек менталитетига зид, беҳаё интим лавҳалар тарғиботи билан ёшлари-миз тарбиясига путур етказар экан. Сўз навбати менга берилди. Мен Ички ишлар вазирлиги ҳомий-лигида суратга олинган “Шайтанат” видеофилмидаги битта шундай лавҳани мисол келтирдим. Ва агар “Маҳалла” газетаси бош муҳаррири ўринбосарининг фикрига асосланадиган бўлсак, тарғиботни “Шайтанат” видеофилмига қарши курашдан бошлаш керак бўлишини таъкидладим. Кейин “Терминатор” китобимдаги маиший мавзуда ёзилган ҳикоялар 2002 йилдан 2004 йилгача Ўзбекистондаги энг кўп тиражли газеталарда қайта-қайта чоп қилинганлигини, бироқ шу вақтгача на бирор ўқувчи, на би-рор бош муҳаррир ёки мутасадди шубҳали муносабат билдирмаганлигини таъкидладим.

Шу ўринда кичик бир мулоҳаза: мен “Маҳалла” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Фаррух Бўтаев фикрларидан мутлақо ранжимадим. Аксинча, ёш бўлишига қарамай, баҳсга киришишдан тортин-маслиги менга маъқул бўлди. Балки унинг мулоҳазалари ўзи вояга етган тузум мафкурасига таянган ҳолда билдирилгандир. Бунинг учун ундан ранжиш эмас, аксинча бундай ёшларни ҳаётий баҳсларга кўпроқ тортиш зарур. Менинг тушунишимча, масала ёшларнинг қарашлари қанчалар ҳаётий ё хаёлий эканлигида эмас, балки асосий гап уларнинг баҳсга чанқоқлигида. Баҳслаша оладиган одамда кураш-чанлик фазилати мавжуд бўлади! Фақат ЛОҚАЙДларгина баҳсдан кўра муросага мойил бўладилар!

Йиғин анчайин баҳс, мунозара ва фикр алмашинув кўринишидаги давра столи қиёфасини якунланди.

Тўғриси, кейинчалик-интернетда эълон қилинган мақолани ўқигач, аниқлик киритсам, ҳақиқатда йиғинга анча вақт кечикиб борган эканман. Наилож, айб менда эмас. Чунки мени соат бешга таклиф қилишганди. Аммо барвақтроқ бошлашибди-да…

Шунингдек, мақолада келтирилган маҳалла раисининг ичиб юришию, пул йиғишлари, еттинчи қа-ватда инфаркт бўлиб, вафот қилган одам воқеасидан буткул бехабарман. Бу маълумотларнинг қанчалик тўғри ё нотўғрилиги ҳақида маҳалла котибасидан сўрадим. Унинг айтишича, раиснинг ичиб тури-ши рост экан. Ҳозирда тўққиз қаватли уйда яшовчи бир неча одамлар шикоят хати ёзганликларини эшитибди, аммо кимлар ва нима ҳақда ёзганлигидан хабари йўқ экан.

Мен ҳайрон қолдим. Чунки интернетда эълон қилинган “Ҳур фикр учун таҳдид” сарлавҳали мақола муаллифи менинг назаримда маҳалла ишларига бевосита алоқадор одам бўлиши керак ва раиснинг ҳатти-ҳаракатларидан хабардорлиги ҳам аниқ! Айниқса, унинг ёзганларидан келиб чиқадиган бўлсак, бўлиб ўтган йиғин 2-3 кун олдин жуда тор доирада келишиб олинган ва кун тартиби ҳам белгиланган. Ҳатто йиғиндан кўзланган мақсад ҳам тайин бўлган!

Мен унча эътибор қилмаган эканман, ҳақиқатда йиғинда негатив фикрловчи одамни маҳалладан кўчириб юбориш ваколатлари хусусида ҳам алланималар дейилди. Аслида-чи? Фуқарони ўз шахсий пулига сотиб олган уйидан маҳалла Қарорига асосан кўчириб юборишлик ҳеч ақлга сиғадиган гап эмас. Бу маҳалла ваколатини мавжуд қонунлардан устун қўйиш ва таъбир жоиз бўлса, таҳдиддир! Чунки қонун нуқтаи назарига кўра мулк ҳуқуқи муддатсиздир!

Мени масаланинг бошқа томони қизиқтиради. Яъни: ташаббускорлар бундай йиғин ўтказишдан қан-дай мақсадни кўзлагандилар? Ҳозирги давлатчилик сиёсатини тарғиб қилишними? Ёки чиндан ҳам “Ватан маҳалладан бошланади!” деган таъкидга суянсалар, маҳаллада ўтказиладиган тадбирни нима сабабдан кенг жойда кўпчилик иштирокида ташкил қилмайдилар? Ёки ўзлари хизмат қилаётган давлат ички сиёсатини омма орасида тарғиб қилишни ўзларига ор ҳисоблайдиларми? Маҳалла идораси битта тор хонадан иборат, нари борса, ўн беш нафар одам сиғади. Шу ўн беш нафарнинг ҳам тўрт нафари маҳалла мутасаддилари, беш нафари ҳокимият ва бошқа идора вакиллари бўлиб, оддий аҳолидан 4-5 нафари қатнашган йиғинни қандай қилиб ҳукумат даражасидаги талабларни, олиб борилаётган сиё-сатни тарғиб қилувчи ташвиқот йиғинлари сирасига киритиш мумкин?! Бундай йиғинлар давлатчилик нуқтаи назаридан баҳоланадиган бўлса, ўзи хизмат қилаётган тузум ва давлатга нисбатан фириб беришликдир! Бу-ўз ваколатини суиистеъмол қилиш, бу-йиғин баҳонасида одамларнинг Қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларини менсимаслик! Ва туман миқёсидаги кичик раҳбарчаларнинг бундай ҳатти-ҳаракатлари мамлакат даражасидаги раҳбарлар фаолиятига баҳо берилишига кифоя қилишини тушуниб етмаслик! Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда оддий фуқаронинг куни қанчалар тор тушунчадаги ваколат эгаларига қолганлигини кўрсатувчи яққол далилдир!

Ҳатто 2005 йил ноябр ойи охирида эълон қилинган мақола хусусида бугунги кунда фикр билдириш-лик учун алоҳида йиғин ташкил этишнинг ўзиёқ сиёсий кўрликдир! Чунки мақола эълон қилинган вақтда ҳам мен шу ҳудудда яшардим. Муҳокама қилиш имконияти ўша вақтда тўлиқ мавжуд эди. Китобим чоп этилганида дастхат ёзиб берганман. Фақат раҳмат эшитгандим. Қолаверса, китобим уч қисмдан иборат: ҳикоялар, публицистика ва шеърият! Ҳикоялар икки йўналишда: криминал-ҳаётий ва ҳаётий-маиший мавзуларда!

Менинг китобимга юзаки баҳо беришга уринган ҳамкасбим наҳотки бу китоб минг чиғириқдан ўтиб, кейин чоп этилганлигини билмаса! Қарийб беш ойлик сарсонликларим, Рауф Парфи ҳақидаги хотира, унинг “Сўнгги видо” тўплами хусусидаги таассуротларимни сақлаб қолишга уриниб, китоб нашрини икки ой ортга суриб юборганлигим, охир бу икки мақола олиб қолингачгина босмага рухсат теккан-лиги, бироқ босмахона ишлари менга номаълум сабабларга кўра яна бир ой ортга сурилганлиги китоб назорат остида чоп қилинганлигини англаб етиш учун кифоя!

Шунингдек, менинг фаолият юзасидангина ЎзР Адвокатлар ассоциацияси, “Ҳимоя-жараён” таҳри-рияти билан баҳслашаётганлигим мавзусида интернетда русча берилиб, шошилинч ўзбек тилига ўги-рилиб, “Ҳуррият” ва “Маҳалла” газеталарида кўчириб босилган мақолани мен яшайдиган маҳалла ҳу-дудидаги йиғин кун тартибига киритилиши ҳам умуман ҳеч бир андазага мувофиқ келмайдиган ҳолат! Қолаверса, мақолада менинг яшаш манзилим кўрсатилган эмас!!!

Агар чиндан ҳам шу юзаки ёзилган ва кўчириб босилган мақола маҳалла ўртасида муҳокамага шунчалар арзирли бўлса, нима учун бундай муҳокама Р.Бобомуҳамедов ва Р.Гапиров яшаётган маҳаллаларда кун тартибига қўйилмади? Ё улар яшайдиган маҳалла мутасаддилари ва туман ҳокимлигидаги масъуллар биздагиларга қараганда секинроқ фикрлайдиган одамларми? Балки газетани ўқишмаганмикан?..

Яна қайтараман: бундай йўналишда йиғилиш тайёрланганлигидан мен буткул бехабар эдим…Ўз ташвишим билан овораликдан ортмас эканман, яхшики маҳалла масъуллари, туман ҳокимлиги вакиллари ва бошқа бир қатор идоралардаги жонкуярлар бор экан… Кимга қандай билмадиму, лекин мен учун бу йиғин ҳаётий яна бир дарс, ҳушёрликка даъватнинг яна бир намунаси бўлди! Ва истардимки, келгусида шундай йиғинлар бошқа долзарб мавзуларда ҳам тез-тез ташкил қилинса! Дей-лик, маҳалла ҳудудини асфалтлаш, кам таъминланган оилаларга эътибор, айрим уйлар ортида сунъий вужудга келиб қолган чиқинди уюмларини буткул бартараф этиш, ширкатнинг уй-жой эгаларига ҳисо-боти, маҳалла раисининг фуқаролар олдида ярим йиллик, бир йиллик ҳисоботи, Мактабгача тарбия маскани-мактаб-маҳалла муносабатлари мавзусида, ичкиликбозликнинг ҳар қандай кўринишларига барҳам беришда маҳалла мутасаддиларининг ибрати мавзусида ҳам йиғинлар ташкил этилса, энг авва-ло, “Ватан маҳалладан бошланади!” деган таъкиднинг амалий тарғиботи бўлар эди. Қолаверса, олди-миз куз фасли-хазонрезги даври! Тўкилган хазонларни маҳалла ҳудудида ёқиш инсонлар ҳаётига тажо-вуз эканлиги мавзусида ҳам алоҳида йиғин ўтказилиб, ҳокимият вакиллари бу муаммони ҳал этишда маҳалла ва ободонлаштириш бошқармаси ўртасида фуқаро манфаатига мувофиқ келишувга эриши-лишида холислик кўрсатсалар, айни муддао бўларди. Шунингдек, шаҳар ҳокими ўринбосари Б.И. ТОҲИРОВ иштирок этган аввалги йиғинларнинг бирида уйлар томини таъмирлаш учун етарли миқдорда шифер келтирилганлиги туман СЭС раҳбари томонидан алоҳида таъкидланганди. Кунлар совуб, ёғингарчилик бошланмасидан шиферларни жой-жойига қўйиш масаласи ҳал этилса, кўп улуғ иш бўларди. Ўша йиғинда яна маҳалла ҳудудини асфалтлаш муддати ҳам айтилганди. Ёғингарчиликлар бошланиб қолса, бу эзгу ниятга ҳалал бериши мумкинлиги ҳақида ҳам ташаббус кўрсатиш керак…

Демоқчиманки, қачонлардир чиққан мақолани эслаб, расман чоп этилган китобни орадан саккиз ой ўтиб муҳокама қилишдан, овора бўлиб оддий фуқародан кўра мутасаддилар кўпчиликни ташкил эта-диган йиғинларга давлатчилик сиёсати даражасида тус беришликдан маҳаллага бир мирилик наф йўқ!

Агар чиндан ҳам бирор ижодкорнинг ёзганларидан хато топиладиган бўлса, бу борада шуғуллана-диган махсус идораю алоҳида ходимлар топилади. Уларнинг ваколатини бажаришга менимча, бошқа ташкилотга имтиёз берилган эмас! Ҳар ким ўз ваколати ва тушунчаси доирасидаги фаолият билан шуғуллангани маъқул!

Агар шундай қилинганида эди, интернетда “Ҳур фикр учун таҳдид” сарлавҳали мақола эълон қилинмаган ва мен ҳам ушбуни ёзмаган бўлардим!

Хулоса ўрнида улуғ Байроннинг қуйидаги сатрларини келтириш билан кифояланаман:

“…Тождор маҳлуқларга емнинг ўзи кам, тишламоқ ва қопмоқ истайди улар…”

Ўзбекистон, Тошкент, 27.08.2007 йил.

Муаллифдан:
Мен бўлиб ўтган йиғин хусусида мақола ёзиш у ёқда турсин, ҳатто бир сўз айтмоқчи эмас-дим. Ҳатто унда қатнашган тўрт нафар оқсоқол сукут сақлаб ўтирганлигидан ранжигандим ҳам. Бироқ ноўрин ранжиганлигимни ҳеч кутилмаганда йиғиннинг анча батафсил баёни интернетда эълон қилинишидан сўнг тушундим. Кеча Оқсоқоллардан бири билан озроқ суҳбатлашдим. Сукутнинг боиси-ни сўрагандим, “Сизни билганимиз учун ҳам сукут сақладик. Ўзингиз тушунган одамсиз… Фақат қизишиб кетишингиз мумкинлиги бизни чўчитганди…”- деган жавобни олдим…

http://turonzamin.org

2007-08-28

%d bloggers like this: