Сиёсий сатира: Нофизийдан нома(78)

Шал-лаққи

Бутун дунёда эски араваларни музейга қуйишган бир пайтда бизда шалақ арава ҳали шақиллаб у томонга, ҳали бу томонга ўтгани ўтган. Билсангиз керак, “Шаллақи” деган сўзнинг бобокалони “шал”дир.

Қўл-оёғи ишламай қоладиган шал бор-у, ҳалиги бечора касални айтаётганим йўқ, тўрт мучали соғ бўган, касал бўлмай тирик ўлган “шал” бўлади-ку, қўлидан иш келмайдиган, оғзи билан револусия қиб юборадиган политтрупни айтвомман.

Бу сўзни “шол” билан алмаштириб юрманг. “Шол” бўйинга осиб юриладиган, ўртаси тешик кулчадай ўпирилган жазо тахтасидир. Локин эшак билан молнинг боғлиқ жойи бўлгандек, “шал” билан “шол”нинг ҳам яқинлиги бор. “Шал” ишга яроқсиз, ҳеч қаерда ишламай хотин-мотинини ишлатиб қўйиб, “нафақа”ни нафақат қилиб ётадиган шал-лаққидир. Унинг тили ишлайди фақат-лақ-лақ..

Тешик тахтача унинг бўйнига кийгизилган жазо – тавқи лаънат. Э, сиз ҳам мени кимнидир обрўсизлантиришга уринмоқда деб ўйламанг. Қандай қилиб обрўсизни обрўзсизлантириш мумкин?

Фақат шал-лаққи деганини тошканча қиб чунтириб қўймоқчиман, братан. Орада ёки ўрада бошқа гап йўқ.

Мана ўйлаб кўринг, битта эшак ва битта арава бор. Бу ҳароми эшак аравани йигирма йил қуруқ олиб қочаверса, қоча берса, ҳали тош йўлда, ҳали ош йўлда, ҳали кўпроқ, ҳали тупроқ кўчада, нима бўлади, естественно шалақ бўлади-да. Ҳар қанча мойламанг, ҳар қанча пойламанг йигирма йилда у барибир шалақ бўлади. Эшак чарчаса ҳалак бўлади, арава бузилса шалақ деганлари ана шундан.

Беномусга кунда тўй дегандек, бузуқ арава “тақ-тақ” қилиб у ёққа ўтса, “шақ-шақ” қилиб бу ёққа ўтса, нима бўлади, шалақ-шалақ ширрақи, тарақ-тарақ тиррақи бўлади.

Узоқдан товушини эшитишингиз билан шал-лаққи кевотти деб қулоғингизни бекитиб оласиз. Аммо қулоқни ҳам қулатиб кетади. Қулоғини қоптирганлар унинг орқасидан тап-тап югурадилар, худди жодугарнинг илми-силмига тушгандек.

Йигирма йилда юк кўтармаган арава минг йилда ҳам кўтаролмайди. Бу гарантия. Чунки уже бузилган бўлади.

Лекин ғанимат ғарники, бу дунё карники. Шунинг учун ҳали ундай қилвораман, ҳали бунда қилвораман дейдиган лаққи, шал-лаққига гап кор қилмайди, ундайлар ор нелигин билмайди.

Современний халқим-ҳалқум мақолларида шалақ арава минг чопса ҳам мошин бўлмас, кесакдан ҳеч кошин бўлмас деганларидек, бу гапларимиз эшакнинг қулоғига танбура, э, извините, танбур чертиш дегани бўлади.

Буни биламиз, ока, лекигин чертиб турмасангиз шақ-шақини ва ҳанграшини тўхтатмайди-де. Қулоғига чертмаганлар, орқасига тепмаганларга яна йигирма йил ҳолларига бегўш шўрва, молларига бўмбўш тўрва!

Айтмоқчи, “шал” ёки “шол”дан “шалғом” ёки “шолғом” ҳам ясаш мумкин. Бу энди, кейинги грантнинг тўлови.

Нофизий,
Тошкан.

%d bloggers like this: