Сиёсий сатира: Нофизийдан нома(77)

АРАВАКАШ

Бундай қарасам думбул дунёнинг бир четида якка қолибман. Яккалик яккамаховга ярашар, кўп бўлиб яккамаховни талашар. Ҳамма ҳамма ёқдан менга тош отиб ётибди. Демак, яккамаховликдан чиқишим керак. Бўлмаса ҳеч ким мени мақтамайди, аксига сўкиб-сўкиб, сўкилган жойимдан ушлаб йиртиб-йиртиб ташлашади. Оҳ, мақтовларни, мақтовизмни соғиниб қолдим. Азиз “пахтакорлар” қайдасиз?

Ҳмм..Ўйлаб кўрсам, пахта қўювчи “пахтакорларнинг” уч тури оммалашган ёки аммолашган. Чаппасидан таппасига:

3.Мансабдорнинг маддоҳлари
2.Пулдорнинг маддоҳлари
1.Маддоҳнинг маддоҳлари

Менда биттаси ҳам йўқ. Нима қилсам экан? Оғримаган бел бўлмас, якка томчи сел бўлмас. Ўйлаган ўрада ўлмайди деган гаплар бор. Топдим. Ишни ўзим ўзимни мақташдан бошлашим лозим, шунда лозимсизликдан қутуламан. Соддасолим қилиб айтсам, ўзимнинг маддоҳим бўлишим, нинанинг асалини олдин ўзимга суқишим керак.

Дарҳол хат ёздим:
“Акажон, бу дунёда сиздан зўр одам йўқ, маликул бунё, соҳибул дунё ўзингиз бўласиз! Умуман одам зотига қирғин келган ва битта сиз қолгансиз. Ҳар бир қадамингиз ҳикмат, ҳар бир ишингиз достон, ҳар сўзингиз осмон, ўзингиз юлдуз, кўзингиз қундуз..”.

Қайта қайта ўқидим. Мазза қилдим. Элликтани эринмай эллик марта ҳўпладим. Кейин бирдан кўнглим чўкди. Ўз услубимни таниб қолдим. Ўзимни ўзим мақтаб ўтирибман-ку?

Бошқатдан бошқаларга ўхшатиброқ хатлар ёза бошладим. Барибир кўнгилнинг қўтир қудуғини тўлдирмади.

Тўхта! Учинчи йўл менга мос. Срази енг шимардим. Енги йўқнинг тенги йўқ. Ҳаммани подряд мақтай бошладим, ҳатто ҳар кун ўлимини истаб уйғонадиган душманларимни ҳам. Дастлаб Ислом отанинг томорқасига тонналаб пахта қўйиб чиқдим. Бу баъзиларга ёқмади. Мени кўрганда юзларини буриб-суриб ўтадиган бўлишди. Норвондан бир поя пастга тушдим. Ислом отанинг атрофидагиларнинг шафтолисига нур ёғдирдим. Аблаҳлар биттаси ҳам қиё боқмади. Душманларим накаут бўлдиларми, кома ҳолидан чиқмай ётавердилар. Ҳатто бошини қимирлатиб ҳам раҳмат дейишмади. Бир кун шартта Ислом отанинг рақибларини  патар-путур мақтаб юбордим. Лекин бу сомсани ҳам ўзим ва ўзимга ўхшаган бешта текин сомсахўрдан бошқаси тан олмади. Филм тугади.

Иккинчи йўлни синашга бошладим. Ўзимни бой деб эълон қилдим. Эшитгандим, ғалчани иззат қилсанг, чориғи билан тўрга чиқар деганлар. Шундай қилмаслик учун қўлимни кўксимда қўйиб, бошимни эгиб туравердим.

Аммо бешта ресторан очдим деб газитларга эълон бервордим. Ана мақтов мана мақтов. Кўкдан кўкдалага, оғизлардан оғизларга мақтов… Бобомнинг тулидан, момомнинг қулигача мақталмаган жойим қолмади. Бодиринглар диринг-диринг, телефонлар жиринг жиринг… Ҳамма кимнидир ишга олишимни истайди. Савил қолсин, аҳли мардум ишсиз экан. Иш бўлмаса қаёққа оламан? Ваъдаларни қоплаб, соплаб сотиб турдим. Лекин қуруқ ваъда оғиз эмас, ёқа йиртар экан. Ёқавайрон бўлдим. Мақтовлар ўрнини ҳақоратлар, нақоратлар, жимжимадор сўкишлар, сўқишлар эгаллади. Уларга қўшилиб ўзим ҳам ўзимни сўка бошладим. Ўл бу кунингдан, тилинг кесилсин, шу идеани санга берган ақлинг калта жойидан қайтиб кўкармасин!

Анча вақт кўкракни ерга тираб ёттим. Лекин калламнинг мақтов деган клеткалари очваққо тулкидай увилларди. Уввв… Уввв!

Кирган жойидан чиқмайди деган гап ғирт ёлғон. Икки жойга кириб, қайтиб чиқдим. Ниҳоят охирги йўлга эмаклаб-семаклаб кириб кетдим. Мансаб топишим керак. Ўйлаганга қўй лаганга деганлар. Топдим. Ўзим ўзимга частний склад очдим ва ўзимни мудир этиб тайинладим. Скалднинг номини “Бутун дунё молларининг скалади” деб номлаб, ғириллаб бориб газитларга эълон бериб келдим.

Скалад деган сўз шкалад дегани экан. Ҳамма у ерда нима борлигига қизиқади. Бутун дунёнинг моллари шу ерга жамланган деб ўйлашади. Айниқса мен она-сонда Ислом отанинг қизлари билан хиргойи қилиб юрибман деб ёлғонни қистириб-пистириб қўйганим учун одамлар скаладда кўп нарсалар бор деб ўйладилар. Тўйларда микрофонни биринчи менинг ҳурматли оғзимга тутишди, мухбирлар атрофимда каппа қурдилар, маддоҳларнинг товуқлари худди хўроз топгандек қағиллаб қолди…

Бу сафар қозон латта эмас, қази қарта бўлиш учун уруғ-аймоқнинг уйидан, кийим-пайпоқнинг туридан битлаб-титлаб ётган нарсаларни олиб келиб, скаладга илиб қўйдим. Нархи ҳам 1018-чи юлдузнининг тепасида. Харидорлар ғир-ғир кириб ғир-ғир чиқиб ётибди. Санаб турибман. Кундан кунга камаймоқда. Лекин реклама деганини ишга солвордим. Ҳар куни минг-минг харидор келмоқда дегандим, скаладим чумолининг уясига айланиб кетди…

Хайрият-ей ўзимни ўзим озгина бўлсада қониқтирдим. Бўлса бўлсин пора канда, лек даф бўлсин пароканда демишлар.

Кўрдингизми, секретларимни айттим, мен шунақа, керак бўлса ўзимни ўзим ерга уриб ташлайман. Бошқа соҳалар зайнит бўлгандан кейин шу соҳада биринчи бўлсам нима қипти? Зотан, аравани от тортади, аравакашнинг обрўйи ортади.

Нофизий,
Тошкан.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: