Сиёсий сатира: Нофизийдан нома(75)

Хабарлар ва хубурлар

“Очиқ табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришни хуш кўрувчилар, соғлом турмуш тарзи тарафдори бўлганлар учун Тошкентдаги эски ҳайвонот боғи ҳудудида юртимизда ягона бўлган экологик боғнинг тантанали очилиш маросими бўлди.”

Тасодифни қаранг? Ҳайвонот боғи ўрнида казо-казоларнинг болалари учун экологик боғ ташкил қилинибди. Узр, бу тасодиф эмас экан, мосига мос, хосига хоску! Бу боққа Пулнора Исламовна атлас лозим кийиб келмасалар ҳам бўлаверади. Чунки қафаслар кичик. Сони ҳам кўп эмас, сони очиқлар учун фақат.
Боғнинг шиорлари ҳам зўр:
Очиқ табиат қўйнида ҳордиқ чиқаришни хуш кўрувчилар – ҳайвонот боғига!
Соғлом турмуш тарзи тарафдори бўлганлар – ҳайвонот боғига!
Қолганлар…Қозоғистондаги ўзбек халқ мардикори Шавкат Муҳаммаднинг чақириқларига қўшилиб гастербайтерлик имтиҳонига! Шa..гоом, марш! Не демишлар:
Ёлғону мақтовли ширин гап ширин оғудур,
Ки бу одат ерса-ул дунё ҳайвонот боғидур.

“Вазирлар Маҳкамасининг 01.04.2012 йилдаги 94-сонли қарорига биноан ёқилғи қуйиш станцияларида текшириш ўтказилади.”

Нима бўлди, наҳотки Аъзам Каримов амакиси билан келишмай қолди? Ахир ЁҚШнинг ҳамма пули шу боёқишнинг ҳисобига тушадику? Ёки Шовкат окам котта окаларининг тагига сув қуйишни бошладиларми? Сувини Роғундан ташиб келиб солаётирларми дейман?
Не демишлар:
Зўрники зўр ёрадур,
Ўртада халқ оворадур.

“Ўтган икки йил давомида Тожикистоннинг Ваҳдат, Рудакий, Қабодиён, Шаҳритуз каби туманларидаги ўрта таълим мактабларининг ўзбек синфлари, қолаверса бутун бошли ўзбек мактаблари тожиклаштирилди.”

Нима кутган эдингиз? Поездларини тўхтатиб, газ бермай қўйиб тожик мактабларини ўзбекчалаштиришни кутганмидингиз? Афандининг белидан белганга ўхшайсиз. Ўзингиз ўтирган шохни ариллатиб кесиб ётибсиз. Не демишлар:
Шоҳим, чегара чиз, ватан қургил, даврон сургил,
Бечора халқ бечорадир, ўлса-ўлар, юзинг бургил.

“Бу йилги қишнинг совуқ келгани ва газ таъминотидаги узилишлар сабаб Наманган ҳайвонот боғидаги ҳайвонлар, аквариумдаги балиқлар, кобра илони ва шер аёздан нобуд бўлди.”

Авропа томонларда ҳайвонларнинг ўрни одамларнинг калласидан теппада деб эшитгандим, ўзимизда ҳам ҳайвонларнинг жойи котталарнинг “салла”сидан тепага чиқиб қолибди. Қишда шунча одам музлаб ўлди, бир марта биров ёзмади. Ишқилиб Оқсаройдаги балиқлар, кобра илони ва шербаччалар ўлмасин, кунимизга мардум йиғлайди, матбуот мотам тутади. Не демишлар:
Эркаги ўлмаган ким бор, модаси ўлмаган ким бор?
Қадри ҳайвондан ҳам тушиб, “дода”си ўлмаган ким бор?

“UZ доменларининг сони 14 мингтага етди.”

Домана қолгур доменларнинг сони 14 мингтага етганмуш? 90-йиллардаги “Пахта иши” бугун “Интернет иши”га айланганга ўхшайди. Ислом ота Госпланда ишлаганларида “Пахта иши”га бошчилик қилган эканлар. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймайди, энди қўшиб ёзиш “нет”га кўчди, Ислом отанинг ўзи ҳам йўқликка, ҳалиги нетга кўчса бўлардиёв энди? Лекин не демишлар:
Гапни айтдим безбетга,
Қачон кетгунг деб “нет”га?

“Ўзбек телеканалининг билдиришича¸ Ҳаж зиёратига бормоқчи бўлганлар 4-5 минг доллар пора берар экан. Бу гуноҳи азим эмасми?”.

Ҳажга нимага борилади? Гуноҳларни ювиб келиш учун. Совет даврида жазоланувчи коммунист бўлмаса уни аввал партияга янгитдан аъзо қилиб, кейин ўчирган эканлар. Ҳозир гуноҳсизларни  нима қилиш керак? Пора бердириб, гуноҳ қилдирилади, кейин ювиб келишга юборилади. Қайтиб келгандан кейин эса ювиб келганини ювишади… Баҳона керакку ювишга… Не демишлар:
Юва-ювда ҳеч олдирмаймиз.
Мурдашўга иш қолдирмаймиз.

Нофизий, Тошкан.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: