Жаҳонгир Муҳаммад

Фикр ирмоқлари

1-

Кимгадир эшикни очар экансан, бир куни у эшигингни қарсиллатиб башарангга уриб кетиши ёки тўсатдан тепиб келиши учун имконият бермасликни ҳам назарда тутишинг керак.

-2-

Агар Америкада ҳам йўлингни тополмасанг, демак бу дунёдан йўлсиз ўтиб кетасан.

-3-

Фоҳиш эркаклари қанчалик кўпайган сари ўша жамиятнинг фоҳишалари ҳам шунчалик кўпаяди.

-4-

Хайриятки, Каримов ҳокимият тепасига Муаммар Қаддафи каби 27 ёшида келмаган.

-5-

Қўзғалишнинг бош қўмондони инсоннинг ички дунёсида яшасагина у керакли вақтда қўзғала олади, бўлмаса биров ҳар қанча тепса ҳам қўзғалмайди.

-6-

Оскар мукофоти топширилиши олдидан гапирган бир киши “Бутун дунё нафасини ютиб, кўзини шу маросимга қадаган”ини айтди, ундай бўлса қон тўкилаётган Ливия, Тунисдан жон олиб қочаётганлар, Боливияда сел босганлар, Янги Зелландияда ер тагида қолганлар, турли мамлакатларда ўқ остида намойишлар қилаётганлар…нинг ҳам дарди Оскар эканда-а! Ўзбек бўл-е!

-7-

Дунё раҳбарлари бугунги талатўпда унутаётган шиор: Танқидингни очиқ айт, мақтовингни сир сақла, бўлмаса аҳмоққа чиқиб қоласан.

-8-

Жилғанинг сувини бошқа томонга буриб юбориш қўлингиздан келар, ариқнинг йўналишини ўзгартира оларсиз, ҳатто дарёнинг оқимини ҳам бузишингиз мумкин, лекин денгизга, уммонга қарши нима қила оласиз? Ғарқ этади.

-9-

“Агар Михаил Горбачев бўлмаганда СССР парчаланмасди”… Ҳа, ҳали ҳам бу ном турарди, ниманинг эвазига?

Горбачев туфайли “СССР” йўқолди. Қолган ҳамма нарса қолди. Фақат номлар – Советсиз бўлди, жомлар – қон билан тўлди, томлар – ғарибона эмас, ғарбона, комлар – кўпроқ ейдиган бўлди…

-10-

Шар-баллон шиширмоқ учун яратилган нарса. Лекин уни зўр бериб шишираверсангиз портлаб кетади… э, йўқ, йиртилиб кетади, портлаган каби шовқин билан. Агар қаттироқ йиртилса юзингизга “тарсаки” ҳам тушади. Қўлбола сиёсатчилар, яъни “ясалган сиёсатчи”ларни бунча шишиверманг, портлаб… э, йўқ, йиртилиб кетади.

-11-

Сиёсий бошқарув нима эканлигини ҳатто тасаввур ҳам қила олмаганлар ўзларини етук сиёсатчи, динни юзаки билганлар ўзларини билимдон мулла, демократияни мутлоқ қабул қила олмайдиганлар ўзларини файзли демократ қилиб кўрсатар эканлар – бу жамиятнинг оғир касалга учраганидир, даъвоси топилмаса саратонга айланади, агар аллақачон айланмаган бўлса…

-12-

Ҳар қандай катта, буюк ишлар ҳам кичик одимлардан бошланади. Кичик деб менсимаган одамингиз бир кун ҳаётингизни қутқариши ёки бошлиғингизга айланиши мумкин бўлганидек, шу ҳам нарсами деб менсилмаган иш бир кун ҳавасингизни келтирши ёки қўлингиз етмайдиган чўққига айланиши мумкин.

-13-

Бир америкалик танишим телефон қилиб:

-Ўқидингми, жаноб Каримов қонунларга ўзгаришлар киритибди, демократияга йўл бераётган экан,-деди. Мен унга:

-Нега 20 йиллик эски газетани ўқиб юрибсан?

-Tушунмадим?-деди у.

Ҳа, буни тушуниш учун ўзбек бўлиш керак.

-14-

Кечаги куним йиқилиб, жароҳат олган бир танишимга ёрдамлашиш билан ўтди. Шундай дедиму, “Агар у мана шу гапимни эшитиб қолса, яхшилигини миннат қилмоқда, деб аразлаши мумкин” деган гап кўнглимга келди. Дарвоқе, у ўзбек эмас-ку!.

-15-

Аёлларни ёмонлаб ёзган эркаклар аёллардан куйган эркаксимонлардир.

Аёлини ёмонлаб ёзган эркак эса қип-қизил хунаса.

Мардлар аёлларни ҳурмат қиладилар ва қадрлайдилар.

Агар аёллар орасидан йўлдан тойганлар чиқаётган бўлса, бу энг аввало эркакларнинг уларга хиёнатидир. Демак, аёлларни эмас, хиёнаткорларни қоралаб ёзмоқ керак.

Фоҳиша сўзи аёлларни йўлдан урган, уларга қул каби, мол каби қараган ҳирсли эркакларнинг сифатидир.

Аёллар ширин сўз, мақтов ва қадрлашга лойиқ гўзал яратиқ эрурлар.

-16-

Ўзини билган одам борадиган жойига олдиндан хабар қилиб боради.

-17-

Миср Ички ишлар вазирининг бир махфий ҳужжати матбуотга чиқиб қолди. Ундан маълум бўлишича, 2005 йилнинг 23 июлида Шарм-ал-Шайх дам олиш зонасида 88 кишининг ҳаётига зомин бўлган портловда Ҳусни Муборак режимининг бевосита қўли бор экан. Мисрда 2005 йилга қадар ҳам бир неча марта шундай қонли воқеалар юз берган. Зотан бу фиръавнлардан қолган қонли ўйин.

Дарвоқе, Муборакнинг ҳокимиятга келишини эсланг: Президент Анвар Содатни отиб ўлдиришганда у вице-президент эди. Президентлик мақомига ўтиргач, вице-президент мавқеи 2011 йилгача бўш турди. У нимадан қўрққанди?

Дарвоқе, 20 йил олдин Ўзбекистонда ҳам вице-президент мақоми бор эди.

Дарвоқе, 20 йил давомида Ўзбекистонда ҳам бир неча марта қонли воқеалар юз берди.

Дарвоқе, фиръавнлар ўйинининг қоидаси ҳамма жойда ҳам бир хил.

-18-

Ўзбекнинг фалсафаси:Опам ўлди, поччам бегона!

-19-

Бизнинг фожиамиз шундаки, ҳар бир ўзбек якка ҳолда ўзича ўта ақлли, дунёдаги барча илму ҳунарларнинг соҳиби, ҳаммага дарс бериб, жавобларни ғиштдек териб қўядиган, ҳар қандай ишнинг “кўзини ўядиган”, тоғни урса талқон, дўстига кўксини қалқон қиладиган, хуллас йўлидан ҳамма қочадиган, қўлидан ҳамма иш келадиган…

-20-

Сунами. Японларнинг қиёмат куни. Ерлари мудҳиш равишда қимирлаган, уйлари, мулклари ёнган, умид дунёлари сув остида қолган… Нима гуноҳи бор экан бечора инсонларнинг? Саволим ҳам, жавоб ҳам мавҳум. Биз мана шундай пайтларда жуда ожиз эканлигимизни ҳис этамиз, агар ҳисларимиз ўлмаган бўлса?!

-21-

Инсон якка ҳолда инсондир, бошқалар билан бирлашганда оломон.

-22-

Японияда юз берган дунёнинг энг кучли зилзиласи ва сунамиси натижасида ўлганлар сони 10 мингдан ошиши мумкинлигини айтган бир киши “бу дунёнинг охири келганидан далолатдир” деди.

Бунақа “охир замонлар” эса тарихда жуда кўп бўлган. Мана фақат бир нечтаси:

-Туркиядаги 526 йилда 300 минг,

-Хитойда 1887 йилда 2 миллион, 1931 йилда 2,5 миллион, 1976 йилда 250 минг,

-Бангладешда 1970 йилда 500 минг,

-Ҳиндистонда 1839 йилда 300 минг,

-Ҳаитида 2010 йилда 320 минг,

-Индонезияда 2004 йилда 231 минг киши (атрофида) офат қурбони бўлган.

Шулар билан таққослаганда Япониядаги офат дунёнинг охири эмас.

-23-

Ҳамманинг кўнглини оламан” деб овора бўлма. Ифлосга ифлос, муттаҳамга муттаҳам, аблаҳга аблаҳ, лаганбардорга лаганбардор бўлмоқчимисан? Бу ҳолда ўзингни, ўзлигингни йўқотасан. Дўстингдан душманинг кўп бўлса бўлар, лекин ўзлигингни сақлаб қололсанг бу сенинг ғалабангдир.

Элликни эгилтириб олтмишга томон одимлаяпман, шунинг қирқ йилида қирқ минг ҳужумга учрадим. Кимдир ҳасад қилиб сўкди, кимдир қизғаниб сўкди, кимдир мендай бўлолмагани учун сўкди, кимдир подшога ёқаман деб сўкди, кимдир сўккиси келгани учун сўкди… Лекин мен уларнинг кўнглини олишга уринмадим. Балки шудир мен эришган катта ғалаба. Дарвоқе, мен ғалаба деб билган нарса кимнингдир наздида мағлубиятимдир.

-24-

Сени кўришни ва сен билан гаплашишни истамадим. Бу мен топган эрк. Лекин бу эрк сенинг соянгдир.

-25-

Ўзбекистонда статистика очиқ эмас, давлат сири. Шундай экан, хориждаги баъзи олимларнинг “Кейинги йилларда Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ўсиши кузатилди”, дейишлари ўз “шпион”ликларини билмаган ҳолда ошкор қилиб қўйишларидир.

-26-

Дарахтнинг барглари тўкилиб-тўкилиб бораверади, куз келганда эса қуриб қолади, хазонга айланади, чиринди бўлади, лекин баҳор наврўзингман дея дарахтни янги барглар билан қоплайди, бу ҳол яна кузгача… кузлардан кузларга давом этади… Бир кун ўз баргларини ўзи инкишоф қилишини билмаган дарахтни алдамчи баҳор унутади. Чунки дарахт ўзини ўзи унутган бўлади бу пайтда. Бу пайтда дарахт ўтинга айланган бўлади. Бунчалик одамга ўхшамаса бу дарахт! Бунчалар ёлғончига ўхшамаса бу баҳор!

-27-

1991 йилнинг 17 март куни СССРни сақлаб қолиш бўйича референдум ўтказилганда Ўзбекистонда овоз берганларнинг қарийб юз фойизи (93,7) буни қўллади, деб эълон қилинганди. Бу ғирт ёлғон эди. Ўша пайт учун, бугун учун эмас.

-28-

Агар СССР йиқилиб кетмаса, ўзбеклар мазкур ҳудудда учинчи сорт инсон муомаласига маъруз қолармидилар? Хаёлимда бу савол айлана бошлаганига бир неча йил бўлди. Мендай-мустақилликнинг ашаддий тарафдорларидан бирида шундай савол пайдо бўлган экан, демак бошқаларда бу савол янада кучлироқ заминда туғилган бўлиши мумкин. Каримов режими халқни ҳатто мустақилликни ҳам савол остига қўядиган даражага олиб келди.

Дарвоқе, нима ҳақида гапираяпман, Ўзбекистонда мустақиллик борми? Бор, президент ва оиласига.

Дарвоқе, СССР пайтида ўзбекларга нечанчи сорт инсон каби муомала қилинарди? Ўшанда ҳам айни муомала эди…

-29-

Гадойнинг гапига ва кийимига ишонганлар унинг ўзларидан бой бўлиши мумкинлигини тасавввур қила олмайдилар.

-30-

Ўзингни ёмонласанг ўзбекка ёқасан. Дунёда эса, агар ўзингни мақтай олиш қудратида бўлсанг сени ёқтиришмаса ҳам ҳурмат қилишади.

-31-

Дарвоқе, виждонинг олдида қаддинг тик, ўзингга, оилангга, миллатингга, дунёга ёмонлик қилмаган ва доим яхшилик учун курашган бўлсанг ўзингни бекордан-бекорга ёмонлама, ўзингни ерга урма, бу камтарлик эмас, манманликдир, чунки кимгадир ёқиш учун ўзингни ёмонлаяпсан-да.

-32-

Мақтов – асалга буланган заҳардир. Афсуски асалхўрлармиз!

-33-

Хоинларни улуғлаган халқнинг косаси оқармайди.

-34-

Баъзи фикрлар ҳажатхонада туғилади, эгасига лаззат бериши мумкин, лекин атрофдагиларнинг кўнглини айнитади.

-35-

Ҳаммомда туғилган фикр тозароқдир, чунки эгаси истаса истамаса уни чўмилтириб олади.

-36-

Ўзини ислоҳ қила олмаган одам бошқаларни ислоҳ қилмоқчи бўлади.

-37-

Тентакдан тентак туғилади деган гап йўқ. Балки тентакдан тентаклик қолади деган гап бор.

-38-

Одамлар Худодан қўрқмайдилар, чунки Худони кечирувчан деб биладилар. Ҳамма гап мана шунда!

-39-

Одам пайдо бўлгандан бери кўп нарса ўзгарди, аммо одам ўзгармади, ўша хасис, ўша манфаатчи ва ўша золим…

-40-

Oдамларнинг ҳаммаси ҳеч қачон бирлашмайди, йўқ, хато қилдим, бирлашади-Қиёмат куни.

-41-

Ҳали мен тирикман, нега гўримни тепкилайсан?

-42-

”Мен эркин фикр тарафдориман!” деб жар солган одам эркин фикр жаллоди бўлиб чиқса, асло ажабланмайман.

-43-

Мен ҳаммадан китобларимни ўқишни талаб қилмайман, чунки ўзимнинг ҳам ўқишга вақтим етмайди.

-44-

Исмини очиқ ёзолмаган исмсизлар исмини очиқ ёзган исмлиларга кесак ота бошласа, билинки, ақлнинг мувозанати бузилган.

-45-

Чиройли кийинишингиз, чиройли яшашингиз ва суратларга чиройли тушишингизни танқид қилган одам сизни ботқоқда кўришни, маймунга ўхшаб қолишингизни, ўзи каби ҳатто суратини эълон қилишдан қўрқишингизни истайди.

-46-

Сизни танқид қилаятиларми, демак сизни ўқимоқдалар, ёзаверинг!

-47-

Мана бу гапинг кечаги гапинга қаршику деманг, мен қотиб қолганим йўқ, ўзимга қарши ҳам гапира оламан.

-48-

Қўрқоқ ҳаммани ҳам қўрқоқ деб ўйлайди.

-49-

Хотирасиз одам хотиралардан ҳазар қилади.

-50-

“Хизматга бормиз!” деган мингта, хизматни қиладиган битта!

-51-

Кўриниб туришни истайдиганлар кўпчилик, кўрадиганлар эса озчилик .

-52-

Бировни “У ҳеч кимдир!” дея менсиманг, у ўша лаҳзадан бошлаб сиздан устун одамга айланади!

-53-

Сиёсатда ўйин қилиш ёмон эмас, аммо ўйинчи бўлиб қолиш ёмон.

-54-

Фоҳишанинг фожиаси: ҳар қандай раҳбарнинг фоҳишаси бўла олади!

-55-

Раҳбарнинг фалсафаси: Мен эмас, у биринчи телефон қилиши керак!

-56-

Танқид қилган одамга: “Сени кечирдим”, дейиш “Танқидингни тан олмайман! Мен ҳақ, сен айбдор эдинг!”, деганидир!

-57-

Ўзинигина ўйлаган бугун ютиши мумкин, аммо узоқ келажакда ютқазиши муқаррар.

-58-

Ким учундир ақллилик ҳам аҳмоқликнинг кўринишидир.

-59-

Танқидни “лой чаплаш” деб баҳолаш – болакайлик!

-60-

Маҳаллийчилик – Ўзбекнинг ажали!

-61-

Турк эканлигини англай олмаган ўзи бек-Ўзбекдир!

-62-

Тўйдан олдин ноғора чалган сиёсатчи тўйдан кейин тоғора чалади.

-63-

Бир жувон гўзал, ақлли, одобли ва айни пайтда маккор ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Гўзаллиги, ақли ва одобига дарҳол баҳо бера оласиз, аммо маккорлигини билиш учун умрингиз етмаслиги мумкин. Сиёсатчининг маккорлигини билиш билан аёлнинг маккорлигини аниқлаш орасида фарқ йўқ.

-64-

Ўзини енга олмаган ўзгани енга олмайди!

-65-

Демократияни гапирганга эмас, уни ўз ҳаёти мисолида кўрсатганга ишон!

-66-

Ҳар кимнинг феълида диктаторлик бор. Аммо бирида у ғолиб, бирида бу ғолиб.

-67-

Диктатура қуртлаган овқат. Кўнгли тортганлар ейди.

-68-

Диктатор қуртбоши. Кўнгли истаганлар бўйсунади.

-69-

Қамоқ –диктаторнинг нажот қалъаси.

-70-

Тахт-ҳожатхона. Диктаторлар эса ичкетмага йўлиққанлардир.

-71-

Ҳукумат диктаторнинг хотини, истаганда истаганидай муомала қилади.

-72-

Одамалар диктаторнинг ўгай болалари. Улар диктаторнинг ўз болалари учун ишлайдилар.

-73-

Қўлингдан келса, зулматни ёритиш учун шам ёқ. Агар қўлинган келмаса ёнган шамларни ўчирма. Бу ҳам шам ёқиш билан баробар.

-74-

Диктатор овчи, сени отиб олишга ҳаракат қилади, сотиб олишга ҳаракат қилади. Қўлига тушдингми, қозонида қайнайсан.

-75-

Зулм вақтинчадир, аммо “мероси” абадий.

-76-

Кечаги болалар бугунги нолалардан бехабар,

Бугунги болалар кечаги лолалардан бехабар.

-77-

Худойим, нега доим золимнинг ёнидасан?!

-78-

Асрлардир шоҳларга қул бўлган адиблар номи билан тўлган тарихдан шоҳларга қул бўлмаган адиблар номи ҳам ўрин олмагунча дунёнинг мувозанати ўзига қайтмайди.

-79-

Шунча топиндинг унга, охирида барибир қадрингга етмадику!

-80-

Ҳаммамиз ақлли, лекин тахтда ўтирган битта ақлсизга кучимиз етмайди.

-81-

Ўзига яхшилик қилганларни унутиб, ўзи яхшилик қилганларни эслайдиган одам разолат ботқоғига ботган одамдир.

-82-

Ўзи ўзгаларнинг яхшилиги эвазига яшаб юрган одам ўзига яхшилик қилганлар ва қилаётганларнинг ўзгаларга ҳам яхшиликларини мен туфайли қилмоқдалар ва бу менинг яхшилигим деса у қалби сўқир болиб қолган одамдир.

-83-

Ҳамма ундан юз ўгирса ва у мен яхшилик қилган одамлар мендан юз ўгирдилар деб аюҳаннос солса, у ақли жойида бўлмаган одамдир.

-84-

Бир кун келиб эслаш учун қилинадиган яхшилик аслида ёмонликдир.

-85-

Ҳамма сизга ёмонлик қилаётган бўлиб туюлса, руҳий хасталарни даволайдиган табибни изланг.

-86-

Ёмонлик ва яхшилик эгизаклардир, агар уларни ажрата олмасангиз ўзгалардан эмас, ўзингиздан ўпкаланг.

-87-

Бир умр ёмонлик қилиб келган одам ҳам ”Мен бир умр яхшилик қилиб келдим“, дер экан, аммо ҳеч қачон ”Ёмонлик ҳам қилдимку” демайди.

-88-

Ёмонлик қилган одам ёмонлиги ошкор бўлса, ёшлик қилдим, адашдим, хато қилдим дейиши мумкин экану лекин ёмонлик қилдим демас экан. Бу ҳам худбинликнинг суврати.

-89-

”Мендан яхшилик кўрганларнинг ҳаммаси менинг душманим бўлиб чиқдилар” дегувчи одам манфаатпараст ва ўзини илоҳий деб билгувчи шаккокдир.

-90-

Кимгадир ёмонлик бўлиб кўринган нарсалар кимгадир яхшилик бўлиб кўриниши ёки яхшилик белгиси ҳам бўлиши мумкин.

-91-

Нима яхшию нима ёмон, ким яхшию ким ёмон, деб хулоса чиқариб юрган одам ҳали нима яхшию нима ёмон ва ким яхшию ким ёмонлигини билмаган одамдир.

-92-

Яхшилк қилдим деган одам билан ёмонлик кўрдим деган одамнинг ўхшашлиги ҳар иккаласининг ҳам яхшилик қилмаганидадир.

-93-

Матбуоти эркин бўлмаган элнинг одамлари қулоғи яхши эшитмайдиган, кўзи хира кишининг аҳволига тушадилар.Улар турли воситалар билан ўзларига эшиттирилигани ва кўрсатилганидан бошқа нарсани билмайдилар. Агар билсалар… ўша кун уларнинг уйғониш куни бўлади.

-94-

Журналистика денгизга ўхшайди. Кимдир унда марваридни кўради, кимдир шўр сувни ва кимдир акулани.

-95-

Журналистика денгизга ўхшайди. Унинг бағрига шўнғиганлардан кимдир садаф излайди, кимдир унинг тўлқинларидан мавжланади, кимдир унда шўр сувдан бошқа нарса тополмайди ва кимдир акулага ем бўлади.

-96-

Агар цензурадан эзилган одам цензор бўлса, ажабланманг, бу унинг орзуси амалга ошгани!

-97-

Журналистикани касби кор, кун кечириш манбаи деб билганлар журналистлар эмас, оддий кемирувчилардир. Журналистикани ҳақиқатга хизмат, деб билганлар ҳаловатларидан кечган жонсараклардир. Ҳар ҳолда кемирувчиликдан жонсараклик яхшироқ!

-98-

Интернет радио ва телевидениенинг ўрнинни олади, деганлар кўп. Ўрнини ололмайди, балки радио ва телевидение интернетнинг муҳим бир бўлаги бўлади.

-99-

Келажакда интернет, радио ва телевидение уйлардан машиналарнинг ичига кўчади ҳамда одамларнинг “қўл соати”га айланади.

-100-

Ошкоралик маънавий озуқа. Интернетдан фойдаланувчиларнинг баъзилари буни оддий озуқа деб биладилар ва суиистеъмол қиладилар, яъни мол каби кўпроқ еб қўядилар.

-101-

Радио – бу қулоқдан кириб у қулоқдан чиқиб кетадиган овоз, дейдилар баъзилар. Аммо кўриб бўлмайдиган, сезиб бўлмайдиган из қолдириб кетади бу овоз.

-102-

Цензура- қонунсиз жамиятда ҳақиқат учун чиқарилган ўлим ҳукми.

-103-

Тарафкашлик – Ўзбек тилидаги ахборот воситаларининг бугунги энг катта фожиаси.

-104-

Тарафкашлик шахсга сиғинишнинг бешигидир.

-105-

Тарафкашлик-маҳаллийчиликка ўйнаш.

-106-

Агар бир миллатнинг журналистлари тарафкаш бўлсалар, билинг-ки бу миллат кўп зарар кўради.

-107-

Ахборот воситасида ишловчи шахс тарафкашлик қилса, бу унинг журналист даражасига кўтарилмагани, ҳатто маошини ҳалол қилиб олмаганига шорадир.

-108-

Тарафкашлик қонида бўлган киши журналистлик эмас, аравакашлик қилса, ўзига ҳам, миллатига ҳам фойда.

-109-

Ўзига ёққанини кўриб, ёқмаганини кўрмасликка олиш журналистнинг тубан кетишидир.

-110-

У кўриб кўрмасликка олган воқеаларни халқ кўриб туришини ҳис этмаслиги унинг ички “мени” ўлганидан дарак.

-111-

Тарафкаш журналист ҳақиқат деб билган нарса ҳақиқат эмас, балки у кўз юмган воқеа ҳақиқатдир.

-112-

Фақат шоҳига, бошлиғининг қовоғига, акахонига, ҳамюртига, манфаат келадиган томонга қарайдиган қаламкашнинг бўйни ҳам, кўнгли ҳам эгри бўлиб қолади.

-113-

”Биз холисмиз, биз бор гапни айтамиз!” дея такрорлайверсалар, билинг-ки улар тарафкашдирлар. Чунки холислик гапда эмас, амалда намойиш этиладиган нарса! Уларнинг холислигини улар эмас, бошқалар айтиши керак.

-114-

Халқ тан олмаганидан эзилган қаламкашларга даво – тарафкашликдан қутилиш!

-115-

Суратни ҳар қанча бўясангиз ҳам сиймога айланмайди.

-116-

Ҳаракат ишончнинг боласидир.

-117-

Байрам оқшомида ёлғиз қолган бир киши одамларга табрик йўллади:

-118-

“Эй сиз хасталар…” деб бошланарди табрик.

-119-

Ҳукуматдагилар мухолифларини, мухолифлари эса ҳукуматдагиларни ақли заиф деб эълон қилмоқдалар. Дунё жиннихонага айланди.

-120-

Орият инсон руҳиятининг умуртқасидир, орияти ўлган инсоннинг руҳи судралувчига айланади.

-121-

Мени кўришни истамаган одамларнинг олдига боришим учун энг камида безбет бўлишим керак.

-122-

“Ислом Каримовни кечирганман” деб фақат халқнинг юзига тупурган одам айта олади.

-123-

Ҳаммани айбли, ўзини эса айбсиз деб даъво қилиш тузалмас руҳий касалликнинг метазтаса даражасидир.

-124-

Диктатурада марказчилар бўлмайди. ё диктатор тарафдорлари ёки мухолифлари бўлади.

-125-

Ўзбеклар ҳали ҳам “анонимкачилик” – “постинг”лар даражасида турбдилар.

-126-

Ўлигини яшириб, тўйини қилаверган элатнинг кўнглига ҳамма нарса сиғиб кетаверар экан.

-127-

Фикран қартайиб қолган одамларга ҳамма бола бўлиб кўринади.

-128-

Мен президент бўлишни эмас, президентлар етиштиришни истайман!

ЖМ

2002-2011 йиллар.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: