Роберт Блейк

АҚШнинг Марказий Осиёдаги ўрни

Савол: Илк саволим Сиз 25 март куни билдирган маърузангиздан келиб чиқади.  Афғонистонда олиб борилаётган кампания – мужодала сабаб Марказий Осиё Қўшма Штатлар ташқи сиёсати устувор йўналишлари рўйхатининг тепасидан ўрин олди. Сиз 25 январь куни Жонс Ҳопкинс университетида қилган маърузангизда, “Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро муносабатларимизга хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни инсон ҳуқуқлари сингари асосий қадриятларни қурбон қилиш ҳисобига  ривожлантириш деб қарамаймиз. Бир масалада олға силжиш бошқа масалаларда ҳам олға силжишни мустаҳкамлаши ёки унга туртки бериши мумкин”,  деган эдингиз. Сиздан айтганингиздай бўлдими, деб сўрамоқчиман. Хавфсизлик соҳасида жадаллашган ҳамкорлик инсон ҳуқуқлари борасида бирор олға силжишга олиб келдими?

Жавоб: Айтишим мумкинки, Марказий Осиё билан нафақат хавфсизлик тадбирлари ва Шимолий юк етказиб бериш тармоғи бўйича, қолаверса,  кенг миқёсли ва ривожланиб бораётган ҳамкорлигимиз Қўшма Штатлар билан ушбу минтақа мамлакатлари ўртасидаги ўзаро ишонч ортишига амалий ёрдам берди. Баъзи ҳолларда инсон ҳуқуқлари масаласида, чекланган бўлса-да, олға силжиш юз берди, лекин мен бу ҳолни бўрттириб кўрсатмоқчи эмасман.  Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, у ёки бу даражада, Афғонистондаги вазиятдан ташвишда ҳамда ўз минтақасида исломнинг таъсири ортиб бораётган ёки бормаётганини кузатиб турибди, деб ҳисоблайман. Ва айни шу сабабга кўра, улар ўз системаларини биз истаган тарзда тез очиб беришга шошилаётгани йўқ. Лекин шунга қарамасдан, Марказий Осиё мамлакатлари билан ушбу жадал ўзаро муносабатлар мулоқотлар анча яхшиланиши, шерикларимиз билан кўпроқ диний эркинлик ёки матбуот эркинлиги бериши ўзларининг манфаатларига мос экани, инсон эркинликларига кўпроқ изн бермаслик уларнинг барқарорлигига путур етказиши мумкин, деган фикрда эканимиз ҳақида очиқ гаплашиш имконини берди.

Савол: Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик кучайишига асосланган баъзи ютуқлар қўлга қиритилди, деган гапингизга муайян мисоллар келтира оласизми?

Жавоб: Биз чин маънода тер тўкиб меҳнат қилган соҳалардан бири одам савдоси масаласидир. Ушбу масалада Тожикистон сингари мамлакатларда анча-мунча олға силжишга эришилди. Улар ҳамкор мамлакатларнинг  биз “Tier 2 Watch” деб атайдиган рўйхатдан  “Tier 2” рўйхатга ўтиб олди. Ушбу масала бўйича Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан кўп шуғулланишимизга тўғри келди.  Ўзбекистон сингари мамлакатларда  баъзи диссидентлар ҳам озод қилинди – улар биз ҳукуматларга  ошиқча шов-шув қилмай айтган кишилар эди.  Шунга ўхшаш мисоллар ҳам бўлди, лекин буни бўрттирмоқчи эмасман. Яна такрорлаб айтаман, инсон ҳуқуқлари масаласида аҳамиятли олға силжиш бўлгани йўқ. Аксинча, баъзи жойларда инсон ҳуқуқлари ёмонлашган ҳолатлар ҳам рўй берди. Шундай қилиб, ушбу мавзу барча мамлакатлар билан кун тартибимиздаги энг муҳим масала бўлиб қолмоқда.

Савол: Марказий Осиёнинг аксарият мамлакатлари 2014 йилда АҚШ қўшинлари Афғонистондан олиб чиқиб кетилгандан сўнг Қўшма Штатлар билан муносабатлари қанчалик ўзгариб кетишига қизиқмоқда. Бизга хат ёзиб жўнатаётган тингловчиларимиз  бундан қаттиқ ташвишга тушаётганини биламан. Сиз ушбу саволга жавоб бериш учун бир оз келажакка назар ташлай оласизми? АҚШнинг ўша минтақа билан  муносабатлари 2014 йилдан сўнг қанчалик ўзгаради?

Жавоб: Икки йилдан сўнгги муносабатлар тўғрисида гапириш ҳамиша бир оз хавфли. Лекин Қўшма Штатлар 2014 йилдан сўнг ҳам Марказий Осиё билан муносабатларимизга муҳим аҳамият бераверади, дейишнинг ҳеч бир хавфли жойи йўқ,  деб ҳисоблайман,  чунки бу Афғонистон билан бўлган муҳим муносабатларимизга дахлдордир. Минтақанинг кўп жойида 2014 йилда хавфсизлик Афғонистоннинг ўзига юкланиши оқибатида Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан сўнг  Қўшма Штатлар ҳам  Афғонистонни тарк этади, деган нотўғри фикр мавжуд. Бунинг ҳақиқатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қўшма Штатлар Афғонистон билан, айниқса, иқтисодий соҳада узоқ муддат ҳамкорлик қилиш ниятида. Биз у ерда тренинг ўтказиш ва терроризмга қарши курашиш мақсадида, озроқ бўлса-да, қўшинларимизни олиб қоламиз.  Айни пайтда бу қайси тартибда амалга оширилишини Афғонистон ҳукумати билан муҳокама қиляпмиз. Худди шу тариқа биз Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан кучли ҳамкорлик алоқаларини давом эттирамиз, чунки ушбу минтақанинг барқарор ва иқтисодий имкониятларга эга бўлиши, биз яқинда фикр юритган минтақавий интеграция жараёнига етакчилик қилишида ёрдам бериши, Афғонистон халқи, Марказий Осиё халқлари, қолаверса, Жанубий Осиё халқлари  фаровонлигига шароит туғдириши биз учун муҳим аҳамият касб этади.   Биз у ерда  муҳим имкониятлар мавжуд  деб ҳисоблаймиз ва ўша жараённи бошлаяпмиз. Бу 2014 йилдан сўнг ҳам давом этади.

Савол: Гарчи шундай деяётган бўлсангиз ҳам 2014 йилда АҚШ қўшинлари олиб чиқилгандан сўнг  Марказий Осиё қандай йирик таҳдидга дуч келажаги ҳақида нималарни ўйлаётганингизни билмоқчи эдим. Шу фикрнинг давоми сифатида минтақа мамлакатлари унга қарши туришга тайёр экани хусусида нима дея оласиз?

Жавоб: Яна қайтараман, 2014 йилдан сўнг қандай вазият юзага келишини башорат қилишни истамайман. Лекин биз Афғонистонда хавфсизлик масъулияти афғонларнинг ўзига топширилаётган пайтда  ушбу жараённи қўллаб-қувватлаш, яна бир муҳим ҳолат – минтақа мамлакатлари билан алоқалар ўрнатиш орқали ушбу мамлакатда хусусий секторни барпо қилиш учун   саъй-ҳаракатларимизни аямаяпмиз.  Олдинроқ таъкидлаб ўтганимдай, Марказий Осиёдаги ушбу кўзқарашга қаттиқ ишонган  ва Афғонистондаги барқарорликка ҳисса қўшишга интилаётган дўстларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз.

Савол: Айнан бир мамлакатни алоҳида тилга олсам бўладими?

Жавоб: Марҳамат.

Савол: Бу – Қирғизистон. Президент Атамбаев 2014 йилга бориб, АҚШнинг ҳозирги ижара муддати тугагач, “Манас” аэропортида чет эл қўшини бўлмайди, деган гапни такрорлаб айтди. Сиз ҳам шундай деб ўйлайсизми ва бу ҳол қўшинларни олиб чиқишни  ва келгусида Афғонистонга юк етказиб беришни мушукуллаштирадими?

Жавоб: Аввало, “Манас” транзит юк ташиш марказига анча вақтдан бери мезбонлик қилаётгани учун Қирғизистон ҳукуматига ташаккур айтишимга ижозат бергайсиз. Ушбу марказ Афғонистонда амалга оширилаётган ишларнинг энг муҳим бўлаги бўлиб қолмоқда, чунки у муҳим логистика  марказидир; барча қўшинларимиз Афғонистонга жўнатилишдан олдин ушбу марказдан ўтади. Шунинг учун  Қирғизистон ҳукуматининг бу мезбонлигини жуда қадрлаймиз.  Биз ушбу мамлакат ҳукумати билан “Манас” транзит юк ташиш марказининг келажаги нима бўлиши хусусида музокара бошлаяпмиз. Хабарингиз бор, президент ва унинг командаси аъзолари билан  дастлабки музокарани ўтказдик. Биз марказнинг келажаги хусусида яна техник даражадаги музокаралар ўтказмоқчимиз, лекин улар қай тарзда бўлишини тахмин қилишни истамайман. Лекин яна қайтараман, биз уни нафақат ўзимизнинг, қолаверса, Қирғизистоннинг ҳам манфаатига мос келади, деб биламиз, шу сабабли президент Атамбаев ва унинг командаси марказ келажаги хусусида нима фикрда эканини тинглаб кўрмоқчимиз.  Биз ўзимизни ҳам, Қирғизистонни ҳам қониқтирадиган, унинг Россия сингари иттифоқчиларида ташвиш уйғотмайдиган йўлни топиш учун ҳамкорлик қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз.

Савол: Демак, 2014 йилдан сўнг ҳам қўшинларнинг у ерда қолиши маълум эмас экан-да?

Жавоб: Тўғри, бу масалалар муҳокама қилинмоқда.

Савол: Қирғизистон тўғрисида яна савол берсам бўладими? Бир неча ойдан сўнг сайловчилар янги Конституцияга овоз бергани ҳамда минтақадаги илк парламент демократияси сари йўл очиб берганига икки йил тўлади.  АҚШ ушбу қадамни олқишлаб кутиб олди. Ўтган икки йил ичида нималар рўй бергани хусусида озроқ гапириб бера оласизми? Ўшандан бери Қирғизистон эришган тараққиёт тезлиги ва сифатини АҚШ қандай баҳолайди?

Жавоб: Қирғизистонда икки йил мобайнида ўтиш борасида анча-мунча олға силжишга эришди ҳамда мамлакат ҳукумати бошқа мамлакатлар учун ундан ҳам мураккаброқ бўлиши мумкин бўлган муаммоларга дуч келди, чунки улар Қирғизистондаги сингари демократик тизимга эга эмас. Бу Қирғизистонда ривожланиб бораётган демократик тизимнинг ҳам, ушбу мамлакат дуч келган кўплаб муаммоларни ҳал эта олган президент Отунбаева, энди эса президент Атамбаев раҳнамолигининг ҳам ютуғидир. Айни пайтда президент Атамбаев, мамлакатим сон-саноқсиз муаммоларга дуч келяпти, деб айтган биринчи расмий шахсдир. Хабарингиз бор, у илк нутқида муросага эришиш учун кўп иш қилишлари кераклигини, коррупция сингари муаммолар хусусида сўз юритди.  У халқнинг ташвишларига қулоқ тутаётгани, кун тартибининг олдинги қаторларида турган муаммоларга эътибор қаратаётгани яхши. Мен буни демократик тизим қадрияти деб ҳисоблайман; у раҳбарларга омманинг фикрини эшитиш ва ўша энг муҳим муаммоларни ҳал этиш устида ишлаш имконини беради. Қирғизистон шу йўналишда қадамлар қўймоқда, лекин, айниқса, ўзаро ярашиш борасида ҳали кўп иш қилиниши керак. Қирғизистон жанубидаги вазият таранглигича қолмоқда, мамлакат ҳукумати ўша муаммоларни ҳал этишга, ўша муҳим минтақада ҳамма учун иқтисодий имкониятлар яратиш йўлида жамоатларнинг бошини қовуштириш, чегара ва савдо йўллари ва ҳк.ни очиш орқали иқтисодий имконият яратиб бериши мумкин бўлган Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилишга асосий эътиборни қаратмоғи зарур.

Савол: Афғонистон ҳақида яна бир савол берсам, лекин бу Ўзбекистонга ҳам алоқадор. Россия матбуотида  Афғонистондан олиб чиқилаётган АҚШ қўшинлари учун чиқиш маршрутини таъминлаб бериши тахмин қилинаётган Марказий Осиё ҳақида гап-сўзлар, бир-бирини инкор қилувчи маълумотлар берилди. Биринчи саволим, баъзи хабарларда айтилганидай, АҚШ қўшинлари ва юки Афғонистондан Ўзбекистон орқали олиб чиқиладими? Шу билан бирга АҚШ баъзи қуролларни ушбу мамлакат ҳукумати фойдаланиши учун у ерда қолдириб кетиши мумкинлиги айтилмоқда, айрим кишилар  бундай ҳолатдан ташвиш билдирмоқда. Шу гап тўғрими?

Жавоб: Мен хавфсизлик билан боғлиқ маълум сабабларга кўра, аниқ маршрут ёки логистика ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Лекин шуни айтмоқчиманки, Америка бўлинмалари Афғонистондан ротация асосида олиб чиқилаётганда уларнинг қурол-яроғлари ўша ерда олиб қолинади. Бу ҳар жойда амал қилинадиган – стандарт иш услуби. Баъзи қуроллар Афғонистонда қолдирилади, лекин ҳозирги кунда у ерда мавжуд барча қуролларнинг уларга кераги йўқлиги аниқ. Шунинг учун баъзи қурол-яроғлар Шимолий юк ташиш тармоғи орқали олиб чиқилади. Айримлари  “Ошиқча ҳарбий мол-мулк” сифатида берилиши мумкин, лекин бу Пентагон ва ўша мамлакатлар ўртасида давом этаётган ичир-чикирларга бой жараёндир. Уларга ҳам Ўзбекистон ёки бошқа исталган мамлакатга нормал қуролларни бериш чоғидаги чекловлар қўйилиши мумкин. Мен тингловчиларингиз кимдир истисно бўлиши мумкин экан, деган хаёлга боришини истамайман. Шу пайтгача Ўзбекистонга ўлдирувчи қурол бериш истагидан йироқ бўлганмиз. Биз кўрсатган ёрдамнинг асосий қисми улар Қўшма Штатларни дастаклагани учун ўзини ҳимоя қилиш ва эҳтимол тутилган интиқомдан ҳимояланиш учун мудофаа анжомлари ва ўлдирмайдиган ҳарбий воситалардан иборат эди.

Савол: Туркман тилидаги хизматнинг бир саволи бор экан. Президент Бердимуҳамедов  февраль ойида 97 фоиз овоз олиб қайта сайланганидан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти сайловни кузатмасликка қарор қилганидан хабарингиз бор. Ушбу ташкилот берган баёнотда, “айни пайтда сайловга кузатувчиларни юборишнинг ҳеч бир аҳамияти йўқ деб ҳисоблаймиз”, дейилади. АҚШнинг ушбу сайловга реакцияси қандай бўлди, сиз у ерда сиёсий фикрлар хилма-хиллиги имкони мавжуд деб ўйлайсизми?

Жавоб: У ерда бошқа номзодлар иштирок этгани яхши бўлди, бироқ ҳақиқий маънодаги рақиблик саъй-ҳаракатлари бўлди, дея олмайман. Билишимча, барча номзодлар президентни қўллаб-қувватлаган, шунинг учун сайловни демократияга мос ҳақиқий, жиддий иш бўлди, деб ҳисобламайман. Лекин биз Туркманистонни ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини мусобақага асосланган демократия амалиёти сари қадам қўйишга ундаяпмиз, бунга уларнинг президент сайлови ҳам киради. Бу, озроқ бўлса-да, рўёбга чиққанини Қозоғистонда кўрдик, энди у ерда баъзи янги партиялар қозоқ парламентига кирди ва биз буни  албатта олқишлаймиз.  Лекин ЕХҲТ ҳатто Қозоғистонда ҳам парламент сайлови борасида кўп муаммоларни ўртага қўйди.  Шунинг учун бу аста-секинлик билан олға силжийдиган жараён бўлади, лекин олға силжиш бўлаётганини, ҳукуматлар ўз халқига ўзгариш қилмоқчи эканини, аста-секин мавжуд назорат сусайтирилишини, президент, парламент ёки маҳаллий ва ёки шаҳар даражасида мусобақалашиш ва халққа хизмат қилишни истаган кишиларга зарур шароитлар яратиб берилишини ўз кўзимиз билан кўриш муҳим аҳамиятга эга.

Савол: Сизнингча, ушбу сайловда бирор олға силжиш кўзга ташландими?

Жавоб: Йўқ, кўзга кўринарли бирор олға силжиш бўлди, деб айта олмайман.

Савол: Яна иккита савол берсам. Биттаси Россия президенти Владимир Путин ҳақида. У дастлабки ташқи сиёсий мақсадлари ҳақида гапириб, “Евроосиё Иттифоқи” деган бирикмани тилга олди. У Россиянинг бир газетасида Совет Иттифоқидан фарқли ўлароқ Евроосиё Иттифоқи “минтақаларда маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ривожланган тизими, тил, илм-фан ва маданиятнинг умумий майдонига эга бўлади”, деб ёзди. Кўпчилик буни Россиянинг Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтиради, деб тушунмоқда.  Сиз нима деб ўйлайсиз?

Жавоб: Аввало, биз Евроосиё Иттифоқи сари амалий қадамлар ташланганини кўрганимиз йўқ, шунинг учун Россиянинг ушбу мақсадга эришиш нияти қанчалик қатъийлигини баҳолаш жуда қийин.  Лекин ният нима бўлган тақдирда ҳам бизнинг манфаатимизга мос келадиган асосий нарса уларнинг ёпиқ зона яратишга ҳаракат қилишга уринмаслигидир. Аксинча, биз иқтисодий интеграция, хусусан, минтақавий интеграция зарур деб ҳисоблаймиз, бунинг учун савдо маршрутларини очиш, Марказий Осиёнинг ўзида ҳам, қолаверса, Марказий Осиё билан унинг минтақавий, хусусан, жанубдаги шериклари ўртасидаги савдо-сотиқ  учун имкониятлар яратиш керак бўлади. Ҳиндистон сўнгги 50 йил мобайнида ушбу мамлакатларнинг барчаси учун энг йирик бозорга айланмоқда. Хабарингиз бор, Ҳиндистон яна 15 ёки 20 йилдан сўнг – албатта, бу қайси статистика маълумотларидан фойдаланишингизга боғлиқ бўлади – дунёдаги учинчи йирик иқтисодиётга айланади. Минтақадаги кўпгина мамлакатлар раҳбарлари унинг имконият қутбига айлана бораётганини кўриб турибди ва бинобарин, ушбу минтақавий  савдо-сотиқ имкониятлари Евроосиё Иттифоқи ёки шунга ўхшаш нарса билан чегараланиб қолиши ҳеч кимнинг манфаатига мос келмайди. Аксинча, ушбу савдо-сотиқ маршрутлари  ва имкониятларини очиқ бўлиши керак. Россиядаги дўстларимизга ҳам, минтақадаги барча кишиларга ҳам айтмоқчи бўлган гапимиз шу.

Савол: Умуман олганда, АҚШ Марказий Осиёда Хитой билан Эроннинг ўсиб бораётган таъсиридан хавотирга тушяптими?

Жавоб: Биз яхши мулоқот олиб боряпмиз ва аксарият ҳолларда манфаатларимиз ўзаро мос келади. Биз минтақада иқтисодий имкониятлар бўлишини, барқарорликни кўришни, терроризм ва наркотиклар контрабандаси сингари муаммоларни ҳал қилишда ҳамкорлик қилишни истаймиз. Албатта, ҳар доим ҳам инсон ҳуқуқлари масалаларига қарашимиз бир хил эмас. Уларнинг давлат қурилмаси бутунлай бошқача, буни қабул қиламиз, бу ҳақда хитойликлар билан мутлақо очиқча музокара олиб боряпмиз. Шунинг учун буни ҳеч бир натижа бермайдиган ўйин деб ҳисобламаймиз. Аксинча, Хитой билан ҳамкорлик йилиш йўлларини ахтаряпмиз, биз Хитой минтақада иқтисодий имкониятлар яратишда, хусусан, Афғонистонни барқарорлаштиришда жуда муҳим роль ўйнаши мумкин, деб биламиз. Икки томонлама муносабатлардаги зиддиятлар мавжудлиги сабабли Эрон билан ҳеч қандай дипломатик алоқаларимиз йўқ, лекин Эрон – минтақадаги   муҳим мамлакатлардан бири. Ҳиндистон сингари мамлакатлар Эрон билан, масалан, Афғонистонга ускуналар етказиб беришда ҳамкорликни давом эттириши кераклигини тушунамиз. Ҳиндистонликлар Покистон орқали тўғридан-тўғри юк ташиш имконига эга бўлмагани учун аксарият юклар Эрон орқали ташилмоқда, биз буни тушунамиз. Эроннинг наркотиклар сингари масалаларда муҳим манфаати борлигини тушунамиз.  Лекин айни  пайтда, маълум сабабларга кўра, зикр этилган масалалар бўйича эронликлар билан бевосита ҳамкорлик қилиш имкониятимиз йўқ.

– Вақт ажратганингиз учун ташаккур.

Кичик Роберт О.Блейк
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси. Суҳбатни RFERL мухбири Ричард Солаш олиб борган.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s