Рустам Қобил

“Бизга уришадиган мусулмонлар керак эмас”

Рафис ва Озод билан Қозондаги қаҳвахонада учрашдик. Маълумотли, русчани она тилидек гапирадиган бу икки йигит соф Ислом ва тақво борасида жўшиб гапиради.

Рафис ҳам, Озод ҳам “Ҳизбу Таҳрир”га оид айбловлар билан қамалиб чиқишганини айтадилар.

Гап орасида “Ҳизбу Таҳрир”нинг Исломий Халифат тиклаш ғояси Россияда амалга ошиши мумкин эмаслигини қайд этишади.

“Тақводор мусулмонлар жуда кам ва ва ҳатто улар бир неча минг бўлса ҳам, барибир, Россиядек улкан мамлакатда ҳеч қандай ўзгартирувчи кучга эга бўлолмайди” – дейди Рафис.

Лекин суҳбатдошим бугунги Россияда, хусусан, Татаристонда рағбатлантирилаётган Ислом соф эмаслигини таъкидлайди. Унга кўра, ҳозир Россияда гуё куфр қонунларини, яъни Сенат ва бошқалар қабул қиладиган қонунларга бўйсуниб яшаш мумкинлигини тарғиб қилишмоқда.

“Ҳозир фақат бир хилдаги Ислом тарғиб этилади. Бошқа бирон оқим ва йўналишни, ўзгача фикрни қабул қилишмайди”.

Ўртоғи Озод бугунги Татаристонда кўз-кўз қилинаётган Исломий модалар кўриклари ва Мусулмон киноси тадбирларига қарши эмаслигини, лекин улар Ислом анъаналарига мос тарзда ўтказилиши шартлигини айтади.

“Аёллар кийим кийиб, бошқа аёлларга кўринишлари мумкин. Аммо залда эркак томошабин бўлмаслиги керак” – дейди Озод -“Динимиз мусиқа ва рақсни маън этмайди, аммо аёл киши номаҳрамнинг олдида ашула айтмаслиги керак. Чунки аёл овози ҳам эркак кишини жалб этади”.

Бу икки ёш сўнгги пайтлари Татаристонда пайдо бўлган янгича фикрдаги мусулмонлардан.

Ҳозир Татаристондаги исломий тўйларда кўп мусулмон ёшлар ўйин-кулгу қилиш, мусиқа тинглаб, рақс тушишади. Лекин бошқа тоифа ёш мусулмонлар буни ёқлашмайди.

“Рақс мумкин эмас, эркак-аёлнинг бирга ўтириб, рақс тушиши ҳаром” – дейди Қозонда мен гаплашган ҳижобли Гўзал.

Айрим суҳбатдошларим, ҳатто ҳижобда бўлса ҳам аёл-эркак бир дастурхондан оақатланмаслиги лозим, деб билишади.

Ҳозир Татаристон расмийлари орасида ўзгараётган ҳолатга хавотир билан ёндашишни кузатиш мумкин.

“Араб ўлкаларидаги машҳур Исломий билим даргоҳлари бообрў, ҳурматга сазовор” – дейди сиёсатдон ва тарихчи олим Рафаел Ҳакимов -“Лекин қаранг, мусулмон чиқиб мусулмонни билан урушиб ётибди. Бизга бундай мусулмонлар керак эмас”.

Рафаел Ҳакимов мусулмон татар ёшларини ташқи таъсирлардан асраш керак, деган фикрда

Жаноб Ҳакимов татар ёшларини ташқи таъсирлардан асраш йўлида ҳозир шу ернинг ўзида Исломий билим юртлар ташкил этиш ва мўътадил Исломдан сабоқ бериш заруратини таъкидлайди.

Бироқ ҳозиргидек борди-келди кучли ва интернет даврида расмий муллалар ваъзлари билан ёшларни жалб қилиш осон кечмайдиган кўринади.

Уламолар бу ўринда бутун билимларини ишга солмоқдалар. Ўз қизининг Исломий тўйида мусиқа ва рақсга рухсат берган етакчи Исломий олим Зуфар Галиуллин бу ўринда эътиқодга дарз етказадиган ҳеч бир жиҳатни кўрмаслигини айтади.

“Қуръонни тиловат қилганингда мусиқадек жаранглайди. Қандай қилиб Ислом мусиқани рад этсин?” – дейди суҳбатдошим – “Сени болангга, ватанинг ва оилангга нисбатан муҳаббатга ундаса, бу мусиқанинг нимаси ёмон? Ёмонлик қилмоқчи бўлсанг, Қуръон билан ҳам қилишинг мумкин”.

“Бисмилло, деган калима тилидан чиқадиган бир одамни уриб, туртиб бўлмайди. Ахир оғзидан Оллоҳнинг исми чиққан одамни урсанг, сен Оллоҳнинг калимасини, китобини топтаган бўласан-ку!”

Кўринишича, расмий муллалардаги бу ўзгаришни ёшлар ҳам сеза бошлашган.

“Ҳозир муллалар Исломий давлат, Халифалик ҳақида ваъзларида гапира бошлашган” – дейди Озод -“Чунки бу нарсалар борасида чуқурроқ билишни истаган ёшларнинг саволларига жавоб беришга мажбур бўлишаяпти”.

Бугун Татаристон қайтадан Исломга юз тутмоқда. Татарлар Иван Грозний ер билан яксон этган “Қул Шариф” масжидини қайта тиклашди ва у бутун Татаристон фахрига айланган.

Аммо Исломий амаллар борасида жамиятда фикрлар бир хилда эмаслиги яққол кўзга ташланади.

Ҳозирча бу фарқ Исломий тўйларда мусиқа ва рақс мумкинми, Исломий Мода кўриклари қанчалик Исломий деган масалаларда кўзга кўринади. Лекин нима мумкин ва нима мумикн эмас, деган масалада татар мусулмонлари фикрлари кескин фарқланаётгани ҳам аниқ.(Би-би-си).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s