Халқ дипломатияси׃ Илиқ хотиралар

Америкаликлар ўзбекистонликлар ҳақида

Ўзим учрашган кўпгина одамларнинг самимийлиги ва софдиллиги ҳалиям эсимдан чиқмайди

Натаниел Ҳерш: Мен 2002 йилдан 2004 йилгача Жиззах шаҳрида «Тинчлик корпуси»нинг талабгори бўлиб хизмат қилдим. У ерда Жиззах Давлат педагогика институтининг инглиз тили факультетида ишладим ва анъанавий ўзбек уйларидан бирида яшадим. Мен «Тинчлик корпуси»да хизмат қилганимдан, талабаларим ва ҳамкасбларимга хизматим сингганидан фахрланаман. Талабгор сифатида учта нарсага эришишим керак эди: талабаларимни инглиз тилида бемалол сўзлашадиган ва очиқ фикрлайдиган кишилар қилиб етиштириш; инглиз тилида сўзлашув китоби тайёрлаш – уни уч нафар талабгор билан ҳаммуаллифликда тайёрладик ҳамда ёзги лагерь уюштириш – уни бўлғуси рафиқам билан ташкил қилдик ва бирга бошчилик қилдик.

Ҳали дарслар бошланмагани учун мен бу ерга етиб келганимда Жиззах Давлат педагогика институти бўм-бўш бўлиб кўринган эди. Лекин ўша ерлик ҳамкасбим Наргиза учинчи қаватда жойлашган инглиз тили факультетига бошлаб борди ва деярли бўш бўлган бинода ўқитувчилар ва талабаларни кўриб ҳайрон бўлдим. Мен сафарга келган шаҳарда, улар мен билан учрашгани келган эмиш, деган миш-миш тарқалди. Номаълум муассасада ўзимни бегонадай ҳис қилсам керак, деб ўйлаган эдим, лекин олдинги талабгор бир йил олдан жўнаб кетганидан бери мени кутишаётганини билиб олдим. Янги талабгор сифатида мени ҳамкасблар ҳам, талабалар ҳам бирдай самимий кутиб олди.

Инглиз тили факультетидаги ҳамкасбларим яхши ўқитувчи ва филологлар экан, лекин уларни талабаларни сўзлашишга ўргатиш учун рағбатлантиришим керак эди. Бу мен учун табиий иш эди, талабаларим интилувчан, ўрганишга чанқоқ бўлгани учун сўзлашишни жон дилидан истар, гап фақат тўғри мавзуни топишда қолганди. Талабаларимни очиқ суҳбатга чорлаётиб, талабгор иккиланиб қолишини сездим. У эксперт, инглиз тили бўйича энг бообрў мутахассис, ўзини тутиши ғарбча, лекин шу билан бирга содда, маҳаллий нозик тафовутлардан бехабар, кўпинча ўша ерлик кишилар уни жуда яхши кўради. Мен Ўзбекистонда яшаб, ҳар куни янги нарсаларга гувоҳ бўлдим ва талабаларим кўплаб дарсларнинг бошланиш қисмида анча вақтларини саволларимга жавоб бериб ўтказди. Албатта, бу ҳолат теран муҳокамалар ва дунёқарашларни бир-бирига сўзлаб беришга сабаб бўлди. Бошқа маданият билан юзма-юз бўлиш ва у ҳақда фикр юритиш “Тинчлик корпуси”нинг талабгор учун ҳам, мезбон учун ҳам бирдай фойдали жиҳатидир. Талабаларим ва ҳамкасбларим қай тарзда ҳаёт муаммоларига дуч келишидан қатъи назар, менда уларга нисбатан самимий ҳурмат уйғонди, улар миннатдорлигимни ва Ўзбекистонга мослашганимни қадрлайдиган бўлди. Бу орамиздаги деворни қулатиб ташлади.

Институтда ўқитиш билан боғлиқ йирик муаммолардан бири сифат ва миқдор мувозанатини ушлаш ҳамда иложи борича кўпроқ талабалар билан яқин бўлиш эди. Шу аснода иккита лойиҳа вужудга келди: дарс режалари китоби ва ёзги лагерь.

Китоб инглиз талабгорларидан иборат яна уч киши: Гулистондан бўлғуси рафиқам Лора, Навоийдан Дара ва Нукусдан Криснинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижаси бўлди. Ўқув дастури бўлмагани учун барчамиз кўп вақтимизни ўзимизнинг дарс режамизни тузишга сарфлар эдик. Биз энг яхши тажрибамизни инглиз тили бўйича сўзлашув дарслиги “Perspectives”га киритдик. АҚШ элчихонасининг “Минтақавий инглиз тили бўлими” маблағи эвазига китобни нашр қилдик ва Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятига бориб, маҳаллий ўқитувчиларга ундан қандай фойдаланишни ўргатиш учун семинарлар ўтказдик. Ҳар бир ўқитувчига биттадан китоб берилди. Биз китоб тақдимотини уюштириш учун Қирғизистонда бўлиб ўтган минтақавий семинарга ҳам бордик. Биз ўша ерда Марказий Осиёнинг бешта мамлакатидан келган ўқитувчилар билан учрашдик ва китобимиз нусхаларини бутун минтақага тарқатдик.

Ёзги лагерни Лора билан Гулистон университетида ташкил этдик, у талабалар учун тилни ҳамкорликда ўрганиш муҳитини яратишни, университетда берадиган таълимидан кўра кенгроқ миқёсли ўқув дастури билан таъминлашни истар эди. Биз ресурсларимиз ва талабаларимизни бир-бирига қўшиш ва иккита: биттаси Жиззах ва Гулистондаги олий ўқув юртлари талабалари; иккинчиси эса икки вилоятнинг ўрта мактаблари ўқувчилари учун омухта лагер ташкил этишга қарор қилдик. Ҳар бир лагерь, тахминан, икки ҳафта давом этди ва унда 100 нафарча талаба ва ўқувчи ҳамда 50 нафар ўзбек ва Америка ўқитувчиси ва ёрдамчи ходим қатнашди. Бу ётиб қолинадиган лагерь бўлиб, аксарият талабаларнинг илк марта уйидан узоққа чиқиши эди. Лагерь Жиззахнинг тоғли ерларида жойлашди, Гулистондан келган талабаларнинг аксарияти тоғни илк марта кўриши эди. Лагерда илк ёрдам кўрсатиш, овқатланиш, йога, тоққа чиқиш, япон тилидан дастлабки сабоқлар, ҳатто сузиш ва қизлар учун алоҳида сузишни ўргатувчи ўқитувчилар бор эди. У ерда, шунингдек, инглиз тили чуқур ўргатилди. Талабалар инглиз тилидан малакасини оширишда улкан қадам ташлабгина қолмасдан, янги тил ўрганиш муҳитида ўзларини бошқатдан кашф қилди. Кўпчилиги бошқа вилоятлик талабалар ва талабгорлар билан қалин дўст бўлди. Кейинчалик бир қанча талабалар ўз лагерини ташкил қилиб, уни ўтказишга бош-қош бўлди.

Орадан етти йил ўтиб, “Тинчлик корпуси” таркибида қилган хизматимга назар ташлар эканман, ўзим учрашган кўпгина одамларнинг самимийлиги ва софдиллиги ҳалиям эсимдан чиқмайди. Талабгор сифатида мени меҳнат қилишга ундаган нарса улар билан бирга ишлашим бўлди. Ўзим бошлаган лойиҳаларга ва бажарган ишларимга талабаларим, ҳамкасбларим, мезбон оила, қўшнилар ёки дўстлар туртки берган эди. “Тинчлик корпуси”нинг одатий вазифаларига қўшимча равишда яна бир теранроқ туртки борлигига ишонаман, у ҳам бўлса, Ўзбекистон ва Қўшма Штатлари аҳолиси учун имкониятлар, дўстлик ва ёрқин хотиралардир.

Нон қадрли экани ва ҳеч қачон уни исроф қилмасликни ўргандим

А. Диего Ривера: Мен Ўзбекистонда 2001-2003 йилларда “Тинчлик корпуси” талабгори бўлиб хизмат қилдим. Бу ердалик вақтимда Чирчиқ, Қаттақўрғон ва Косон деган кичик қишлоқда яшадим. Хотирамда у жойлар билан боғлиқ яхши таассуротлар қолди, лекин Чирчиқни Ўзбекистондаги уйим деб ҳисоблайман. Учала жойда ҳам ўзбек оилаларида яшадим, оилавий тадбирлар ва байрамларни бирга нишонладик, улар менга ўзбек тили ва маданиятини ўрганишимда ёрдам берди. Ўзим яшаган оилаларда ош ва сумалак сингари анъанавий ўзбек таомларини тайёрлашни, ўзбек йигитларига ўхшаб ўйинга тушишни ўргандим.

“Тинчлик корпуси” мени инглиз тилини ўқитишим ва маҳаллий ўқитувчиларга янги ўқитиш усулларини ўргатишим учун бошланғич мактабларга ишга қўйди. Ҳар бир дарсни бирор маҳаллий ўқитувчи билан бирга ўтар эдим. “Тинчлик” корпуси маҳаллий ўқитувчиларга талабгорларни бириктириб қўйиш орқали муаммоларни маҳаллий нуқтаи назардан яхшироқ ҳал этиш имконига эга, муҳими, ушбу корпус талабгори бошлаган ҳар қандай дастур у кетгандан кейин ҳам давом этади. Бундай бириктириб қўйишдан мен ҳам катта фойда кўрдим, чунки ўзим бирга ишлаган инглиз тили ўқитувчисидан кўп нарсани ўргандим. Хусусан, ресурслар етарли бўлмаганига қарамай, уларнинг таълим бериш даражаси юқори эканидан ҳар доим таъсирланар эдим.

Ўқув йили давомида ўқувчиларимнинг инглиз тилини билиш қобилияти анча ўсди. Бироқ, энг муҳими, мен уларга китобдаги жавобларга таяниб қолмай, ўқитувчиларга савол бериш ва фикрлашда топқирлик қилиш яхши эканини ўргатдим. Мен дарсларимга АҚШ байрамлари ва тадбирларини ҳам қўшиб ўтдим. Масалан, ўқувчиларимга “Оналар байрами” откриткасини инглиз тилида ёзишни, токи оналари уларни олганини билиш учун қўл қўйиб беришларини вазифа қилиб бердим. Мен ўқувчилар оналарига ёзган барча эзгу тилакларни ва чизган гўзал суратларни ўқишни ва томоша қилишни ёқтирар эдим.

Менинг чиндан ҳам маҳаллий жамоаларда яшагим ва оддий ўзбек фуқароларининг ҳаёти ҳақида кўпроқ билиб олгим келар эди. Масалан, маҳаллий кишилардан нон қадрли экани ва ҳеч қачон уни исроф қилмасликни ўргандим. АҚШга қайтиб келгандан сўнг нонни исроф қилмайдиган ёки ташлаб юбормайдиган бўлдим. Шунингдек, АҚШга қайтиб келгандан сўнг Ўзбекистон ҳақида кўрган-билганларимни тез-тез америкалик ҳамюртларимга гапириб берадиган бўлдим. Кўплаб америкаликлар ўзбек халқининг самимийлиги ва меҳмондўстлиги ҳақида эшитгандан сўнг Ўзбекистонга боришга қизиб қолди. Мен мамлакатга қайтиб америкаликларга Ўзбекистон ва унинг ноёб маданиятини ўргатган кўплаб “Тинчлик корпуси” талабгорларидан бириман, холос. “Тинчлик корпуси”нинг муҳим мақсади ва эришган муваффақиятларидан бири ҳам маданиятлар алмашуви бўлса ажаб эмас. Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги масофа узоқ бўлгани учун ҳам мен ва талабгор дўстларим ушбу мамлакат ҳақидаги асл маълумотларнинг Америкадаги улкан манбаси бўлдик. Афсуски, “Тинчлик корпуси” талабгорлари энди Ўзбекистонда хизмат қилмаётгани сабабли у ҳақдаги билим ва қизиқиш АҚШда кескин камайиб кетди.

“Тинчлик корпуси”нинг талабгори сифатида Ўзбекистонда бошдан кечирганларим ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди. Ўзбекистондан кетганимдан сўнг орадан саккиз йил ўтиб, элчихонада ишлагани қайтиб келдим. Қайта ўзбекча сўзлашаётганимдан ва эски дўстларим билан учрашганимдан хурсандман. Ўзбекистон ҳамиша ҳаётимнинг катта бир қисми бўлиб қолади ва мен бу юртни иккинчи ватаним деб биламан. АҚШ билан Ўзбекистон ҳамкорликнинг янги йўлларини топиш учун бирга ишлайди ва бир куни келиб “Тинчлик корпуси” талабгорлари яна Ўзбекистонда хизмат қилади, деб умид қиламан.(АҚШ элчихонаси).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s