Сиёсий сатира: Нофизийдан нома(72)

ШАШЛОВ

Менинг ҳам шашловчи, э, йўқ, шарҳловчи бўлгим кеб қолди. Шу кунларда ҳамма шарҳловчи бўлган-да. Кўпчилик томдан ташласа, сен ҳам ташла, деган экан машҳур шашловчи устод Нақиютдин Жум-Жум. Майли гапни лақиллатмасдан ишга ўтайлик. Ўзимни томдан ташладим, кучингиз етса бўғжама, бўлмаса кўзингниз жама-жама ушлаб олинг, уддасидан чиқмасангиз, ничево, қўйинг, орузимга етайин.

“Олимпия жамоалари ўртасида учрашувга Бирлашган Араб Амирликлари(БАА)нинг кўп сонли араб ишқибозлари келмади”.

Кўпчилик бунинг сабабини тополмай бошини ушлаб ҳали ҳожатхонага, ҳали путтанинг тагига югуриб қолган. Ваҳоланки, сабаби жўн. Улар Ўзбекистонда намоз қиладиган жой тополмаймиз, деб келишмаган. Йўқ, десангиз исботлаб беринг.

“Адолф Ҳитлернинг ўхшаши сифатида танилган, собиқ киноактёр, журналист Александр Шишкин вафот этди”.

Ҳитлернинг ўзи қачон вафот этган, хабарларингиз борми? Манимча, унинг невараикалони Исломқурғур ўлгандан ҳам унинг Оқсаройда ўтирган мўйловсиз клоуни сифатида танилган сояси ўлса катта хабар бўлади. Мана кўрасиз! У Шишкин экан, бу шишган бўлади.

“Расмий ташриф билан Тошкентда бўлган Германия Федератив Республикаси мудофаа вазири Томас де Майзер Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашмасдан кетди”.

Бу хабарни мана бундай ҳам ёзиш мумкин эди:”Расмий ташриф билан Тошкентда бўлган Германия Федератив Республикаси мудофаа вазири Томас де Майзерни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов  қабул қилмади”. У ҳолда савол чиқади, нега унисини қабул қилди, бунисини қабул қилмади? Шу кунларда бунақа-шунақа итсеварлар жуда кўп келмоқда-да!

“Иккинчи мартдан бошлаб олий ўқув юртлари талабалари учун шартнома тўлови миқдори 14 фоизга ошди”.

Демак, стипендия олиш учун бериладиган пора миқдори ҳам 14 бараварга ошди. Шундан кўра стипендия олмай қўйса яхши эмасми? Табиийки, яхши, лекин дипломни олиб ким бўламиз? У ёғини иш берувчи қулдор руслар ёки қозоқлар билади.

“Қирғизистонда қирғиз тилидаги “Аалам” газетаси 6 мартдан бошлаб ўзбек тилида ҳам 5 минг нусхада нашр этила бошланди”.

Ноҳотки, шу гап рост бўлса? Шунча ўзбек чиқиб кетдими? Беш минг ўзбек қолдими? Лекин нега ўзбеклар чиқарган ўзбекча газетaлар ёпиб ташландию қирғиз генерали чиқaрган ўзбекча газета бунча ура-ура! Тушунганим сайин алам қилади. Алам қилмай ўл!

“Киракашларни лицензия олишга ундаш мақсадида Тошкент шаҳридан жанубий йўналишларга кетувчи енгил машиналар бекати ёпиб қўйилган”.

Энди шимолга кетамиз. У томонларда таксичиларга ҳам иш топилар? Аммо таксилар бўлмаса, сиз нимага минасиз? Пиёда юрасиз. Тепадагиларчи? Улар билан ишингиз бўлмасин, улар Ислом отаникига миниб юришибди-ку?

“Санжар Умаров сиёсатga қайтаётган эмиш”.

Ким эди у? Э, ҳа эсладим, қийноқларни йўқ қилиш учун камераларга камера ўрнатиш керак деган шиорнинг эгаси. Хуш келибди. Қайси камерани тайёрлаб қўйишсин!

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг янги эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон ва Туркманистон интернетга душман мамлакатлар сифатида мустаҳкам ўрнашишган”.

Шу пайтга қадар мустаҳкам эмас эдими? Туркманистонни билмадим, лекин бизники бир оёғи гўрда, биттаси интернетда.

“Нью Йорк аэропортида бир ўзбек аёли 50 пачка сигарет билан қўлга тушди”.

Агар нос билан қўлга тушса, америкаликларни бир масхара қилмоқчи эдим. Лекин сигарета билан ушланибди.  Дунё чаппа бўлибди. Олдин у ёқдан бу ёққа олиб келишарди. Номи савдогарлик эди. Энди бу ёқдан у ёққа. Қайтар дунё деганлари шу экан. Лекин шукур қилсин, айбини контрабанда деб қўйишибди, терроризм дейишса  нима қила оларди? У ҳам узоқ эмас, aгар депортация қилишса, қайтиб келиши биланоқ бу айбни ўзимиз унга қўямиз. Биздан нима кетди!

“Британиядаги бой хотинлар ўз турмуш ўртоғини топиш учун иккинчи ва ё учинчи хотин бўлишга рози бўлаётган экан”.

Россияга кетаман деб турувдим, ока, илтимос, Британияга битта виза қилиб беринг! Болаларнинг аяси ҳам катта хотин бўлиб ўтиришга рози, пул юбориб турсам бас экан.

 Нофизий, Тошкан.

(Мана ўнта хабарни шарҳладим. Шашловчилигим қалай? Давом эттирайверайми ёки тўрва-халтани йиғиштирайинми?)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: