Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин”, 3-китоб, (тарихий роман)

61.ОНА БЎРИ

Миртемир худди қамоққа олиш учун келадиган миршабларнинг йўлини пойлаётган одамга ўхшаб хавотир билан ташқарига термулиб ўтираркан, деразанинг остидаги иситгичдан тарқалаётган ҳарорат уни эритди. У деразанинг токчасига бошини қўйганча кўзларини юмди. Инсон баъзан роҳат қилиб ухлаганда туш кўришни истаса-да, ё кўролмайди ёки кўрган тушини “олиб туролмайди”. Лекин баъзан бир шакарлама пайтида қурилган туш ҳаётнинг муҳим бир воқеаси каби ҳеч эсдан чиқмайди. Миртемир ҳам туш кўраётганди.

…У бирдан қудуққа тушиб кетди. Қудуқнинг деворлари қизигандан-қизиган, қўл тегизсанг бармоқларинг ёпишиб қолади. Қудуқнинг ости қоп-қоронғу эди. Бу қоронғулик орасидан итларнинг акиллаши эшитиларди. Миртемир қоронғуликка назар солганди, итларнинг ям-яшил бўлиб “ёниб” турган кўзларини кўрди. Бу қўрқинчли “чўғ”лар унга яқинлаша бошладилар. Бир жуфт “чўғ” унинг юзларига қадар яқинлашди. Кейин унинг юзини тирнай бошлади. У итни улоқтириб ташлаганди, бошқалари унга ташланди. Улар негадир тишламас эдилар. Фақат ҳар тарафини тирнаб, кийимларидан тортқилаб, ғингшинаётгандилар.

Қоронғуликда ғингшиган итларнинг тишлари ярақлаб турарди. Улар асрлар буйи оч ётганлару бирданига егулик келганидан шошиб қолиб, нима қиларини билмай қолган ҳолда эдилар. Итлар бир-бирининг акиллашини англарди. Уларнинг энг олдиндагиси акиллаганда бошқалари сасларини ичига ютиб, орқага чекинардилар. Олдиндаги яна акиллаб орқага кетганда қолганлар ҳужумга ўтардилар.

Итларнинг олдиндагиси “Етар, энди еймиз”, дея аккилади, шекилли, итларнинг ҳаммаси бирданига Миртемирнинг устига ёпирилдилар. У оғриқ исканжасида ингранаркан, кутилмаганда қудуқ ёришиб кетди. Итлар қудуқнинг бир бурчагига тўпланиб, ғингший бошладилар. Миртемир ҳайрат билан атрофга алангалади. Қаршисида бир жонзот турганди. Оқ, тўғрироғи, у қадар оқ эмас, бўзранг. Аммо унинг вужудидан атрофга нур ёғилаётган эди, унинг кўзларида меҳр бор эди. У Миртемирга қараганда, кўзларидан меҳр оқарди, итларга қараганда эса, бу кўзлардан қўрқинч ёғиларди. Итлар ундан шу қадар қўрқдиларки, ғиншиганча ёлвора бошладилар. Миртемир, бу қандай жонзот бўлди экан, дея унга разм солди. Бу бўри эди!

Шу пайт Она бўри афсонасини эслади. Кўктурклар хитойлар билан қақшаткич урушлардан кейин бир муддат чекинишга қарор қилишибди. Улар тоғларнинг орасидаги бир адирда тунашибди. Эрталаб уйғонишса, тўрт томон тоғ, осмонга боғланган қоялар. Чиқадиган йўл йўқ. Ваҳима, очлик ва ўлим қоришиб кетибди. Турклар сувсиз ва овқатсиз бир неча кун чидашибди. Кейин ҳамма ҳолсизланиб, бирин-кетин жон бера бошлабди. Ана шундай пайтда қоялардан бирининг устида Она бўри увлай бошлабди. Унинг нега увлаганини ҳеч ким тушунмабди. Кейин у пастга тушиб, турклардан бирини тепага қараб судрабди. Бир жойда биқирлаб булоқ қайнаб турган экан. Сувдан ичиб ўзига келган навкарни Она бўри қоялар орасидан бошқа бир жойга бошлабди. Қоялардан бирининг темир эканлигини кўрган навкар ортга қайтибди. Сув ичиб ўзига келган турклар, олов ёқиб темир қояни эритибдилар. Қилич, қурол-аслаҳа ҳозирлабдилар. Қоя битиб, йўл очилибди. Қоянинг ортида боғ-роғлар, гўзал масканлар бор экан. Шу-шу Она бўри уларнинг йўл кўрсатувчи дўстларига айланибди. Кимдир уни Она бўри деса, яна кимдир Бўзқурт дер экан. У ҳақда шеърлар ёзишибди, достонлар битишибди, қўшиқлар куйлашибди.

Миртемир Она бўри мени қутқаришга келди, деб ўйлади ва унга қараб талпинди. Бўри ва Миртемир ёруғликка қараб юрдилар. Орқада эса ғиншиган итлар тўдаси қолди…

Эшикнинг қўнғироғи чалиниб, Миртемир сесканиб, уйғонди. Эшикни очса, остонада Самандар турарди.

-Сизни олиб кетишга келдим, – деди у.

-Қаерга борамиз? Мен мана бу мақолани Аҳмаджон Мухторовга етказмоқчи эдим.

-Йўл -йўлакай бериб ўтармиз. Ишхонамизнинг саунаси бор, ўша ерда бир шўрва ичамиз.

-Саунага ҳожат йўқ, шундай ҳам терлаб ўтирибмиз. Бугун каминани қамоққа олишади.

-Сизни қамоққа оладиган одамни ҳали онаси туққан эмас,-деди Самандар. –Саунада маишат йўқ. Ўша ерда ўтириб Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни қоғозга туширасиз. Қолаверса, бу кеча ухламаганингизни ҳам биламан. Ғани ака билан учрашиб келаяпман. Сизга қарши қилинган фитнанинг айнисини менга қарши ҳам қилишган. Сауна деб ҳазиллашдим, чунки менга қарши тайёрланган ҳужжатларда саунада шўрва ичиб ётганча, пора олди, дейишган. Хуллас, дардимиз бир, чорасини бирга қидирамиз.

-Чораси бор,-деди Миртемир.-Бизни Она бўри қутқаради.

Самандар ҳеч нарса тушунмади. Жилмайиб қўйди, холос. Уларнинг суҳбатини Миртемирнинг умр йўлдоши бўлди:

-Саҳар келдилар. Бошларини токчага қўйганча нималарнидир ўйладилар. Гапирган гапларимни эшитмадилар ҳам. Сомса пиширгандим. Бир пиёла иссиқ чой ичиб, сомса еб кетинглар.

-Келин, сомсаларни бир қоғозга ўранг. Олиб кетамиз. Ташқарида бошқа дўстларимиз кутиб туришибди. Бугун қиладиган ишларимиз кўп, – деди Самандар.

Миртемир Самандар билан чиқиб кетар экан, деразадан унинг умр йўлдоши Роҳила мунг билан қараб турарди…

(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: