Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин”, 2-китоб, (тарихий роман)
42. ЗАНЖИРЛИ ДАРА

Миртемир Жума Бекни дарров таниди. Талабаликнинг илк пайтлари бир ётоқхонада туришарди. У йиллардан қолган битта хотираси бор.

…Ҳар якшанба куни мардикорликка чиқишарди. Бир сафар уларни эски уйни бузишга олиб боришди. Энди иш бошлашганди ҳам миршаблар келиб, уй бузишни тўхтатишди ва соҳибини тутиб кетишди. Улар қайтиб мардикор бозорига келишганда “тарихий” майдонда ҳеч ким йўқ эди. Кутиб-кутиб ётоқхонага қайтишди. Чўнтакларида бир мири ҳам қолмаган эди. Ётоққа чўзалганча хиргойи қилиб “шифтдан олма теришарди”. Эшик тақиллаб, ичкарига қотган нон териб юрувчи бола кирди.

-Қолган-қутган нонлардан борми? -деди у ҳар доимги оҳангда.

Жума Бек ўрнидан туриб, боланинг елкасидаги халтани олди-да, ичидагиларни столнинг устига тўкди. Қотган нон бурдаларидан бир қанчасини териб олиб, қолганини сийириб, халтага солди.

-Доим сен биздан оласанми, биз ҳам бир марта сендан олсак осмон узилиб ерга тушмас, -деди.

Бола Жума Бекка ҳайрат билан мўлтираб қараганча, елкасини қисиб, индамай чиқиб кетди. Жума Бек косани сувга тўлдирди-да, қотган нонларни ивитди.

-Қани, туринг, ўрдак шўрва ҳозир, -деди.

Орадан кўп ўтмай Жума Бек бошқа факултетга “кўчиб” кетди. Улар аҳён-аҳёнда учрашиб қолсаларда, энди бошқа-бошқа соҳилнинг одамлари эдилар. Бир неча йиллардан кейин Миртемир Жума Бекнинг қайси бир райкомда бўлим мудири бўлиб ишлаётганини эшитди, лекин унинг бу ерда эканлиги хаёлига ҳам келмаганди. Ўтган сафар Муборакка келганида, Ибод Тўра:

-Яқинда қўшни тумандан райком биринчи котиблигига ашаддий коммунистни келтиришди. Бизга қарши исён бошлатди у,-деди.

Миртемир у билан учрашмоқчи бўлди, лекин сафарда экан. Мана энди у қаршисида турибди. Талабалик йилларида қиличдек ихчам эди. Энди семириб, қорин “боғлабди”. Фақат кўзларигина унинг ўша эски Жума Бек эканлигидан дарак берарди.

Жума Бек Миртемирни қучоқлаб, “кучимни кўриб қўй” дегандек, бир айлантириб, белидан маҳкам қисди. Кейин:

-Сизни кутавериб, кўзимиз саккиз бўлди, кун оқшомга, тонг саҳарга айланди, -деди.

Улар кўп гаплашмадилар. Миртемир ҳориб келгани учун райкомнинг меҳмонхонасидаги ўзига ажратилган жойга ўтиб, ухламоқчи бўлди. Лекин ухлай олмади.

Жума Бекнинг сўзлари қулоқларининг остидан кетмасди:

-Мен бобокалонимиз Амир Темурнинг тарихи бўйича докторлик иши қилдим. Ислом аканинг маслаҳатчиси Зиёмов менга устозлик қилдилар. Туманимизда “Занжирли Дара” деган жой бор. Бу ерни Амир Темур обод қилганлар, шу хусусда туркум мақолалар ёздим. Эрталаб Сизни ўша ерга олиб бораман,-деганди у Миртемирни меҳмонхонада қолдираркан.

Бу Миртемирнинг ғамнок кўнглида милтираган ишиқ ёққанди. Ҳар ҳолда бу ерга келишим бекорга кетмайди, бир тарихий масканни бориб кўраман, деб ўйлади у. Кейин Амир Темур ҳақидаги ривоятлар хаёлидан ўта бошлади.

РИВОЯТ

… Бир куни Амир Темур узоқ сафарга чиқибди. Йўлда “Тоғ этагидаги Чамбил элда тунаб қоламиз” деб буюрибди. Чамбил элга етиб келганларида, бу ердаги аҳволни кўриб, Темур ҳайратланиб қолибди.

-Бу шаҳар дунёнинг энг гўзал ери, жаннатмонанд боғлар, дилларни ром этгувчи булбуллар, мусиқа-оҳанг, сас чиқариб оқувчи ирмоқлар, Алпомишдек дев қоматли чинорлар, ичсанг суви умрни дароз айлагувчи чашмалар маскани эди. Буларнинг ҳаммасига нима бўлди? Нега бу шаҳар вайронага айланди? -дея навкарларини шаҳарга юборибди Темур.

Навкарлар шаҳарни айланиб, бир тирик жонга рўбарў келмабдилар. Ҳамма ёқда одамларнинг ва ҳайвонларнинг суяклари сочилиб ётган эмиш. Шаҳарнинг кўчаларига дорлар қурилган бўлиб, ҳар бир дордаги ипларда суяклар осилиб турарди.

Навкарлар шаҳарнинг у бурчидан кириб нариги бурчидан чиқиб кетар эканлар, онийдан бир жониворга дуч келдилар. Одам деса одамга, ҳайвон деса ҳайвонга ўхшамайдиган махлуқ. Бир қарашда маймунни эслатарди. Унга эътибор қилмай ўтиб кетишаётганди, у қўл силтади. Шунда навкарлардан бири:

-Кимсан? -деди унга.

-Менга кимсан дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Мен бу шаҳарнинг ҳокимиман, -дея дўриллаган сас чиқарди у.

Навкарлар кулишди:

-Шаҳармиш, вайрона-ку, демак сен-бойўғлисан!

-Мен Амир Темурнинг йўлини пойлаб ётибман, фақат у билан гаплашаман. Дардимни унга айтаман. Сиз эса йўқолинг, даф бўлинг!

Навкарлар Темурнинг ҳузурига қайтгач, кўрган-билганларини унга айтиб беришди. Темур ҳайратланиб “ҳоким”нинг ёнига борди.

-Кимсан, нима учун бу жаннат эл бу аҳволга тушди? Нега инсонлар қирилиб кетдилар? Нега шаҳар вайронага айланди? -деди.

-Менга Амир Темурдан бошқа ҳеч ким савол беролмайди. Йўлингдан қолма, эй, мусофир.

-Қаршингда Амир Темурнинг ўзи турибди.

-Ундай бўлса сени Аллоҳнинг ўзи юборди. Мен Аллоҳга ёлвориб, жонимни олишини истадим. Ваҳийдан келган бир овоз “Дунёи-заминнинг ҳукмдори Амир Темур сен томонга келмокда, бошингдан ўтганларни унга айтиб берсанг, у сени ўлдирса, ўшанда Аллоҳ жонингни олиши мумкин”лигини англатди.

-Хўш, бошингдан нима ўтди?

-Эй, бу дунёнинг ҳукмдори! Мени эринмай тингла. …Ёш йигит эдим. Ота-онамни севмадим. Майхўрликка ружу қўйдим. Ҳар куни ота-онамни калтаклардим, охири улар мени “оқ қилиб”, уйдан ҳайдашди. Дарбадарлик кунларимда бир бойнинг қизи билан танишдим. У мени одам қилди. Унга уйландим. Отасининг ёрдами билан Чамбил элда ҳокимликка қадар юксалдим, лекин шаҳарда ишлар юришмади. Бунинг сабабини тили бурролардан, камчилигимни айтганлардан кўрдим. Уларнинг тилларини кесдирдим. Бироқ ишларим олдинга кетмади. Кейин олиму фузалолар, диндору уламолар халқни йўлдан урмокда, деб ўйладим. Уларни зиндонларда чиритдим, лекин ишим юришмади. Сўнгра қўл остимда ишлаганларни айбладим. Шаҳарда дорлар қуриб, уларни остирдим. Дорларда инсонлар осиғлик турдилар, лекин ишим юришмади. Халқим қирилиб кетди, ҳайвонлар йўқ бўлдилар, булоқларнинг кўзи кўмилди, оғочлар қуриб қолди. Фақат мен яшаяпман. На инсон, на ҳайвонман!

Эй, бу дунёнинг ҳукмдори, зулфиқорингни чиқар ва бошимни кес! Мени бу даҳшатли азобдан қутқар!

-Мен сени ўлдирсам, қиличим ҳаром бўлади, -деди Амир Темур.

-Агар ўлдирмасанг, менга бу азобдан қутулишнинг йўлини айт.

-Сен бориб ота-онангнинг қабрини топ, улар сени кечирсалар, ўшанда Асрор жонингни олади.

Темур шундай дебди-да, судралганча узоқлашган “ҳоким”нинг орқасидан икки навкарини юборибди. Навкарлар қайтиб келгач, Темурга:

-У судрала-судрала қабристонга етиб борди. Ота-онасининг қабрлари чўкиб ётган экан. Уларнинг руҳига ёлвораётганди, боши билан чуқурга-қабрнинг ичига тушиб кетди ва ўша ерда ўлиб қолди, -дедилар.

Темур билан суҳбатлашиб ўтирган Мир Саид Барака:

-Бу оқпадар экан, охирида ота-онасининг руҳи уни авф этди ва қийноқлардан қутулди. Лекин бу халқнинг гуноҳи нима эди-ки, бу қадар Аллоҳнинг қаҳрига учрабди?

Амир Темур бироз ўйланиб турди-да, жавоб берди:

-Аллоҳ ер юзидаги ваколатларни инсонларга берар экан, уларга ақл, ирода бахш этди. Аммо улар буни бир четга суриб, бир оқпадарни елкаларига кўтардилар. Бу эса Аллоҳни ғазаблантирди. Оқибатда гўзал бир шаҳар билан бирга бу дунёдан силиндилар, -деди.

… Миртемир бу ривоятни нима учун эслаганини ўйлаб ҳам ўтирмади, чунки хаёл эшикларидан иккинчи ривоят кириб келганди.

РИВОЯТ

Амир Темур ҳар пайшанба куни сиёсий маҳбуслар билан ўзи суҳбатлашарди. Бу сафар унинг ҳузурига уч кишини олиб келишди.

-Бу Сузангарон маҳалласидан. Тўй-маъракада, жума хутбаларида “Ватаним, Ватаним, Ватаним” дейди. Ватан ва миллатни такрор-такрор сўзларкан, кўзларидан ёш сизиб чиқади, овози хириллаб қолади. Аммо ҳаётда кўп одамларнинг дилини оғритган.

-Унинг бошини танасидан жудо қилинг,-деди Амир Темур.

Девонбеги иккинчи маҳбус ҳақида маълумот берди:

-Бу Мотрид маҳалласидандир. Йиғинларда, тўй-маъракаларда “Халқимиз очдан ўлар ҳолга келди. На буғдой бор ва на нон. Ҳамма нарса урушга кетмокда” дегани-деган.

-Буни энг чуқур зиндонга ташланглар! Аммо саройдаги энг тотли таомлардан ва жамики ноз-неъматлардан истагани қадар бериб туришни канда қилманглар, -деди Амир Темур.

Сўнгра Девонбеги учинчи маҳбус ҳақида ҳам қисқа маълумот берди:

-Бу Боғишамол маҳалласидан. Ўтган жума куни халқ олдига чиқиб “Амир Темурнинг фалон-фалон фармонлари нотўғридир”, деди.

-Буни саройга мушовир қилиб ишга олинглар, -деди Амир Темур.

Сарой аъёнлари Амир Темурнинг бу қарорларидан ҳайратга тушдилар ва Мир Саид Бараканинг ҳузурига келиб, ундан бу қарорларни изоҳлаб беришни сўрадилар.

Мир Саид Барака:

-Биринчиси, Ватан, миллатни ўзига қалқон қилиб олган бадбахтдир. Бундай одамлар жуда ҳам таҳликалидирлар. Улардан не қадар тез қутулсак, Ватан ва миллатга шу қадар хайрли бўлади. Иккинчиси эса, ҳаётни қориндан иборат, деб тушунади. Ундайларга ҳаёт нима эканлигини англатмоқ керак. Қоронғу зиндонда ётса, бу ҳаётда егуликдан бошқа жуда кўп азиз нарсалар борлигини тушунади. учинчиси эса, Ватан ва миллатга ўзини қалқон қилди. У Амирнинг фармонларидаги янглишларни айтар экан, ўзини эмас, мамлакатни ўйлади. Темур ҳазратлари ана шунга кўра, қарор бердилар, -деди…

(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: