Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин”, 2-китоб, (тарихий роман)
40. ЎЙИН

Турсинов аввалига ўзи билан ўзи олишди: Нега унга қўпол муомала қилдим? Булар ҳали ёш бола, ниҳолдек гап, қаёққа эгилтирсанг ўша томонга қараб ўсади. Ширин гап билан илон инидан чиқади, деганлар. Йўқ, ёлғон гап. Ширин гап билан сеҳргар ҳам илонни инидан чиқара олмайди. Балки мақолни нотўғри ўйлагандирман? Аслида ҳамма нарсани очиқ гапириб тўғри қилдим. Игначининг минг ургани, темирчининг бир ургани. Ё йўлимга соламан, ёки пачақлаб ташлайман. Бундайларни ўйин билан синдириш керак. Шохидан қўрқсанг кейинчалик думидан ҳам қўрқадиган бўласан. Лекин ҳозир гап Каримовга боғлиқ. Миртемирнинг калити ҳам Каримовда.

Ҳа, аслида Каримовни яхши билар ва унинг Миртемирни жазолашига ишонарди. Шунинг учун ҳам бир йўлини қилиб унга ёқиб қолиш учун Миртемирни “пушкага” олди. Шунинг учун Мавлонга телефон қилди:

-Мавлонжон, бу ишни тўхтатинг, бошингиздан олтин сочаман.

-Акажон, олтиндан шашлик пиширамизми? -юмшоқ ҳазил қилди Мавлон.

-Олтинлар Ҳалима опага қолсин, Сизга ўзим қўй сўйиб, қуйруқли шашлик қилиб бераман.

-Шашликни мен ейман-у лекин ана у илон жирканади. Continue reading