Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин”, 2-китоб, (тарихий роман)

37. СОҲИБ

Ердан кўтарилаётган ҳовур билан қуюқ туман қоришиб атрофни қоплаб олганди. Бу кишини биқтирувчи манзара бўлишига қарамай, неча кундан буён ўзини қўярга жой тополмай юрган Каримовнинг бугун ҳар қачонгидан кайфи чоғ эди. Чунки пахта плани тўлганди. Илгариги пайтда бўлганда-ку Московдан ҳам мақтов, ҳам орден ундирарди.

Ҳозир эса ҳатто телефон қилиб, бир оғиз раҳмат айтишмади. Каримов бунинг учун қайғурмади. Аксинча хурсанд бўлди. Демак, Московнинг у билан иши йўқ. Бутун жумҳурият ўзининг ҳукмида. Вилоят биринчилари сим қоқиб, табриклаб туришибди. Бошқа томондан эса пахта плани тўлиши Горбачев билан гаплашиб олиш учун имкон бўлди. Аслида бугун кайфияти кўтарилгани, кўнгли равшанлашгани ҳам ана шундан. Қарийб бир ойдирки ўз ёғига ўзи қоврилмокда. Бир неча депутатнинг тўполони билан сессияда истеъфо бериб кетишига оз қолганди, лекин кўнгил сўрашмади.

Хайрият-ки ўшанда шайтоннинг гапига кирмадим, деб ўйлади у. Агар сессияни ташлаб кетиб қолганимда, Шукрулло отга минарди. Мени эса отнинг оёғига боғлаб жазойи қиларди. Гарчи атрофимдагилар тўнтаришни Шукрулло тайёрлаган, деб мени ишонтиришга уринсаларда, ҳақиқатни сезиб турибман. Шукрулло бу ишга журъат қилолмасди. Чунки Иброҳимовни муҳокама қилган бюро мажлисидан кейин тавбасига таянтиргандим. Қўлимда уни шармисор қиладиган ҳужжатлар тўплаб қўйганимни ҳам яхши биларди. Continue reading