Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин”, 2-китоб, (тарихий роман)

30. МАШВАРАТ

Ҳаво онийдан исиб кетди. Ойлардир ер устини қоплаб ётган қатлама муз икки куннинг ичида эриб, сувга айланди. Қиш кунлари сархуш одам каби шакарлама уйқуси остида қолган дарахтлар бирдан уйғонди. Қуёш жилмайиб қолганидан алданган дарахтларнинг шохларида ўсмирнинг сабза соқоли каби эрта уйғонга битта яримта куртаклар кўзга ташланиб қолди. Ҳаводаги ўзгариш одамларга ҳам кўчди. Палто-ю рўмолларини улоқтирган қизлар қор остидан бош кўтарган чучмомолардек кўзларга тиғдек санчилдилар. Кўкракларини очиб олган йигитчалар эса овга чиққан алпомишлардек кўчаларни тўлдирдилар.

Аммо бу ҳол узоқ давом этмади. Қор қандай эриган бўлса, худди ана шундай яна атрофни қоплаб олди. Шошқалоқ дарахтлару баҳорсевар йигит-қизлар хирчин совуқнинг игналарига дош беролмай яна яширинмоқ учун жой қидирдилар. Табиату одамларни замин деган майдонда ўйнатиб, тепадан томоша қилиб турган куч уларга нафақат ташқи томондан балки ичкаридан ҳам таъсир қилаётганди.

Эрта уйғонган дарахтлар боласини туширган онадек бўзларкан, одамларнинг фикру хаёлларида ҳам тўлқинсимон жумбуш бор эди. Ким асабий, ким эса янги фикрлар билан қайнашган, яна кимдир пихиллаб қолган бурнининг ташвишида…

Ҳамма ёққа ёйилган грипп Каримовни ҳам четламади. Оташи юксалгани, суяклари синқираб оғриётгани, товуши бироз хириллаб, бурни битиб қолганига қарамай сессияга тайёргарлик кўраётганди. Қаттиқ тазйиқларга қарамай бир неча вилоятда рўйхатда бўлмаган кишиларнинг сайланиб қолишлари уни роҳатсиз этаётганди. Шу дамда суякларининг оғриғи эмас, юрагининг аллақаеридаги санчиқ унинг хаёлларини туптугундек ўзига боғлаб олганди. Аммо бу оғриқ юрагининг бирор бир еридаги хасталик аломати эмас, балки бу қадар ҳаракатларидан кейин ҳам парламентга кириб қолган “бегоналар” дардининг белгиси эди.

Икки кун олдин бюрода бир қанча раҳбарларнинг фаолиятига нуқта қўйди. Кейин бу масалани Компартия пленумига олиб чиқди. Баъзиларининг бошидан қайноқ, айримларнинг бошидан эса совуқ сув тўкди. Лекин юраги жойига тушмади. “Нега? Нега?” -деган савол кўкрагида гуп-гуп уриб турарди. Ҳар қанча уринмасин уни тинчита олмаётганди. Парламентдаги арифметикани, яъни овозлар ҳисоб-китобини қайта-қайта кўздан кечирди. Бегоналар бор-йўғи беш фоиз. Аммо бутун тарих бўйинча урушларни, инқилобларни, давлат тўнтаришию исёнларни аксариятнинг беш фоизи ҳал қилган.

Қаерда хато қилдим, дея ўйларди Каримов. Энди хатони тузатишга кеч. Бу беш фоизнинг йўлини тўсишим керак. Вилоятларда тикан симли тўсиқни ёриб ўтишди. Бу ерда шундай тўсиқ қўйишим керакки ҳам қўллари, ҳам оёқлари ва энг асосийси оғизлари боғлансин.

Каримов янги иш бошлайдиган Олий Кенгашнинг биринчи сессиясидаги нутқу маърузалар, иш тартибию тушликда бериладиган овқатлар рўйхатига қадар синчковлик билан чиғирдан ўтказди. Гарчи Москов сессия олдидан одатга кирган вакиллар йиғилишини ўтказмаслик ҳақида исрорли бўлса-да у бунга риоя қилмади. Вакиллар йиғилишига “бегоналар”ни ҳам чақиртирди.

-Яна бир соатдан кейин мамлакатимиз тарихида биринчи марта бўлиб ўтган эркин сайловлар натижасида сайланган депутатлар иштирокида илк сессияни бошлаймиз, -деди у кичик залда тўпланганларга. -Бу ерга нафақат раҳбарларни балки ўз кучи билан сайланганларни ҳам чақирдик. Халқимизнинг яхши одати бор, тўйдан олдин оқсоқоллар йиғилиб маслаҳат қилишади. Бу ҳам парламентнинг оқсоқоллар маслаҳат кенгашидир. Халқнинг олдига чиқиб бақир-чақир қилмасдан, нима гапимиз бўлса ана шу ерда келишиб олайлик. Айниқса ўз кучи билан сайланган дўстларимиз кун тартиби, тузилажак комиссиялар ҳақида фикрларини айтсинлар.

Мажлислар зали кичик бўлса-да ҳар ер ҳар ерга бир микрофон ўрнатилганди. Биринчи бўлиб Тўлқинжон деган йигит сўз олди.

-Менинг ва ёнимда ўтирган укамиз Миртемирнинг сайловолди дастурида адолатсизликка қарши кураш асосий масала қилиб қўйилган. Кейинги вақтда Москва халқимизга нисбатан аянчли равишда бўҳтон ёғдирди. Москвага биринчи зарба сифатида узоқ йиллар жумҳуриятимизни бошқарган марҳум Рашидов номини оқлаш масаласини сессия кун тартибига киритишни сўрайман.

-Бу парламентга оид масала эмас. Уни партия қоралаган. Керак бўлса партиянинг ўзи кўриб чиқсин. Парламент бундай масалалардан баландда туриши керак, -деди Каримов. Лекин зарда билан гапирганини ҳис қилди ва олдиндан кўнглига туйганидек ўзини юмшоқ қилиб кўрсатишга уринди. -Мен шу партиянинг раисиман. Бу масалани сиз ҳам Миртемиржон ҳам менга топширинглар. Иншоллоҳ, партия кенгашларининг кун тартибига киритаман.

Тўлқинжон ўтираркан микрофон ёнига Миртемир келди:

-Кейинги вақтда жумҳуриятимиз тарихида юз қораси бўлиб қоладиган воқеалар содир бўлди. Булардан биринчиси, Фарғона фожеаси. Ака-укани бир-бирига қарши қўйдилар. Фитна, иғвогарлик уруғини сочдилар. Иккинчиси эса, Паркент воқеалари. У ерда ёш йигитлар тимсолида миллатимизнинг келажаги ўққа тутилди. Бу масалалар очилмай қолди. Учинчидан, цензура деган жаллод ҳамон матбуот устида қиличини қайраб турибди. Ҳатто сайлов олдида номзодлар ўз қарашларини очиқ ифода этолмадилар. Тўртинчидан, баъзи жумҳуриятлар мустақил бўлиш учун курашаётган бир пайтда биз Иттифоқ шартномасининг ташаббускори сифатида ўртага чиқдик. Яъни бўйнимизга тош боғлаб, ўзимизни қудуққа отаяпмиз. Халқ эса бу ҳаракатнинг моҳиятидан бехабар. Ва ниҳоят, биринчи мажлисданоқ парламентни партия пленуми ёки колхоз қурултойи ҳолига солиб қўймаслик учун унинг елкасидан қурувчи деган юкни олиб ташламоқ керак. Депутатлар йўл қурилиши ёки боғча қурилишини эмас, сиёсий масалаларни тортишмоқлари зарур. Мажлисларимиз жонли равишда телевидениеда кўрсатилиб турилсин. Халқ ўз вакилларига ўзи баҳо берсин…

Бу бола ростдан ҳам бош балоси экан, деб ўйлади Каримов. Ҳозирнинг ўзидаёқ оғзига латта тиқиб қўйишим мумкин. Лекин ўша латтани қайтариб ўзимнинг оғзимга тиқиб қўйса-чи? Ади-бади айтиб ўтирсам шарманда бўламан. Гапга чечан экан. Саволларига жавоб топиб беролмасам, обрўйим тўкилади. Шунинг учун индамай тинглашим керак.

Миртемир Каримовнинг хаёл сураётганини сезгандек унинг исми шарифини тилга олиб, таклифини унга йўналтирди:

-Қўлимизда парламент комиссияларининг рўйхати бор. Мен унга Ошкоралик комиссияси қўшилишини ва юқоридаги масалаларни ойдинлатиш унга юклатилишини таклиф қиламан.

Каримов Ҳамидовга қаради. Ҳамидов “Бўлади, кейин ўйлаб кўрамиз” дегандек бош ирғади.

-Раҳмат, бу таклифингиз учун, -деди Каримов Миртемирга. -Сессияда ҳам бу таклифни ўзингиз ўртага отинг, биз эса қўллаймиз. Раиси ва аъзолари ҳақида эса мана ўртоқ Ҳамидов ўйлаб кўрсинлар.

Шу пайт сочлари тўкилган ўрта ёшлардаги бир киши микрофонга яқинлашди. Бу шоир Эркин Воҳидов эди.

-Мен мазкур комиссияда хизмат олишга тайёрман, -деди у.

-Сизга ўхшаган инсонлар юз йилда бир марта туғилади. Мен бу фикримни сессияда ҳам такрорлайман. Биз ҳам сизга бу комиссияни ишониб топширишга тайёрмиз, -деди Каримов. -Биз олдимизда катта мажлис борлигини унутмаслигимиз керак. Шу боисдан таклифларни қисқа-қисқа айтайлик.

“Бегоналар” бирин-кетин ўз таклифларини айтдилар. Шундан кейин Каримов вилоят биринчиларига қарата:

-Ҳар бирингиз сувчи қулоқ бошида ўтирганидек вилоятингиз депутатлари билан бирга бўлинг. Сиздан пода боши бўлишингизни истамайман. Депутатларингизни бошқа томонга бошқарманг. Сиздан тўда боши бўлишингизни истайман. Депутатларингизни бир жойга тўдалаб ўтиринг. Бу ҳам талаб, ҳам буйруқ ва истасангиз, илтимос ҳам. Бу синовдан муваффақиятли ўтишингизга ишонаман. Чунки биз бир командамиз, бир эшелонмиз. Ажралиб қолган вагон эса ёлғиз қолиб кетади, -деди.

Шундан кейин Каримов барчани катта залга даъват этди.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: