Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин”, 2-китоб,(тарихий роман)

24.”ТАНГРИЧАЛАР”

Каримов шўролар императорлигининг йиқилишига асло ишонмасди. У императорликни баланд деворлар билан ўраб олинган қалъага ўхшатарди. Бу қалъанинг девори шу қадар баланд эдики, уни инсон зоти у ёқда турсин, ҳатто бирор бир махлуқнинг ошиб ўтиши амри маҳол деб ўйларди. На ичкарига кириш ва на ташқарига чиқиш мумкин. Қалъа ичида юз бераётган воқеаларни кузатиб туриш учун девор устига минг-минг қўриқчи чиқарилган. Каримов ўзича бу қўриқчиларни “тангричалар”, қалъа ичидагиларни эса “чумолилар”деб атарди. “Тангричалар” кунни кун, тунни тун демасдан “чумолилар”ни кузатиб туришар, ўз чизиғидан чиққанларни эзғилаб ташлашарди.
Аввалига Каримовнинг орзуси “тангричалар”сафидан ўрин олиш эди. Бу орзусига етгач, кўрдики “тангричалар” тепасида “тангрилари”бор экан.
Қалъа деворининг устига чиққач, императорликнинг мустаҳкамлигига яна бир бор ишонди. Каримов “Бу қалъа йиқилиши мумкин”, деган фикрни хаёлидан ўтказишга қўрқарди. Фақат бир марта “Бу чумолилар қалъа деворларининг остини ўйиб ташлаган бўлсалар-чи?”деган савол кўнглидан кечганда, тиззалари титраб, кўнгли беҳузур бўлганди. Бу қалъа йиқилса “тангрича”ликдан айрилиш қўрқуси эмас, балки кўнглидан ўтганини ўзидан юксакдаги “тангри”лари пайқаб қолишидан титраш эди.У жумҳуриятга “биринчи” этиб тайинлангач, КПСС Марказий Комитетининг Сиёсий Бюросига аъзо бўлди. Ўшанда илк бор севинч деган туйғунинг лаззат сарҳадлари бепоёнлигини, ғурур деган кучнинг салоҳияти ҳудудсиз эканлигини юракдан ҳис қилганди.
Ҳатто Тошкентга қайтаркан, учоқдан тушиши билан мухбирларни ёнига чақириб “Халқимга етказинг, мен Политбюрога аъзо бўлдим. Бу халқимизнинг узоқ йиллик орзуси эди. Уни амалга ошириш менинг гарданимга тушди. Бу нафақат мен учун, балки бутун халқимиз учун юксак ишонч. Бугун ҳаммамиз учун катта байрамдир!”деганди.
Лекин Каримов истаса-истамаса қалъа йиқилаётганди. У жон-жаҳди билан елкасини қалъа деворларига тираб, уни тутиб қолишга уринаётган кишилардан бирига айланди. Қалъани сақлаб қолиш учун ҳар турли йўл қидираётган кунларида жумҳуриятда ҳам қалъа деворининг остини “ўяётганлар” кўпайиб қолди. Каримов бу ишнинг бошида турганлар билан “одамга ўхшаб” гаплашиб қўймоқчи бўлди. Аввал Исо Холисни чақирди.
-Ука, сиз машҳур одамсиз, -деди унга. -Сизнинг ҳар бир қадамингизни кузатиб, кўриб турибман. Айниқса пахта монополияси, оилани режалаштириш, Оролни қутқариш борасидаги нутқларингиз мени ҳаяжонлантирди. Ҳар ким ҳам ўз халқи дардини бу қадар жасорат билан ўртага олиб чиқолмайди. Бугун бу ишни сиз бошладингиз.
-Бугун эмас, буни бир неча йил олдин бошлаганмиз. Бундан олти йил бурун Политюрога шикоят мактуби йўллаб, халқимизнинг дардини ифода этганмиз.
-Лекин бу дард шикоят билан малҳам топмайди. Унинг малҳами ақл, идрок, куч ва интизом, -деди Каримов Исо Холисга узоқ гапириш учун изн бермай. Сиз намойишларни тўхтатинг, мен эса эртага иш бошлайдиган сессияда тил масаласини кўтариб чиқай. Биласиз, ман янгиман, парламентда эса куч эскича фикрловчи кишиларнинг қўлида. Бунинг устига рус тилида гапирувчиларни ҳам ҳурмат килишимиз керак. Сўз бераман, ўз тилимизни давлат тили деб эълон қилиш учун бутун кучимни ишга соламан. Сиз эса бунга жавобан намойишларни тўхтатасиз…
Исо Холис мамнун қиёфада чиқиб кетаркан, Каримов Шавкат Темурни чақирди.
-Сизни анча чўрткесар одам дейишарди. Лекин кўринишдан юмшоқ кишига ўхшаяпсиз, -деди Каримов Шавкат Темурга. -Бугун намойишларда ўртага отилаётган шиорлар билан мен бажармоқчи бўлган орзуларнинг ҳеч қандай фарқи йўқ.
-Ундай бўлса нима сабабдан намойишга чиққанларни калтаклаяпсиз, қамоққа ташлаяпсиз, таъқиб этаяпсиз?
-Сиз мени сўроқ қилишга келдингизми? -Каримовнинг жаҳли чиқди. Ўрнидан туриб хонада у ёқдан бу ёққа икки уч марта бориб келди-да ойна ёнида тўхтаб ташқарига термулди. Шаҳар марказидан оқиб ўтадиган ариқнинг соҳилларидаги мажнунтол дарахтлари остида одамлар ўтиришганини кўриб қолди. “Буларнинг иши йўқми?” деб ўйлади. Куппа кундуз куни бу ерда нима қилишади? Балки талабалардир? Талаба бўлса, дарсига борсин! Балки ошиқ-маъшуқлардир? Нима, бу ер уларга севги хиёбоними? Аслида бу бинонинг атрофини ўраб олишим, соҳил бўйларини тартибга келтиришим керак. Бинони темир панжара билан ўраб олишни тезлаштирмасам, мана булар бостириб келишдан ҳам қайтишмайди. Қайси кун аскарликда ўлган боланинг тобутини шу ердан олиб ўтишди. Мана бу ҳам уларнинг орасида эди. Янги дўппи кийиб тобутнинг олдида бораётганди. Ўзларича намойиш, исён қилишга уринишди. Лекин бир имо қилгандим миршаблар кавушларини тўғрилаб қўйди. Айб бизда эмас, айб юқорида. Юқоридагилар жиловни бўшатиб юборишди. Бутун мамлакатни ана шундайларнинг қўлига бериб қўйиб мажлисхонага айлантиришди. Мана энди мендай одам ҳам унинг бемаъни саволлари қаршисида қолишга мажбурман. Ҳозирнинг ўзидаёқ уни бу ердан қувиб чиқаришим мумкин. Ҳатто қамаб қўйишим ҳам ҳеч гап эмас. Ёки қўл оёғини боғлатиб, сойга отиб юборсам ҳам гулдур гуп! Гум бўлиб кетади. Лекин юқори уларни қўллаяпти. Баъзилар буларни юқорининг ўзи ташкиллаштирган демоқдалар. Шунинг учунмикан юқоридан уларга тегманглар, дейишяпти. Хўш, нима қилиш керак? Уларнинг мажлисини томоша қилиш билан кун ўтказаманми?
Дарвоқе, нега буларни айри-айри чақирдим, нега ҳар иккаласи билан бирданига суҳбат қилмадим? Йўқ, у ҳолда бир-бирининг олдида ўзларини кўрсатиб қўйиш учун менинг ёқамга ёпишишарди. Ҳа-я, душманингни парчала, кейин йўқ қил, деган гапни ким айтган экан? Булар билан тенг келиб ўтираманми? Ўзларини ўзларига едираман! Мен четда қолиб томоша қиламан, булар эса бир-бирларининг юзларини юлишади. Ҳа, бугун бир товоқдан ош еган биродарларни эртага қон қасос душманга айлантираман. Менинг совунимда кир ювиш қандайлигини кўриб қўйишсин. Бир умр душман бўлишади, ҳатто авлод-аждодларига қадар сингади бу душманлик. Аммо хато қилмаслигим керак. Наригисини алдаш осон, истаган жойидан қармоққа илинтириш мумкин. Лекин буни-чи? Буни ҳам ўйинга келтиришнинг йўлини топаман.
Каримов ўрнига келиб ўтирди-да, юмшаган оҳангда Шавкат Темурга гапира бошлади:
-Олдимизда сайлов бор. Сизларга битта ўрин ажратдик. Сизнинг номзодингиз учун.
Шавкат Темур худди эгасининг қўлида суяк кўрган итдек тамшаниб қолди. Каримов бундан фойдаланиб, асосий гапни айтди.
-Аммо Исо Холис қарши бўлди. Фақат сиздан илтимос бу суҳбатимизни ундан узоқ тутсангиз.
Шавкат Темур севинчли кўзларини ўйнатиб, бошини ликиллатди. Каримов ундан нафрат қилди. Жуда осон сотиладиган туридан экан. Бундайларга бир нарса бериб ҳам мазза қилмайсан. Уни қуруқ гап билан бозорга соламан. Ана унга қарши шундай ўйнатаманки, тарих бунақа томошани жуда узоқ эслайди. Бунинг икки қулоғини кесиб қўяман. Қутуриб қолади. “Фас” дедимми босади. Бутун умрини шунга сарфлатаман. Бунинг учун уни аввал ватанпарвар, миллатчи қилиб кўрсатишим керак. Буни Мелкумовга топширсам ўзи боплайди.

(ДАВОМ  ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: