Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин” (тарихий роман)

23.СУЛҲ

Каримов орқасига қайрилиб, қўл қовуштириб турган Йўлдошевга:
-Соатингиз борми? – деди заҳарханда оҳангда.
-Бор, бор, – дея унга эгилди мажлис раиси.
-Ундай бўлса нега мажлисни бошламаяпсиз? Танаффус ўн олти соатми?! – дея бақирди.
Раис ердан ерга сакрайдиган ниначи каби бир-икки ҳамлада ўз жойига ўтириб олди ва қўлларини бир-бирига ишқалаб:
-Ҳамма жой-жойига ўтирсин, мажлисимиз давом этади, – деди.
Аммо кимга сўз беришни билмасди. Нима қиламиз, дегандек Каримовга қаради. Каримов эса атайлабдан юзини бошқа томонга бурди. Бу ҳам норозилик аломати эди. Раис нима қилишини билмай қолганди. Шу пайт мажлис залининг биринчи қаторида ўтирган Мирсаидов ўрнидан туриб, минбарга қараб юра бошлади. Мажлис раиси томирларида тўхтаб қолган қон қайта ҳаракатга келганини ҳис қилди, лекин юраги потирлай бошлади. Ўйлашга эса вақти қолмаганди, бошини микрофонга яқинроқ олиб борди-да, хириллаган овозда:
-Ҳурматли Бош вазиримиз Шукрулло Мирсаидов сўз сўраяптилар, – деди.
Мирсаидов эса аллақачон минбарга чиқиб олган эди. У талвасага тушган раиснинг кечиккан эълонига мийиғида кулиб жавоб қилди. Сўнг икки қўлини минбарга тираганча гапини йўқотган одамдек анча вақт залдагиларга термулиб қолди. Кейин мажлис раисига ва Каримовга бурилиб қаради. Минбарнинг бир четида турган бардоқдаги сувдан ҳўплади ва:
-Халқимиз “тиз чўккунча тик туриб ўлган яхши” дейди. Мен мансаб учун туғилганим йўқ ва мансаб учун курашаётганим ҳам йўқ!… – деди.
“Ў, Шукрулло”, – дея қичқириб юборди Каримовнинг хаёлларидаги қандайдир бир куч! Агар ҳозир залдагиларга “Сиз мана шу одамга ишониб ўтирибсиз-ми, уни бу ердан қувайлик” десанг мен ўзим бу ерни ташлаб чиқиб кетардим. Йўқ, нега чиқиб кетарканман? Шундай деганингда ҳам бир чорасини топардим. Мана бу олтмишта тирранчани икки оғиз гап билан тинчитганимда сенга қарши гап топа олмасмидим? Аслида мен нега сени бу қадар катта куч деб ҳисоблаб келдим. Сен куч эмассан! Пойтахт халқи куч. Ана шу халқни тинчитиш учун сендан, сен бўлмасанг бошқа биридан фойдаланишим керак. Рашидов шундай мувозанатни сақлагани учун ўттиз йил тахтда ўтирди. Раҳматли не-не ўйинларни бошидан кечирмади? Гоҳо тош отдилар, гоҳо ўқ отдилар, аммо селнинг ҳам, дўлнинг ҳам остидан қуруқ чиқаверди. Чунки “селсовети” яхши ишларди. Мен ҳам ана шу йўлдан боришим керак. Сен эса тўғри айтдинг, мансаб учун туғилган эмассан, Шукрулло!
Залдаги ғала-ғовур Каримовнинг хаёлларини бўлди. Мирсаидов ўрнига бориб ўтиргандан кейин қаторлар орасида даҳанаки жанг бошланганди. Негадир ҳар ким ё ёнидаги ё орқасидаги одам билан тортишарди. Булар энди ўз қиёфаларини очмоқдалар, деб ўйлади Каримов. Бир зумдан кейин ҳатто минбарга чиқиб мени мақтай бошлашади. Чунки оғирлик қайси томонга оғганини кўришди. Ўртада мусобақа ҳам бошланади. Буларнинг ҳаммаси хоин, ҳаммаси сотқин! Тузимни еб, тузлиғимга тупуришди. Ҳаммасини мен депутат қилганман. Лекин нонкўрлик қилишди. Фақат Эркин Воҳидов, Исо Холис, Аҳмадали Асқаров бундан мустасно. Аслида улар ҳам хоин. Менинг илтимосимни кутишлари керак эдими? Нега бу воқеалар бошланмасдан олдин ёнимга келишмади?! Нега мен билан бирга қадам ташлашмади?! Ахир, Исо Холисни депутат қилгунча она сутим оғзимдан келди-ку? Унинг бир ўзини номзод қилиб кўрсатдим, қаршисига ҳеч кимни қўйдирмадим. Воҳидовни ҳам ана шу йўл билан сайлатдим. Ҳозир у ҳам сўзга чиқиб қолса керак. Ҳм… Шавкат Темурни ҳам сайлатишим керак эди. Ҳозир ташқарида тош отиб юрибди. Сайлатганимда мана шу ерда, қўл остимда ўтирган бўларди. Истасам гапиртириб, истасам пустириб ўтирардим.
Худди Каримов ўйлаганидек, бир зумда минбарнинг ёнида сўзга чиқувчилар бепул гўшт бераётган дўкон эшиги оғзида тўплангандек йиғилдилар. Уларнинг орасидан бири отилиб минбарга чиқди. У матбуот вазири Убайдулла Абдураззоқов эди. Каримов уни илгари у қадар яхши танимасди, лекин олдингилар замонида “урилиб” кетгани учун мансаб берди. Чунки “олдингиларнинг ишонган тоғларини уларнинг душманлари йиқитади” деган қоидага ишонарди. Бу ҳам садоқат билан хизмат қилаяпти, деб ўйлади Каримов. Табиий ҳол. Бир марта калтак еган одам йўл четидаги чўпдан ҳам ҳадиксирайди. Лекин феълида бир оз ҳақиқатга қайишадиган томони ҳам бор, бу ҳам табиий ҳол. Бир марта ноҳақлик туфайли синдирилган киши кейин ҳақсизликни кўрганда қийнала бошлайди. Аммо у кейинги вақтда Шукруллога яқинлашиб қолди. Ораларини бузиш керак. Ҳатто ит ҳам икки кишига бирдан содиқ бўлолмайди. Убайдулла Абдураззоқов фавқулодда ҳолат рўй бергандек, ташвишли оҳангда гапира бошлади:
-Дўстлар, халқимизнинг азиз вакиллари, бундан икки дақиқа олдин мустақиллигимизни хавф остига қўядиган воқеанинг олдини олдик. Мажлисимизга Шавкат Темур бошлиқ бўлган ҳаракатнинг аъзолари “Биз Марказий телевидение мухбирлари” дея сохта ҳужжат билан киришгани ва бу ердаги тортишувимизни ипидан игнасигача ёзиб олаётган пайтда қўлга туширдик. Камераларини тортиб олдик ва ўзларини ҳурматли миршабларимизга топширдик. Улар ёзиб олганларини Москвага етказиб бермоқчи эканлар. Бу хоинликнинг биринчи пардаси. Иккинчи пардаси эса бундан бир соат олдин юз берди. Москванинг “Время” кўрсатуви ушбу мажлисимизда “Каримов ишдан олиб ташланди”, деган машъум хабарни эълон қилди. Бу хабарни мана шу ерда ўтирган айрим депутатлар юборишганини ҳам ўргандик.Улардан бири ўзини сотиб қўйди. Биз Москвага телефон қилмоқчи бўлиб турганимизда “Менда телевидение раҳбарининг телефони бор” деб қолди. Ҳатто улар дўст ҳам эканлар. Мана сизга хоинлик, мана сизга ҳақиқат!
Залда шовқин-сурон бошланди. Ҳа, қозонни қайнатиб юбордим, деб ўйлади Каримов. Кеча матбуот котиби бу ўйин ҳақида гапирганида у қадар аҳамият бермагандим. Лекин иш бериб қолди. Тирранчаларнинг ҳаммаси тузоққа тушадиган бўлди. Хоинлик тамғасини ёпиштираман уларга. Уларнинг сомонхонаси шу ер экан. Аммо Убайдулла Абдураззоқов ҳам ўпкасини ютган одамлардан, ҳатто артистлар ҳам бундай гапира олмайди. Баъзан шунақанги сўзларни топадики, одамни эритиб, сувга айлантириб юборади. Аслида унга ҳам қийин. Бир марта ишдан “урилиб” атрофдаги одамларнинг муносабатини, камситишларини кўрди. Энди яна юқорига чиқиб қолди. Тушиб кетмаслик учун артистлик у ёқда турсин, тулкилик ҳам қилади. Каримовнинг хаёли яна бўлинди. Чунки ўртадаги микрофон олдига Миртемир келганди. У мажлис раисининг микрофонни очишини кутмасдан ҳаммага эшитиладиган овозда гапира бошлади. Аммо Каримов баъзи калималарни тушуна олмагани учун мажлис раисига “микрофонни оч” дея ишорат қилди.
-Биринчидан, ҳурматли вазир билиб қўйсинларки, бу мажлис тўғридан тўғри телевидение орқали кўрсатилмоқда. Бизнинг халқдан яширадиган гапимиз йўқ, биз халқнинг вакилимиз. Ҳамма ҳаракатимиз ошкора қилинмоқда. Иккинчидан, сиз камерасини олиб қўйган одамлар ҳақиқатдан ҳам телевидение мухбирларидир. Биз уларни яхши таниймиз. Қачондан бери ҳақиқатни суратга олиш хоинлик бўлиб қолди? Учинчидан, сиз исмини айтишга қўрққан ва хоинликда айблаганингиз мен бўламан. Тўртинчидан, Москвадан берилган хабар орқасида катта ўйин бор, бу хабар ҳукумат идораларидан етказилгани ҳақида маълумотимиз бор. Бешинчидан эса, Москвадаги Марказий телевидение раҳбари Сагалаев илгари шу ерда ишлаган ва уни кўпчилик яхши танийди. Юқоридаги ўйинни фош этмоқ учун унинг телефонини вазир жанобларига мен бердим. Биргаликда телефон қилдик, лекин бошлиқ таътилда ва чет элга кетган экан. Бу воқеа бундан бир соат олдин эмас, балки эрталаб юз берди. Лекин вазир картанинг иккинчи томонини кўрсатаяптилар…
Каримов, ўзим сўзга чиқмасам ҳамма нарса қайтадан бошланадиганга ўхшайди, Убайдулла Абдураззоқов хол қўйди, деб ўйлади. Лекин бу ҳол гўзаллик холи эмас, балки фоҳишанинг лабидаги зангор холга ўхшайди. Ишни шу қадар ҳам хом қилиш мумкинми? Залдагиларнинг кайфиятлари юз фоиз ўзгариб турган бир пайтда ҳамма ишни бузиб юборди.
Каримов ўйларини тизгинладида бармоқлари билан олдида турган микрофонни черта бошлади. Бу “микрофонни оч” белгиси эди. Раис “очилди” дея боши билан имо қилди.
-Миртемиржон, – дея Миртемирнинг сўзини кесди Каримов. – Кўриниб турибдики, ўртада англашилмовчилик бор. Лекин ғишт қолипдан кўчган, туҳмат эса бошимизга ёғилган. Шу сабабдан мажлиснинг алоҳида бир комиссиясини тузишни таклиф қиламан ва унинг раислигига ҳаммамиз учун адолатнинг тарозисига айланган ҳурматли шоиримиз Эркин ака Воҳидовнинг номзодини кўрсатаман.
Каримов бир ўқ билан етти қуённи ургандек ҳис қилди ўзини. Воҳидовнинг сўзга чиқмагани учун ширин гаплар билан тақдирлаган бўлса, айни пайтда бу номзод Миртемир ва унинг дўстларини ҳам қониқтиради.Чунки улар ҳали ўйиннинг фарқида эмас. Воҳидовни эркин инсон деб ўйлашаяпти. Бу комиссия бошида Воҳидов турса, хулосани истаган сўқмоғимга бураман.
-Ҳурматли раисимиздан илтимос қиламан, масалани овозга қўйсинлар, – деди Каримов. Сўнг бир нарса эсидан чиқиб қолган кишидек яна микрофонни очтирди.
-Ҳа, дарвоқе, бу комиссияда мухолифатдан ҳам бир киши ўрин олишини истайман. Менинг назаримда Сурат Болтаев энг тўғри номзод. У киши ҳозирки ҳозир, социализм даврида ҳам раҳбарларнинг юзига камчилигини очиқ айтган инсонлардан, – Каримов мажлис раисига бурилдида сўзини давом эттирди:
-Энди овозга қўйишингиз мумкин.
-Бошқа таклифлар борми? – дея залда ўтирганларга мурожат қилди раис.
“Ҳўкиз” деб ўйлади Каримов, сўраб ўтиргунча овозга қўявермайсанми? Ҳозир яна тортишув бошланиб кетса нима бўлади? Хайриятки, ўтирганлар бошқа бир таклиф кўрсатишмади. Раис овозга қўйганди Каримовнинг таклифи тасдиқланди. Демак, машина ишлай бошлади, деб ўйлади Каримов. Одамларнинг асаби ўз ўрнига қайтди. Асаб машинага ўхшайди, йўлдан чиқдими тамом, яна қайтиб изга тушгунча кутиб турмоқ керак. Бир изга тушиб олгандан кейин темир йўлда ҳаракат қилгандек бир чизиқ бўйлаб бораверади. Энди нимани овозга қўйсак, ўтиб кетаверади. Лекин бугун “риск” қиладиган пайт эмас, асабларни яхшилаб ўлдиришим керак. У яна мажлисга қараб “Мен сўз истайман” деди ва ўрнидан туриб минбарга қараб юрди. У минбарга етиб келган ва гапира бошлаган бўлса ҳам мажлис раиси унга сўз берилажагини эълон қилди.
-Бугун менинг шаънимга айтилган ҳамма гаплар, ҳамма танқидлар тўғри. Инсон хатосиз бўлмайди. Мен ҳам онамдан президент бўлиб туғилганим йўқ. Сизнинг ёрдамингизга муҳтож одамман. Мана қўлимда ўттиз саккиз миллатвакили имзо қўйган баёнот бор. Оз эмас, кўп эмас ўн саҳифадан иборат. Бу ерда иқтисоддан сиёсатга қадар ҳамма соҳада йўл қўйилган камчиликларим кўрсатиб берилган. Бундан кейин бу ҳужжат мен учун йўлчи юлдуз бўлади. Буни Миртемир укамиз ёзганини ҳам яхши биламан. Адолатни ва бор гапни ёзганки, айтайлик, шунча миллатвакили унинг остига имзо чеккан. Мен бу ерда, яъни мана бу манбарда қўлимни пештахта қилиб ўзимни оқламоқчи эмасман… – Каримов баъзи сўзларни адашиб айтаётганини ўзи ҳам ҳис қилди. “Айтайлик” калимасини “эйтайлик” деб юборгандан кейин хаёлида адашдим деган фикр айлана бошлади ва минбарни “манбар”, пешни “пештахта” деб гапирди. Нутқимни қисқа қилишим керак, акс ҳолда ўзим ҳам издан чиқиб кетишим мумкин, деб ўйлаган Каримов масаланинг иккинчи қисмига ўтди.
-Аслида бугун сайлов ҳақидаги қонун муҳокама этилиши керак эди.Танқидлар шуни кўрсатадики, бу қонун лойиҳасида ҳам жиддий камчиликлар мавжуд. Шу боис уни орқага олмоқчиман.
Каримовнинг кўзи залдан пилдираб чиқиб кетаётган кишига тушди. У олтин конларининг бошлиғи эди. “Вой, аблаҳ!” деб ўйлади Каримов. “Вой, нонкўр! Сени ўрис деб бўшатишни талаб қилганлар оз бўлдими, қинғир-қийшиқ ишларингни рўкач қилганлар-чи? Хўп, содда одам эканман. Инсонларни танимоқ қийин дейишарди, ишонмасдим. Қара-я, тағин мен гапираётган пайтда исёнкорона чиқиб кетмоқда.
-Ана у Иванов сингари одамлар учун фарқи йўқ, – Каримов кўрсатгич бармоғи билан залдан чиқиб кетаётган кишини кўрсатиб, жаҳл билан сўзда давом этди. – Булар учун ҳеч нарсанинг фарқи йўқ. Айтайлик, масъулиятни ҳам билишмайди, айтайлик, раҳбарликни ҳам билишмайди, айтайлик, иш қилишни ҳам билишмайди, айтайлик, мана шу ерда ўтиришни ҳам билишмайди! Каримов қўлини мушт қилиб қандай ўтириш кераклигини кўрсатган бўлди ва сўзда давом этди:
-Мана шундай латта раҳбарлар туфайли мен жўжахўрозларнинг ёнида қизариб қоламан. Ана шундай ишёқмаслар туфайли менга дашном беришади…
Шу пайт Миртемир ўрнидан туриб Каримовга юзланди:
-Кечирисизу лекин шу ернинг ўзида ҳам ўзингизга зид гапираяпсиз. Ҳозиргина хатоларингизни тан олиб тургандингиз, орқасидан камчиликларингизни кўрсатган одамларни менсимасдан ҳақорат қилаяпсиз, – деди.
Каримов издан чиқиб кетганини сезиб қолди, шекилли, томоғига бир нарса тиқилган одамдек кафти билан оғзини бекитиб йўталган бўлди. Бу ёлғон йўталиши ўзини ҳам қониқтирмади, бардоқда алмаштирилмай қолган сувни олиб ҳўплади. Мажлис хизматкорлари ҳаётларида илк бор бунақанги тортишувни кўришганидан ҳинд кинофилмини тамоша қилаётган болалардек оғизлари очилиб қолган ва сувни алмаштиришни ҳам унутишганди. Каримов бардоқ остидаги бир ҳўплам сувни ичиб бўлгач, буни англади ва қўлидаги бўш бардоқни раиснинг юзига улоқтирмоқчи бўлди. Лекин ўзини тутиб қолди.
-Сиз ҳақсиз, – деди у Миртемирга қараб. – Раисдан илтимос, мажлиснинг бугунги қисмига шу ерда нуқта қўйсин. Ивановга ўхшаб чарчаб қолганлар меҳмонхонага бориб…
Каримов “меҳмонхонага бориб арақларини ичсин” демоқчи эди, лекин гапининг давомини ютиб юборди.
-Илтимос қиламан ёшу мард ва жасур миллатвакиллари шу ерда қолсинлар. Керак бўлса эрталабгача ўтириб масалаларни муҳокама қиламиз, керак бўлса келажак учун дастур ҳозирлаймиз, – деди.
Мажлис раиси нима қилишини билмай, шошиб қолганди. Каримовнинг олдида гуноҳ қилиб қўйган боладек сесканиб турарди. Мажлисни ёпишга талайгина вақт бўлсада, у итоаткорлик билан Каримовга бўйсунди ва бу орада ўзини ҳам оқлаб олмоқчи бўлгандек миллатвакилларига мурожаат қилди:
-Бизда демократия йўқ, деганлар келиб демократияни биздан ўрганишсин. Бугун бу ерда парламентимиз бизни севмаганларга демократия дарси берди. Сўз эркинлиги йўқ, деганларнинг бўғзига пахта тиқилди. Микрофонларимиз ҳар бир сўз истаган миллатвакили учун очиқ эди бугун. Матбуот эркинлиги йўқ, деганларнинг ҳам пайтавасига қурт тушди. Чунки бугунги мажлисимиз жонли ўлароқ намойиш этилди. Танқид ва ўз-ўзини танқид йўқ, деганлар юзлари шувут бўлиб қолдилар. Чунки истаган одам президентимизни танқид қилди. Ислом ака бу танқидларни қабул қилдилар. Мана шундай ишчан руҳ ва кайфиятда мажлисимизга эртага қадар танаффус бераман. Аммо ҳурматли Ислом акам билан савол-жавоби бўлган ёшлар қолсинлар!
Каримов мажлис раисининг ялтоқланишига заҳархандали жилмайиши билан жавоб қилди. Залда юзга яқин миллатвакили қолди уларнинг орасида Воҳидов, Исо Холис, Асқаров йўқ эди. Улар ё ўзларига оид вазифани битди деб, ё ўзларини ёшларга дахлдор бўлмаганларини “кўрсатиб қўйиш” учун кетиб қолгандилар. Каримов ёнига Равил Абдуқодировни чақирди:
-Сен дафтар ол, – деди. – Уни сурғучла. Қандай талаб тушганини, талаб ким томондан берилганини, ким бажаражагини ва муддатини ёзиб бор. Охирида ҳар икки томон қўл қўямиз.
Коммунистик партия даврида ҳар бир идорада ана шундай дафтарлар юритиларди. Бу интизомни сақлашнинг асосий омили ҳисобланади. Аммо ташқарида кўзбўямачилик, дафтарда эса сўзбўямачилик ҳукмрон бўларди. Ҳамманинг диққати ана шу дафтарларга қаратилар ва уларни сурғучлашдан тўлдиришга қадар бўлган дақиқа ҳаёт мамот масаласига айланарди. Каримов шу тажрибадан келиб чиқиб интизом ўрнатмоқчи эди.
-Сиз гапиринг мен эшитаман, – деди Каримов миллатвакилларига. – Ҳар қандай масалани, ҳар қандай оҳангда гапиришингиз мумкин. Зотан телевизорчилар кетиб қолишган. Халққа кўриниб қўйиш учун гапирадиганлар ҳам кетиб бўлишди. Хўш, кимдан бошлаймиз?
Миртемир ўрнидан туриб:
-Биз ҳамма талабларимизни мажлисга тақдим этилган баёнотимизда ифода этган эдик, – деди.
-У мажлисга берилган ҳужжат, кўпчилик имзо қўйган ва баъзилари аллақачон имзоларини қайтиб олишди. Шу сабабдан ҳар кимнинг мендан қандай талаби бўлса, марҳамат, айтсин, мен бажараман. Сизларга яна бир такрорламоқчиман, атрофимдагилар билан ишлаш қийин, ялқовлар, ёлғончилар, манфаатпарастлар қуршовида қолганман, сизнинг ёрдамингизга муҳтожман!
Шу пайт “Ўзбекистон овози” газетасида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаётган депутат Номоз Саъдуллаев пилдираганча минбарга чиқди.
-Мен узоқ райондан сайланганман. Мажлисда фақат гап бўлаяпти-ю натижа йўқ. Ҳозир деҳқонларнинг энг муҳим палласи. Табиат, об-ҳаво бизнинг тортишувларимизни кутиб ўтирмайди. Мен сайловчиларим номидан ҳурматли президентимизга илтимос қилмоқчиман. Бизга бир дона трактор ажратсангиз, эртага шудгор ишлари бошланиб кетади, трактор ҳаётий масалага айланади.
-Яхши, – деди жиддий оҳангда Каримов ва ишчанлик кайфиятида Равилга қайрилиб:
-Ёз, Қишлоқ хўжалик вазири назоратга олсин, ўн беш кундан кейин натижасини менга айтасан, – деди. Номоз Саъдуллаевнинг бу талаби бежиз эмас эди. Қолаверса у бу қадар содда ҳам эмас. Газетадагилар у ҳақда гапирганда “Чанқаган одамни дарёнинг соҳилидан сувсиз қайтаради” дейишади. Ҳозир ҳам унинг талаби соддаларга қарши йўналтирилган бўлиб, қопнинг оғзини очиб юборди. Миллатвакиллари бирин-кетин автобус сўрашга, газ ўтказиб беришга, сув қувурлари ётқизишга, колхоздан клуб очишга, болалар боғчаси қуришга оид талабларини айта бошладилар. Бу ҳодисадан Миртемирнинг жаҳли чиқди ва олдинги қаторда ўтирган Ойгулга:
-Сизга ҳам бир дона трактор керак эмасми? – деди. – Вақтни қочирманг, темирни кизиғида босинг.
Ойгул Миртемирнинг нимага шаъма қилганини англади, шекилли, ўрнидан туриб минбарда талабини айтаётган миллатвакилининг сўзини бўлди:
-Биз район селхозтехника идорасининг мажлисига келганимиз йўқ. Бу ерда мамлакатимизнинг келажаги, танлаган йўлимиз ҳақида бир қарорга келишимиз керак, – деди.
Гапираётган йигитнинг бунга жаҳли чиқди:
-Трактор мрактор сўраганларга бир нима демайсиз, лекин мен мактаб ҳақида гапираётганимда, сўзимни бўласиз. Хўш, мактаб мамлакатнинг келажаги эмасми? Ерлар шудгор қилинмаса, миллат оч қолмайдими, қишлоққа газ ўтмаса, одамлар совуқ қотмайдими? Мана бу ерда ўтириб олиб Туркистонни тузганингиз билан халқнинг ҳаёти ўзгармаса нима фойдаси бор?!…
Миртемир ўрнидан туриб минбарнинг ёнига келди ва маърузачи сўзини битиришини кутиб турди. Буни маърузачи “гапингни калта қил” маносида тушунди, шекилли, жаҳл билан минбарни тарк этди. Миртемир унинг ўрнига чиқди-да:
-Миллатвакили прораб, зоотехник, қурувчи эмас. У давлат арбобидир. Бугун сизнинг бирингизга трактор берилар экан, бу осмондан ёки Урусиянинг ҳисобидан олиб берилмайди. Балки бировнинг ҳақи юлиб олиниб сизга берилади. Бу этакнинг бир томонидан кесиб олиб, бошқа бир томонини ямагандек гап. Масала эса ҳатто этак ҳақида ҳам эмас, масала этакнинг газламаси ҳақида. Биз бугун қайси йўлдан боришимизни аниқ белгилаб олмас эканмиз, миллатвакилларимизнинг тушига фақат тракторлар ва автобуслар кираверади. Туркистон ҳақида гапирдингиз. Бугун учун энг яхши малҳам Туркистон бирлигидир. Туркистоннинг миллат, тил, маданият бирлиги ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ, чунки бу мавжуд ва бор ҳақиқатдир. Уни инкор ҳам, йўқ ҳам этолмайсиз. Аммо иқтисодий бирлик, ҳарбий бирлик бизнинг келажакдаги энг буюк қуролимиз бўлади…
Каримов микрофонни черта бошлади. Миртемир сўзини кесиб Каримовга бурилди:
-Менинг трактор ёки автобус талабим йўқ, – деди ва минбардан тушди.
Каримов сувнинг оқиши бошқа ёққа бурилиб кетишини ўнгламоқчи эди.
-Ука, – дея у Миртемирга юзланди. – Сиз менинг юрагимдаги гапларни айтдингиз. Лекин кўриниб турибди-ки бугун бир қарорга келолмаймиз. Шу сабабдан келишиб олсак. Мен эртадан бошлаб парламент талабларини ўрганиш, улар асосида сиёсат йўлини белгилаш учун ўзимга бир ёрдамчи вазифасини жорий этсам. Унга керакли барча ҳуқуқларни берсак. У сиз билан менинг ҳар ойда бир марта мана шундай юзма-юз учрашувимни ташкил этса, талабларингиз ижросини назорат қилиб борса. Сизлар билан бирга мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг дастурини ҳозирлаб, менга тақдим этса ва ижросини назорат қилиб борса. Нима дейсизлар?
Ўртага бир зум сукунат чўмди. Бу айни пайтда ташаббускор миллатвакилларининг мағлубият кўчасига кирганларини тан олганлари ифодаси бўлса, бошқа томондан ризолик, сулҳ аломати ҳам эди. Сукунатни яна Каримов бузди:
-Ораларингизда мана шу вазифани бажара оладиган мард топиладими? Танқид қилиш осон, лекин бир ишни бажариш осон эмас. Мана Миртемир укамиз танқид қилишни севадилар. Агар халқ ва мамлакат ҳақида ўйлаганларини амалга оширмоқчи бўлсалар, келсинлар биргалашиб ишлайлик. Мени ишонтира олса, ҳар қандай йўлдан боришга розиман, – деди.
Миртемир ўрнидан туриб рад жавоб бермоқчи эди, Тошпўлат Жўраев “Ўтирсангизчи” – деди унга. Мурод эса “У рози, биз ҳам унинг номзодини кўрсатамиз” – деди. Ойгул бўлса, орқага қайрилиб, Миртемирга “Табриклайман” дея жилмайиб қўйди.
-Демак, Миртемир укамизни табриклайман, – деди Каримов– Равил, сен ҳамма талабларни Миртемирга топширасан ва бу масалаларда унга ёрдам берасан. Қолган гапларни эса эртага гаплашамиз, – деди Каримов. Лекин Миртемир ўрнидан туриб бу вазифаг ўтмаслигини айтди.
-Ҳа, қўрқдингизми?-деди Каримов,-гапириш осон, аммо ишлаш қийин…
Бу гап билан у Миртемирни мот қилди ва мажлисга нуқта қўйди. У ўрнидан туриб, эшик томон юрар экан, Равил унинг ёнига келиб:
-Нозир акани ушлаб турибмиз, Крайнов гапга тутиб турибди, ёки жавобини бериб юборайликми? – деб сўради.
-Чақир, боғда гаплашамиз, – деди Каримов. Нозир Жабборов Каримовнинг институтда бирга ўқиган курсдошларидан бири эди. Нозир Каримовга кўра олдинроқ мансаб курсларини босиб ўтди. Вазир бўлди, кейин Марказий Қўмита бўлим мудири, ундан кейин йирик вилоятнинг раҳбари. Жуда кўп хайрли ишлари билан халқ орасида номи чиқди. Қайси вилоятда қурилиш, ободонгарчилик, халққа хизмат оқсаб қолса, уни ўша ёққа юборишарди. Каримовга ҳам унинг кўп ёрдами теккан. Нозир Жабборов Миртемир яшаган вилоятга раҳбар бўлиб келганда, бу ерда бирор иш қила олмайди, деб ўйлашганди. Чунки бутун жиловлар ўғри “бобо”ларининг қўлида эди. Бир йилнинг ичида Нозир Жабборов ўғриси борми, мафияси борми ахлатни супургандек супуриб ташлади. Сичқоннинг инини ижарага олган бу тоифа одамлар Москва “тешиги”дан ёруғликка чиқдилар ва туҳмат билан Нозир Жабборовни қамадилар. Миртемир Нозир Жабборовни озод қилувчилар ҳаракатига қўшилди.Ўша кезларда Каримов эндигина жумҳуриятга раҳбар бўлганди. Вилоятга келиб “Тўполончилар” билан учрашди.
-Нозир Жабборов сиздан кўра менга яқинроқ. У менинг жон дўстим. Унинг озод бўлиши учун ҳар куни илтижо қиламан. Агар суд бўлса ва у оқланса, мана шу ерда эркак сўзини бераяпман, уни ўз жойига тиклаймиз, деди. Орадан кўп ўтмай Нозир Жабборов оқланди, лекин ишсиз қолди. Яна вилоятда уни ўз жойига тиклаш ҳаракати бошланди. Бу сафар Каримов тиш-тирноғи билан унга қарши курашди. Уни бадном қилиш, ёмонотлиқ сифатида халққа кўрсатиш учун бутун ҳунарини ишга солди. Вилоятга Нозир Жабборовни эмас Абдураҳмоновни раҳбар этиб тайинлади. Сайловлар бошланганда Нозир Жабборовни ўзи туғилган тумандан миллатвакили этиб сайлашди. Сайлов натижаларини ҳисобга олишмади. Иккинчи бор сайлов ўтказилди. “Истасанг укангни бўшатамиз, унинг ўрнида ишлайсан, сўнгра ўша ташкилотга раҳбар бўласан” дейишди. Мана энди курсдошлар юзма-юз учрашиб турибдилар. Каримов Нозир Жабборовнинг елкасига қўлини қўйиб:
-Дўстим, сенга кўп ситам ўтди. Ҳаммасидан хабардорман. Худо ҳоҳласа, ёруғ кунлар олдинда. Сени ўз вазифангга тиклайман. Самарқанд сенсиз хароб ҳолга келди. Кеча сени қидиргандим, тополмадим, ёрдамингга муҳтожман. Бугун гувоҳи бўлдинг, атрофимдагилардан бирортаси мени ҳимоя қилмади. Бундан кейин сенга ўхшаган дўстларимга таянишим керак. Узоқнинг донидан яқиннинг сомони яхши, дейдилар.
-Сиз билан учрашиш учун бир йилдан буён уринаман, лекин Крайнов доим Жўрабековга жўнатади. Жўрабеков эса ёлғончи, сўзида турмайдиган одам.
-Нима қилай куним шундайларга қолган. Худо ҳоҳласа биргалашиб ундайларнинг бит босган кўрпасига ўт қўямиз. Мана шу мажлис ўтсин, ҳузуримга кел, сени вилоятга раҳбар этиб тайинлайман. Бу самимий гап. Эркакнинг гапи битта бўлади. Ана у Пўлат Абдураҳмоновга ишонгандим, лекин ғирт порахўр, хотинбоз, муттаҳам чиқди. Уни қамоқда чиритаман.
Каримов бироз айлангандан кейин Нозир Жабборовга жавоб бериб юбораркан:
-Бу тирранчаларга ишониб бўлмайди. Эртага қайтадан бош кўтаришлари мумкин. Шундай бўлиб қолса, ўзингни кўрсатасан, – деди.
-Менимча уларнинг ишини битирдингиз, – деди Нозир Жабборов хайрлашаркан.
Дарвоқе, мажлисдан бир кун олдин Миртемир Нозир Жабборовнинг ёнига келганди.
-Мен бу ўйинларни кўп кўрдим, – деди Нозир Жабборов. – Тўққиз ой қамоқхонанинг зах бир ҳужрасида ётарканман бундай ўйинларга кирмайман, деб қасам ичганман.
-Наҳотки, буни ўйин деб ўйлаяпсиз?
-Сизлар учун ўйин бўлмаслиги мумкин, аммо улар учун ўйин бу, – деди Нозир Жабборов бошмалдоғи билан юқорини кўрсатиб. – Сизни укам, ҳурмат қиламан. Шу боис очиғини айтай, мен Каримовни яхши танийман. Унинг маҳорати ёнида шайтон ип эшолмайди. Сизлар эса сиёсий ўйин нималигини билмайдиган беғубор йигитларсиз. Бу йўлда қурбон бўлиб кетасизлар.
-Сувнинг оқишига қарасак ҳам қурбон бўламиз. Ундан кўра бу сувни бошқа томонга буриш учун уриниб кўрсак, натижа чиқса чиқди, чиқмаса қурбон бўлсак, яхшироқ эмасми?
-Дунёдаги энг осон иш қурбон бўлишдир. Энг қийини эса қурбон бўлмаслик.
-Демак, энг яхшиси ўрта йўл экан-да.
-Сизга тушунтиришга қийналаяпман. Менимча вақти келиб ўзингиз англайсиз. Лекин қалбан, руҳан, виждонан сизлар билан биргаман.
Бу суҳбатни Каримовнинг жосуслари магнит лентасига ёзиб олишганди. Каримов суҳбатни эшитиб кўргач:
-Ўйинга кирмайдиган одам! Сени шундай ўйинга киритаманки, ном нишонсиз йўқолиб кетасан, – дея бақирганди. Мана энди Нозир Жабборовни у ўйинга тортиш учун илк қадамини ташлади. Каримов бироз енгил тортдими, боши сим-сим оғриётгани ёдига тушди. Ёрдамчиси Крайновга:
-Югур, Нозирни йўлдан қайтар, мен юқорида бўламан. Бугунги ғалабани ювишимиз керак, – деди.
Каримов доим гавжум бўладиган сарой боғида ҳеч ким йўқлигини ҳам эътибордан четда қолдирмади. Қўрқоқлар, деб ўйлади, ҳар тарафга қочишган. Пана панадан пойлаб туришибди. Бу дунё нақадар хиёнаткор. Буларнинг ҳаммасига иш бердим, маош бераяпман, оилаларини мени ҳисобимдан боқишаяпти. Яна бошимга булут келганда қочишди. Эртага ўрнимга бошқа бири келса улар ҳеч нарса кўрмагандек унинг товоғини ялайдилар.
Крайнов билан Нозир Жабборов ҳарсиллаганча етиб келдилар.
-Оғайни, чарчабсан, теннис ўйнашни ташлаб юбордингми? – деди Каримов Нозир Жабборовга.
-Чарчаганим йўқ, ҳали Крайновга ўхшаганларнинг бештасини чарчатаман.
(Биринчи китоб тугади).
1995-1996.


(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: