Жаҳонгир Муҳаммад

Суратда: Ўзбекистон Халқ депутатлари (ўнгдан) Воҳид Аъзамов, Тойиба Тўлаганова ва Жаҳонгир Муҳаммад (1990 йил)

Суратда: Ўзбекистон Халқ депутатлари (ўнгдан) Воҳид Аъзамов, Тойиба Тўлаганова ва Жаҳонгир Муҳаммад (1990 йил)

“Қувғин” (тарихий роман)

22.ЖАНГ

Каримовнинг хаёлларини ўртадаги микрофон ёнида туриб гапираётган йигитнинг қўнғироқдек овози бўлди.Ким у, дея ўша томонга термулди Каримов. Ҳа, Инъомжон экан. Бу ҳам ёзувчи. Исо Холиснинг ёнида юрадиган йигитлардан бири. Ҳар ҳолда акаси мени ҳимоя қилгандан кейин укаси бошимни ёрмаса керак, деб ўйлади Каримов. Аммо Инъомжоннинг сўзлари унинг кўзини мошдек очиб юборди.
-Сиз Қашқадарё вилоятида ишлаганингизда икки ярим миллиард сўм ҳисобида қўшиб ёзишга йўл қўйгансиз. Сиз туфайли юзлаб одамлар қамалиб кетди, сиз эса сувдан қуруқ чиқиб, тахтни эгаллаб ўтирибсиз.
Мажлис зали ғала-ғовур бўлиб кетди. Илҳомжонниг сўзлари Каримовнинг қалбига наштардек ботди. Бу боланинг ўзи бошқа вилоятдан, деб ўйлади у. Лекин қўлидиги бир даста қоғозни қаердан олди экан?! Ҳар ҳолда бу ҳам Шукруллонинг иши. Бу болакай оғзининг ўлчовини билмас экан. Бундайларнинг тўтиқушдан фарқи йўқ. Энг хавфли одамлар булар, ким нима тутқазса, ўқиб бераверишади. Шу боис буни дарҳол жиловлаб қўйишим керак. Мажлисдан кейиноқ оёғига тош боғлайман.
Каримов илгари ўзи ишлаган Қашқадарё вилоятидан бир кишини қўли билан ишора қилиб ёнига чақирди.
-Сен қамалиб кетаётгандинг, лекин қутқариб қолдим. Мана депутат ҳам қилиб қўйдим. Нега энди товуққа ўхшаб ўтирибсан? Бор, ана у тирранчага жавоб бер, – деди.
У одамнинг бўйи калта эди. Пилдираганча, ўрта йўлакдаги микрофон ёнига югуриб борди. Инъомжонни туртиб, унинг ерини олиб ўзи гапирмоқчи бўлди. Лекин Инъомжон бўш келмади. Сўнг у Инъомжонниг ёқасига ёпишди. Атрофдагилар ўринларидан туриб, улар томонга юришди. Мажлис раиси эса танаффус эълон қилди.
Каримовнинг топшириғини олган киши Инъомжонниг ёқасидан тутганича минбарга томон юра бошлади.
-Кечирим сўра, кечирим сўра деяпман Ислом акадан! – дея бақирарди у.
Шу пайт югуриб келган Самандар Каримовнинг одамига узанди. Унинг елкасидан тортиб, қўйиб юборганди у йиқилиб кетди. Самандарнинг бўйи узунлиги, чиниққанлиги, гавдаси унча-мунча одамдан йириклиги ҳайбатини оширарди. Унинг ёнига келган ёзувчи Примқул Қодиров “Ука, сиз нима қилаяпсиз? Бу одам оқсоқолимизнинг топшириқларини бажараяпти, сиз аралашманг”, деди.
-Сени туппа тузук ёзувчи, деб юрган эдим, – деб жавоб қилди Самандар. – Улуғ шоҳ ва шоирларимиз ҳақида ёзган китобларинг бошқа-ю ўзинг бошқа экансан! Оқсоқолингни севсанг, ана у минбарга чиқиб ҳимоя қил!
Самандарнинг ҳайбатидан қўрққан Примқул Қодиров орқасига бурилиб оломоннинг ичига кириб кетди. Самандар эса Каримовнинг ёнига яқинлашди:
-Мажлисни бузиш учун шунақа ўйин қилишингиз керак эдими? – деди у Каримовга.
Каримов ҳам унга заҳархандалик билан:
-Сиз ҳали ҳам шу ердамисиз? Мен сизни қамалиб кетган, деб ўйлаб юрибман, – деди.
-Нега мен қамалар эканман? Мен халқнинг ҳаққига хиёнат қилганим йўқ! Ўғирлик, порахўрлик билан эмас, пешона терим билан топаяпман мен!
-Пешона тери билан топилса, кўпчилик сизга ўхшаб кошоналар қуриб оларди.
-Биламан, олдинги уйимни сиз ёндириб юбордингиз, сиз юборган одамлар ёндирди. Сизга қасд қилиб икки ойда қайтадан тикладим. Сизга алам қилгани менинг бой бўлганим эмас, одамларга ёрдам қилганим, йўл қурганим, мачит қурганим, мактаб қурганимдир. Сизга алам қилгани партиянгиз бўлимини ёпиб қўйганимдир!
-У партия меники эмас, у халқнинг партиясидир! Шунинг учун унинг бўлимини албатта такрор очамиз! – деди Каримов.
-Ҳа, олти ойки корхонамизни миршаблар ўраб олишган. Кечаси ҳам тергов, кундузи ҳам. Акамдан тортиб аммамга қадар сўроқ қилдингиз. Лекин бирор нарса тополмадингиз!
-Истасак, топамиз!
-Истасангиз кўп иш қиласиз! – дея қўлларини пахса қилиб баланд овозда гапирганича Каримовга янада яқинлашди Самандар.
-Қўлингни тушир! Ўзингни бос! Ҳозир шу ернинг ўзидаёқ қамоққа олдираман. Кимлигингни халққа кўрсатиб қўяман.
-Биламан нимага шаъма қилаётганингизни, – деди Самандар. – Уй жойимизни филмга олдиргансиз. Мен ишдан ҳайдаган ўғри-муттаҳамларни тўплаб шикоятларини ёздиргансиз. Сиз олти ой уриниб битта филм тайёрладингиз, мен эса бир ойнинг ичида сизнинг кимлигингизга оид учта филм тайёрладим. Мард бўлсангиз майдонга чиқинг! Бу филмларни депутатларга қўйиб берайлик!
-Сенинг пушкага оладиган одатинг ҳам бор экан-ку, – дея мийиғида кулди Каримов. Аммо бир зумда нафақат овози балки ўзи ҳам ўзгариб қолди, кўзи эса ёш болаларникидек жовдираб оломоннинг ичидан нажодкор қидирарди. Самандар бўлса эътибор ҳам бермасдан қўлларини пахса қилиб сўзда давом этарди:
-“Пушкага олиш” деган гапни ҳаётимда илк бор эшитаяпман. Ҳар ҳолда тушунишимча “шантаж” дегани бўлса керак. Мен уйдирмачи эмасман. Кўзим билан кўрганимга, қўлим билан ушлаганимга ишонаман. Укангиз нима сабабдан қамалганию қандай қилиб озод бўлганини халқ билмайди, деб ўйлайсизми? Укангиз билан айни жиноятдан қамалган одам ертўлада ўтирибди. Укангиз эса катта бир мафия гуруҳига бошчилик қилаяпти. Буни инкор эта оласизми?
-Ҳаддингдан ошиб кетаяпсан! Ўзингни бос! Ҳозир мана шу ернинг ўзида чавақлаб ташлайман сени! Товушингни ўчир! – дея бақирди Каримов.
-Товушимни ўчирмасликка сен имкон яратдинг, – Самандар ҳам Каримовга сенсираб гапира бошлади. – Бир пайтлар ҳайдаб юборган хотининг ва ўғлинг бугун қандай кўйга тушганини биласанми? Ўғлинг тиланчилик қилаётганидан хабаринг борми? Хабаринг бўлмаса айт, зални ҳозирлашсин, сен ҳам қўлингдагини кўрсат, мен ҳам! Керак бўлса телевизор орқали кўрсатайлик, хулосани миллат чиқарсин!
Шу пайт уларнинг ёнига Миртемир келди:
-Менимча Самандар ака ҳақ гапни айтаяптилар. Агар у киши жиноятчи, порахўр бўлсалар, қўлингизда буни исботловчи далиллар бўлса, ўртага қўйиш керак. Филм олдирган экансиз, уни ҳам намойиш қилайлик. Айни пайтда Самандар аканинг иддаоларига қулоқ солайлик, – деди.
Каримов нажоткорни топгандек шафқат истаб, Миртемирга термулди:
-Укажон, мана сиз танқид қилдингиз, мен аралашмадим. Чунки биламан ўзингизни ўйлаётганингиз йўқ. Текширишларимиздан ҳам тоза чиқдингиз. Лекин мана бу акангизнинг бир жойи ҳам тоза эмас. Унга айтинг, сассиқ гапларини калта қилсин! Миртемир нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганди, Самандарнинг қўнгироқдек жаранглаган товуши унинг фикрларини бўлиб юборди:
-Мен сассиқ гап айтишга ўрганганим йўқ! Катта бир давлатнинг бошида ўтирган инсоннинг оғзидан шундай гаплар чиқиши мени уялтирмоқда. Инсонга ўхшаб тортишмоқ ва масалаларнинг ечимини топмоқ мумкин эмасми? Сиз мени ишдан ҳайдаб, устимдан жиноят иши очганингизда мана шу йигитлар ўртага кирмаганда, йўқ қилардингиз. Хайриятки, депутатлик ваколатимни тўхтатиш ҳақида қарор чиқарадиган кунингиз шу йигитлар орага киришди. Аммо буларнинг ҳар бири Самандардан фалон сўмдан олган, деб гап тарқатдингиз. Виждонига бўйсунган ҳалол йигитларга туҳмат қилдингиз.
Каримов Самандарнинг гапларини эшитмагандек, Миртемирга юзланиб:
-Миртемиржон, йигитларингизга айтинг, мажлисдан кейин қолиб бу масалаларни тортишайлик. Мени ҳам чалғитганга ўхшайдилар. Ҳозир бу ерда масалалар қоришиб кетди. Айтилаётган ҳар бир гапни тарозига қўяйлик, айбдорларни жазолайлик. Мен сизларга сўз бераман, ҳамма масалани ҳал қиламан. Бирор киши жазодан четда қолмайди. Самандар аканинг қизиганича бор, мени ҳам алдашади. Атрофимни порахўр-муттаҳамлар эгаллаб олишган. Улардан қутилишим учун сизларга ўхшаган жасур йигитларга эҳтиёжим бор. Ҳар бир гапни қўрқмасдан, иккиланмасдан мардларча юзга айтган инсонлар Ватанимиз учун жуда керак. Сизларга раҳмат, кўзимни очдингизлар.
Бу гапларни эшитган миллатвакиллари бирдан жимиб қолдилар. Ўртага сув сепгандек сокинлик тушди. Каримов, буларни мана шундай боплашим керак, деб ўйлади. Аслида ростдан ҳам ҳаммаси соф, тўғри йигитлар. Қинғир-қийшиқликни билишмайди. Лекин ана шундайлардан қўрқиш керак. Булар оловга ҳам сувга ҳам тик боришади. Буларни алдаб-сулдаб йўқотиш керак. Акс тақдирда бу оловда мен ўзим ёниб кетишим мумкин. Оловни исинмоқ, фойдаланмоқ учун ёқиб туриш керак. Назоратда тутсанггина унинг ҳароратидан баҳра оласан. Назоратдан чиқардингми, у сени жизғанак қилади. Оловнинг кушандаси сув. Мана, бир “челак”сув билан уни ўчирдим. Жўжахўрозларнинг ҳаммаси бир товоқ паловни кўрган оч болакайлардек мўлтираб қолишди. Темирни иссиғида босмоқ керак. Танаффусга чек қўйиб мажлисни бошласам жиловни қўлга оламан. Буларни илинган қармоқларида маҳкам тутишим зарур.

(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: