Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин” (тарихий роман)

21. КАРИМОВНИНГ КЕЧИНМАЛАРИ

Каримов мажлислар биносига кириб келганида бошининг оғриғи тинмаганди. Гўё боши шишиб, арининг уясига айланган, сон-саноқсиз арилар ғувиллаганча ташқарига чиқишга урингандек бош деворларини тирмалаётганга ўхшарди. У ёрдамчисидан иккита панталгин дориси олиб ичди. Кейин мажлислар залига қараб юрди.
Минбарда Олий кенгаш раиси ва унинг учун махсус жой ажратилганди. Ҳар доим мажлисга кириб келганда оёқда туриб қаршилаган миллатвакиллари бу сафар унга парво ҳам қилмадилар. Аввалига “мажлис бошлангани учун шундай бўлди”, деб ўзини овутмоқчи бўлди, кейин юраги орқага тортди. Мажлис залидаги совуқ руҳ унинг вужудини қисиб олгандек бўлди. Совуқда қолган одам каби этлари жунжикди. Вужудида алланарсалар “жимир-жимир” юра бошлади. Сўнгра кўксида бир қурт ўрмалаётганини ҳис қилди. Бу қурт кўксида эмас, юрагининг ичида экан… Оёқлари ҳам ўзига бўйсинмаётганди. Ўнг оёғи ўнг тарафга, чап оёғи чап тарафга тортаётганди.
Минбарда ўзи учун ажратилган жойга қадар бўлган ўн қадам масофани босиб ўтиш унга бир неча чақиримдек туюлди. Жойига етиб борганда, стулни орқага тортиш учун қўли қовушмади. Ҳатто қўлларим ҳам менга бўйсунмаяпти. Наҳотки, бу миллатвакилларига қўшилиб қўлларим, вужудим менга исён қилса?! Йўқ, ҳали бундай исёнлар кўп бўлади. Бу исёнларни енгишим, енгишга ўрганишим керак, деб ўйлади.
Каримов ўз хаёллари билан олишаркан, залда ўтирганларга қараш учун бош кўтаришга мажоли йўқ эди.
-Мажлисни олиб бориш тартиби ҳақида қандай таклиф бор?
Бу Олий кенгаш раисининг товуши. Каримов кириб келаркан ҳатто у ҳам ўрнидан турмади. Наҳотки, кечаги воқеалардан бошқача хулоса чиқарган бўлса?! Йўқ, бу қўрқоқ, исён қиладиган жасорати йўқ. Бу каби инсонлар қул каби туғилиб, қул каби ўлиб кетадилар. Исён қилиш улар учун ўлим демакдир. Ўрнидан турмагани эса бефаросатлигидан. Унга ким ҳам “Ҳўкиз” деб лақаб қўйган бўлса, узукка кўз қўйгувчи, заргар экан. Аслида бу узук ҳам бўлолмайди. Қўлни ё қисади, ё катталиги учун бармоқдан тушиб қолади.
Каримов фалсафий мушоҳадалар қилаяпман, дея бироз енгил тортгандек бўлди ва кўз қири билан аста залга қаради.
Алижон Қўчқоров деган миллатвакили деҳқончасига катта-катта қадам ташлаб минбар томон келаётганди. Алижонни Каримов узоқ йиллардан бери танийди. Бир вақтлар Комфирқанинг мафкура бўлимида ишларди. Нимадир бўлди-ю уни ҳайдашди. У пайтларда бундайлар кўчада қолмасдилар. Ё улар учун бир лавозим очиларди ёки маошлар ҳақидаги ҳужжатдан бошқа қоғозга қўл қўйилмайдиган бир идорага раҳбар этиб тайинлашарди. Алижонни ҳам динга қарши иш олиб борадиган идорага раҳбар қилиб қўйишди. Замоннинг чархи айланиб, бугун у ҳам миллатвакили.
Сайлов арафасида рўйхатларни назардан ўтказганда бу эски коммунист, оғзидан чиққанини билади, ҳар қадамини ўйлаб босади, қаёққа бошласак, ўша ёққа юради, деб исми-шарифини чизиб ташламаганди. Мана энди исёнчилар сафида.
Аслида бунинг дарди бошқа. У парламент қўмиталаридан бирига бошлиқ бўлиши керак эди. Ҳатто суҳбатлардан ҳам ўтганди. Лекин таниқли олимлардан бири шу қўмита раислигини истаб қолди. Алижон эса ўринбосарликка тушди. Алами ана шунда. Мендан қасд олмоқчи…
-Олий кенгаш мажлисини олиб бориш юзасидан бир қатор жиддий таклифларни илгари сурмоқчиман, – дея олдиндан ёзилган нутқини ўқиётганди Алижон.
Кеча кечқурун Алижоннинг нима ҳақда гапиришини унга айтишганди, нутқининг нусхасини ҳам кўрганди. Шу сабабданми ёки қулоқлари шанғиллаётгани учунми Алижоннинг овозини эшитмаётганди. Аммо унинг бугунга қадар мавжуд тартибларни бузиш ҳақида таклифлар киритаётганини биларди. Каримовни қизиқтираётган нарса бунга миллатвакилларининг қандай муносабатда бўлишлари.
Бир қисми, яъни исёнчилар уни қўллашлари аниқ. Аммо қолганлари-чи? Унинг ўзи бир-бир суҳбатдан ўтказган, сўнгра рўйхатга киритиб сайлаган ва “Менинг командамдан ер оласан” деган одамлари-чи? Улар нима дейдилар?
Каримов залнинг олдинги қаторларида ўтирганларга назар ташлади. Уларнинг бирортаси ҳам унга қарамасди. Баъзиларининг юзида хавотир, айримлари эса мамнун, яна бир қисми бўлса оғзи очилиб қолганча ҳанг-манг бўлиб ўтирарди. Ҳар доим Каримовнинг кўзларига тикилиб ўтирадиган, “мен шу ердаман, нима хизматингиз бор?” дегандек киприк қоқмай қараб турадиганлар ҳам ундан юз ўгиришганди.
Бу синов дея ўйларди Каримов. Агар Алижоннинг таклифлари ўтса, демак, исён жиддий. Ўтмаса буларнинг қанотини синдириб ташлайман. Кўп нарсага Ички ишлар вазири Камолов ҳам айбдор. У илгари хавфсизлик қўмитасида ишларди. Баъзи миллатвакиллари унга қарши бўлдилар. Шундан кейин Ички ишлар вазири этиб тайинладим. Лекин топшириқларимни доим етим қилди. Бир куни “Миртемирнинг тилини кесиб келасан” дедим, аммо эртасига Миртемир бир мажлисда “Шунақа гап тарқалган, сизнинг бундай деганингизга ишонмайман”, деб сувнинг олдини олди. Кеча эса Алижонни мажлисга келмайдиган қилиб қўй, дегандим. Нима эмиш, отилган тош бошининг ёнидан ўтиб кетганмиш. Шу ҳам баҳона бўлдими? Агар шу мажлисдан омон чиқсам, онасини Учқўрғондан кўрсатаман!
Каримов лаблари қовжираб қолганини ҳис қилди. Эснаган киши каби қўли билан оғзини ёпди-да тилини айлантириб, лабини ҳўллади. Аммо лаби қуриб кетаверди. Стол устидаги бардоқ эса бўш. Графиндан сув қуйиш учун қўлини кўтармоқчи бўлди-ю қўрқди: сув тўкилиб кетса-чи ёки графин бардоққа урилса-чи? Залда ўтирганлар Каримовнинг қўли қалтираяпти, деб ўйламайдиларми?
Каримовнинг кўзи Алижонга тушди. У жойида ўтирарди. Раис эса унинг таклифини овозга қўймоқчи бўлди. Залда ғалағовур бошланди. Ҳозир исёнчиларнинг планига кўра Эркин Воҳидов сўзга чиқиши керак, деб ўйлади ва залдан Воҳидовни қидирди. У Каримовга қараб “Кўнглингиз хотиржам бўлсин, мен сўзга чиқмайман” деяётгандек бамайлихотир ўтирарди. Ундан кейин Аҳмадали Асқаров сўз олиши керак. Унинг қаерда ўтиришини ҳам Каримов яхши билади. Олдинги қаторлардан ўртада ўтиргани учун доим жойидан гапиради. Минбарга чиқиш учун ўн-ўн беш киши ўрнидан туриб унга йўл бериши керак. Шу боис жойидан гапиришни афзал кўрарди. Каримов ўша томонга қаради, лекин Асқаровни кўрмади. Демак, келмабди, деб ўйлади. Бу ҳам қўрқоқлик. Содиқлигингни кўрсатмоқчи бўлсанг, келиб ўтирмайсанми?
Аммо шу пайт Каримов нохосдан Асқаровни кўриб қолди. У биринчи қаторда ўтирарди. Демак, сўзга чиқмоқчи! Демак, кечаги ваъдаси ёлғон! Ҳа, бу одамга ишониб бўлмайди. Ўзининг қатъий бир фикри йўқ.
Каримов энди ишга келган пайтлари эди, рус тилига қарши ҳаракатлар бошланди. Ўшанда Асқаровни телевидениега юборди, кечқурун у бир соат рус тилининг аҳамияти ҳақида гапирди. “Мен Намангандаги бир қишлоқдан чиққан бола эдим. Камбағалнинг боласи кийимга пул топса, бир бурда нонига етмасди, овқатига пул топса оёқяланг қоларди. Аммо рус тили туфайли мен одам бўлдим. Рус тили бўлмаганда олим бўлармидим?” дея гапираркан, кўзлари намланганди. Ўшанда Каримов унинг самимиятидан қувонганди. Аммо миллий ҳаракат кучайиб кетди. Каримов чиқиш йўли яна ҳаракатни бўғиш, байроқни қўлга олиш эканини англади, ташаббусни қўлига олди. Бошқа олимлар қатори Асқаровни ҳам яна телевидениега юборди.
Ўшанда у “Мен она тилимни унутиш даражасига келдим. Рус тили менинг на қорнимни, на тафаккуримни тўйдирди. Она тилимни унутсам, бобо меросдан маҳрум қоламан. Бу эса тафаккур очлиги! Бу эса манқуртлик!” дея яна нам киприкларини силаганида Каримов унинг маҳоратига қойил қолган эди. Агар бу одам санъаткорликни танлаганда, энг машҳур артист бўларди, деб ўйлади.
Залда ғалағовур авжга чиқди. Шу пайт Миртемир ўрнидан туриб, минбар томон кела бошлади. Демак, Асқаров сўзга чиқмади.
Ҳа, у ўзининг сўзга чиқмаганини кўрсатиш учун биринчи қаторга ўтирган. Аммо бу келаётган жўжахўрознинг нима дейиши номаълум, деб ўйлади Каримов. Эркин Воҳидов билан Асқаровнинг сўзга чиқмагани катта ғалаба. Қолганлар гапирса гапираверсин. Бир ҳамла билан янчиб ташлайман!
Миртемир залдагиларга қараб эмас, унга қараб гапирарди. Бу болани илк бор қаерда кўрган эдим? Ҳа, ҳа, сайловлардан олдин Каттақўрғонга борганимда кўрганман. У нохосдан сўзга чиқиб залдагиларнинг олқишини олди. Ўшанда шоирона гаплар гапириб, ҳамманинг диққатини ўзига тортганди. Кейин Олий Кенгаш биносида кўришдик. Йигитларимиз бошқа ўлкаларда хизмат қилиши масаласини раёсатда муҳокама этаётгандик. Шарт-шурт гапириб, бутун режаларимизни бузиб юборди. Мажлисдан кейин олиб қолиб гаплашдим
“-Ука, бу миллатвакиллик узоққа чўзилмайди. Сен биз билан бирга қолмоқчи бўлсанг, Олий кенгашда бўлаётган воқеалардан мени хабардор қилиб турасан, яъни менинг командамга кирасан.
-Майлику-я, лекин мен ҳали ёшман, яна қанча Каримовлар билан ишлашим мумкин. Сотқинлик қилиб узоқ яшаш мумкин эмас-да.
-Сиз сотқинлик билан давлатга хизмат қилишнинг фарқини ҳали билиб олмабсиз. Бошингизни деворларга урасиз ҳали… Каримов эса бу жойда узоқ, жуда узоқ туради, билдингизми?”
Шу суҳбатдан кейин кўп ўтмай Миртемирнинг номзодини журналистлар уюшмаси раислигига кўрсатишганини айтишди. Ўшанда Олий кенгашдан кетса яхши бўларди, дея ўйладим, аммо энг тўполончи халқ – қаламкашлар. Арининг уяси бузилса тузатиш мумкин, лекин қаламкашлар ғавғо бошласа, қийин бўлади, дея бошқа номзодни сайлатиб юбордим.
Ундан кейин янги очиладиган газета муҳаррирлигига номзоди кўрсатилди. Бўпти, ё тарбиялайман ё қуваман, деб рози бўлдим. Лекин охирги кун раёсат мажлисида ўз номзодини олиб, мен истамаган одамнинг номзоди ўтиб кетишига сабабчи бўлди. Унинг қаламкашлар йиғилишидаги гапларини кечиргандим. Ҳатто раёсатдаги бу ҳунарига ҳам қўл силтадим. Кейин ҳам бошимга кўп ишлар очди. Ҳаммасини кечириш мумкину Олий кенгашда мактубларни ўқирканман нохосдан оғзимдан чиқиб кетган гапни халққа етказганини кечириш мумкин эмас. Буларнинг кўпчилигини сотиб олдим, баъзиларини қўрқитдим. Қармоққа илинмаганлари бошқаларини ҳам бузаяпти.
Назаримда энг катта хато сайловдан кейин булар олти ой меҳмонхонада бирга қолишгани бўлди. Дарҳол пойтахтнинг ҳар еридан уй топиб, бўлиб юбориш керак эди. Аммо меҳмонхонада бирлашдилар. Миртемирнинг Тўлқин деган ҳамшаҳари бор. Жуда ҳам маҳмадона, биринчи мажлисда юзинг демай, кўзинг демай гапирганди. Меҳмонхонага каратэчи болаларни юбориб, урдиргандим иш берди, ақли жойига тушди. Ҳатто бугунги мажлисда тарқатилган ўн саҳифали баёнотни Миртемир тайёрлаганини у хабар қилди. Кеча уни чақириб гаплашиш керак экан. Бугун Миртемирга қарши уни байроқ қилардим. Ўзидан билиб ҳимояга чиқмайди.
Каримов бир зум хаёлларидан айрилиб, яна залга қаради. Кўзлари олма тераётган кишининг кўзларидек, қаторлар орасида “югуриб” кетди. Тўлқинни топди. У ҳамшаҳарининг гапларига бошини силтаганча норозилигини кўрсатаётганди. Каримов унга узоқ термулди, лекин у қарамади. Агар қараганда “Чиқ, жавобини бер!” ишорасини ташламоқчи эди.
Миртемир эса ҳамон уни сўроққа тутаётганди гўё.
Шу пайт Каримовнинг хаёлидан бундан бир неча лаҳза олдин қабул қилинган қарор ўтди. Нега қаршилик қилмадим, деб ўйлади. Ҳозир бутун мамлакат бу тамошани кўрмоқда. Шарманда бўлдим! Жонли кўрсатув ҳақидаги қарорга нима бўлганда ҳам рухсат бермаслигим керак эди. Матбуотни қўлдан чиқарган раҳбар-ўлган раҳбардир, нега бунга изн бердим?
Наҳотки, жиловни қўйиб юбордим. Йўқ, қўйиб юбориш мумкин эмас. Халқнинг подадан фарқи йўқ. Таёқ билан бошига уриб, йўлини кўрсатиб турмасанг, ҳатто озуқасини топиб ея олмайди. Дарвоқе, озуқами, овқатми? Озуқа деб гапиришимни ҳам мазах қилишибди-я, мана булар. Нима эмиш, миллат овқат ермиш, ҳайвонлар эса озуқа.
Ҳа, энди битта-иккита сўзда хато қилсак ҳам, ота гўри қозихонами? Ичимда гапирсам ҳамма сўзларни тўғри айтаман, аммо минбарга чиққанда қийналиб қоламан. Одам қайси тилда фикрлашга ўрганса, бир умр шу йўлда қоларкан. Нима қилай, бошқа тилда фикрлаб, бошқа тилда гапираман. Бир сўз билан айтганда, ўз сўзимни таржима қиламан. Бу осон иш эмас. Мана бу тирранчалар эса битта тилдан бошқасини билишмайди.
Миртемир бошқа миллатвакилларини ҳам жовдираб қараб ўтирмасдан минбарга чиқишга даъват этди. Залда турган микрофонларнинг ёнида навбат бошланди. Шу пайт ҳокимлардан бири югуриб минбарга чиқди.
Ҳа, бу Нусратов эди. У Мирсаидовнинг сояси. Қаерга борса ёнида. “Жияним” деб таништиради. Уни сиёсатга тортган ҳам Мирсаидов. Миллатвакили рўйхатига ҳам у киритди. Ҳозир минбарга чиқартирган ҳам у. Нусратов Каримовнинг икки фармони Асосий қонунга зид эканлигини айтиб, бундай ҳолда Президент истеъфо беради, деди. Унинг рус тилида гапиргани бироз фойда бўлди, кўпчилик нима деганини тушунмай қолди. Лекин унда айб йўқ. У Шукруллонинг буйруғини бажараётгани учун бу гаплар тилидан чиқмоқда, дилидан эмас, дея ўйлади Каримов. Эртага уни яхшилаб алдасам ёки қўрқитсам менинг тўтиқушимга айланади.
Нусратов унинг диктаторга айлангани ҳақида гапира бошлади. Буни олдин ҳам эшитган эди. Биринчи сессияда Шовруқ шу ҳақда гапирганди. Кейин Тойиба ҳам гапирди. Бу энди уларнинг гапларини русчага ўгириб айтмоқда. Йўқ, буни Шукрулло айтмоқда. Чунки Шукрулло “Шундай қилсак, ана улар яна бизни диктатор дейишади” деб Каримовнинг ўзига ҳам айтганди.
Ана улар… Негадир Каримов бирдан “ўлим учбурчаги” ҳақида ўйлади. Ўладиган одамнинг юзида учбурчак пайдо бўлади. Худди пирамида каби. Теппа нуқтаси қошларнинг ўртасида, бу жойни “учинчи кўз” ҳам дейишади ва пастки чизиқ бурун тугайдиган жойдан ўтади. Олимлар буни энг муҳим томирлар тўпланган жой дейдилар. Боксчиларга шу жойга уриш мумкин эмас. Уста жиноятчилар эса “ўлим учбурчаги”га бир мушт уриб, кимнингдир ҳаётини битирадилар. Каримов шу дамда Шовруқни бир мушт ургиси келди. Кейин Тойибани. Кейин Миртемирни… Нусратовдан эса хафа бўлмади. Уни Шукрулло деб қаради.
Нусратов минбардан тушиб, жойига “чўкаркан”, унга яқинроқ жойда бўлган Исо Холис ўрнидан турди. Наҳотки бу кеча оқшомги илтимосимни қабул қилмади, деб ўйлади Каримов. Яна ўжарлигининг қули бўлдими? Умуман, бу олифта билан одамга ўхшаб гапиришнинг ҳожати бормиди? Қара-я, ҳатто мажлисга тиррайган оқ шим, ёқаси вайрон оқ кўйлак кийиб келибди. Шундай қилсам ҳаммадан ажралиб тураман, деганда. Кўпчилик уни “Ғарб хастаси” дейди. Гапиришида ҳам ғарбга тақлид бор, кийиниши, юриш-туришида ҳам ғарбоналик сезилиб туради. Бундайлар жуда тез ўзгарувчан бўлади. Бугун Ғарбнинг ортидан кетса, эртага унга қарши чиқиши аниқ. Бир кун келиб сўфи ё мулла бўлса ҳам ажабланиш керак эмас.
-Ҳайрат. Бир пайтлар ўз бошлиқларини қарсаклар билан олқишлайдиган коммунистлар бугун жим ўтиришибди. Аксинча улар ўз бошлиқларига қарши исён қилганларни олқишламоқдалар. Бу ерда катта ўйин бормоқда. Унинг номи “Пойтахт ўйинидир”. Шу пайтга қадар бўлган ўйинлар ўтмаганидек, бу ўйин ҳам ўтмайди…,-деб уни ҳимоя қила бошлади Исо Холис.
Отангга балли, дея қичқириб юбормоқчи бўлди Каримов. Йигит экансан-ку, йигит. Боя кўнглимдан ўтганларини ўқиб ўтирган экансан! Кеча кечқурун мадад истаганларим, ана у ҳезалаклардан бир нарса чиқмади. Сен эса ўғил бола экансан.
Каримов бу хаёллар билан бўлиб, Исо Холис нутқининг давомини эшитмади. Лекин давомида ҳам шу оҳанг бузилмади. Ҳар ҳолда уни ҳимоя қилмоқда. Шуниси етарли. Қолгани нима деса ҳам уни қизиқтирмасди. Чунки у бомбани портлатганди. Яраланган одамларга ҳатто “кечирасиз” деса ҳам фойдаси йўқ.
Шу боис Каримов ўз фикрлари оғушида сузмоқни афзал кўрди.
Бу йигитни бир умр ўйнатсам бўлади. Қаёққа тортсам ўша томонга кетар экан. Ёки у билан иттифоқ тузсамми? Нима бўлганда ҳам уни қўлдан чиқариб юбормаслигим керак. Тўғри, минбарга чиқса, саккиз кишини йиғлатадиган қилиб, қоғозсиз гапиролмайди, аммо фикрларини лўнда-лўнда ҳолда ёзиб олади ва тош отгандек отади. Унинг ҳам орқасидан юрганлар бор, унга эргашганлар бор. Шу боис уни қармоқда тутишим керак. Бундай одамни ҳар мақомга йўрғалатиш мумкин.
Исо Холис жойига ўтирганда Каримов унга миннатдорчилик билдирмоқ учун кўзларини тикди, лекин унинг ёнидаги бўш ўриндиққа Миртемир келиб ўтирди. Улар тортиша бошладилар. Миртемирнинг авзойи бузуқ эди. Исо Холис эса унга нималарнидир тушунтирмоқчи бўларди.
Ўнг қанотдаги микрофон ёнида Мурод Тўраев пайдо бўлди. Каримов Исо Холис билан Миртемирнинг тортишмаси нима билан тугашини билишга қизиқса-да, хаёллари Мурод томонга қочди.
Бу нима дер экан? Рост гапирадими, ёлғонми, барибир бунинг гапига кўпчилик ишонади, деб ўйлай бошлади. Чунки у билан бир вилоятда ишлаганмиз. Аслида у мен пойтахтга келганимдан кейин ўртага чиқди. Лекин мана бу оломон буни тушунармиди? Мурод сайловдан кейин Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси бўлди. Дарров коммунистик партия фаолиятини таъқиқлади. Прокуратура, миршабхонага ўз одамларини суқди. Ҳатто хусусий телевидение ҳам очиб олди. Бунга қараб турадиган аҳмоқ йўқ эди. Мана энди ҳаммасидан ажралиб қолгани учун аламзада. Мурод Тўраевнинг “Туманимиздан руслар кетиб қолаяпти” дегани Каримовнинг кулгусини қистади. Шу боис мийиғида кулиб, бошини қимирлатиб қўйди-да, унинг сўзларини тинглай бошлади.
-Олиб борилаётган нотўғри сиёсат байналминал дўстлигимизга путур етказмоқда. Мен бу масалани ҳурматли президентимизга етказдим, аммо натижа чиқмади. Аксинча таъқиб давом этди. Бундан бир неча кун олдин менга нисбатан суиқасд уюштирилди. Тасодиф туфайли тирик қолдим. Деразамдан ичкарига ўқ отганларни ушлаб бердим, лекин уларни қўйиб юборишди…
Каримов мажлис залининг биринчи қаторида ўтирган Ички Ишлар вазирига “Латта, бирор ишни уддалай олмадинг. Албатта орқасидан ғавғоси чиқади” деган сўзларни нафратли нигоҳларига жойлаб, тикилиб қаради. Вазир гарчи Каримовнинг қараётганини сезса-да, Мурод Тўраев янги бир гап айтаётгани каби унинг сўзларини дафтарига ёзиб олаётган эди.
Унга қайта-қайта тайинлагандим, деб ўйлади Каримов. Бу ишни устаси фарангларга топшир, улар тоза иш қиладилар, истаганларини бер, дегандим. Аммо юборган одамлари деразадан бўш уйга ўқ отишибди, бу ҳам етмагандек қўлга тушишибди. Наҳотки, катта бир давлатда буюрган ишингни ҳиди чиқмайдиган қилиб бажарадиганлар топилмаса? Ёки бу халқ халқ бўлолмайдию, мен эса давлат қуролмайманми? Ҳозир истеъфо бериб чиқиб кетсам нима бўлар экан? Дарров ўрнимга Шукруллони сайлашади. Сайлашсин. Четда туриб, шарманда бўлганини томоша қиламан. Йўқ, четда туришга қўймайди бу. Ҳамма нарсани менинг бўйнимга ағдариб, қамоқда чиритади.
Нима деяпман ўзи? Бу лавозимни эгаллагунча оз курашдим-ми? Бу менинг она сути каби ўз ҳаққим, уни ҳеч кимга бермайман! Қолаверса буларнинг орасида мен каби тушунадиган, мен каби иш юритадигани йўқ! Бир тўда калтафаҳмлар тўпланган. Булар минбарга чиқиб лақиллашни биладилар. Исмим ҳам, жисмим ҳам, ақлим ҳам, тафаккурим ҳам бу лавозимга лойиқ! Шу сайловни ўтказиб олсам, тамом! Булар учун сичқоннинг ини минг танга бўлади. Қочадиган жой тополмай қоладилар. Ҳаммасининг ақлини жойига киритиб қўяман. Аслида сайлов ўтказмасдан ҳам бу ишни қилишим мумкин эди. Лекин халқнинг жиловини қўйиб юборишган. Жиловни бирданига қайтариб олиб бўлмайди. Бу ишни аста-секин қилиш керак. Аста секинлик билан ҳар қандай отнинг ҳам оташини сўндирадилар. Мана бу маҳмаданаларни эса ўлдирсанг осон қутилишади. Уларни бир умр ғурбатга шерик қилиш керак. Булар нонни “мамма” деб юришибди. Қовунни эса тарвуз дейишади. Ҳали менинг совунимда кир ювишмади. Шу боис пайтавалари сасиб кетгандек, гапирган гапларидан ҳам кишининг кўнгли айнийди. Нима бўлганда ҳам ҳозирча чидамоқ керак!
Дунёдаги йирик мамлакатлар билан келишмасдан иш қилиб бўлмайди. Акс ҳолда улар мана буларга ўхшаб, тош отиб ўтирмайдилар. Дарров йўқотиб қўяқоладилар. Шу боис уларнинг ҳам раъйига қарашим керак. Сиёсат катта ўйин. Яхшилаб ўйнасанг ҳар қандай рақибни мот қиласан. Уларга демократик сайлов қандай ўтказилишини кўрсатиб қўйишим лозим. Мана шу мажлисдан ўтиб олсам, бирорта рақиб ҳам топаман. Халқ менсимайдиган кишилардан бирини номзод қилиб кўрсатиб, сайловга киритаман. Муқобил сайлов қандай ўтказилишини кўрсатиб қўяман. Исо Холисни танласам ёмон бўлмайди. Лекин бутун мухолифат унинг атрофида бирлашса, тарозининг мувозанати бузилиши мумкин. Йўқ, унга қадар мухолифатни парчалаб ташлашим керак. Даркор бўлса бир қисмини қанотларим остига оламан, бошқа бир қисмини калтаклатаман, яна бир қисмини эса болга ботираман.
(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: