Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин” (тарихий роман)

20. АНБАР ХОЛА
Катта йўл деганлари илон изи йўл экан. Ора-бурада машина юрганига кўра, бу яқинда бирор қишлоқ бор. Улар шу умидда адрни ошгандилар, қишлоқ эмас, катта касаба кўрдилар. Аммо бу уларни севинтирмади.
-Бормаймиз, – деди Аҳмад.
-Четлаб ўтиб кетаверамиз, – жавоб қилди Миртемир.
-Умуман кундуз куни дам олиб, кечаси юриш керак. Менимча ана у дарахтзорга қадар борсакда, ўша ерда оқшомни кутсак.
-Майли-ю… лекин касаба четидаги уйни кўраяпсизми? – деди Миртемир. – Томи бирор нарса билан қопланмаган. Ҳовлисининг ҳам девори йўқ. Бир ғариб одамнинг уйи. Ғариблар эса мард бўлади. Ўша ерга борамиз.
-Заррача таҳлика бўлса ҳам четлаб ўтмоқ керак, – эътироз билдирди Аҳмад.
-Таҳликани четлатиб яшаш қийин. У кутилмаганда келади. Тўғрироғи у ёнма-ён яшайди.
-Демак фикрингиз қатъий, кеттик бўлмаса…
Ҳовлига яқин келганларида бир кампир сигир соғаётганини кўришди. Миртемирннинг ёдига болалиги тушди. “Сариқ” лақабли сигирлари бор эди. Оёғини боғлаб, кейин соғардилар. Раҳматли онаси саҳар сигир оёғига ўралган ипни ушлаб туриш учун кимнидир уйғотиши керак эди. Болалар ўзаро навбат қилиб олишганди. Онаси эса кўпинча Миртемирни уйғотарди.
-Тур болам, суянганим сан, сендан бошқасининг менга ёрдам бергиси келмайди. Ҳаммасини сотиб сенга едираман, – дерди онаси.
Бир куни сигир оёғидаги ипни тутиб тураркан, “Ростдан ҳам опаларимни сотасизми?” деб сўради.
-Болам, қиз бировнинг моли. Сотсам-сотмасам чиқиб кетишади. Сотиш деган гап узоқ қишлоқларда бор. Биз эса ўзимиздан қўшиб берамиз. Қиз чиққан уй ҳувиллаб қолади, келин келган уй гувиллаб…
Онасининг гапларни териб-териб, ширин овозда сўзлашига маҳлиё бўлиб, ип учини қўлдан чиқариб юборибди, “Сариқ” қарс этиб челакни тепиб юборди. Сесканиб кетган онаси орқага йиқилди.
-Ҳа, ер ютгур, оёғинг синсин…, – деди аранг ўрнидан туриб.
Миртемир эса қўрқиб қолганди. Бирдан иссиқ қўл бошини силади. Онаси уни бағрига босди.
-Қўрқма болам, – деди. – Фақат оқшомги сут оз эди. Буни ҳам кўшиб бозорга олиб борардик. Энди ўзимиз ичамиз. Қаймоғи эса сеники…
Шу пайт “Сариқ”” Миртемирнинг онасини ҳам тепиб юборди. У эгилиб қолганди сигир яна тепди. Бу сафар она қабирғасини тутамлаганча “иҳ”-“иҳ”лаб ўтириб қолди. Миртемир охурга тираб қўйилган белкуракни олиб сигирнинг оёғига ура бошлади.
-Урма болам, урма, жонивор қарғайди, қарғиши ёмон, урма, дея унинг қўлидан белкуракни олиб ўзи урди “Сариқ”ни. Кейин эса ёнига бориб бошини силади.
-Жувонмарг бўлгур, нега бундай қиласан? Ё болангнинг ҳақини ҳеч кимга бергинг йўқми? Миртемир бузоқни ечиб юбор, болам, мен эгила олмаяпман. Ҳа, “Сариқ” бўлмай кет-а, қабирғамни синдирдингми, дейман?..
…Миртемир сигир соғаётган кампирни орқадан онасига ўхшатди.
-Оналар бир-бирларига ўхшайдилар, – деди сўнгра. – Аммо топдим. Бу янги гап, ёзиб қўйинг.
-Оналар бир-бирларига ўхшайдилар, болалар эса йўқ, – қўшимча қилди Аҳмад. – Ёзиб қўйинг!
-Ўзимга қолди ёзиш. Демак, шу ҳовлига кирамиз.
-Аммо кирадиган дарвоза йўқ.
-Фараз қиламиз. Камбағаллар фараз билан яшайдилар. Бу кампир ҳам ўз ҳовлиси, дарвозаси борлигини фараз қилади. Сўрамасдан киришга қўймайди…
Улар кампир сут соғиб бўлгунча кутиб турдилар. “Ҳам серсут экан, хам ёввош” деб ўйлади Миртемир. Кампир бузоқни қўйиб юбориб, челакни қўлига олгач, уларни кўриб қолди.
-Зимнамерми, дебман, – Келинглар. Бугун ерни ўлчаш учун зимнамер келиши керак эди-да. Вой, сен, болам, Миртемир эмасми, ҳа, ўша, телевизорда чиқадиган? Ҳа, айланиб кетай, қоқиндиқ, сени ҳам кўрадиган кун бор экан-а?
У Миртемирни худди ўз ўғлидек бағрига босиб, юзларидан чўлпиллатиб ўпди.
-Кино олишга келдингми, болам? – деб сўради кампир.
-Йўқ, онажон, ўзимиз кино бўлиб юрибмиз.
-Вой, вой, уни қара товушлари айнан ўзи, ҳа, ҳа, ўзингсан, Миртемирсан… Нима бўлганда ҳам келганинг яхши бўлди. Худойимдан айланай, сени кўрсатди, менга. Шунақа дардим кўпки, кинога олсанг, ҳаммани йиғлатасан. Дарров ишга ўтдим. Кампир қалампирни эслатади, ҳам аччиқ, ҳам иштаҳа очар. Мен аччиқдан бошладим. Қани энагинам, уйга киринглар, ҳозир чой қўяман…
Кампир ичкарига кирар экан,
-Бу ёғи қандай бўлди? – деди Аҳмад Миртемирга.
-Ҳаммаси сценарий бўйича. Пешонага ёзилгани бўлади. Мен қаёқдан билардим, етмиш ёшли кампир бир кўришда танишини?!
-Хуллас, чиқиб кетишимизга тобора эҳтимол озаймоқда.
-Эҳтимол озайса, эҳтимоллар назарияси бор. Қозиқ бошига мушт келишини билганда балки қозиқ бўлмасди, агар қозиқ бўлиш эҳтимоли ўз қўлига берилганда.
-Демак уйга кирамиз.
-Сиз кираверинг, мен холага тушунтираман.
-Ҳали ҳамма гапни айтасизми?
-Айтиш керак. Бўлмаса…
Аҳмад ичкарига кираркан, Миртемир ошхона томонга юрди.
-Энажон, ке, – деди кампир. – Бугун посёлкада маърака бор. Келганингни ҳаммага айтаман. Мен ҳам бир мақтанай. Бир пайтлар катта шаҳарга борганимда танишгандим, мени сўроқлаб келибди, деб айтаман…
Миртемир бор гапни кампирга англатди. Сўнг:
-Маъракада гапириб юрманг, кейин Сизни ҳам сўроққа тортишади, – деди.
-Мени нима ҳам қилишарди? Бир оёғим гўрда бўлса?! Боя айтмасам ҳам энди айтаман! Каримов нима қилаётганини билиб олишсин. Кейинги вақтда кўринмай қолганингдан ҳам сезгандим. Ҳатто баъзи гаплар етиб келувди, аммо ишонмовдим. Қара-я ҳаммаси тўғри экан.
-Энажон бизга ёрдамингиз керак.
-Ёрдам сендан айлансин, болам. Аммо Каримов телевизорга чиқса, шунақа гапиради-ки, ҳаммани ишонтиради. Бутун айб атрофдигиларда экан, деб ўйлаб қоласан. Баъзан йиғлагудек бўлиб кетади. Аммо мен ишонмасдим. Ўзи йиғлагудек бўлса ҳам кўзи кулиб турарди. Кўзи одамни масхара қилаётганга ўхшарди. Ҳамма ҳам бир эмас. Ишонишади. Сен мажлисда бир нима деб юборган экансан, қанча гап-сўз бўлди. Бири тўғри айтди деса, бири маҳмадана экан, катталарнинг юзига “чопди” дейди. Булар ё катталарнинг, яъни ўзимизнинг посилкадаги катталарнинг хотинлари ё яқинлари. Аслида улар ҳам гапнинг гугурт қутисини биладилар, қачон ёниб, қачон ўчишини мендан яхши биладилар, аммо юзлари бошқа, ичлари бошқа. Қачон бошларига бир иш келса кўзлари очилади… Ҳа, майли, сизларга ана у иссиқ уйдан жой тўшаб берай, ухланглар. Ҳализамон зимнамир келади. Ўғлимга хам хабар юборай, келсин, бўлмаса бу зимнамир ҳаммаёқни ўлчаб, гаранг қилади.
Уйимни бузишмоқчи. Посилкага ярашмас эмиш. Буздирмайман девдим, томорқамни ўлчашга қўйдилар. Қани ичкарига кир, келиб қолса кўрмасин. Уларни гўрба-гўр этсам, маъракага бориб қайтаман. Бормасам “Лакки хола” нега келмади, ўлиб қолдими, деб шубҳа қилишади. Келиб ош дамлайман…
Миртемир уйга кираётганда, кампирнинг “ваҳ” деб юборишидан чўчиб кетди.
-Ваҳ, ваҳ, ваҳ, болам! Оёғинг қоншўрва бўлиб кетибди-ку! Ҳа, йигит йиқилгурлар-а! Бу бола сенларга нима қилди? Ҳақни айтсанг Ҳақдан ейсан, деганларидек бўлиб чиқди. Ҳозир тоғорада сув олиб келаман. Маргансофка ҳам бор. Ўзим ювиб қўяман…
Хола бир зумда тоғора кўтариб келди.
-Қани оёғингни тиқ. Мен ўзим юваман.
-Йўқ, энажон, ўзим…
-Энажон деган тилингдан айланай, одам ўз энасига ҳам инонмайдими?
Миртемирнинг кўзига ёш сели келди. Оёғига иссиқ сув тегишиданми ёки бу қақажон кампирнинг меҳриданми эриб кетди. Аммо ёш селининг йўлини тўсди. Худди кўзига хас киргани каби “Бир нарса кўзимга кирдиёв” деганди товуши титради. Лекин билдирмади. Кампир ўтириб олиб унинг оёғини юварди. Бир томондан ўзи хам юва бошлаганди, кампир:
-Сен қўлингни кир қилма болам, азиз болам, – деб Миртемирнинг қўлини тоғорадан чиқарди.
Миртемирнинг ёдига бувиси тушди. Боядан бери бу кампирнинг юзидаги меҳр кимнидир эслатаётганди. Ҳа, Анбар бувиси. Фақат бувиси оз гапирарди. Аммо жуда ўхшаб кетадиган томонлари кўп.
Ҳар оқшом тоғорада иссиқ сув келтириб, Миртемирнинг оёқларини юварди. Олти ёшга қадар бувисиникида яшади. Шу қадар кўп ширин хотиралари борки, айтса биров ишонмайди. Олти ёшдаги гаплар эсда турадими, дейдиганлар қанча. Аммо Миртемир ҳатто бувисининг оёқ ювгандан кейин бармоқларини тортиб-тортиб қўйишига қадар эслайди.
Анбар буви… оёқларини ювмоқда…
Кайфияти чоғлигиданми, оёқларини иссиқ сувда ювганданми, чарчаганиданми Миртемир тошдек қотиб ухлади. Бир пайт уйғонса, Аҳмад дераза пардасидан ташқарини пойлаяпти. Оқшом тушиб қолибди. Қадам товушлари, шовқин… Миртемир ҳам парда орасидан қараганди кўзи миршабга тушди. У супанинг устида у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа бориб келаётганди.
-Сомонхона шу ер экан, – деди Аҳмад.
-…
Миртемир “Нега кутишаяпти? Марказга хабар қилишган бўлишса одам келишини кутишаяптими?” дея ўйлади. Аммо қандай хабар топишди? Наҳотки кампир оғзининг бир четидан қўйиб юборди? Йўқ, йўқ, ҳеч бўлиши мумкин эмас.
-Нима қиламиз? – деди Аҳмад.
-Кутамизми? Йўқ. Чиқамиз. Миршаб бир ўзи. У ҳам одам. Тушунтирамиз. Тушунмаса бошга келганини кўрамиз. Кутиш эса ваҳима.
-Яхшилаб ўйлаб кўрайлик.
-Ўн марта ўйласак ҳам, деворни тешиб чиқиб кетиш имконияти йўқ. Эшик эса битта. Барибир шу эшикдан чиқамиз. Қанча тез чиқсак, шунча яхши.
Миртемир апал-тапал кийинди-да йўталганча “Биз уйғоқ” ишорасини берди. Милиционер эшитмади шекилли бориб келаверди.
-Тўхтанг, – деди Аҳмад эшик томон юрган Миртемирга. – Хом иш қилиб қўймайлик. Балки милиционернинг хабари йўқдир? Балки унинг кампирда бирор иши бордир?
Миртемир турган жойида қотиб қолди. Нега бу томонини ўйламадийкин? Дарвоқе, кампир ер ўлчовчилар келади деганди. Бирор гап чиққан бўлса-чи? Масалан, кампир уларни яқинлаштирмай қувган бўлиши мумкин!
-Демак, демак, иккинчи эшик ҳам бор экан.
-Изласалар учинчиси ҳам топилади, – деди жилмайиб Аҳмад. Шу пайт ташқаридан овоз келди.
-Ҳов, Искандар, киравер, гулдур-гулдур овоз келаяпти. Уйғонга ўхшашади. Туришсин, ош тайёр.
-Эна ноқулай бўлармикан, ўзингиз кирақолинг…, – деди миршаб
-Биз ўзимиз чиқаяпмиз, – деди енгил овозда Миртемир.
-Чиқманг, чиқманг, мен ўзим ичкарига кираман, – дея майор остонани ҳатлаб уйга кирди. – Ассалому алайкум, хавотир олманглар, ҳаммасидан хабарим бор. Ҳатто расмингиз ҳам келди. Катта мукофот қўйилган.
Миртемир майор билан кўришаркан:
-Қанча мукофот қўйишибди? – деди кулимсираб.
-Йигирма милён сўм ва битта енгил машина, бунга қўшимча унвон…
-Демак, сизни табрикласа бўлади, олинг шу пулни, машинани ва унвонни. Эвазига мана шу уйнинг томини шифер қилиб берасиз.
-Миртемир ака, биз бундай ёлғонларга ишонсак ёки сотилсак, энг камида Ички ишлар вазирининг ўринбосари бўлардик. Томга келсак, энам истамайдилар. Янги уй қуриб қўйибман, бормайдилар.
-Ростдан ҳам ўғилларимисиз?
-Акс ҳолда бу ерда нима қиламан? Икки ўғилмиз. Укам совхозда, тракторчи. Мен сув олиб келай, қўлни ювинглар, ош тайёр.
-Йўқ, узимиз ташқарига чиқамиз.
-Ярим соатда бутунлай қоронғу бўлади, кейин чиқасиз. Шундай ҳам сизни болалар кўришибди.
-Йўғе, қаерда кўришибди? – суҳбатга аралашди Аҳмад.
-Қабристоннинг ёнида.
-Қабристон?
-Ҳа, юқорида эски қабристон бор. Сизлар эътибор бермаган бўлишларингиз мумкин. Харобага айланган. Аммо тепаликдан ҳамма жой кўринади. Болалар мол боқиб юришган экан, узоқдан сизни кўришибди.
-Танишибдими?
-Худога шукурки йўқ. Аммо момойнинг уйига ўғри келди, деб айтишибди.
-Сиз шунинг учун келдингизми?
-Шу кунларда посёлкага ўғри оралаган. Икки-уч кишининг қорамолини олиб кетишди. Шу сабаб ҳамма ҳушёр. Хайриятки, бўлимга хабар келгач, ўзим йўлга чиқдим. Йигитларни юбормаганим яхши бўлибди. Энам ер ўлчовчилар келади, дегандилар, болалар балки адаштиргандир, деб ўйладим. Аммо кўнглим тинчимади. Бир хабар олайин, дедим.
-Искандар, ўғлим, мендан ҳам кўп гапирасан-а? – ошхонадан кампирнинг овози келди.-Мен ошни суздим. Меҳмонларни катта уйга бошла, ўша ерда гаплашасизлар.
-Кечирасиз, энамнинг исмлари нима? – деб сўради Миртемир миршабдан.
-Анбар…
-Йўғе…
-Нега ажабландингиз?
-Бувимнинг исмлари ҳам Анбар эди. Боя “Бувимга ўхшарканлар” дея ўйлагандим, шунинг учун.
-Бувингиз эмас, энангиз бу киши. Сизни шу қадар яхши кўрдиларки, телевизорда чиққан кунингиз байрам. Мен баъзи кўрсатувларингизни видеокасетага ёзиб олганман. Бизникига фақат шунинг учун борадилар.
-Раҳмат. Кўнглим учун гапираяпсизу, аммо…
-Аммо-паммоси йўқ, телевизор билан видеомагнитофонни олиб келаман, истасангиз уйга борамиз. Қоронғуда ҳеч ким танимайди.
-Ишондим, ишондим…
-Бўлмаса, марҳамат, қаршидаги уйга. Бу хонанинг икки эшиги бор. Бири ошхонага очилади бири бу томонга! – деди майор.
Ошдан кейин:
-Эртага ҳам шу ерда қолинг, – деди майор. – Мен вазиятни ўрганаман. Шунга қараб план қиламиз. Худо хоҳласа эсон-омон чиқиб кетасиз.
-Сиз ҳам “ватан хоини”га шерик бўлаяпсиз, – ҳазил қилди Миртемир.
-Ўша битта одам ватан бўлса, мен хоинман. Аммо биз тушунган Ватан бошқа. Биз тушунган Ватан Сизни севади.
-Раҳмат. Аммо биз йўлни давом эттиришимиз керак, – деди Аҳмад. – Мен ҳам кўп қолиб кетсам қидиришади. Қолаверса кундан-кунга босқи кучаймоқда. Қариндошларидан яқини, кейин дўсти бўламан. Қидиришлари аниқ.
-Бизга ҳам буйруқ уч марта такрор келди. Ҳозир посёлкада расмингиз осиқлик. Демакки, ҳамма жойда шу ҳол. Бирор қишлоқ ё шаҳарга кирмасдан, тоғу тошдан юрмоқ керак. Машина, автобуслар ҳам хавфли. Чунки ҳайдовчиларга ҳам топшириқ берилган. Хуллас, Каримов сизни чиқариб юбормоқчи эмас.
-Унда биз эртароқ йўлга чиқайлик. Кечаси юриб, кундуз дам оламиз.
Майор узоқ ўйлаб турди-да:
-Укамни чақирай. Трактори янги. Бахмалга қадар олиб борсин. Тракторни биров тўхтатмайди. Қолаверса унинг укамлигини ҳам билишади. Бахмалдан кейин қўшни жумҳуриятга яқин қолади. Ўтиб кетасизлар.
Майор чиқиб кетди-да тез қайтди. Орадан ярим соат ўтмасдан трактор овози эшитилди. Миртемирлар кўзғалишаркан, Анбар хола тўн ва дўппи олиб чиқди.
-Ўғлим, сенга атаганман буни. Тўнни ўзим тикканман. Дўппи эса водийдан келган.
-Энажон, бизни уялтираяпсиз…
-Ана улар уялсин, сени шу кўйга тушириб. Ҳа, уларга ҳам Худонинг атагани бор ҳали… Тўнни кийиб олсанг биров танимайди, ҳам иссиқ, ҳам совқотмайсан…
Улар хайрлашарканлар Анбар хола кўзига ёш олди:
-Энангни қайта кўра олмайсан… Қайда бўлсанг ҳам бошинг омон бўлсин, – деди ва Миртемерни қучоқлаб йиғлади.
-Энажон секин, биров эшитиб қолмасин…
-Ҳе, ўша бирор-мирорни ҳам…
Анбар хола жаҳли чиққан бўлса-да, сўнгги сўзларини пичирлаб гапирди:
-Сен кетгандан кейин ҳамма гапни ҳалойиққа айтаман, билиб қўйишсин.
-Энажон, Искандар акага зиёни тегади. Илтимос, орамизда қолсин, – деди Миртемир.
Аммо кампир индамади…
Трактор “сакрай-сакрай” илгарилаб борарди. Уч киши кичик кабинага аранг сиғишиб ўтиришгани учун бир зайилда “сакрардилар”. Тракторчи йигит камгап экан, икки соатда бир оғиз гапирмади. Миртемир буни оқшом чоғи безовта қилишгани, кун бўйи чарчаганидан бўлса керак, деб ўйлади ва хижолат чекди. Бир жойга бориб трактор тўхтади.
-Акам шу ерга қадар дегандилар…
-Бу ер қаер?-сўради Миртемир.
-Йўл бўйлаб кетаверасизлар, бу ёғи тинч. Икки-уч соатда қўшни жумҳуриятга ўтасизлар. Чегарага яқин қолганда адрдан юринглар. У ерда кўзга кўринмаган яхши. Мана бу икки таёқни олинглар, ит деган нарса кўп бу ерларда, – деди у, – кейин хайрлашиш учун икки қўлини узатди. Қўлида бир нима бор эди.
-Бу нима? – сўради Миртемир.
-Ака, энам бердилар, олмасангиз бўлмайди, момой ният қилганлар, илтимос, мен келгунга қадар шуни ўйладим. Олмасангиз нима қиламан, деб ўйладим. Сиз энамни билмайсиз, гаплари икки бўлдими, тамом, олам омонат бўлади.
-Аммо бизга пул керак эмас. Қолаверса шундай ҳам бошга қадар қарзга ботдик, энангиз, акангиз олдида… Энди…
-Ака, кўп эмас, беш юз сўм. Ўнта нон бермайди бу пулга, қадри йўқолди пулнинг. Аммо энам нафақа пулидан йиққанлар. Майда сўмликлар бўлгани учун кўп кўринаяпти.. Мен ҳам энамга буни тушунтирдим. Лекин “Майли, ўнта бўлса ҳам нон олади, ўзим берардиму хафа бўлишади деб аканг қўймади”, дедилар.
Тракторчи ўжар чиқиб қолди. Охири Миртемир:
-Илгариги шароитда олсак пора бўларди, ҳозирги ҳолимизда гуноҳи бўлмаса керак, – деди-да пулни олди. – Майли, ишқилиб бу яхшиликларни, бу қарзни қайтариш имконини берсин.
-Илоҳи омин, – деди тракторчи ва югуриб кабинага чиқди. У жўнаб кетгандан кейин Аҳмад:
-Пул ўзиники. Аммо…
-Қаердан билдингиз?
-Уйда кампирдан “Эна пулингиз борми?” деб сўраганини эшитиб қолдим. Йўлга чиқаётгани учун чўнтагим қуруқ бўлмасин, деб ўйлаяпти шекилли дея тушундим.
-Балки кампир унга ҳам бергандир?..
-Йўқ, беш юз деганини ҳам эшитдим. – Локатор бўлинг-е… Лекин нега берди пулни?
-Яна қайтиб келишингизга умид боғлади.
-Ҳа, бу хонадонга албатта келаман, аммо исмини ҳам сўрамабмиз.
-Ҳечқиси йўқ. Искандарнинг укаси, Турсунбой…, – деди Аҳмад.
-Қаердан билдингиз?
-Локатордан!..
Улар таёқларини елкага қўйиб қоронғулик қўйнига шўнғидилар. Осмоннинг олис нуқталарида кўринаётган юлдузлар ҳам улар билан йўлчиликка чиққан каби “юриб борарди”. Аммо ой кўринмасди. Ҳар ҳолда қайси бир булут тўдасининг ортида қолган бўлса керак. Дарвоқе, тун узоқ. Ойнинг эса чиқиши, кўриниши муқаррар.
(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: