Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин” (тарихий роман)

19. ОМАД

Ғўбдин тоғи этакларидаги лалми ер шудгорланган ва қушларнинг гала-гала бўлиб “ов” қилаётганларидан дон ҳам сепилгани англашиларди. Қушлар ўз “ишлари”га шу қадар ғарқ бўлгандиларки, ёнига бориб қолганингизни ҳам сезишмасди.
“Таҳлика” дея бири огоҳлантирди, шекилли, “гур” этиб бағирларини ердан уздилар. Миртемир бошини қияламаганда қарғанинг қанотлари юзига уриларди.
-Қушларни чўчитдик, – деди Аҳмад қўнжидаги машрафани чиқариб, совиб қолган чойдан ҳўпларкан. Сўнг у белбоққа тугилган ширмой нондан бир бурда синдириб Миртемирга узатди. – Антиқа ҳиди бор. Қандайдир гиёҳ солишса керак ичига. Бодиён ҳидига ўхшайди, – деди.
-Раҳмат. Чойдан бир ҳўплам ичарман, лабим қуриб қолаяпти, лекин нон егим йўқ, – деди Миртемир.
-Йўлимиз ҳали узоқ. Бунинг устига шудгорга тушдик, юриш оғир. Бир бурда бўлса ҳам еб олсангиз куч берармиди?
Шудгор… Миртемир атрофга назар солди. Ҳар ер – ҳар ердан буғ кўтарилмоқда. Демак, кун очилади. Ҳар ҳолда икки-уч кун олдин шивалаб ёмғир ёққанки, шудгорнинг баъзи жойи қуруқ, баъзи жойи лой. Қуруқ ва ҳўл бирданига оёққа ёпишса ажралиши ҳам қийин экан. Туфлидан ажралсин, дея оёқни бирор кесакка урасиз, яна бир парча лой осилади. Судраб кетаверасиз… оғир. Оёғингизни орқага тортаётганга ўхшайди. Тиззалар санча бошлайди. Бирданига лой узилади. Енгил тортасиз. Лекин бу енгиллик узоққа чўзилмайди. Оёғингиз яна оғирлаша боради.
Бунинг устига Миртемирнинг оёғидаги туфлиси нобоп. Ости нозиклиги бир тараф, пошнасини тилаётгани, “ураётгани” иккинчи тараф. Шошганда оёғига тўғри келганини “илинтирган”да. Ўша пайт оёқ кийими хаёлга келармиди? Энди ўйласа оёқ кийими ҳам жуда муҳим экан. Ҳозир бошқа дарди йўқ. Хаёли ҳарчанд бошқа томонларга кетиб қолмасин, оёғининг оғриғи ортга тортади. Тўхтаб, оёғига қарагиси келарди-ю, Аҳмаддан уяларди. У кетиб борарди. Анча олдинда.
Тангри ёрдам бераман деса, энг эътиборсиз дақиқада ҳам дастаклашнинг йўлини топади. Миртемирнинг кўзи шудгор ўртасидаги тошбақага тушиб қолди. “Ёппирим, бу ерда нима қилади? Қандай келиб қолди экан? Балки ер ағдарилмасдан олдин келиб қолгандир? Хайриятки, тракторнинг оёғи, занжирлари остига тушмабди. Неча кундир бу ерда экан? Балки оиласи бордир бунинг ҳам? Қаерда қолди экан? Қандай қисмат айирди уларни? Дунё қизиқ. Тошбақалар орасида кин, адоват, таъқиб, қувғин йўқ. Бу ишларни қойилмақом қилиб бажарадиган миршаблари йўқ. Лекин шунга қарамай бу поёнсиз шудгор ўртасида қолган. На ўт бор, на сув. Аммо яшаяпти…
Узоқдан чалинган ҳуштак саси Миртемирнинг хаёлини бўлди. Ўҳ, ҳў, Аҳмад узоқлашиб кетибди. У қўли билан тезроқ келинг, ишоратини қилди. Сўнг шудгор этаги томонни кўрсатди. Узоқда нуқта кўринди. Нуқта юриб бораётганига кўра машина бўлиши керак. Демак йўл. Балки… Яна ҳуштак… Аҳмад бир нарсани топгандек, қўли билан “Тез кел” ишорасини қиларди.
Миртемир лойли оёғини судраганча илгари кетди. Аҳмаднинг ёнига етиб келганда ўпкаси оғзига тиқилгандек аранг нафас оларди.
-Нима гап? -деди у Аҳмадга.
-Кўрмаяпсизми?
-Нимани?
-Мана бу тошни, мана бу булоқни…
Миртемирнинг юзи ёришди. Дарвоқе, қандай кўрмадийкин? Ҳа, баъзан инсон кўзи очиқ бўла туриб ҳам олдидаги нарсани кўрмайди.
-Худога шукур, ўтириб ҳордиқ чиқарадиган жой ҳам топдик, ҳатто булоғи билан. Бунинг устига йўл ҳам яқин экан. Ярим соатлик йўл… Қани ўтиринг… Миртемир дастурхонни ҳам кўрмабди. Тош устига солинган белбоғда ширмой нон тўғраб қўйилган, ёнида пўсти артилмасдан эзилган пиёз.
-Пиёзни қаердан олдингиз?
-Йўлга пиёзсиз чиқадиларми? Чўнтакка биттасини ташлаб қўйгандим.
Миртемир тегирмон тоши каби катта ва ёйиқ тошнинг бир четига ўтираркан, яна оёғи эсига тушди. Пайпоғи ҳўл эди. Чиқариб, қараса пошнаси ғижжа қон. “Шуниси кам эди”, деб ўйлади.
-Эҳ, ҳе, илгаридан яраси бормиди ёки йўлда бўлдими? – сўради Аҳмад.
-Ҳар ҳолда божамнинг туфлисини кийиб чиққаним аён. Иккимизники ҳам бир хил. Фақат биттаси катта, биттаси кичик.
Аҳмад хаёлига латифа келган кишидек жилмайди. Лекин ҳазилнинг жойи эмас эди.
-Чораси бор, – деди у. – Энди туфлининг орқасини босиб юрасиз. Майли қўлингизни ювинг. Бирор нарса еб олинг, кетамиз.
Миртемир тошбақани ўйлай бошлади. Балки унинг сўнг омадидир бу? Балки бу дамни кунлар давомида кутиб ётгандир? Шундай поёнсиз шудгорда нега унинг олдидан чиқди?
Ҳа, Миртемер қанча одамларга яхшилик қилди. Шудгор ўртасида қолиб кетганларни олиб чиқди. Балки шуларнинг жавобидирки, ўлимдан қолди.
У ўрнидан туриб келган томонга юриб кетди.
-Қаёққа?
-Тошбақани олиб келайин…
-Қанақа тошбақа?
Ҳа-я, Аҳмадга айтмабди. Икки оғиз қилиб тушунтириб берди.
-Мен бўлсам, чарчаб тўхтаб қолдингиз, деб ўйлабман. Сиз тошбақани кўрибсиз-да!
Аҳмад ҳам унинг ёнида борарди. Аммо тошбақа қаерда эди? Сомон қопнинг ичига тушган игнани топинг-чи? Тополмайсиз. Аммо қопни кўтарсангиз, игна елкага ботиши ҳеч гап эмас. Худди шунга ўхшаб, тошбақани учратиб қолди… Лекин нега нинага ўхшатди бирдан. Йўқ. Тошбақа хосиятли дейишади.
-Қаерда эди? – деб сўради у.
-Мендан сўраяпсизми? Ўзи ростдан ҳам тошбақани кўрдингизми? Тағин сароб бўлмасин, – деди Аҳмад.
-Сароб… Шудгорда ҳам бўладими?-Тошбақа шудгорда бўлса, демак сароб ҳам кўриниши ҳеч гап эмас.
Улар охири оёқ изини аниқлашди. Кейин шу из бўйича бири чап томонни, иккинчиси ўнг тарафни қидириб юра бошлашди. Осмон узоқ, ер шудгор. Тошбақа эса йўқ.
-Нима қиламиз? – деди Аҳмад.
-Топамиз, – жавоб қилди Миртемир.
–Бизни изламаётганларидек гапирасиз-а? Бунинг устига оёғингиз…
-Бизни астойдил изласалар топадилар. Аммо катталар буюради, бу ёқдагилар йўлигагина излайдилар.
-Ундай экан, нега шудгордамиз? Йўлга чиқайлик.
-Ҳазиллашдим, тақсир. Тошбақани астойдил излайлик, дедим-да.
-У шу қадар муҳим-ми?
-Муҳим. Иккимизнинг ҳам ҳолимиз айни. Уни қутқариш учун Тангри шундай бепоён шудгорда бизга рўбарў қилди. Биз эса… Мени қутқаришди. Уни эса…
-Шоир бўлиб кетдингиз!
-Майли, сиз қайтиб, чой ичиб туринг, мен уни топаман.
-Мен бўлсам топдим, – деди Аҳмад, – ана…
Улар бирдан калласини тоши остига бекитиб олган тошбақага эгилишди. Бошлари бир-бирига урилди.
-Демак, Сиз…, – деди.
-Сиз қутқаришингиз керак экан.
Аммо Миртемирнинг жавоб берадиган ҳоли йўқ эди. Кўз олдида юлдузлар учиб юргандек бўлди. Боши деворга урилган кишидек, бир лаҳза муаллақ бўшлиқ қўйнида қолди. Шудгорнинг бир томони кўтарилиб осмонга улашиб кетди. У тиз чўкиб қолди. Ва… хаёли бирдан оёғига қараб югурди. Демак, оёғи оғрияпти, боши эмас. У ўрнидан тураман деганда Аҳмад қўлтиғидан тутди…
Улар тошбақани булоқ бўйидаги ўтларнинг ичига қўйиб юборишди. Миртемир илк бор тошбақанинг худди қўй каби ўтни «читир-читир» ейишини кўрди. Балки илгари ҳам кўргандир. Лекин бу қадар эътибор бермагандир. Нима бўлганда ҳам у енгил тортди.
-Тамом, қутилдик, қўлга тушмаймиз энди, – деди у.
–Нима, қўлга тушиш ниятингиз ҳам бормиди?
Бу саволга Миртемирнинг жавоб бергиси келмади.
-Тошбақани олиб кетамиз. Адрга чиқсак қўйиб юборамиз, – деди.
-Зотан менинг қўлим банд, машрафа, белбоғ…
-Ўзим олиб бораман. Бу менинг омадим. У йўлимдан чиқди. Қисматимиз айни экан…
Улар узоқдан кўринган ва ғойиб бўлган нуқта томонга қараб юришди. Бу пайтда кун бироз очилган, қуюқ булутлар бағрини ёриб лип-лип этиб бўлса-да кўриниб турарди. Қора булутлар эса лойқа ариқнинг суви каби боса-боса оқиб боришарди…

(Давом этади).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: