Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин” (тарихий роман)

18. ТАВАККАЛ
Миртемир Қорасув ариғи уймалаб, чуқур қилган жарликдан қўшниникига томон юраркан, юқоридаги теппаликда уч кишининг турганини пайқади. Саҳар чоғи бўлишига қарамай улар уйқудан тўйган одамлардек бамайлихотир суҳбатлашиб турардилар. Миртемир олдинга юришини ҳам, орқага қайтишини ҳам билмай қолди. Яна бир қадам қўйса, оёқ сасидан улар сезиб қоладигандек туюлди. Амма нега шу пайтгача кўришмади? Ё булар ҳам Лутфилло билан Рустамнинг одамларими?
Бу жумбоқни ечишнинг бирдан бир йўли ё олдинга ёки орқага юриш эди. Бир жойда тўхтаган билан жумбоқ ҳал бўлмасди. Миртемир ҳеч нарсани кўрмагандек олдинга юриб кетди. Юқоридагилар ҳам ҳеч нарсани кўрмагандек гаплашиб туришарди.
Миртемир кўшниникига ўтгач, орқага қаради. Турганлардан бири Миртемирнинг ҳовлисини кўрсатиб бир нималар деди. Улар югуриб кетдилар. Миртемир улар оёқ товушларини эшитмай қолишганининг сабабини бирдан англади. Чунки қўлларида овоз узатгичлар бўлиб, улардан шовқун-сурон орасида аллақандай товушлар эшитилаётганди. Ҳатто Миртемир қўшнининг ҳовли этагидаги патахиб кетган, сариқ чечаклар ўраб олган гулларнинг орасидан ўтиб уйга киргунга қадар ҳам овоз узатгичнинг сасини эшитиб турди. Бундай пайтларда одамнинг ақли кўр, фикри соқов бўлади, деб ўйлади у.
Қўшниси Саша эса унга хаёл суриш учун вақт бермади. Дарҳол уни “Жигули”нинг багажнигига “жойлади”-да, дарвозани очиб машинани ташқарига олиб чиқди. Дарвоза очиқ қолди. Саша ташқарида тўхтаб ҳам турмасдан орқа йўлдан машинани елдириб кетди. Кичкинагина кулбага қамалиб қолган кишидек кулча бўлиб ётиб олган Миртемир шу дақиқада фақат йўлни ўйлаётганди.
Ҳа, чап томондаги теппаликдан ўтдик, теннис кортининг орқасидаги йўлакчадан бораяпмиз, ҳозир пастга тушамиз, кейин чапга, ҳовузнинг ёнидан ўтиб, стадион олдидаги йўлга чиқамиз. Катта йўлга чиққандан кейин машина тўхтади. Саша машинадан тушиб қаергадир бориб келди. Йўлнинг давомини Миртемир тахмин қила олмади. Чунки машина жуда тез борарди. Бир неча бурилишлардан кейин бир жойда тўхтади.
Саша «капот»ни очаркан:
– Қўшни чиқ, ҳеч менга ишонмасдинг! Ҳатто салом-алигимиз ҳам яхши эмас эди. Мана энди бир-биримизни синадик. Худо ҳоҳласа яна кўришамиз, – деди.
-Раҳмат, – деди Миртемир. – Бу хизматларингни унутмайман. Бир кун қайтарман.
-Қайтиб келганингдан кейин яримта қуйиб берсанг ана ўша жавоби бўлади, – деб ҳазиллашди Саша ва югуриб бориб дарвозанинг ёнидаги даричани очди, боши билан “ичкарига кир” дея ишора қилди. Сўнг дарҳол машинасига ўтириб, кўздан ғойиб бўлди. Миртемер дарвозахонада нима қилишини билмай турганди, ичкаридан бир аёл чиқди:
-Ассалому алайкум, Миртемир ака келинг. Акангиз сут, қатиқ олишга кетдилар. Ҳозир қайтадилар, – деди.
Миртемир “акаси” кимлигини ўйлаб турганди, дарича очилиб “мен келдим” деган овоз эшитилди. Келган одамнинг қўлидаги тўрхалтада сут ва қатиқ шишалари борлигидан “акам” шу киши бўлсалар керак, деб ўйлади.
Келган одамнинг юзида ҳам самимият, ҳам мамнунлик ва айни пайтда кайғу аломатлари бор эди. У қўлидаги тўрхалтани ерга қўйди-да югуриб келиб Миртемирни қучоқлаб олди. Ёши Миртемирдан катта бўлса ҳам:
-Миртемир ака, ҳаммасидан хабардорман. Мен Лутфиллонинг поччаси бўламан, – деди.
-Бу ерга келганимни қўшниларингиздан бирортаси кўрган бўлса, сизга зарарим тегиб қолмасин, – деди Миртемир.
-Ҳозир ўша қўшнилардан бирининг уйига ўтамиз, бироздан кейин бошқасиникига. Ўртада дарчамиз бор. Шу зайилда хавотирингизни йўқотамиз, – дея ҳазил қилган бўлди уй соҳиби. –Ҳа, дарвоқе, исмим Ваҳоб, ўқитувчиман. Болаларни саҳарлаб бувисиникига олиб бориб қўйдим. Бола бола-да сизни кўриб қолса, бирор гап чиқмасин, деб ўйладим. Ҳеч хавотир олманг, қўшнилар ҳақидаги гапим ҳазил. Дарвозамиз ёнига машина келиб тўхтаса, қўшни уйлардан кўринмайди. Чунки ҳар икки томонга мажнунтол экиб қўйганмиз. Ҳатто дурбин билан қараса ҳам бирор нарсани пайқаши қийин.
Уй бекаси беш дақиқада сутчой ҳозирлади. Косанинг ичига уй нонини тўғраб, бир ҳовуч ёнғоқ, сариғ ёғ, мурч ташлабди. Бека дастурхонга ҳар турли неъматлар келтириб қўяркан “Ҳа, ер ютсин бу қаттолларни. Булар фақат халқнинг ҳақини ейдилар, халқни ўйлаган одамларни эса йўқотадилар” дер эди. Бироздан кейин турмуш ўртоғининг ёнига ўтириб, Миртемирга савол берди:
-Болаларингиз тўртта деб эшитгандим, тўғрими?
-Тўғри. Лекин қаердан эшитдингиз?
-Сизга ўхшаганларни халқ яхши танийди. Қизиқамиз, суриштирамиз. Мана энди бошингизга тушганини ҳам кўриб турибмиз. Укамнинг оғир кунларида ёрдам берганингизни ҳам биламиз. Сиз ҳаққингизда гапириб берган эди.
Кўп ўтмай улар “Уй-жойимиз сизга омонат” деб дарвоза ва дарчани ташқаридан қулфлаб ишга кетишди.
Миртемир уч кун бу хонадонда меҳмон бўлди. Тўртинчи кун айвонда китоб ўқиб ўтирганда “гурс” этиб томдан бир киши ўзини ерга отди. Бу Лутфилло эди.
-Уч кундан буён ҳаммаёқ алғов-далғов, қамалмаган одам оз қолди. Менга ҳам “Агар топиб берсанг, генералликка тавсия қиламиз” дейишди. Хуллас, катта бир романга сиғадиган воқеалар юз берди. Ҳозир эса кетишимиз керак. Аҳмад вилоят чиқишида кутиб туради. Мен сизни шаҳардан олиб чиқмасам, бошқа ҳеч ким олиб чиқолмайди. Ҳамма йўллар боғлиқ, ҳар бир машина текширилмоқда. Поччам калитни бериб қўяман деганди, унутибди. Томдан ўтишимизга тўғри келади.
-Қўшнилар-чи?
-Бу ердагилар ҳаммаси ўзимизники. Ҳатто ҳозир мени ташқарида кўрган қўшнилардан бири “Акани чойга чақирайлик дедигу яна мулоҳаза қилдик. Кўнгилларига бирор нарса келиб қолмасин, деб. Нима бўлса ҳам эсон-омон чиқариб қўйинг” деди.
-Демак, одамларга ишониб, тўғри қилибмиз! – деди Миртемир. Сўнг: – Аммо бу гапим қизил гап бўлди, – деди.
-Қизил гаплар ҳам баъзан ҳақиқатни ифода этади, – деди Лутфилло.
Улар томдан ўтиб ташқарида турган машинага миндилар. Миртемир машинанинг орқа ўриндиғида ётди. Лутфилло унинг устига кўрпача ташлаб қўйди. Шаҳардан чиқишда текширув пункти ёнида тўхтаб, қидирилаётган “жиноятчи” топилиб топилмагани ҳақида сўраб суриштирган бўлди. Сўнг вилоят чегарасидан ўтиб, машинани тўхтатди ва Миртемирга:
-Сиз бизнинг Ҳамзамиз бўласиз,- деди.
Миртемир ўйлаб ҳам ўтирмасдан,
-Аммо мана шу гапингиз ёқмади,- дея жавоб қайтарди.
Улар шу зайилда на совуқ, на илиқ хайрлашдилар…
(Давом этади).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: