Жаҳонгир Муҳаммад

“Қувғин” (тарихий роман)

17. ГЕНЕРАЛ…

-Сизни табриклайман, – деди Каримов генералнинг қўлини қисиб. – Топшириқни яхши бажардингиз. Аслида ана у Зокир тирранчани вазир тайинлаб хато қилган эканман. Биламан, у сизнинг қўлингизда ишларди. Бор-йўғи подполковник эди. Паркент воқеаларида сизнинг топшириғингиз билан менинг ёнимда юрди. Содиқ болага ўхшади. Шу сабаб кўп ўтмай сизни бошқа ишга кўчириб, уни жойингизга тайёрладим. Генералгача кўтардим. Сизни узоқ вилоятга ички ишлар бошқармаси бошлиғи қилиб юбориш ҳам унинг ўйини. Ҳечдан кўра кеч дейдилар, мана энди кўзимиз очилди. Дўст ким, душман ким, ажратиб олинг. Ойнинг ўн беши коронғу ўн беши ёруғ. Қоронғу кунлар ўтиб кетди. Энди биргалашиб ишлаймиз. Қаерга борсам ёнимда бўласиз…

Шу пайт Каримовнинг телефони қулоқларни қоматга келтирадиган даражада жиринглай бошлади. Аммо Каримов парво қилмади. Ҳатто қайрилиб телефон томонга қарамади ҳам. Унинг сўзларини, ҳеч бўлмаса оҳангларини илғаб олишга ҳаракат қилган генералнинг уринишлари бефойда кетаётганди. Чунки телефон саси бутун хонани қамраб олганди. Каримовнинг дўриллаган овози йўқ бўлиб боргани сайин, унинг салобатли гавдаси ҳам узоқлаша, узоқлаша нуқтага айланиб қолди…

Генерал сапчиб ўрнидан турди. Бош томонидаги стол устига қўйилган телефон тинимсиз жиринглаётган эди. Аввалига воқеаларни аралаштириб юборди. Сўнг вазирлик тушида қолгани ва олис вилоятдаги уйида ухлаб ётганини англади. Қўли беихтиёр телефон ёнидаги тугмачани босди. Хонасида чироқ ёниши билан кўзларини қайтадан юмди. Қоронғуликка ўрганган кўзлар нур олдида ожиз эди. Аммо телефон учун фарқи йўқ, у на қоронғуликни, на ойдинликни англайди. Лекин бу соатда телефон қилишга ким журъат этди? Генерал бу саволга жавоб қидирмасдан соатга қарамоқчи бўлди. Чироқ шуъласида ёшланган кўзлари соат юзини кўра олмади. Худди тушида Каримов нуқтага айланиб қолгандек деворга осиғлик соат ҳам нуқталарга бўлиниб кетганди.

-Соат неча? – дея бақирди у. Аммо жавоб берадиган одам йўқ. Ҳайбатли ҳовлида бир ўзи яшайди. Ҳовлисининг тўридаги кичкинагина ҳужрада яшайдиган, ўргатилган итни ҳисобламаганда.

Генерал бу ерга ишга юборилганда бир-икки йилда қайтаман, деб ўйлади. Оиласини келишга ундамади ҳам. Аммо умр йўлдоши унинг бу ерга келишини сургун деб баҳолади. Аслида қаерга тайин этилмасин умр йўлдоши унинг пойтахтдан узоқда бўлишини истамасди.

Генерал Нилуфархонга уйланганда ёш эмас эди. Биринчи хотинидан айрилгандан кейин узоқ вақт танҳо яшади. Ички ишлар вазирлигининг тунги қоровуллар бўлимида ишлагани учун бўш вақти кўп бўларди. Шу боис доим концертга борарди. Айниқса, Нилуфархоннинг концертларини ўтказиб юбормасди. Нилуфархон санъат оламида у қадар машҳур бўлмаса ҳам гўзаллик бобида оғизга тушган эди. Қора қошларидан тортиб тўпиғигача тушадиган сочларига қадар бўйдоқларнинг орзусига айланганди. Тўхтаев ҳам ана шу қошлару икки ўрим қилиб ташлаб қўйиладиган сочларнинг мафтуни эди. Мактабда адабиёт дарсида қочиб юрган, шеър ёдлашдан ҳазар қиладиган Тўхтаев ёши ўттиздан ошиб қолганида қўлига қалам олди. Нилуфархонга бағишлаб шеърлар ёзди.

Йўлнинг узоғи ҳатто душманларни дўстга айлантиради. Вақт Тўхтаев билан Нилуфархоннинг ҳаётини бир нуқтага келтирди. Улар оила қурдилар. Аммо Нилуфархон оиланинг ҳокими, Тўхтаев эса “маликаси”га айланди. Мана Самарқандга ишга келганига икки йилдан ошдики, бир марта ҳам сўроқламади. Шунга қарамасдан умр йулдошини (баъзан хаёлидан ҳақиқатдан ҳам умр йўлдошиммикан, деган фикр ўтишига қарамасдан) севади.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинлангандан кейин сессияда унинг номзодига қарши чиқишди. Ўшанда Миртемир минбардан “Бизнинг вилоятимизда жиноятчилик авжига чиққан. Олдинги бошлиқ – Гайран деган зот ҳамма ёқни порахўрлик разолатига тўлдирди. Мана энди янгиси келди. Бутун умидимиз ундан”, дея уни ҳимоя қилганди. Ўшанда Тўхтаев тўлқинланиб кетган ва минбарга чиқиб:

-Мен халқимиз севиб тинглайдиган санъаткор Нилуфархоннинг турмуш ўртоғи бўламан, – деб юборганда, залда ўтирганларнинг бир қисми қарсак чалса, бошқа бир қисми эса кулганди…

Аммо шу дақиқада хаёлга ботган генералнинг ёнида “соат неча бўлди?” деган саволига жавоб берадиган киши йўқ эди. У бўшлиққа бақирганди. Бўшлиқдан кишининг ўз товуши қайтади, баъзан эса бўшлиқ бу сасни ютиб юборади. Ҳозир генералнинг саси қайтдими ёки уни бўшлиқ ютиб юбордими, буни билиш қийин эди. Чунки телефон жиринглаётганди.

Генералнинг ётоқхонасида иккита телефон бор: бири қора, иккинчиси кулранг. Қора ранглиси ҳукумат телефони ҳисобланади. Бу уйга кўчиб кирганига икки йил бўлган бўлса, бу телефон бир марта ҳам жиринглаган эмас. Аммо иккинчиси вилоятда бирор воқеа юз берса, ёки раҳбарлар уни қидиришса жиринглаб қолади.

Хуллас, кўрган туши ва ундан кейинги ҳолати боис телефон дастасини кўтариш керак, деган фикрни анча вақт “қидириб қолган” генерал бирдан уни “топиб олди”.

-Ким у?! – деди генерал телефон дастасини олиши билан.

-Ўртоқ генерал, рапорт беришга рухсат этинг!

-Нима гап?

-У қочди.

-Ким? – генерал ким дея сўраган бўлса-да жавобни эшитмасданоқ телефон дастасини отиб юборди. Худди юраги оёқ бармоқларининг учига тушиб қолгандек ва парчаланиб кетгандек ҳис қилди ўзини. Кейин бу парчалар бутун вужудига ёйилди. Вужудининг ҳар бир нуқтасидан “тук-тук” дея сас кела бошлади.

-Қўрққаним бошимга келди. Уни қочирдим, қочирдим…,- дея муштини муштига урди. Аммо айни пайтда қалбининг қаеридадир учқун пайдо бўлди. “Балки қочгани яхши бўлгандир? Уни ўлдириб, кейин балога қолиб кетармидим?” Кўнглидан ўтган бу фикрдан ўзи қўрқиб кетди. Чап елкасига қараб тупургандек бўлди ва “Лаънат шайтонга” деди. Кейин музлатгични очиб, чет элдан келтирилган пивони олди. Ичмоқчи бўлди-ю аммо оғзини очмади. Чунки қўллари титраётганди. Титроқ қўлларини осилиб ётган телефон дастасига узатди. Ички ишлар бошқармасининг навбатчиси худди бу ҳолга ўрганиб қолгандек телефон симининг нарёғида кутиб турганди.

-Машинамни чақир!

– Юбордим, ўртоқ генерал!

-Унинг қочганини яна кимга айтдинг?

-Ҳали ҳеч кимга ! Аммо пойтахтга юбориладиган тонгги ҳисоботга киритдик. Ўн дақиқадан сўнгра ҳисоботни узатамиз.

-Ҳисоботдан чиқар!

-Энди кеч бўлди. Ҳисобот компютерларга ўтди. Ўзгартирсак, кейин бошимизга бало бўлади.

-Бўпти, мени кутинглар! Шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғини ҳам чақир… тўхтаб тур, уни безовта қилма! “Семёркани” оёққа тургаз, яқин туманлардан ёрдам чақиринглар. Автомобил инспекцияси йўлга чиқарилсин, пойтахтга ва бошқа шаҳарларга олиб борадиган йўллар назорат остига олинсин! Ҳар бир автомашина алоҳида, алоҳида текширилсин! Қариндошларининг рўйхати чиқарилсин, оператив гуруҳлар ҳозироқ уларнинг уйларини боссинлар! Қолганини борганимда гаплашамиз. Барча бўлим бошлиқларини йиғилишга чақир!

Генерал апил-тапил кийина бошлади. Тўғри ишхонага борсамми ёки шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг уйигами?, деб ўйлади у.

Аввалига катта бошини кичик қилиб қўл остида ишлайдиган одамнинг уйига боришга ўзида журъат тополмади. Кейин эса бутун умидини унга боғлади. Шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи Баҳодир Матлубов Каримовнинг яқинларидан бири эди. Кўпчилик уни Каримовнинг жияни дерди. Аслида қариндошлиги борми йўқми номаълум.. Лекин Каримовнинг олдига бориб келади. Баъзан вилоят ҳокими ҳам уддасидан чиқолмайдиган масалаларни пойтахтга бориб ҳал қилиб келади. Ҳатто бир кунда фармон чиқартириб, фармон ҳали газеталарда эълон қилинмасдан нусхасини олиб қайтган пайтлар ҳам бўлган.

Генерал “жиян”нинг уйига боришга қарор қилиб ташқарига чиқди. Машинанинг ёнида эса “жиян”нинг ўзи турарди.

-Ёппирим, бўрини йўқласанг қулоғи кўринади, деганлари рост экан. Э-э, кечирасиз, дўстим, ёмонни ўйласанг олдингдан яхши чиқади, деганлар. Қаранг-а сизни безовта этиш ниятим йўқ эди.

-Уйғун ака, менга шаҳар бўлимидан хабар беришди. Нима қиламиз энди?

-Мен барча хизматларни оёққа турғаздим, Худо хоҳласа, қуёш чиққунга қадар топамиз!

-Мен ҳам шаҳар хизматини сафарбар қилдим. Иншоллоҳ, топармиз.

-Генералнинг хаёлидан “Бунчалик Каримовга тақлид қилади. Ҳатто “иншоллоҳ” дейишда ҳам Каримовга ўхшатади. Каримов баъзи сўзларни хато айтса-да, кўп такрорлагани учун бу сўзлар унинг мулкига айланиб қолган. “Жиян” ҳам ана шулардан баъзиларини илдириб олади ва ўзининг кимлигини шу сўзлар билан эслатиб туради.” деган фикр ўтди хаёлидан.

Улар Ички ишлар бошқармасига келганларида атроф худди колхоз бозорини эслатарди. Ҳали шаҳар одамлари ухлаб ётганларига қарамай Ички ишлар бошқармаси ёнида шовқин-сурон бошланганди. Генерални қаршилаган навбатчи :

-Ўртоқ бошлиқ, пойтахтга юбориладиган ҳисоботнинг вақти ўтиб кетди. Нима қилайлик? – деди.

Кўзининг қири билан “жиянга” қараб олган генерал :

-Нега кутиб ўтирибсиз, дарҳол юборинг! Ҳамма нарсани тўхтатиш мумкин, аммо ҳисоботни тўхтатиш мумкин эмас! Чунки бу ҳисобот соат 9.00да ҳурматли Президентимизнинг столлари устида туриши керак, – деди.

Генерал ёнига келган “жиян”дан мадад топгандек бўлса-да ҳозир ўзининг бу гапларидан кўнгли чўкиб кетди: Дарҳақиқат, соат тўққиздан кейин нима бўлар экан?!

-Соат неча бўлди? – деб сўради у навбатчидан. Жавобини кутмасдан “Шиқ-шиқ” эткизиб чўнтак соатини очди : 7. 35. Демак, салкам бир ярим соат вақт бор.

-Бизларга аччиқ қаҳва буюр! – Генерал навбатчига буйруқни бергач, “жиян”га юзланди:

– Қочирганлар қаерда? Улар билан гаплашдингизми?

-Уларни бу ерга олиб келишди. Юқорида. Қабулхонада, – лўнда-лўнда жавоб қилди “жиян”.

Улар биргалашиб лифтга миндилар. Генерал лифтнинг ҳаракатидан фалсафа излади. Инсон ҳаётининг образи-бу, деб ўйлади. Чиқади-тушади. Баъзан тўлиб чиқади, бўш тушади. Баъзан эса бўш чиқиб, тўлиб тушади. Наҳотки менинг ҳам тушиш соатларим яқинлашмоқда?

Қабулхонада ўтирганлар ўринларидан туришди. Аммо генерал уларга қайрилиб қарамасдан ичкарига кирди. Жойига ўтираркан тугмали микрофонни очиб “Келаётган рапортларни менга ҳам боғла, мен ҳам эшитиб турай!” деди. Кейин бошқа тугмани босиб қабулхонадаги секретарга бақирди:

-Ман нима дегандим? Нега кутиб туришибди? Оператив группалар қайтдими?

-Ўртоқ генерал, оператив группалардан ҳали хабар келгани йўқ. Бу ерда фақат бўлим бошлиқлари кутиб туришибди, уларнинг кўпчилиги воқеадан хабардор эмас…

-Нега хабардор бўлмайди?

-Хабарлари бор, аммо расман эмас!

-Ҳаммасига айт, бўлимларига боришсин, қўлларида Миртемирга оид нима бўлса, тўплашсин ва рапорт беришга ҳозир ҳолда келишсин! Алоқа бўлими бошлиғи ичкарига кирсин!

Ичкарига кирган капитанни остонада тўхтатган генерал:

-Унга боғлиқ нечта телефонни ёзаяпсизлар? – деб сўради.

-Ўн икки кишининг телефонини ёзаяпмиз. Ярим соат ичида қизлар расшифрофкани тугаташади.

-Ярим соат кўп, ўн беш дақиқада ҳозир бўлсин. Қариндош уруғлари, яқин дўстларининг ҳам телефонларини ёзиб олинглар!

-Рухсатни нима қиламиз. Йўлига бўлса ҳам терговчининг рухсати керак.

-Рухсатни онангдан оласан! Ҳаммаёқ ёниб турган бир пайтда сенга рухсат берадиган эшак кутиб турибдими?! Бу давлат хавфсизлиги масаласи! Бор, бажар!

Капитан орқаси билан эшикдан чиқар экан, генерал йўқотган нарсасини топгандек, енгил тортди. Дарҳол телефон дастагини олиб вилоят хавфсизлик бошқармасига сим қоқди.

-Укахон, мен Уйғун Тўхтаевич бўламан, Муртазо Раҳматовичга хабар берсангиз, кеча қамоққа олинган давлат аҳамиятига молик жиноятчи қочган, ортида катта кучлар борга ўхшайди, – деди.

-Муртазо Раҳматович хоналарида ўтирибдилар, истасангиз боғлашим мумкин.

-Албатта, албатта, дарҳол боғланг!

Генерал масалани Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғига англатмоқчи эди, аммо у хабардор экан. “Буларнинг ҳар нарсадан хабари бор. Ер остида илон қимирласа ҳам булар хабардор” деб ўйлади генерал. МХХ бошлиғининг гапириш оҳангидан “Сиз қочирдингиз” дашномини сезгандек орани юмшатмоқчи бўлиб “Бу ерда Баҳодиржон билан биргамиз. Масалани ҳурматли Президентимизга етказиш ҳақида ўйлаяпмиз”, – деди.

-Мен сизнинг ҳисоботингиздан ўргандим, – Баҳодиржон исмини эшитгач МХХ вилоят бошлиғи юмшагандек бўлди. – Кейин Пўлат Мажидовични хабардор эттим. Бутун кучларимизни сафарбар қилдик, ҳар ҳолда биргаликда ишласак натижа чиқади. Штабни сизнинг идорангизда тузайлик. Ярим соатдан кейин Пўлат Мажидович ҳам ўша ерга келадилар, мен ҳам бораман, – деди.

Генерал телефон дастагини қўяркан, сувга ботириб олинган мушукдек шумшайиб қолди.

-Қаранг-а, Баҳодиржон, булар аллақачон штаб ҳам тузишибди, ҳозир бу ерга келишади, – деди. Баҳодир кўрсатгич бармоғи билан шифтни кўрсатиб, бир айлана чизган бўлди-да “Сизнинг хонангиздаги гаплар ёзилади” деган ишоратни берди. Генерал бунга жавобан бош силтаб “Тўғри” дегандек “уҳ” тортиб қўйди.

Шу пайт қора телефон жиринглади. Генерал “лип” этиб ўрнидан турди. Телефон дастасини қулоғига яқин келтираркан “Ассалому алайкум” деди. Телефоннинг нарёғида Ички ишлар вазири Зокир Алматов гапираётганди:

-Сизга ҳеч қачон бирор ишни ишониш мумкин эмас! Ислом ака бу масалани вилоятда ҳал қиламиз, овозаси чиқмайди, деганларида кўнглимдан сиз ҳақингиздаги фикрлар ўтиб, қарши чиқмоқчи эдим. Барибир сизни яна бир синаб кўрайлик, дедим. Мана энди саҳар чоғи заҳар ичирдингиз! Мен ҳисоботни қандай қилиб у кишига кўрсатаман? Воқеани қандай қилиб изоҳлайман?! Бундай ишлаб, нон топиб егунча, очдан ўлганимиз яхши эмасми?! Хуллас, пойтахтда қуриб қўйган кошоналарингиз, тўплаган бойликларингиз, унвонлару мукофотларингизни сақлаб қолмоқчи бўлсангиз уни бир соат ичида топасиз! Осмонда бўлса оёғидан, ерда бўлса қулоғидан тортиб бўлса ҳам топасиз! Бир соат ичида ё уни топганингиз ҳақида рапорт берасиз ёки аризангизни топширасиз!

Генерал бирор сўз айтишга ҳам улгурмади. Вазирнинг киноя аралаш айтилган гапларини ҳазм қилиб улгурмасдан навбатчининг овози эшитилди: “Ўртоқ генерал, вилоят ҳокими Пўлат Мажидович ва МХХ бошлиғи Муртазо Раҳматович келдилар!”

Генерал отаси қувалаганда қочган болакайдек югурганча хонадан чиқиб кетди. Матлубов эса оғир карвон оқсоқоллар каби ўз ёшига ярашмаган бир ҳолда креслога ястанганча қаҳвасини ичиб ўтирарди.

(Давом этади).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: