Жаҳонгир Муҳаммад: “Қувғин” романи

16. СОВЧИЛИК
Миртемирнинг Роҳилага уйланиши тасодифлар билан боғлиқ. У моддий сиқинтилар сабаб дорулфунуннинг кундузги бўлимида ўқий олмади. Ота-онасининг вафот этгани, бунинг устига пойтахтда ҳеч кими йўқлиги сабаб ҳам ишлаб, ҳам ўқиди. Орада армия хизматига ҳам бориб келди. Дорулфунунни битириш арафасида “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ишларди. Бир куни масъул котиб Кабир Шукуров чақириб қолди.
-Сени аскарликка ўзимиз кузатдик. Яна бағримизга қайтдинг, – деди у. – Худди ўғлимиздай бўлиб қолдинг. Бош муҳаррир билан гаплашдик, сени уйлантирмоқчимиз.
– …-, Нима ҳам дейди, индамай эшитди.
-Қўшни газетада “Биринчи”нинг жияни ишлайди. Бир-бирингизни танир экансиз…
Миртемирнинг боши ғувиллаб кетди. Ҳа, танийди. Лекин… У киму мен кимман, деб ўйлади. Кейин катталарга куёв бўлганлар ҳақида кўп ўқиган ва эшитган. Ундай оилалар қулсифат куёвларни севадилар, аммо ўз фикри, ўз феъли бўлганларни дарров оёқлари остига олиб эзғилайдилар.
Йўқ, йўқ деб ўйлади, қолаверса қизни танийди. Совуқлиги ва ёқимсиз кибори сабаб кишини ўзидан узоқлаштиради. На самимияти бор, на меҳри. Баъзан лифтда рўбару келардилар, саломлашсанг “Нима ишинг бор ?” дегандек ўқрайиб боқарди.
-Сен ариза ёз, таътил берамиз. Иккинчи аризани уй учун ёз. Нашриёт тўй куни уй ҳадя қилади, – деб сўзида давом этди масъул котиб.
Миртемир ўша куннинг ўзиёқ қишлоғига жўнади. Воқеани акасига айтганди :
-Бошингга бахт қуши қўнибди, ука, – деди акаси.
-Бахт қуши эмас, бадбахтлик қуши, – деди у.
Гапни буришга уста бўлган акаси :
-У маънода эмас, ҳар икки ҳолда ҳам барибир уйланадиган бўлибсан. Ўжарлигингни биламан. Подшоҳнинг қизидан ҳам юз ўгириб кетаверасан. Балки сенинг билганинг тўғридир.
Акаси, бу билан ўзи яқинда иккинчи марта уйланганини эслатди, шекилли. Олдинги хотини билан ажралди. Лекин учрашиб туради. Иккинчиси билан ҳам иш юрмаяпти.
-Бўпти, – деди у. – Қачон қайтасан ? Мен эртага беш – олти қизни кўрсатаман. Бирортасини танлайсан. Дарров тўй қиламиз. Мен уйланганман, деб борсанг, қутуласан. Бошқа баҳона билан уларнинг панжасидан чиқа олмайсан. Оташ билан ўйнашгандек гап бу…
Хуллас, эртасига шаҳарнинг ўн жойида учрашув белгилабди акаси. Бири қариндошларининг қизи бўлса, бошқаси танишларининг… Бу масалада акаси анқонинг уруғини ҳам топадиганлардан. Лекин бу “уруғ”ларнинг ҳеч бири Миртемирнинг кўнглини жиз эттирмади.
-Ўзинг ҳам осмондан тушгансанми?- деди акаси эски “Волга”сини вокзалнинг ёнида тўхтатаркан. – Ҳаммаси ақлли қизлар эди. Билмадим сенга қанақаси керак?
-Майли, узр, ака, Сизни овора килдим. Мен поездга билет олай, бир йўлини топарман.
-Бўпти, мен ҳам бир жойга боришим керак. Кейин кўришамиз, – акаси шундай деб жаҳл билан кетиб қолди.
Миртемир чиптани олди-да вокзал атрофида узоқ вақт айланиб юрди. Поезд кечқурун соат ўн бирда экан. Бирдан ёдига шу яқинда яшайдиган танишлари келди. Опаси институтда бирга ўқиган қизнинг оиласи билан яқинлашиб қолишганди.
Гулсанам хола уни худди ўз ўғлидек бағрига босиб, кутиб олди.
-Болам, нима биздан аразлаганмисан, нега келмай қўйдинг ? – Гулсанам хола шикоят қила бошлади. – Ўтираман, тураман сени ўйлайман. Узоқларда, ота-онасиз. Иссиғинг бор, совуғинг бор… Раҳматли онанг бўлсайди-ю сени кўрсайди, ўғлим пойтахтда ўқияпти, деб қанча севинарди-я?!
Гулсанам хола дарров дастурхон ёйди :
-Учоқда бориб келаяпсан, шекилли, акс холда бизникига бош суқардинг – деди у. – Илгари автобус, поездда қатнардинг, келишда, кетишда бизни кўрардинг.
Хола анча гапиргач, “Хўш, энди сен гапир, нима гаплар?” – деди.
Миртемир аввалига жим ўтирди. Кейин воқеани айтиб берди.
-Э, болам, бугун сени Тангри бу ерга бошлаб келибди. Ана шу кўчанинг муюлишидаги уйда бир қиз бор. Онаси сен учун туққан. Кўзимнинг остига олиб қўйганман. Ҳеч ўйлаб ўтирмасдан “Хўп” дегин.
-Хўп, – деди ҳазиллашиб Миртемир.
-Унда мен кетдим, поезд вақтига қадар балки қизни сенга кўрсатаман.
Гулсанам хола узоқ қолиб кетмади, тез қайтди.
-Юр, – деди, – муюлишдаги симёғочнинг остида турасан. Қиз келади.
Миртемир қоқиб қўйилган қозиққа ўхшаб анча турди. Одамлар тинимсиз ўтиб туришарди. Бир неча қизлар ҳам ўтишди. “Шу эмасмикан?” деган туйғуни бир неча марта яшади. Аммо Гулсанам холанинг ўзи келиб қолди.
-Юр, кетдик, – деди у. – Хафа бўлма ўғлим, уларга сени кўрсатдим. Эртага опанг келсин, бирга совчиликка борамиз, кейин сен қизни кўрасан. Ҳозир эса бориб чиптани қайтар, кейин қишлоққа жўна!
-Аввал қизни кўрсам…
-Қизни мен кўриб юрибман. У сеники – тамом. Бор, бор, кеч қолма. Аммо тўйда бир кийимлик меники…
-Тўйда бўлмаса ҳам кейинроқ бўлар,-ҳазиллашди Миртемир.
-Кўнглингни тўқ қил, у қизни кўрсанг, тўйдан олдин бир эмас, икки кийимлик олиб келасан менга. Бор болам, бор.
Миртемир муюлишдаги уйга қарай-қарай вокзалга кетди.
Миртемир поезд чиптасини топшириш учун вокзалнинг кассаси ёнига келди. Ёз кунлари бўлгани учунми одам жуда кўп эди. На сира бор, на тартиб, кассирларга яқинлашиб бўлмайди. Шунга қарамасдан у қўлида чиптани ушлаб анча турди. Бу орада икки-уч киши “Ортиқча билет бор, ким олади?” дея бир зумда чипталарини сотиб кетишди. Миртемир ҳам шундай деб бақирмоқчи эди, товуши чиқмай қолди. Бурнининг усти терлади, негадир оёғи қалтирай бошлади.
Ёдига пойтахт вокзалида чипта сотувчиларни овлаган миршаблар келди. Балки уни ҳам олиб-сотарчи деб ушлашса-чи? Ахир ўшанда икки дўстини ушлаганди-да. Улар қишлоққа бориш ниятидан қайтиб, чипталарини сотишмоқчи бўлишганди. Миршаблар қўлларини қайириб олиб кетишди. Кейин тортишиб қолишибди. “Миршабни ҳақорат қилгани учун” ўн беш кун қамалиб ҳам чиқишди. Воқеани Миртемир газетага ёзганди, муҳаррир “Ука, биз шаҳарнинг эмас, қишлоқнинг масалаларини ёритамиз” дея мақоласини саҳифадан олиб қўйди. “Миршабларнинг каттасини чақириб ўқитамиз, унинг ўзи тарбиялаб қўяди қолганларини” деди. Миртемир нима ҳам дея оларди. Фақат кейин сездики вокзалдаги миршаблар бошлиғи муҳаррирнинг ёнига тез-тез қатнайдиган бўлди. Сўнг дўстларининг қўлини қайириб олиб кетганлар ҳам икки уч марта келишди. Муҳаррир тўй қилганда ҳам улар хизматда эдилар. Шуларни ўйларкан, Миртемир чиптани чўнтагига қайтариб солди-да қишлоққа кетди.
Эртасига акаси ва опаси Гулсанам холаникига келишди.
-Қизнинг онаси етим ўсган аёл. Дорилфунунда ишлайди. Оғир табиатли аёл. Тарбияга эътибор қилганлардан. У ерда кўп гапирма, қизим, – деди Гулсанам хола Миртемирнинг опаси Меҳринисога, – худди ўзи гапдан тўхтайдиган, кам гапирадигандек.
Аммо Гулсанам холага кўп гапириш ярашарди. Товушининг ширадорлиги учунми ёки юзидаги, кўзидаги меҳр овозига ҳам қўшилгани учунми ё самимияти кучлилиги учунми кўп гаплиги ҳам бир гўзаллик эди.
Миртемир акаси билан қолди, бошқалар совчиликка кетишди…
Саломат опа уларни илиқ қаршилаб, ҳовли тўридаги тахта сўри томонга бошлади. Меҳринисо ҳар томонга назар солди. Ҳовли супурилган, сувланган. Қатор-қатор қилиб экиб қўйилган гуллар ёз бўлишига қарамай ранго-ранг очилган. Супанинг устига кўтарилган ток оғочи худди шамшот дарахти каби тик ўстирилган ва кейин қизнинг қирқ кокили каби толорга тортилган.
Меҳринисо аввалига токни қувур деб ўйлади. Нега қувурларни экиб қўйишибди, деб юқорига қарагач, ғужум-ғужум ҳусайни, кишмишни кўриб гап нимадалигини англади. Кейинчалик ўзлари ҳам янги ҳовлига кўчиб чиққач, супаларнинг устини ток билан худди ана шу шаклда қоплаттирдилар. Ҳозир эса “қизнинг ота-онаси тартибни севар экан” деб ўйлаётганди. Ҳовли кичик бўлса-да ҳар турдаги мевали дарахт бор эди. Анжирдан тортиб аноргача.
Хуллас, Меҳринисо бир қусур қидирарди. Совчининг вазифаларидан бири қусур қидириш деб ўйларди. Нима бўлганда ҳам яккаю ягона укасини уйлантиришади. Ҳамма нарса жойида эканлигини аввалига “Бизни кутишга ҳозирланишган”га йўйди, кейин эса хурсанд бўлди. Шу пайт ичкаридан қиличдан нозик ва тик бир қиз чиқди.
– Ассалом, – деганди, Меҳринисо :
– Ҳа, бўйингдан айланай, – деди ва Гулсанам холанинг қулоғига пичирлади. – Хола, бу қизнинг бўйи узун. Аммо чиройли экан.
– Бу синглиси, – деди Гулсанам хола.
– Худога шукур, укамдан узун экан, деб қўрқиб кетдим.
-Бўйи узунлик айбми, ўзинг ўсмай қолганинг учун фақат бўйи калталарни ақлли деб ўйлайсан-а, – ҳазил қилди Гулсанам хола. Аслида буни ярим ҳазил, ярим чин дейиш керак. Чунки Гулсанам холанинг ҳам бўйи узун эди.
– Аммо онасининг бўйи узун эмас экан. Лекин бироз семизроқми? – дея пичирлади Меҳринисо.
– Ҳаҳ қизим, ҳаҳ қизим-а? Аввало яхшилаб қарагин, онасининг бўйи узун ҳам эмас, калта ҳам. Семиз деган сўзни қаердан олдинг? Онасини кўр, қизини ол, деганлар. Чаққонлигига қара, елиб югуриб юрибди…
– Кечирасизлар, сизларга ҳам қарай олмадим, – дея Саломат опа уларга яқинлашди. – Ишдан бугун бироз кеч келдим. Қизлар ҳам ишда эдилар. Ёзда уйда ўтирмайлик, дейишди. Каттаси қаршимиздаги Телефон идорасида, кичиги эса Кишмиш фабрикасида ишлади. Ишлади, деяпман, чунки бугунга қадар эди. Энди ўқишга боришади.
– Ҳа, ўқишлар бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди, – деди Меҳринисо гапга қўшилиб. – Укам ҳам биринчи сентябрда туғилган. – У нима бўлса ҳам тезроқ мақсадга кўчиш учун имкониятдан фойдаланиб, гапни укасига бурди.
– Шунақами? – Саломат опа самимий бир оҳангда, ажабланиш билан Меҳринисога қаради.
Меҳринисо бирданига алланечук бўлди. Бу аёлда нима бор? Кўзларининг маънодор кулишлари кимни эслатди? Ёноқлари худди бўяб қўйилгандек қирмизи эканлиги ҳам қалбининг муз бўлиб турган жойларини эритиб юборди. Истараси иссиқ бу аёлнинг гапирганда кулгичлари юзига ёйилиб чеҳрасини ёритиб юборгани Меҳринисони тўлқинлантирди. Ҳа, топди. Раҳматли онасига ўхшаркан, бу аёл. У эса…
– Умрингиз ўхшамасин, онамга ўхшатдим сизни…,- Меҳринисонинг товуши титраб кетди. Буни ҳис қилган Саломат опа дарров гапни давом эттирди.
– У кишини бир марта кўргандим. Худо раҳмат қилсин, меҳрли аёл эдилар. Катта опангизнинг уйидан келаётган эканлар. Раҳматли қайнонамни танирканлар, эшикдан ичкари кирмай бир пиёла сув ичгандилар. “Юрагим куйди” деган гаплари эсимда…
– Ҳа, онам бўлганларида бугун ўзлари келардилар. Биттагина ўғилларини уйлантириб қанча севинган бўлардилар. Нима қилайлик-ки етим қолдик!
– Сингилжон, етимлик етти кишидан бирининг қисмати, дейдилар, – Саломат опанинг ҳам қалби юмшади. – Мен ҳам раҳматли онамни эслай олмайман…
– Аяжон! – ошхона тарафдан келган бу сас Саломат опанинг гапини бўлди. У узр айтиб, ўрнидан турди.
– Сен совчиликка келганми ёки маъракагами? – дея Меҳринисони туртди Гулсанам ая. – Йиғи-сиғининг жойи эмас. Дардимизни айтайлигу турайлик!
– Дардимизни биладилар-ку, яна нимани айтамиз.
– Ҳали бу дардни такрор айтиш учун уч марта келамиз.
– Ўн марта келсак ҳам бу аёл менга ёқди. Баъмани аёл экан. Қизлари ҳам одобли дейишди. Буларнинг бир қариндоши мен билан ишларкан. Ундан ҳамма гапни суриштириб олдим.
– Нега бўлмаса гуручдан тош қидираётгандинг?
– Совчилик қоидаси эмасми бу?
– Ишқилиб бирор совуқ гап айтиб қўймагин-да қизим.
– Айтсам – айтмасам, иш битди, ая, қиз бизники, бир ҳафтадан кейин тўй, ана кўрасиз…
Бир ҳафта эмас, ўн беш кундан кейин туй бўлди.
Орадан ўн беш йил ўтиб эса Роҳила дарчадан турмуш ўртоғини ўзи ҳам билмаган бир муддатга ва ўзи ҳам билмаган бир томонга кузатмоқда….
(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: