Жаҳонгир Муҳаммад: “Қувғин” романи

15. РЕКС
Миртемир жангалзор каби патихиб кетган хаёлларнинг кўчасида “адашган” туйнукдан ёруғликка кўзи тушди. Кенгиш жой қидираётгандек ёруғлик туйнукдан ичкарига оқиб кириб ёйилаётганга ўхшарди.
Негадир Миртемир ёруғликни кўзи кўр, ҳолдан тойган одамга ўхшатди. У тўғри келиб деворга урилар ва сўнгра бетон деворни пайпаслаганча “қўллари тилиниб” атрофга ёйиларди. Унинг боши ҳам ёрилган бўлса керак… “Эҳ, алаҳсираяпманми? Ёки ақлим қоча бошладими?” Бу савол такрорланарди. Кейин ёруғлик унинг қалбига ҳам оқиб кириб, қоронғу ҳисларни “пичоқлай” бошлади. Қалбининг аллақаерида умид пайдо бўлди.
Наҳотки дарров эсанкираб қолдим? Йўқ, сўнг дақиқагача курашмоқ, курашмоқ лозим. Ҳозирги ҳолатда тушкунликка тушмаслик ҳам курашнинг бир тури, енгилмасликдир. Икки орада, бир дарада қолсанг ҳам чиқиш йўли бор. Сен йиртқич деб юрган она бўри йўл кўрсатиши мумкин.
Она Бўри… Бир замонлар у боболарингни Тангри тоғи орасидаги дара – ғордан олиб чиққанди. Эргунакон афсона эмас, ҳақиқат. Бўри йиртқич эмас, дўст. Сен ваҳший деб юрган одамлар балки ёрдам қўлини узатар..
Йўқ! Бундай пайтда ҳатто Бўри ҳам қўрқади. Чунки ғорнинг оғзида Аждаҳо турибди. Ямламай ютади… Аммо нега ёрдам ҳақида ўйлай бошлади? Дарвоқе, кейинги пайтда кўнглидан кечгани кўп ўтмай рўй бера бошлади. Ҳатто уйига босқин бўлишини ҳам олдиндан сезгандек эди. Лекин…
Ҳа, инсон боласи бошига тушганига ишонади, кўнглидан кечганига эмас. Ёруғлик равшанлик келтиради, умид ҳам шундай, дея ўйларида давом этди Миртемир. Лекин бу субҳи косиб бўлса-чи? Яъни алдовчи, косибларни алдовчи субҳ бўлса-чи? Унда бироздан кейин этагини тортиб олади ва бирор соат ўтгач ҳақиқий равшанлик кириб келади. Кўп ўтмай ёруғлик чекинади. Демак, субҳи косиб экан…
Миртемир хаёлида ўзи ўстирган буғдойнинг ҳосилини йиғиб олишга улгурмаган эди-ки, темир эшик очилди. У остонадаги кишини танимади. Кўзлари хира тортдими, узоқ вақт оёғида ўтиргани ва ҳозир ўрнидан тургани учун боши айланиб, кўзлари тиндими, ҳар ҳолда аланглаб қолди.
Остонадаги киши кўли билан нималардир ишора қиларди.
-Миртемир ака, кетдик!
Ким бу? Нима деяпти? Туш кўраяпманми?
-…
-Сизга нима бўлди? Уришдими?…
Нега унинг саси бу қадар паст эшитилаяпти? У пичирлаб гапираяптими ёки ўзининг қулоқлари эшитмаяптими?
Остонадаги одам ичкарига бир одим ташлаганда Миртемир унинг Рустам эканлигини таниди ва бирдан хўрлиги келди. Кўнглининг остидаги бир булоқнинг кўзи очилиб кетди-ю ундан пишқириб сув отилди. Аммо нимадир бу чашмадан оққан ирмоқнинг йўлини тўсди. Ирмоқ кўз косасида йиғила бошлади. Миртемир қўллари билан кўзини ишқалагандек бўлди. Аслида кўз косасидаги дарёни сидириб олмоқчи эди. Чунки вужудининг бошқа бир еридан тошаётган нафрат уни оёққа қалқтирди.
-Кетдик, -деди Рустам. – Миртемир ака, мени кечиринг, ҳаммасига мажбур эдим…
-Қаёққа? -деди Миртемир нафрат билан.
-Кетишингиз керак!
-Кетиб нима қиламан, оғайни, сенинг қўлингда ўлмоқчиман.
-Вақтимиз жуда оз. Ҳозир тревога бошланади. Ҳаммамиз ёнамиз. Ҳатто Лутфилло ака ҳам…
Лутфилло! Лутфилло… Миртемир бирдан уйғониб кетгандек бўлди. Бу ёруғлик! Бу Бўри!
Демак… Қадамлар ортидан эргашиб қолган хаёллар кўча чангитиб чопган болалардек уларнинг орқасидан югурди… Миртемирнинг қўлидан темир каби панжалари билан қисиб олган Рустам қоронғу йўлакда гўё учиб бораётгандек эди. Миртемирнинг оёқлари гоҳ ерга тегар, гоҳ тегмас… Бир зумда эшик ёнидаги машинага етишди. Миртемир олдинги томонда энгашиб ўтириб олди.
Инсон қизиқ. Шу аҳволда унинг ёдига бир воқеа келди. Шаҳардан қишлоққа боришда кўпинча акасини чақирарди. Оила аъзолари кўпчилик бўлгани учун болалардан бирини машинанинг олдинига, яъни ўзининг қучоғига оларди.
-Мелиса чиқса бекинасан, – дерди қизалоғига ва қишлоққа қадар ўйин бошланарди. Акаси ёки ўзи “Ана мелиса” деса бас, қизи энгашиб оларди ва ишорат бўлмагунга қадар Миртемирнинг оёқлари орасида ўтирарди. Қисилиб қолди, дея Миртемир “Мелиса кўрмади, чиқ” дерди. Мана энди ўзи шу аҳволга тушди ва “Бу жой у қадар тор эмас экан” деб ўйлади.
Миршабхонадан Миртемирнинг уйига қадар икки дақиқалик йўл. Шу боис хаёллари яна узилди. Машина тўхташи билан Рустам шофёрига:
-Сен йўлак бошида тур, биров келиб қолмасин, -деди. Сўнгра соатига қараб қўшимча қилди: -Ҳозир йигитлар келиб қолишади.
Кейин олдингга энгашди:
-Миртемир ака, мен эшикни очаман сиз эгилган ҳолда тушиб, патта дарахтлар орқасига ўтинг. Эҳтиёт бўлишимиз керак, қаршидаги қўшнингиз жосус. Биз машинани йўл бошига олганимиздан кейин сиз девордан ҳовлига киринг. Сўнг орқа эшикдан Сашаникига ўтинг, у кутиб турибди. Уйдагиларга бирор гап айтманг, илтимос.
Миртемир Рустам ҳақида ҳали узил-кесил бир хулосага келмаганди. Лекин унинг айтганларини бажараётганди. Чунки бу сўнгги умид йўли эди. Аммо юрагининг бир четида “Рустам ёмон йигит эмас экан. Кеча уни хафа қилдим. Рол уйнаганини ҳеч сезмабман, ҳатто хаёлга ҳам келтирмабман”, деган фикр ўтди.
Миртемир девордан ҳовлига тушаётганида, оёғи тойиб кетди ва девор ёнида ўсган гилос оғочига осилиб қолди. Дарахт шохи уни бир зум тутиб турди-да “қарс” этиб танасидан айрилиб тушди.
Рекс қушдек учиб келиб унга ташланди ва инграй бошлади. Миртемир итни севмасди. Бу уйга кўчиб келишганда ҳовли соҳиби “Мен бу итни худди ўғлимдай севдим. Уни сизга қолдириб кетаман. Жуда ҳам ақлли, ҳамма гапни тушунади. Ўз исмини яхши кўради. Илтимос, унинг исмини ўзгартирманг” деди. Ўшанда соҳиби Рекс билан хайрлашаркан кўзларига ёш олганди. Сўнг Рекснинг ҳам ёноғи ҳўл бўлганди.
Рекс Миртемирнинг болаларига жуда тез ўрганди. Миртемир унинг ёнига яқин бормасада Рекс унинг келди-кеттисига “муносабат” билдириб турарди.
Миртемир пойтахтга кўчиб кетаётганда Рекс зажирларни узиб юборадигандек фарёд чекканди. Қачон Миртемир бу ҳовлига келса Рексга “жон” кирарди.
-Ака, сиз Рекснинг ёнига бормайсиз. Биз ўзимизни сен деб уни сизлаймиз. Лекин барибир сизни кўрганда яйраб кетади, -дерди синглиси. -Келсангиз қувонади, кетсангиз йиғлайди. Ҳатто бир-икки кун овқат емайди.
-Пойтахтда жойимиз йўқ, бўлмаса олиб кетардим, -дея қўя қоларди Миртемир.
Аслида эса болалигида қўшнисининг ити талагани ҳеч ёдидан чиқмайди. Ўшанда қаттик қўрққан эканми, итни кўрса сесканади. Шу сабаб Рекснинг ёнига борса ҳам орада икки қадам масофа сақлаб унга «гап отарди». Ҳақиқатдан ҳам ақлли ит. Хамма гапга имо-ишора ёки ҳаракат билан жавоб қиларди.
Кеча уйни мелисалар босганда Рекс шунақанги уввос солиб йиғладики, ҳатто баъзи миршаблар “Ҳамма гапни сезаяпти. Бизбоп экан, олиб кетсакми?” дейишгани қулоғига чалинганди. Миртемирни олиб кетишаётганда Рекснинг кўзлари маҳзунлашиб, овози бўғилиб қолгандек эди. Унинг фарёди билан занжир саслари қўшилиб юракларни тилкаловчи аллақандай садога айланганди.
Мана энди у икки қўлини кўкка кўтарганча қаршисида турибди. Миртемир унинг бошини силаганди, у ғиншиганча ерга юмаладида ҳовлида югура бошлади.
-Ким? -дея овоз келди ва уй эшиги очилди. Бу умр йўлдоши Роҳила эди.
-Мен, қўрқма, -деди Миртемир ва уйга кирди. -Тез бошқа кийимларимни бер. Ҳозироқ кетишим керак!
-Қандай чиқдингиз? Қайси томондан келдингиз?…
Саволга жавоб бериш ўрнига Миртемир умр йўлдошига разм солганди бир кечада чўкиб қолганини кўрди. Ранглари сарғайган, лаблари эса оқарган.
-Сен қўрқма, ҳаммаси яхши бўлади. -деди у.
Бу пайт ичкаридан қайнотаси, қайнонаси, синглиси чиқиб келишди. Улар худди ҳамма гапни биладигандек индамай туришарди. Ё туш кўраётгандек ҳис этишарди ўзларини ёки воқеа уларни шошириб қўйганди.
Роҳила янги костюм-шимни олиб чиқди.
-Бошқаси йўқми?
-Кияверинг. Спорт кийимингизнинг устидан кийинг. У ҳам керак бўлади, -деди Роҳила. -Болам, бирор егулик ҳозирлайми? -сўради қайнонаси титроқ овозда.
-Сув бер, сув, -деди қайнотаси унга.
Аммо Миртемир сувни ҳам кутмасдан:
-Ҳеч хафа бўлманглар, ҳаммаси яхши бўлади, -деди-да ташқарига отилди. Роҳила орқасидан югуриб чиқди. Худди воқеалар ривожини олдиндан билгандек Рекс ҳам орқадаги дарча ёнида турганди.
-Додлаш йўқ, йиғлаш йўқ, уйдагиларга қулоқ сол, хўпми? -деди у илк бор Рекснинг бошини силаб.
Роҳилага эса бирор гап айтолмади ҳам. Унинг кўзига бир зум тикилганди кўнгилларидаги достонлар нигоҳлар орқали кўчиб ўтгандек бўлди.
(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: