Жаҳонгир Муҳаммад: “Қувғин” романи

14. ЙЎЛБАРС
Каримов эрталабдан бери чўнтагида турган ёзувни олди. Уни шахсий фолбини берганди. Ундан юлдузларга кўра ўзининг ва Мирсаидовнинг фолини сўраганди. Мана энди унинг кўзлари сатрлар устида “югуриб” борардию хаёли бошқа ёқда эди. Шу сабаб диққатини кўлидаги қоғозга қаратиш учун ўзининг фолини овоз чиқариб ўқий бошлади:
“Шарқ мучали буйича туғилган йили -Йўлбарс.
Ғарб гороскопи бўйича туғилган ойи -Кўза (Водолей).
Фасли -Ҳаво. Сатурн, Венера сайёралари таъсири остида яшайди.
Бахтли кун -шанба.
Омадсиз кун -якшанба.
Йўлбарс ғайратли одам демакдир, қизиққон, ишчан. У инқилобчи ва даҳолар яратиладиган матоҳдандир. Бахтга қарши, ҳамма вақт ҳам ўзига кўрсатилган ишончни оқламайди. Ишда, урушда ва муҳаббатда “Олға” деб чиққанида, унга қўшилишдан аввал ўйлаб кўрмоқ ва уни иложи борича орқада тутмоқ керак. Йўлбарс бошқаларни фалокатга, ўйламасдан иш қилишга бошлайди. Унинг таъсирига қарши курашиш оғир. Ҳокимият қўлига тегса, чиқариб юбормасликка тиришади. Айбларини тан олишни истамайди. Ўзини эшитишларига мажбур қилади. Унга ҳеч ким ҳақиқатни айтишга журъат этолмайди.
Йўлбарснинг қанча яшаши унинг қай соатда туғилишига боғлиқ. Ярим тунда туғилган йўлбарс доим тузоқлардан йироқда бўлади. Қуёш чиққанидан сўнг туғилган йўлбарсни эса доим хавф – хатар кутади. Йўлбарс ўз уйини ўғрилар, олов ва айёрлардан сақлайди. Маймун билан дўст, илондан қочиши, буқага қарши бирор-бир ҳаракат қилмаслиги, мушук билан келишуви унинг қоидаси бўлиши керак.
Ожиз жойлари: тўпиғи, болдирлари, синиши ёки лат ейиши мумкин. Унга иссиқ ёқмайди, овқат ҳазм қилиш йўлларида, хотирасида заифлик, ошқозонида кучли зарда ва юқумли касалликларга мойил бўлиши мумкин.
Томошаларни ёқтирмайди. Доим ўзига ёқадиган ишни қилади. Бировга ўхшашни истамайди. Ҳамма уни севишини, моддий дунё оғирликларидан озод юришни, ҳокимиятни олишни, юқори лавозимда ва яхши яшашни истайди.
Ҳар қандай янгиликлар уни жуда қизиқтиради. У мулоҳазакор. Бу ойда туғилганларда ўзига хос нозик туйғулар бор. Улар ўз ҳаяжонларига бегонадирлар. Ишонувчан, баъзан жуда ишонувчан. Йўлбарс нафақат тенгликка, балки яна ҳам юқорироққа интилади. Агар унга бирор нарса қилишни кўрсатсангиз, рашк, ҳасаддан ёнади. Айтганимни қил, қилганимни эмас -бу унинг шиоридир.
Мансаб иштиёқи ва кек сақлаш хасталиги ёшлигида кўзга ташланмайди. Жамоат ишларини севади. Мустақил бўлишга интилади. Кутилмаганда мансабга кўтарилаверади. Қандай буйруқ беришни, ишни қандай ташкил қилишни тушунтиришни яхши билади. У ўз мақсадига эришиш учун йўл топа олади.
Бу ойда туғилганлар: Галилей, Эдисон, Бернс, Линколн, Рузвелт, Елцин.”
Каримовқайнаб тошган сут қозонидек “кўпириб” кетди.
-Фолбинни қув саройдан, аввал инфаркт бўлгунча қийна, кейин қув! -дея буйруқ берди ёрдамчисига.
Бироздан сўнг Шукруллонинг юлдуз фолига кўз ташлади.
“Шарқ мучали бўйича туғилган йили -Қуён.
Ғарб гороскопи бўйича туғилган ойи -Кўза (Водолей).
Фасли -Ҳаво, Сатурн, Ой сайёралари таъсири остида яшайди.
Бахтли кун -чоршанба
Омадсиз кун -якшанба.
Омадли, шарафини сақлайдиган, улфат, вазмин, ўзини тутган, ҳотамтой одам. Яхши гапиради ва ўзлигини билади. Битта камчилиги бор, ҳамма нарсага юзаки қарайди. У жамоани, жамоа уни яхши кўради. Шоҳона йиғинларни ёқтиради. Баъзан эҳтиётликда ҳам усталик қилади. Меҳмон қабул қилишдан қочмайди. Ўзини йўқотмайди, дарров қизишиб кетмайди. Ўзининг омадсизлигидан қайғуради.
Дунёдаги уруш, тўполонлар, очарчилик сингари масалалар унга ҳам дахлдор бўлсагина, жиддий қайғуради. Лекин бу қайғу жуда оғир, азобли бўлади. Ўз ҳаётига салбий таъсир қилувчи ҳамма нарсалардан нафратланади. Яхши яшашга интилади. Олдиндан ўйламай ҳеч бир ишга қўл урмайди. Бу эҳтиёткорлиги учун одамлар у билан фахрланадилар ва унга ишонадилар.
Қўйнинг йўлбарс билан муносабатлари таранг бўлади. Қуён анча кучсиз бўлса-да, йўлбарсдан қўрқмайди, йўлини қилиб, ўйиндан чиқади. Қуён рақиб бўлишни истамайди. Лекин у қаршилик кўрсатишдан чекинса, ожизланиб, ақлдан озиш, ўз-ўзини ўлдириш ёки уйини тарк этишгача етиб боради.
Мусбат жиҳатлари: Соғлом ақл, жамоатчилик руҳи, мослашув қобилияти, яхши суҳбатдош, узоқ ва чуқур фикрловчи.
Манфий жиҳатлари: Ўзидан бошқанинг фикрини назарга олмаслик, юзакичилик”.
-Ҳаммани сотиб олиш, ҳатто фолбинни ҳам, -ғудурлади Каримов.
У ёрдамчисига яна бир нималар демоқчи эди, лекин Мирсаидов кириб қолди. Каримов юлдузлар фоли ёзилган коғозни қатлаб чўнтагига тиқди-да Мирсаидовни қучоқлаб қаршилади. Илгари бир кунда икки-уч марта кўришсалар шунча қучоқлашардилар. Аммо кейинги пайтда бир-бирларидан қочадиган бўлдилар.
-Дўстим, кишининг боши тошга урилмагунча ҳақиқатни кўрмас экан. Сенга ноҳақлик қилганимни бугун тушундим, -у Мирсаидовни илгаридаги каби сенсираб, яқинлигини кўрсатмоқчи бўлди. Мирсаидов эса уни ҳам “ака”, ҳам “сиз” деб ўзидан бир қарич узоқда эканлигига урғу берди.
-Сиз менга ҳақсизлик қилганингиз йўқ…
-Қилдим оғайни, қилдим. Мана бу бинодаги уч-тўрт иғвогорнинг гапига қулоқ солдим. Улар орамизга Чин девори қуришди.
Каримов Чин девори нималигини билмасди. Бир кун Миртемир билан тортишиб қолганда у “Сиз билан орамизда Чин девори бор” деди. Шундан билдики, бу ора яқин эмаслигини ифодалайди. Аммо нега Чин девори? Кимдан сўрасин? Шуни ҳам билмас экан, деб кулишмайдими устидан. Шу орада бир иш билан Миртемирнинг ўзи келиб қолди. Чиқиб кетишидан олдин Каримовга икки саҳифали қоғоз узатди.
-Бу нима? -сўради Каримов.
-Бу мухтасар луғат. Баъзи калималарни айтишда баъзан хато бўлаяти. Сиз тўғри гапирсангиз бизнинг ҳам ютуғимиз.
-Укажон, бу сўзларнинг бир неча маъноси бор. Мен жойига қараб ишлатаман. Минбарни “манбар” дейишимнинг ёки “пеш”ни “пештахта” дейишимнинг маънолари бор. Ёшлигимизда биз ҳам катталардан хато қидирардик. Нима қиламиз, қайтар дунё укахон. Хўш, мана сиз, Чин девори нимани англатади биласизми?
-Чин девори жуда ҳам кенг ва узун бўлган, устидан арава юрган…
-Ҳа, ҳа, кўрдингизми, мен буни орада фарқ борлиги, орада масофа борлиги маъносида ишлатаман.
-Биз ҳам…
-Йўқ, ука, хатони тан олиш ҳам мардлик. Бўпти, яхши боринг, ҳали ўрганасиз,-дея Миртемирни чиқариб юборганди ва “Чин девори” англамини билиб олганди.
Мана энди бу тушунчадан усталик билан фойдаланмоқда.
-Улар қураверишсин. Лекин биз керак бўлса бу деворнинг устидан юришимиз керак. Меҳнатлари зое кетгани – уларга энг оғир жазо, -у шундай деб конякдан бардоқларга қуйди. -Қани ол, дўстим, Чин девори учун ичамиз.
Каримов бўшаган бардоқни “тақ” этиб стол устига қўйди-да муштини ҳидлаган бўлди. Коняк нафас олиш йўлларини куйдирди, шекилли, узоқ “уҳ” тортиб, кейин сўзида давом этди.
-Мен балки эртага истеъфо берарман ! -”Катта” шундай деб Мирсаидовга тикилиб қолди. Унинг қалбидагини кўзларидан ўқимоқчи бўлди. Лекин Мирсаидов унга қарамади. Ростданми? – деб ўйлади у. Йўқ мени тузоққа илинтирмоқчи. Бу мансабдан воз кечадиган одам эмас. Шу пайтга қадар фақат битта орзу билан яшади. У ҳам «биринчи» бўлиш. Йўқ, осонликча жон бермайди. Мансаб унинг учун ҳаёт.
Худди кечагидек эсида. Ҳовлисининг ёнидаги сўрида ўтирганди. Бирдан у келиб қолди. Ўшанда Қашқадарёда ишларди. Пойтахтга келган бўлса, кўриб ўтай, дегандирда деб ўйлади Мирсаидов.
-Дўстим, шошиб турибман. Биласан, «Биринчи»нинг ўрнига кураш бошланган. Қўшнинг Мамарасулов юки оғир одам. Ҳамма унинг ўтишини айтаяпти. Нима қилсанг, қил, бу ишни олайлик. Керак бўлса, уй-жойни сотайлик. Дўстлардан ёрдам олайлик. Аканг…. акам вафот этганларида мана шу ерда ўтириб “Бир умрга дўстмиз” деб қасам ичгандик. Биз ёш болалар эмас. Олайлик шуни, иккаламиз бирга бошқарамиз.
-Бу бир мамлакат. Олови бор, суви бор…
-Вилоятга бораётганимда ҳам шундай дегандинг. Аммо кўрдинг, дарров отим чиқди. Тур, бориб оқсоқолнинг оғзини ҳидла. Уни бу йўлдан қайтарайлик. Кейин истаганини берамиз. Унга жаннат яратамиз. Маслаҳатларини бериб, роҳат қилиб яшайди…
Ўшанда Мирсаидов қўшнисиникига кириб, унинг “оғзини ҳидлади”. Маълум бўлишича Мамарасулов номзодликни рад этиб қайтган экан.
-Шундай индамай ўтираверасизми? Бу мамлакат тақдири ахир, -деди Мирсаидов оқсоқолга.
-Мамлакатнинг эгаси кўп. Иккинчи сенинг оғайнинг томонида.
-Бўлиши мумкин эмас. Иккинчи – жосус. Миллатнинг бошига тушганлар унинг нафратидан сочилди, оғайним эса…
-Биламан, мен ҳам оғайнингни айтдим. Ундан бошқа номзод йўқ, дедим…
Мирсаидов хурсанд бўлиб чиқди.
-Ҳа, унинг рад этганини эшитиб, бу ерга келгандим, -деди Каримов ўшанда.
-Боя бошқача гапираётган эдинг-ку…
-Сирни очмай, ҳамма нарсани биринчи манбадан эшит, дегандим-да.
Аслида унинг келишидан бошқа мақсад бор эди. Москва номзодини қабул қилмаётганди. Ҳам моддий, ҳам маънавий мададга эҳтиёжи бор эди.
-Дўстим, Москвага учишинг керак. Орқадан мен ҳам етиб бораман. Назарян билан кўриш. Айтганини берамиз.
-Назарян ўйинчи. Ҳам нарсангни олади, ҳам сени сотади.
-У ёғидан қўрқма. Бу ерда одамлари бор. Мен улар билан кўришаман. У олсин, иш битади. Зеро, энг сўнгги имзо учун ҳамма нарсани у тайёрлайди. Мен қариндошлари билан бирга етиб бораман. Сен Сергей деган дўстингникига бор. Вилоятга ўтишимда ҳам яхши хизмат қилганди. Мен совға қилган машинани қизи миниб юрган экан. Балки қизи билан ҳам кўришарсан. Ўзимизни депутатларни ҳам ишлатамиз.
Ўшанда Мирсаидов Москвага борди ва уни кутавериб чарчади. Ундан дарак йўқ эди. Вилоятга сим қоқса иш жойида йўқ. Пойтахтда ҳам топишолмади. Кейин Мирсаидов ўғлини вилоятга юборди.
Московдан “Ўтмадинг, ишингни давом эттир” дея телефон қилишгач, у дунёга қўл силтаб” дала ҳовлига чиқиб, уч кундирки ўзини ичкига бериб, ташқарига чиқмай ётган экан. Шукруллонинг ўғли уни излаб топганда:
-Ҳаётим тугади, мени ўлдирдилар, энди яшамайман, – деб маст, соқоли ўсиб кетган ҳолида уни қучоқлаб йиғлабди. Умид шаъми ёнганини эшитгач эса, ўйинга тушиб кетибди. Қўлидаги олтин соатини Шукруллонинг ўғлига совға қилибди.
Шу воқеаларни эсларкан, Шукрулло Каримовнинг осонликча мансабдан воз кечмаслиги хаёлидан кечди. Аммо Каримов ҳам бўш келмасди.
-Мажлисда жўжахўрозларга ем бўлишни истамайман. Лекин бу жойни топширмаслигимиз керак. Агар мен кетадиган бўлсам бу жойга сен келишинг шарт. Мени бу ерга келтириш учун озмунча югурдингми? Бу масаланинг бир томони. Иккинчи томони шундаки, душманларимиз келишса, тамом, сенга ҳам, менга ҳам ҳаёт тамом.
-Менимча бу қадар таҳлика йўқ.
-Ҳаммаси пишган. Бир қисм депутатлар сенга умид қилишмоқда. Қолганларини ҳам ўзимиз томонга ағдаришимиз керак. Шундай таклифим бор, кел, очиқча гаплашайлик, мана сендан узр сўраяпман, ҳаётим қўлингда, истасанг қутқарасан, истасанг…
Каримов бир зум бошини эгди-да кейин ёш тўла кўзларини Шукруллога тикиб:
-Мени сен уйлантириб қўйдинг, кўчада қолганимда сен уйли-жойли қилдинг, ҳаётдан умидни узганимда яна сен қутқардинг… Бугун ҳам…
-Қўйинг, бу йиғлашга арзимайди.
-Ўтган кунларни эсладим. Қандай олтин аканг, акамиз бор эдилар-а? Тирик бўлганларида бу кўйга тушармидик? Бу дунёда менга оталик қилган бошқа одам йўқ, фақат сен ва аканг, яъни акам… Ол, аканг учун ичайлик…
Шукруллонинг ҳам кўнгли бузилди. Акаси ҳақиқатдан ҳам бағри дарё бир инсон эди. Ҳар қандай одамни ҳам кечирарди. Иккаласининг ораси бир неча марта бузилганда акаси ўртага тушди: “Остонангга келдими, бу узр сўрагани. Узрни қайтармайдилар. Аллоҳ кечирувчи. Сен эса… ” Лекин бу сафар… Кечирса ҳам, кечирмаса ҳам “иш битган”. Мажлисда уни ағдаришади. Буни ўзи ҳам билиб турибди. Балки, “ағдариш” ишламаса-чи? МХХ раиси бирор бир суҳбат ёзиб олинмади, Каримовнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ демаганмиди? Лекин бу ҳаммасини билибди. Демак, бекор ўтирмаган, ишлаган. Мажлис арининг уясига айланади, ҳойнаҳой. Аммо ўзини демократ деб юрган болаларга ҳам ишониш қийин. Хўш, нима қилиш керак? Бунинг юзига тупуриб чиқиб кетадиган пайт эмас. Буни синдирмоқ пайти…
-Ўзингизни ушланг, вақт алламаҳал, мажлисга соатлар қолди, -деди Шукрулло ниҳоят.
-Менга қара, Шукр, барча ваколатларни сенга бераман. Мен бошқа давлатлардаги каби ташқи масалалар билан шуғулланаман, мамлакатни ўзинг бошқарасан. Икки ойдан кейин сайлов бор, мен сўзимда турмасам ана ўшанда ўчингни олиш имкони туғилади. Унгача ўз партиянгни туз. Кўппартиявийликка ўтамиз. Ана у бақироқларга ҳам йўл берайлик. Сайловда сени қўллайман. Сен эса мени.
Улар узоқ тортишмадилар. Тун ва конякнинг босқиси ғолиб келдими, мажлисда бошга тушганини кўрамиз, дедиларми, хуллас, тез айрилдилар. Саройдан чиққан машиналар карвони икки томонга “учди”. Пойтахт кўчаларидаги сукунатни карвонларни бошқараётган миршаб машиналаридан эшитилаётган саслар бузди. Шаҳар, мамлакат уйқуда. Эрталаб уйғонишганида бу кун тарихнинг айри бир куни бўлишини хаёлларига келтиришмайди. Аммо ҳозир машиналар ичида бораётган икки собиқ дўст сўнгги гапларни таҳлил қилиб, тўғрироғи эслаб бораяптилар. Чунки таҳлил қиладиган ҳоллари қолмаганди.
«Шукрулло, агар хиёнат этсанг, мажлисда ўзимни отаман». Бу сўнг сўз! Кўздаги ёш билан айтилган бу гаплар самимийми, ёки образга кириб айтилганмиди, шу онда иккаласи ҳам бу саволга жавоб беролмасди. Чунки самимият билан ўйин қоришиб кетганди.
Каримов дала ҳовлига келиб яна икки қадаҳ конякдан кейин остидан арра тортиб, кейин арқон билан йиқитилган дарахтдек гурсиллаб тўшакка йиқилди. Массажчи жувон елкасини уқаларкан хуррак ота бошлади. Навбатчи врач бир бардоқ мева шарбати олиб кириб, Каримовнинг юрак уришини санади. Бошини чайқаб “Мен шу ерда ўтираман” деди массажчи жувонга. Жувон “Бўпти” дегандек бош силтаб чиқиб кетди.
Каримов мажлисга ярим соат қолганда уйғониб, оғриётган бошини кафтлари билан сиқаркан, навбатчи гоҳ тўкилиб кетган шарбатга, гоҳ Каримовга боқиб нима қилишини билмай турарди…
(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: