Жаҳонгир Муҳаммад: “Қувғин” романи

13. ЗИЁФАТ
-Нима деб ёзибди?
-Мамлакат вужуд, Каримов эса унинг юрак ва ақлидир. Девонни ақл, ҳукуматни юракка ўхшатмоқчи… Кейин… Муфти ҳазратнинг “Подишоҳ Аллоҳнинг ердаги сояси” деган гапларини мисол келтирибди.

-Муфти шу гапни ростдан ҳам айтганми?
-Менинг ўзимга айтган, Асқарали акага ҳам айтган.

-Сенинг фойдали ёлғонларинг бор, лекин муфти билан ўйнашма. Айтадиган бўлса, ўзи телевизорга чиқиб айтсин.
-Айттирамиз! Айтмаса ҳам айттирамиз, -деди ва Крайнов енгил тортгандек кулиб юборди.
-Нимага кулдинг? Бирор латифа эсингга тушди-ми? -сўради Каримов латифа эшитгиси келганини яширмай. Ёрдамчи ҳам дарров “ишга тушди”.
-Бир кун уламолар подшоҳга қарши бош кўтаришибди. Подшоҳни майхўрликда, динсизликда айблашибди. Подшоҳ ҳеч нарсани билмагандек уламоларни зиёфатга чақирибди. Шарбат сувига шароб аралаштириб ҳаммасига ичирибди. Уламоларнинг кайфи чоғ бўлгач, улардан фатвога имзо сўрабди. Ҳаммаси бармоқ босибди. Фатвода “Биз уламолар майхўрлик қилиб, диндан юз ўгирдик. Гуноҳимизни ювиш учун подшоҳ ҳазратларига келдик. Ҳукми подшоҳ биз учун вожиб” деб ёзилган экан. Фатво дейилган бу нарса фитна эканлигидан хабардор бўлган уламолар подшоҳга ёлворибдилар, лекин у авф этмабди. Илоннинг бошини эзмасанг, заҳардан ўласан, деганларидек уларни тошбўрон қилдирибди…
-Хўш, нима демоқчисан?
-Зиёфатга оз вақт қолди. Борсангиз яхши бўларди. Шоирлар ҳам, ёзувчилар ҳам, мухолифат ҳам ўша ерда.
-Мухолифатни ким чақиртирди?
-Мен. Сиздан сўрамасдан гуноҳ қилдим.
-Сенинг гуноҳинг доим фойда келтиради.
-Мухолифат бошлиғи хорижда эди. Ҳеч гапдан хабари йўқ. Бугун депутатлар қилаётган ҳаракатларини унга ҳам сездиришди. “Қўллайман” деганмиш уларга.
-Бу ёғи МХХникими?
-Йўқ, ўзимизнинг службамиз бор. Кеча кечқурунгача МХХ ҳам Шукрулло тарафда эди. Агар бугун уни сизга юзма-юз қилмасам… Ҳа, майли, кейин гаплашамиз буни. Ҳозир эса зиёфатга бориб мухолифат раисини, шоирлару ёзувчиларни қўлга олиш керак. Юз депутатнинг минг бақиргани, уларнинг бир гапиргани…
-Ақлли тулкисан. Биламан мени эмас, ўзингни ҳам ўйлайсан.
-Иккаламизни ҳам ўртоқ…
-Машинани чақир. Айтмасдан борамиз. Сен эса жиддийроқ шуғуллан, шарбат ва майнинг таъми қочмасин. Айниқса ана уларга қуюқроқ қориштиринглар…
-Бу ёғидан кўнглингз тўқ бўлсин….
Каримов кириб келганда зиёфатга таклиф қилинганлар уни оёқда туриб қаршиладилар. У қисқагина қилиб “Хуш келибсиз” нутқини гапирди-да қадаҳ кўтарди. “Куч” олиш учун кетма-кет икки қадаҳ конякни ичди-да, учинчисини қўлида сақлаб “керакли одамлар” ўтирган томонга юрди.
Эркин Воҳидов ўрнидан туриб, Каримовга тавозе билан “Раҳмат, улуғ иш қилдингиз. Ватандошларимиз ўз она юртларига қадам босдилар. Тарих бу кунни алоҳида ёзгай” деди.
Каримов ёнидагиларга ишорат этиб улгурмасдан стул олиб келишди. У Воҳидов билан академик Асқаровнинг ўртасига ўтирди ва мухолифат раиси Исо Холисга қўл узатди. Мезбонлар режага кўра уларни ёнма-ён ўтқазишганди.
-Хуш келдингиз Исожон. Қалай Франция гўзал эканми?
-Ҳар нарсадан хабарингиз бор,-деди дўриллаган овозда Исо Холис. -Нима бўлганда ҳам МХХнгиз яхши ишлайди. -Кейин у бир қўли билан оғзини юмиб хириллаб кулди.
Каримов эса атрофга аланглаб, мухолифатнинг бошқа бир раисини қидирди. Кўринмади.
-Раисдошингиз йўқми? -сўради Каримов Исо Холисдан.
-Биримиз борган жойга иккинчимиз бормаймиз.
-Ҳай, ҳай, раисдошлар ёнма-ён юриши керак эмасми?
-Сиз билан ёнма-ён юришимиз мумкин, у билан асло, -дея масалага нуқта қўйган бўлди Исо Холис.
Лекин Каримов ташаббусни ўз қўлига олмоқчи бўлди ва нуқтани ўзи қўйди.
-Биз барибир бундан кейин Шавкат Темурни ҳам бирга даъват этамиз. Сизларни яраштира олмасак нима қилиб юрибмиз, шундай эмасми, Эркин ака?
-Шундай, ҳазрат, шундай. Лекин наригиси бироз жанжалчироқ. Уни жанжалчиларга, Исожонни эса жанжалсевмасларга раис қилганмиз.
-Демак, Шукрулло ака жанжалчи эканларда-а? -”Катта” аския қилган кишидек кулди. -Чунки бу киши ҳам у томонда.
-Биз Сиз томондамиз, -деди Шукрулло ҳам аския оҳангида.
Каримов бироз мухолифат ҳақида ўйлади. Наригиси жанжалчи бўлса ҳам пишиқ. МХХ яхши ишлади. Ораларини бузмаганида катта куч эдилар. Бунисини ҳам қўлга олиш осон эмас. Лекин алдаш мумкин. Содда. Дарров ишонади қўяди. Давлат раҳбари ёлғон гапирмайди, деб ўйлайди. Бундайларнинг бурнига ип солиб бошқариш мумкин. Фақат ипни уздирмаслик керак. Ип узилдими, кейин боғлатмайди.
Каримов қўлига қадаҳни олди-да ўрнидан турди. Ғалағовур залга бир зумда сокинлик инди. Ёрдамчи микрофонни яқин келтирди.
-Шу қадаҳни, айтайлик, халқимизнинг севимли ўғли, айтайлик, Эркин ака учун кўтаришни сўрайман. Барча ватандошлар унинг “Ўзбегим” деган шеърини ёддан билишади. Камина ҳам бир пайтлар, айтайлик, бу шеърни ўқиб, сизларни эслаб, кўзга ёш олганман. Умуман Эркин акамиз, айтайлик, каби инсонлар юз йилда бир туғилади. Исми Эркин, айтайлик, фикри эркин. Бу эркинлик Сизга, айтайлик, бизга муборак бўлсин!
Каримов ўрнидан туриб қуллиқ қилиб турган Воҳидовни қучоқлаб, чўпиллатиб икки юзидан ўпди. Воҳидов қизариб кетди.
Каримовнинг хаёлида эса ҳамон Исо Холис эди. У ҳам шундай мақтовга интиқ, деб ўйлади у. Ўрнимдан турганимда ўзи ҳақида гап бўлади, деб ўйлаганди, янглишди. Ҳозир, уни ҳам боплайман…
Каримов хаёлидаги фикри лабига югургани учун яна ўрнидан турди.
-Ёнимда яна бир ёш, жасоратли, мард, қўрқмас йигит бор. Келажак уники. Унинг учун ҳам қадаҳ кўтаришингизни илтимос қиламан.
Исо Холис ўрнидан турмади. Каримов ҳам уни ўпмади. Аммо Исо Холис Каримовни ўпгиси келгандай унга эгилди. Каримов эса кўрмаганга олиб яна ўрнидан турди ва академик Асқаровни мақтай бошлади:
Уч-тўрт қадаҳдан кейин ҳамма “ўзи”га келиб қолди. Хорижлик ватандошларнинг кўпчилиги намозхон эди, зиёфатни тарк этишди. Одам ҳийла озайиб қолди. Бу орада Каримов ўрнидан туриб бошқаларнинг ҳам кўнглини олиш учун даврани бир айланиб келди.
Сўнгра:
-Уччалангиздан битта илтимосим бор, -деди ва Исо Холисга энгашиб давом этти: -Эртага коммунистлар мени ағдармоқчи. Ука ёрдамингиз керак. Бир-икки соғлом йигитлар ҳам уларга қўшилган. Гапнинг пўст калласи бу тошкентликларнинг ўйини. Қўйнимда илон олиб юрган эканман, Шукр Раҳматович жойимни олмоқчи. Мен унга сайлов қилайлик, номзодингни қўй, ютиб чиқсанг, марҳамат, дедим, аммо кўнмади. Эртага сайлов ҳақида қонун қабул қиламиз. Кейин эркин сайлов ўтказамиз. Аслида бу жой сизнинг ҳаққингиз. Кўп курашдингиз. Халқ сизга овоз берса, мен маслаҳатчи бўлиб қоламан, ука, иқтисодни кўтариб бераман…
-Коммунистлар дедингизми? -сўради Исо Холис.
-Ҳа, Москва билан ҳам алоқалари бор. Кучни ўша ёқдан олишаяпти. Бизни сотишмоқчи.
-Кўнглингиз тўқ бўлсин. Бир ҳамлада шаштларини синдираман. Осонликча бизни бука олишмайди, -деди Исо Холис.
У хориждан куни кеча қайтгани ва воқеалардан унча хабардор бўлмагани учун дарров “гирдоб”га тушди.
Аслида бугун депутат дўстларидан бири – Самандар унга телефон қилиб׃
-Эртага Каримовга ҳужум қилаяпмиз. Сиз ҳам тайёргарлигингизни кўринг,- деганда, “Мен ҳамма вақт тайёрман” деб жавоб қилганди.
Демак, Самандар ҳам тошкентликларнинг мусиқасига ўйнабди-да, аслида Шукрулло шум одам, кўп ўтириб-турганмиз у билан, мулойим бўлиб кўринади. Демак-ки, мақсади ҳокимиятни олиш экан. Йўқ, унга ишониб бўлмайди. У ер ости дунёси билан боғлиқ. Ҳаммамизни қуритади, деб ўйлади Исо Холис.
Бу орада Каримов Воҳидовни “овлаётган” эди. Воҳидовга қийин. Чунки унинг ўзи бу ишнинг бошида турганлардан бири. Миртемир билан ҳамма нарсани биргаликда келишиб олишганди. Бунинг устига бугун Шукруллонинг қўлини ҳам қисиб чиқди. Эртага мажлисда иккинчи бўлиб у, учинчи бўлиб Асқаров, кейин Миртемир сўзга чиқиши керак. Нима қилиш керак? Наҳотки ҳаммаси барбод бўлса?
-Битта таклифим бор, -деди Воҳидов Каримовга. -Кечаси бўлса ҳам Шукр Раҳматовични чақириб, гаплашиб олинг. Уни кўндирсангиз олам гулистон. Биз эса сиз билан.
Каримов яна уни қучоқлаб ўпди-да:
-Илтимосингиз ёдимда. Биринчи қиладиган ишим сизни Лондонга элчи қилиб жўнатиш. Аммо сизни доимо ёнимда кўришни истардим. Нима қилайки, ёзадиган нарсаларим бор деяпсиз. Ёзишингиз керак. Бу олтин конларидан ҳам қиммат!
Академикни қармоққа илдириш янада осон кечди. Унга институт очиб беришга ваъда қилди ва сўзини олди.
Каримов улар билан ўпишиб хайрлашар экан, ҳамманинг кўзи шу томонда эди. Воҳидов, Исо Холис, Асқаров ўзларини мағрур тутиб турардилар…
Каримов машинадан Шукрулло Мирсаидовнинг уйига сим қоқди.
-Нега зиёфатга келмадингиз? -деди.
-Сизга айтишмадими, бироз мазам қочиб турганди…
-Мазани ушлаб турган нарсадан қочасиз-а?-дедию лекин “Ҳа, тулкилик қилаяпти”, деб ўйлади Каримов.
Айни фикр Мирсаидовнинг ҳам хаёлидан кечди.Лекин сир бой бермади:
-Бунинг устига эртага мажлис, ётиб қолмайин, дедим, -Мирсаидов гап нимадалигини билиш учун атайлаб “мажлис” калимасига урғу берди.
-Мажлис деганини оз кўрдикми, жўра? -”Катта” жўшиб кетган кишидек гапира бошлади. У ҳар қанча ўзимни идора қилаяпман, деб ўйласа-да ичкиликнинг таъсири бор эди. -Иккаламиз ўтириб отамлашмаганимизга ҳам ойлар бўлди. Орамизга мушук оралади. Буларнинг думини боғлаб қўйдим. Сизни менга, мени сизга ёмонлашдан бошқа ишлари йўқ…
Демак, ҳар нарсадан хабар топибди, деб ўйлади Мирсаидов. У Каримовни яхши билади. Оз эмас, кўп эмас ўттиз йилдан бери танийди. Қанча-қанча яхши ёмон кунларни бирга яшашди. У хабар топган бўлса, тамом, олдини олади. Бунга етарли маҳорати бор. Лекин мендан нима истаяпти?
-Эртага эртароқ бораман, -деди Мирсаидов ниҳоят.
-Эртаси қолдими? Соат ярим тундан ўтгани қачон эди? -дедию Каримов, демак у ҳам ухламабди, олдида одамлари бор, вақт ўтганини ҳам билишмабди, деб ўйлади. -Шукрулло, оғайни, гап бор, кўришишимиз керак, -деди лўнда қилиб.
-Нима гап экан?
-Телефонда бўлмайди, олтинчи қаватдаги ошхонада кутаман, тезроқ келинг! -деб Каримов телефон тугмасини босди. Машинаси аллақачон девонга етиб келганди. У “сакраб” тушди-да серрайиб турган миршабларга кўз қисиб лифтга минди. Бу кайфияти яхшилигининг аломати эди. Аммо негадир шошаётганди. Шу боис лифтнинг ”одими”га қаноат этмаётганди. Қўллари лифт эшигидаги тирқишда эди. Гуё лифт тўхтаганда у ҳам эшик очилишига кўмаклашса вақт ютадигандек… Нофила. Лифт бирдан тўхтаб қолди. Лип этиб чироқ ўчди. У нима қилишини билмай қолди. Зим-зиё қоронғулик бир зумда бошидан оёғига қадар сингди. Боши гувиллай бошлади, кўзи борми – йўқлигини ўзи ҳам сезмай қолди, оёқлари латтадек бўшашиб кетди. Кўкрагида нимадир пилдирай бошлади, кейин бу “дук-дук” белига кўчди ва у нимага шошаётганини англади. Ҳожатхонага етиб олиш туйғуси уни бошқараётганди.
Хайрият лифт қўзғалди. Олтинчи қаватда лифт эшиги очилганда у қаршисида ёрдамчиси, икки миршаб ва котибни кўрди. Улар ўзларини шошиб қолган, гуноҳкор киши қиёфасида кўрсатиш учун юзларини бужмайтириб, бошларини эгиб олишди.
-Ҳамманг латтасан, бир тийинга арзимайсан?-бақирди у. -Йўқолинг кўзимдан. -У сочлари тўкилиб, боши ялтираб қолган котибни туртиб илгари юрди.
Қабулхонада Олий Кенгаш раиси турганди.
-Сен нима қилиб ўтирибсан? Лифт бузилганига мазза қилаяпсанми?
Раис бошини эгди.
-Бўпти, кел!
Каримов хонасига кирдию ичкаридаги ҳожатхонага ўтди.
Раис эса оёқда туриб қолди. Ярим соатлардан кейин Каримов ҳўл қўлини иякларига сурганча ичкаридан чиқди:
-Нега ўтирмаяпсан?
-Сизни кутаяпман.
-Нима, сен учун ҳали ҳам президентмиман?
-Нега ундай деяпсиз?
-Билмаганга оласан-а, мени хаёлингда бўшатиб қўйдингу мени сезмади деб ўйлайсанми? Нонкўр!
-Ундай деманг оқсоқол…
-Нима? Нима дединг? Ҳе, сени одам қилганни…
Каримов бирдан раисга ҳамла қилиб, уни тепди. Раис ўзини эшик томонга отди.
-Аба, Аба, -дея бақирганча эшикдан “учиб” чиқди. Каримов эса орқасидан қувиб борарди. Бинонинг нариги четига етганда раис зинапоядан пастга югурди. Каримов тўхтаб, сўкинишда давом этди. Оз масофага югурган бўлсада юраги билан ўпкаси гўё бўғзига келиб тиқилганди. Йўқ юраги бошининг орқа қисмига “кўчган” экан. Ўша ерда ура бошлади. У “уф-уф” дея ўзини сокинлатган бўлди-ю орқага қайтди. Қабулхонада ҳеч ким йўқ. Ҳамма қочиб қолганди.
-Хоинлар, сотқинлар, мен кетсам ҳамманг ҳам кетасан, қўрқоқлар! -дея бақирди. Кейин хонасига кирмай ўртадаги кичик ошхонага ўтди. Унинг бу томонга ўтганини сезган Зелемхон Ҳайдаров оёқ учида эшик ёнига қадар юриб келди ва ичкарига бош суқди.
-Конякни ол! -деди Каримов русчалаб.
Ҳайдаров “лип” этиб ичкари кирди ва муз дўлобидан коняк ва шоколад қутисини олди. Аммо стол устида ҳам коняк ва шоколад турганди. У буни Каримовга айта олмасди. “Ол” дедими, олиши керак.
-Қуй, -деди унга. -Ўзингга ҳам. Нега қўлинг қалтираяпти, ўтган сафар сенга қўрқма, дегандим. Яна қўрқаяпсан. Биламан, бу бинодан қувилишдан қўрқасан ва тўғри қиласан. Бўпти, сен учун ичамиз!
Каримов ичиб бўлгач, қўлига шоколаддан олди-да ҳидлаб, яна жойига ташлади.
-Миртемирни танийсанми?-сўради бирдан Каримов.
-Танийман.
-Қандай бола!
-Ана унинг йўлига юраяпти, шекилли…
-Шукрулло дейишга ҳам қўрқасан-а?
-…
-Жўрабековдан сўра у Миртемир билан гаплашдими? Нима бўлганда ҳам у эртага сўзга чиқмасин. Сўзга чиқадиган бўлса, уйидан бирор ҳодиса чиқаринглар, овора бўлсин. Уриб-пуриб юрманглар ўзини…
-Хўп, бўлади.
-Бор, менга рапорт бериб тур. Ҳозир “ана у” келади, бу ёққа бошлагин….
(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: