Жаҳонгир Муҳаммад: “Қувғин” романи

12. КРАЙНОВ

Ёрдамчи югуриб кирди. Каримов унга парво ҳам қилмасдан яна ёза бошлади. Ёрдамчи худди симёғочдек тик турарди. Орадан ҳийла вақт ўтгач, Каримов бошини кўтарди.
-”Нима гап?” дегандек ёрдамчига бош ирғади.
Ёрдамчи унга қадар ҳам тўртта “Катта”ни кўрган, бу хонада юз берадиган воқеаларни олдиндан биладиган киши эди.
У ўн беш йил ёрдамчилигини қилган Шароф Рашидов оламдан ўтгач, “Порахўр эди, тилло-ю олтинлар йиққан” деган гаплар тарқалди. Ҳамма “Катта”лардан кейин бошланганидек, бу сафар ҳам жиноий иш очилди. Ёрдамчи ўз “Катта”сига балчиқ отди. Янгиси келгач, у билан опоқ-чапоқ бўлиб ишлади. Нишонов, Усмонхўжаевни ҳам “кўрди”.

Улар кетишди, аммо Крайнов биринчи “нўмирли” мерос сифатида девонда қолаверди. Мана энди буниси билан ҳам ораси яхши. Баъзи башоратчилар Каримов ҳар олти ойда кадрларни алмаштиради, бунинг ҳам супургисини қуйруғига боғлайди, деб юришди. Лекин йилларга йиллар боғландию унинг супургиси қўлида. Аксинча у Каримовга ёрдамлашиб, бошқаларнинг супургисини қуйруғига боғлаб юрибди.
Ундан қўрқмаган одам оз. “Крайнов” деган отини эшитганларнинг лабига учуқ чиқади ё тиззаси қалтирайди. Унинг ёнида ҳатто Жўрабеков, Алимовлар ҳам қўрқиб туришади. Унинг олди-қочди гапларини эшитиб ўтирадилар, қарши гап айтолмайдилар.
Вазирлар, ҳокимлар ҳам Крайнов билан ўпишиб кўришадилар, унинг кўнглини топишга уринадилар, хурсанд қилиб туришга интиладилар. Ҳар куни икки-уч карра сим қоқиб, унинг ҳол-аҳволидан, оилавий ташвишларидан сўз очиб, дилига илиқлик киритиб турадилар.
Дарвоқе, Крайнов нега бу қадар “катта куч”га айланган? Буни ҳар ким ҳар хил талқин килади. Аммо шу нарса аниқки, Крайнов ишга ҳаммадан олдин келади ва ҳаммадан кейин кетади. Баъзан мамлакат ухлаётган ярим тунда ҳам у ишхонасида ўтиради. Каримовнинг ётоғидан “ухладилар”деб хабар келгач, у уйига йўл олади.
Президентнинг ҳузурига ким кириши, ким кирмаслигини ҳам у ҳал қилади. Махсус китоби бор. Унда Каримов кимларни, қайси лавозимдаги кишиларни қабул қилиши кераклиги асосида рўйхат тузган. Уни Каримовнинг кайфияти яхши пайтлари ўзгартириб, тасдиқлатиб туради. Бу рўйхатга кирмаган киши ким бўлишидан қатъий назар Каримов билан учраша олмайди. Крайновга ёққан киши эса ҳовли супурувчи бўлса ҳам рўйхатга кириши мумкин.
У Каримовнинг феъл-атворини мукаммал ўрганиб олган. Гапини икки қилиб юрганларни Каримовнинг жаҳли чиқиб турганда рўбару қилади. Ўша одамнинг бошига қора булут ёғилади. Агар ҳовли супурувчи Крайновга оид йўлакларни ҳам тозалаб, эътиборини қозонган бўлса, Каримовнинг кайфи чоғлиги пайтида учраштириб, уни вазир ўринбосарлигига ўтказиб юбориши ҳам ҳеч гап эмас.
Каримовнинг ўнга яқин ёрдамчиси бор. Лекин асосийси Крайнов. У айни пайтда эшик оғаси ҳам. Каримов кириб-чиқадиган эшикнинг қаршисида унинг хонаси бор. Шкафлар орасидан кирилади бу хонага. Мамлакатнинг кўзга кўринган ҳамма одамлари бу хонақоҳда меҳмон бўлишган.
Крайнов бировга сим қоқса, орқасидан қандай шамол келишини билиб олиш қийин эмас. “Ока”, шўрва ичаяпсизми, ош еяпсизми?” деса демак ёмон хабар йўқ, агар “Ётаверасизми, дўппайиб” деса Каримовнинг кайфиятига ўт кетган бўлади.
“Пахан” баъзан “фалончини сўкиб қўй” деб унга буюради. У худди Каримовнинг ўзига ўхшатиб чунонам бақирадики, товуши қабулхонада эшитилиб туради. Каримов бирор одамга хуш боқса, Крайнов унга шунақа ширин сўзлар топиб муомала қиладики, ҳалиги одам учун дунёда ёлгиз Крайновгина содиқ дўст бўлиб кўринади.
У “Катта” бугун кимни қидириши кераклигини олдиндан билгандек одамларнинг ҳаракат нуқталарини белгилаб боради. Барча раҳбарлар қайси соат, қайси дақиқада қаерда бўлишлари ҳақида уни хабардор қилиб турадилар. Раҳбарлардан бири керак бўлиб қолса, уни ўйнашининг уйидан ҳам топади. Крайнов учун дунёда “йўқ” деган сўз йўқ.
Агар Каримовни ёмон кўрган одам келса, унга қўшилиб ёмонлайди. Кейин оқизмай- томизмай хўжасига етказади. Бундан Миртемирнинг ҳам оғзи куйган. Миртемир бир кун Каримовни кутиб ўтирганда, Крайнов билан дардлашиб қолди. Крайнов унга олдинги “Катта”ларнинг юмшоқлиги, халқпарварлиги, ҳозиргисининг эса баджаҳл, сўкағон, ҳатто невараси бор одамларни ҳам кабинетида уриб, қувлаб юриши ҳақида гапириб берди.
Миртемирнинг унга раҳми келди шекилли: “Яқин орада ундан ҳаммамиз қутиламиз” деб юборди. Бир ҳафтадан кейин Каримов билан мажлис залида юзма-юз келди. Каримов тиржайганча Миртемирнинг елкасига туртиб “Қандай қилиб қутиласиз, куч борми?” деб ўтиб кетди. Ўшанда Миртемир қайноқ сутни қатиқ деб хўплаганини англади.
Бунга қарамай Крайновнинг қойил қоладиган ҳислатлари ҳам бор. Масалан, одамларга лақаб қўйишда шу қадар устаки, қабр устига тош ўрнатган устадек нозик ҳаракат қилади. Яъни у отган ўқ нишонга айнан тегади. Жўрабековга “Боцман”, маслаҳатчи Алимовга “Берия”, бошқа маслаҳатчиларга “Артист”, “Девор”, “Тряпка” деб лақаб қўйган. Олий Кенгаш раиси Йўлдошев “Ҳўкиз”га айланишида ҳам унинг ҳиссаси бор.
-Менга ҳам лақаб қўйгандирсан? -деб сўрайди Каримов ундан баъзан.
-Сиз биттасиз “Катта”, -дейди у кулиб. Бу ҳам ўзи қўйган лақабга ишора.
Хуллас, ҳозир ҳам Каримовнинг ёнида жилмайиб турибди. Унинг жилмайиб туришидан Каримов юмшагандек бўлди.
-Нима гап? -деб сўради ўзи чақиргани эсидан чиқиб.
-Бугун “Тошкент оқшоми”да яхши мақола чиқибди, -деди у таваккал қилиб.
-Яна Миртемирнинг мақоласими?
-Миртемир ким бўпти? Шоирми, ёзувчими, журналистми, кимлигини биров билмайди. Сиз туфайли машҳур бўлди. Яна сиз билан ўчакишиб юрибди, ажали етганга ўхшайди.
-Нима мени Азроил демоқчимисан?
-Йўғе, “Катта”, сиз бизнинг фариштамизсиз… Ҳа-я, ҳурматли академигимиз Аҳмадали Асқаровнинг мақоласини айтаётгандим…
Каримов қизиқиш ҳис этгандек креслога ястанди.
(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a comment