Жаҳонгир Муҳаммад: “Қувғин” романи

11. ВАҲИМА

Каримов одатига кўра кеч уйғонди. Боши қовоқдек туюлди ўзига. Қовоқнинг ичига сон-саноқсиз ари кириб олган-у “винғир”лашда мусобақа ўйнаётгандек эди. Ётган жойидан қўл узатиб, тортма устига қўйилган дорини оламан деганди бардоқ ағдарилиб, апелсин суви тўкилиб кетди. У жон-жаҳди билан тугмани босди. Доктор югуриб кирди.
-Ким қўйди буни бу ерга? Неча марта айтдим сизларга, керак бўлса ўзим айтаман, деб.
-Кечқурун бироз …
-Бироз-мирозни қўй, кечқурун нима қилганимни яхши биламан. Менга бош оғриғи дорисини бер.
-Оч қоринга мумкин эмас. Ҳозир сут олиб келаман, ҳеч бўлмаса сут билан…
Доктор орқасига қадам ташлаб эшикдан чиқди. Каримов бошини ушлаганча хаёлга толди. Кеча кечқурун нега бу қадар кўп ичди? Ҳар оқшом ичарди-ю аммо бу қадар кўп эмасди. Шомга яқин МХХ раиси Ғулом Алиев келди. Шукрулло Мирсаидов миллатвакилларини атрофига йиғиб уни йиқитиш учун ҳозирлик кўрибди.
-Нега олдинроқ айтмадингизлар? -сўради у МХХ раисидан.
-Юбилейлар билан овора эдингиз.
-Юбилейларни гўрга олиб кетаманми, ёки сенлар ҳам унга шерикми?
Унинг бир гапи тугамасдан иккинчисига ўтиб кетиши ҳар қандай суҳбатдошни шошириб қўярди. МХХ раиси “юбилей” билан гўр орасидаги боғланишни топиб улгурмасдан ўзининг тақдири “стол устига” тушди.
-Агар… агар… Сизга…
-Тилинг тутилмасин. Сен ҳеч ким эдинг. Ҳали ҳам ҳеч ким эмассан! Нари борса палов пиширишга ярайсан, холос. Сени мен одам қилдим. Тўн кийиб, белбоғ боғлаб юрардинг. Мен сенга костюм-шим кийишни ўргатдим…
-Сизга хиёнат қилсам кўзим кўр, тилим соқов бўлади, Худо уради мени. Мен сиз учун яшаяпман. Москвадан келганлар мени ҳам турмада чиритишмоқчи эди. Лекин сиз қутқариб қолдингиз.
Бу гаплар кўп такрорланган бўлсада Каримовга ёқди. У иқрорни севарди. Бировга қилган яхшилиги учун ҳар куни жавоб олиб туришни истарди. Шу боис бироз юмшади.
-Хўп! Мен ҳам сизга ишонмасам битта имзо етарли, эшикни ёпишга ҳам улгурмай чиқиб кетасиз. Қани ўтиринг! Нима гап ўзи?!
-Шукур Раҳматович…
-Ўшанинг отини айтманг, менга!
-Хўп… Олий Кенгашдаги депутатлар бир уйга тўпланиб, “Сессияга мактуб” ҳозирлашганди.
-Биламан. Ҳа, ким бошлаганди бу ишни?
-Ёзган одамни аниқладик. Мутахассисларнинг расмий хулосаси ҳам бор.
-Мутахассисларингни билмайману уни Миртемир ёзган, жўжахўроз!
-Қойил сизга! Биз ҳафталаб ўйлаганни Сиз бир лаҳзада топасиз.
-Акси бўлганда бу ерда мен эмас, сен ўтирардинг…
-Бу Оллоҳнинг иши, Оллоҳ Сизга раво кўрган бу ишни.
-Ҳали МХХ ҳам Оллоҳга ишонади денг.
-Ишонишга ишонмаймизу…
-Лекин сиёсат қиламиз, шундайми?
-…
-Бўпти, масалага қайтайлик. Депутатлар йиғилган уйдаги суҳбат матнини ташлаб юборибман.
-Менда бор…
-Ўша ерда Шукрулло ҳақида гап бор эдими?
-У ерда йўқ. Депутатлар уч марта тўпланишди, лекин Шукрулло ҳақида гап йўқ.
-Демак ҳаммаси кейин бошланган. Охирги кунларда Шукруллонинг ҳузурига депутатлардан кимлар кирди?
-Биз шубҳа қилганлардан уч киши…
-Суҳбатни ёзиб олдингизларми?
-…
МХХ раиси папкасини ковлаб бир неча саҳифали матнни Каримовга берди. Каримов бироз ўқиди-да зериккан кишидек қоғозларни МХХ раисининг олдига отди.
-Муҳим жойларини ўқи.
МХХ раиси қизил қалам билан остига чизилган сатрларни ўқий бошлади:
“-Шукрулло ака, биз бир гуруҳ депутатлар Каримовга қарши чиқмоқчимиз.
-Нима учун? Каримов яхши одам. Қолаверса бугун унга ўхшаган одам керак.
-Яхшиликка яхши-ю, лекин… Чет давлатлар билан муносабатларни бузаяпти. Масалан, сиз бориб Россия билан шартнома имзолаб келдингиз, у эса бузди”.
-Вой, ифлосей, ким бу, қайси бири?
-Тошпўлат Жўраев дегани бор. Ўтган сессияда русларга қарши чиққанди. Боплаб ерига ўтиртиргандингиз.
-Ҳм… Кеча руслар ёмон эди. Бугун эса…
Каримов стол ёнидаги телефон қутисининг устидаги тугмалардан бирига босди:
-Эшитаман, ўртоқ…
– Тошпўлат Жўраев деган жўжахўрозни топ! Олий Кенгашдан.
-Хўп, ўртоқ…
Каримов яна МХХ раисига юзланди. У ўқишда давом этди:
“-Бизга сизнинг розилигингиз керак.
-Бунақа гапларни қўйинглар. Танқид қилиш, қарши чиқиш – демократиянинг бир бўлагидир. Мен ҳам Ислом аканинг баъзи камчиликларини биламан. Ўзига айтдим. Тузатмади. Энди сессияда ўртага ташлайман. Аста-секин демократияга ҳам ўрганишимиз керак. Дарвоқе, сизлар Олий Кенгаш шароити ҳақида ҳам унутманглар.
-Унутишга унутмаймиз. Лекин…”
-Кўрдингми, у жуда устакор одам. Тошни узоққа отаяпти.
-Ҳатто гапираётганда радиони баландлатиб қўйган. Аммо биз овозни ҳар турли товушлардан тозалайдиган асбоблар олганимизни билмайди.
-Шукр қил. Жўмракдан сув оқизиб қўйса нима қилардинг?
-Хонасида жўмрак ўрнатишга ижозат йўқ. Ичкари хонада бор, аммо. Жуда яқинлари билан ўша ерда гаплашади.
-Бир-икки кундан кейин у ерга кирмайдиган қилиб қўямиз. Яна кимлар билан гаплашди?
-Ўқийинми?
-Йўқ. Гапириб бер, муҳим жойларини.
-Депутатлардан бири “Хизмат машинамиз йўқ, агар бизга енгил машина ажратсангиз сотиб олардик. Бошқа давлатларда ҳам шу тажриба қўлланилмоқда” деганди дарров рози бўлди. Олтита машина ажратишга қарор берди. Шундан фойдаланиш керакмикан?
-Кимлар олмоқчи?
-Орасида Тошпўлат Жўраев ҳам бор…
-Миртемир-чи?
-Йўқ. Аммо у илгари вилоятда машина олган. Шуни ковлаштириш мумкин.
-Яна ким бор?
-Ойгул Маматова ҳам бор!
-Ҳм… Булар топишиб олишибди…
Каримов яна тугмага босиб, Ойгулни ҳам топишни буюрди.
Кейин Жўрабековга телефон қилди:
-Миртемир деган бола билан ўзингиз гаплашинг, ҳамюртингиз. Керак бўлса сотиб олинг, керак бўлса қўрқитинг. Менга рўбару қилмангки, уни уриб, қўлини синдираман, тилини кесиб оламан!
Шундан сўнг Каримов МХХ раисидан сўради:
-Масала жиддийми?
-Жиддий. Депутатларнинг бу тайёргарлиги Шукруллога қўл келди. Ёки бу воқеадан фойдаланиб қолишни ўйлайди. Шогирди Нусратовни биласиз. Уни ишга солди. Пойтахт ва вилоят депутатлари билан бир-бир гаплашиб чиқишди. Баъзи ҳокимлар ҳам Шукруллонинг ёнига қатнай бошлашди. Мана рўйхати ва суҳбат матнлари.
Каримов депутатларнинг суҳбатлари матнига унчалик эътибор қилмаганди. Аммо ҳокимларникини эринмай ўқиб чиқди. Кейин тутоқиб кетди.
-Бу онангни….. лар, бу нонкўрлар, бу хоинлар, бу сотқинлар….Ҳаммасини йўқотаман, қаматаман, чиритаман ертулаларда!…
-Аммо улар ҳозир бирлашганлар. Усталик билан иш қилишимиз керак. Биз ҳам ўз одамларимизни тўплаб қарши тадбирлар олмоғимиз зарур. Сиз жуда самимий, ишонувчан одамсиз. Сизнинг яхшилигингиздан булар фойдаланиб қолишмоқда. Ҳатто сизга энг яқин одамлар ҳам ўша томонга қатнаб юришибди…
Каримов икки қўлини чўнтакка тиққанча хонада у тарафдан бу тарафга юра бошлади.
-Бугунги программа қандай? -деди тугмани босиб. Ёрдамчи дарров жавоб қилди.
-Соат 20.00 да чет элдан келган ватандошларга зиёфат берилади. Ўша ерга боришингиз керак.
-Бекор қил! Бошқаси борсин!
-Xўп, ўртоқ…, -Ёрдамчи гапнинг довомини “ютиб” юборишга одатланганди.
-Алимов, Умурзоқов, Жўрабековни чақир, тез келишсин!
-Ҳўп, ўртоқ….
Алимов ташқарида эшик ёнида пойлаб ўтирган эканми, дарров ичкарига кирди.
-Хабарингиз борми? – сўради Каримов.
-Бор. Уч кундан буён эрталабки ҳисоботномаларни ўқишга вақтингиз бўлмаяпти.
-Нима қилиш керак? Қайси бирига улгурай. “Навоий юбилейи билан чет эллик ватандошлар қурултойини бирга ўтказайлик” деган сизлар эмасми? “Бир қанча давлат раҳбарларини чақирайлик, бу обрўйимизни оширади”, деган сизлар эмасми? Мана энди… Агар ҳокимиятга у келса мендан аввал сизларни йўқотади. Оилангиз, қариндош – уруғингиз билан бирга.
-Тўғри.
-Тўғри бўлса, нега қарши тадбир олмадингизлар?
-Олдик. Лекин кўп масалада Сизнинг олдингиздан ўтиш керак эди.
-Сизга қачон ишонмадим? Биз бир командамиз, бир оиламиз. Биримиз йўқолсак, ҳаммамиз йўқоламиз.
-Аммо у Бош вазир. Имкониятлари….
-Имкониятларини қўлидан олинг, демаганмидим? Яқинда умуман имкониятсиз қолади. Қуритаман уни, йўқотаман, билдингизми, йўқотаман! -Каримов шундай деб столни муштлаган эди тахта – ойна парчаланиб кетди. У фақат муштига бир қараб қўйганидан “қонамадими” деган шубҳа кўнглидан ўтганини сезиш мумкин эди.
Эшик очилиб Жўрабеков, Умурзоқов ҳам кириб келишди. Каримов уларнинг фикрини сўраб ҳам ўтирмасдан топшириқ бера бошлади.
-Сиз Исмоил ака, ҳар бир депутат билан яккама – якка гаплашасиз. Ҳа, Миртемирни топдингизми?
-Уйига машина юбордим.
-Булар соат беш бўлмасдан ишдан қочишади. Ана у “Ҳўкиз” нима қилаяпти? Нега депутатларни назоратсиз қолдиради?…
Каримов янгилик кашф қилган кишидек телефон трубкасини кўтарди : -”Ҳўкизни” боғла!
Телефон боғловчи ҳам Олий Кенгаш раиси Шавкат Йўлдошевнинг лақабини билар экан, дарров боғлади :
-Қўлинг қонлигини биласанми ёки унутдингми? Сендан сўраяпман, унутдингми, йўқми? Гап қайтарма дедим сенга…
Каримов Олий Кенгаш раисини бўралаб сўка бошлади. Унинг бошқаларни қўрқитиш учун бировни куракда турмайдиган сўзлар билан сўкадиган одати бор эди.
Атрофидаги “командаси” Йўлдошевни севишмайди, “Ҳўкиз” деб лақаб қўйган ҳам улар. Ҳозир у Олий Кенгаш раисини қанча кўп сўкса, булар шунча хурсанд бўладилар ва шундай ғазабга учрамасликдан ҳайиқадилар.
-Сени ботқоқдан тортиб чиқардим. Одам қилдим. Бошимга бало бўлдинг! Нега депутатларинг жойида ўтирмайди? Нега менга қарши фитна тайёрлашади-ю сен билмайсан? Нега давлат ишхонасида ўтириб давлатга қарши ишлашади? Ҳаммасини қув! Хоналардан стол – стулларни олиб чиқ! Телефонларини уз. Хизмат машинасини олиб қўй. Керак бўлса қарор чиқариб қўмиталарни ёп! Ҳаммасига икки соат вақт. Икки соатдан кейин рапорт берасан!
Каримов телефон дастасини жойига қўймоқчи эди, тушмади, отиб юборганди сим тортилиб қайтиб – келиб қўлига урилди. У тугмани босди-да Умумий Ишлар бошқармаси раҳбари Зелемхон Ҳайдаровга :
-Бу ердан телефонларни йўқот, дея неча марта айтишим керак. Стол устига микрофон ўрнат, демаганмидим?!
-Ўрнатамиз, лекин…
-Гап қайтарма, ҳозироқ ишдан қуваман… хоинлар!
У яна хонада юра бошлади. Ҳамма жим, орага сукунат чўмди.
Бироздан кейин Каримов яна топшириқ беришда давом этди:
-Сен Mавлон Умурзоқов, мухолифат билан гаплашасан! Сессияда бизни қўлласин! Диндорлар билан ҳам гаплаш. Шоирларни матбуот котибига топширамиз.
-Сиз ўртоқ Алимов, Прокурор, Ички ишлар вазири, Суд билан гаплашинг. Оёғини эгри олган ҳокимларга қарши ҳар бирига алоҳида “дело” ҳозирланг.-Сиз ўртоқ Алиев, хавфсизлик хизматини оёққа турғазинг. Ҳар бир депутатнинг, ҳар бир хокимнинг ҳаракатларини соатма – соат қайд этинг, рапорт бериб туринг, менга. Жавоб ҳаммангизга!
Каримов тортмасидан битта янги ён дафтарча олиб, йирик – йирик ҳарфлар билан нимадир ёза бошлади. Ёзгани ёқмади шекилли, саҳифани йиртиб, мажақлаб оёқ остига отди ва яна қайтадан ёза бошлади. Бу ҳол уч-тўрт бор такрорланди. Кейин кимгадир телефон қилмоқчи бўлди. Аммо телефон полда икки бўлиниб ётарди. Стол остига ўрнатилган тугмани босди.
(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: