Жаҳонгир Муҳаммад: “Қувғин” романи

5.АЛАНГА
…Миртемирни терговчи ўз хонасига олиб келди. Терговчи армани эди, шу сабаб ўрисча гапирди:
– Сен ким билан ўйнашаяпсан?
Миртемир саволга жавоб бериш ўрнига хаёлга толди. Нима қилиш керак? Ҳозир у билан ўчакишса, хўрлашади. Саволларга жавоб берса, паст кетган бўлади. Она тилида иш юритилсин, дея дод-фарёд қилганлардан бири ўзи эмасмиди? Энди терговчига рус тилида жавоб берадими?
Дарвоқе, уни нега бунга топширишди? Бу Гайраннинг одами эмасмикан? Ёдига Каримовнинг бир гапи тушди. Ўшанда собиқ Бош вазирни қувгинга олганди: “У ишдан бўшатган одамларни топинглар, ана ўшаларнинг қўлига топширинглар, онасини кўрсатади”, деганди. Кейин унинг бошқалар ҳақида ҳам шундай хулосага келганини кўп эшитди. Бу ҳам президентнинг буйруғи деган хулосага келди.
Терговчи унга қараб афтини бужмайтириб турарди. Хонада чироғ ёнаётганига қарамай, стол устидаги тунчироқни ҳам ёқиб қўйганди. Шу боис икки тарафда ҳам сояси бор эди. Бири хира, бири ёрқинроқ. Миртемир худди янгилик ихтиро қилган кишидек енгил тортди. Олдин сезмаган экан. Инсоннинг битта сояси бўлади, деб юрарди. Қарангки, соя ҳам иккита бўлиши мумкин экан. Ҳа, шароит инсонни, балки унинг соясини ҳам ўзгартириши мумкин.
Соялар эгасининг овига ташланмоқчи бўлган калхатдек эди. Кўзлари “ловуллаб” ёнаётганди:
-Гапирасанми? Ёки…
Ёки нима? Урадими, хўп урсин! Сўкадими, хўп суксин! Урса уради, сўкса сўкади. Лекин бунинг олдида ўзини ерга урмайди.
-Тергов қилишга ҳаққинг йўқ! Ҳали иш қўзғатилган эмас!,- деди ниҳоят у.
-Тўғри,- негадир терговчи юмшоқ овозда жавоб қилди. – Ҳозир, азизим, биргалашиб сени қамоққа олиш ҳақида қарор ёзамиз. Қолганига кейин улгурамиз.
-Мени бошим оғрияпти,- деди Миртемир.
Бу ўйламай айтилган ва тўғри гап эди. Фақат боши оғриётгани энди ёдига келганди.
-Унда қаҳва ичамиз!- терговчи фармонни кутиб тургандек, столи ёнидаги электр чойнакнинг симини қўлига олди.- Икки дақиқада қайнайди.
У жуда маданиятли ва айни пайтда жуда маданиятсизга ўхшарди. Гаплари ҳам самимий, ҳам масхараомуз эди. Шу лаҳзада ажратиб олиш мушкул.
-Биласанми,- деди у узоқ жимликдан кейин,- нега бу ишни менга топширишганини ўйлаяпман? Сен нега бизни ёмон кўрасан?
-Нега ёмон кўрар эканман. Ҳатто юртингда ер қимирлаганда ота-онасиз қолган болалардан иккитасини олиб боқишга ариза берганман.
Энди терговчи бу гапнинг самимийлиги ёки масхараомузлиги ҳақида ўйлай бошлади.
Сўнг:
-Икки болани мусулмон қилиш билан иш битадими?- деди.
-Мажбуран мусулмон қилиш динимизда йўқ.
-Аммо куч, зўравонликка қарамай динингизни қабул қилмаганмиз.
-Динимизнинг ҳозирги масалага нима алоқаси бор?
-Қаҳва ҳозир бўлгунча мавзу топилди. Сенга кўра мен ноҳақми?
-Сизлар ҳеч қачон ўзингизни ноҳақ деб ҳисобламагансиз.
-Сиз озарбайжонларга ёрдам берганда ҳақсиз, биз ўзимизникиларни қўлласак нима қилибди?
-Афсуски, ёрдам беролмадик, йўл қўйишмади.
-Мана бу нима?
У Туркиядаги газетада бу хусусда босилган суҳбатни Миртемирнинг олдига қўйди.
Буни элчи юборган деб ўйлади. Анталияда, қурултой зиёфатида кўришгандилар. Ўшанда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Убайдулла Абураззоқов у билан қучоқлашиб, туркчасига бош уриштириб кўришди-да қулоғига “Бутун дунё сизни гапираяпти. Аблаҳлар қиш куни қувишдими, уйдан?” деди.
Ҳа, аблаҳлик ҳар турли кўринишда бўлар экан! Акс ҳолда кичик бир газетада босилган суҳбатни дарҳол буларга етказадими? Етказмаса, бошқа биров етказади. У эса ёнади. Аммо у ҳолда ҳам ёнади, бу ҳолда ҳам. Чунки Каримов ҳеч кимнинг хизматини қадрламайди. Буни билишади, аммо балки қадрлаб қолар деб ўйлашса керак-да.
Кейинчалик маълум бўлдики, терговчи вақт ўтказаётган, топшириқни кутаётган экан. Шу боис гапни айлантириб, масаланинг ўзига тегишли томонларини ковлатаётганди. Бу билан “Шунақа! Элга навбат, шерга навбат!” демоқчи бўларди.
-Қўшнингни нега ёздинг? – деди яна осмондан тош тушгандек қилиб.
-Қўшнимни…
-Ҳа, Микиртчянни!
-Мен эмас, у ёзганди, мен ишлаган таҳририятга ва Москвага.
-Нега?
-Нега бўларди, биз бошқаларга йўл бермаётган эканмиз. Қаранг-а, йўл бермаслик шунчаки, бир йилда янги машина олди, данғиллама уй қурди, шаҳар касалхонасида бош ҳаким муовини бўлди…
-Унда нега сеннинг устингдан хат ёзди?
-Топшириқ билан. Ёзишга ёзди-ю, кейин бошқа топшириқ билан узр сўраб ёзди. Лекин у қачондир жазоланиши керак. Уйида қурол сотади. Тоғли Қарабоғдаги урушга ёрдам пулини ҳам у йиғади.
-Бас, бу сизга Олий Кенгаш мажлиси эмас!
-Бу ер Олий Кенгаш мажлисидан яхшироқ. У ерда бу гапларни гапириб кўр-чи, дарров ватан хоини бўласан.
-Шундай ҳам ватан хоинисан.
-Ҳа, энди Каримов ва биродарларингиз ватан бўлишса, мен ватан хоиниман-да.
– Айбини бўйнига олиш яхши фазилат. Эртага буларни биргалашиб ёзамиз.
– Мен русча ёзишни билмайманда,- кесатди Миртемир.
-Ҳечқиси йўқ, мен ҳам давлат тилини билмайман, – терговчи ҳам кесатди. – Мен ёзаман, сен қўл қўясан!…
Терговчи “топшириқ” кутиб тургани тез-тез телефонга қарашидан ҳам сезиларди. Ниҳоят у кутган қўнғироқ чалинди.
-Эшитаман, ўртоқ генерал! – деди у телефон трубкасига ёпишиб қолгудек бўлиб.- Хўп, хўп, хўп…
У телефон дастагини қўйди-ю, бироз ўйланиб, кейин бошқарма навбатчисига сим қоқди:
-Шаҳар КПЗсига хабар бердингиз-ми? Яхши! Бораяпмиз,- деди.
Сўнг Миртемирга юзланди:
-Бахтинг бор экан. Прокурорни топишмабди. Бу кечани шаҳарда ўтказасан. Қани кетдик.
Улар йўлакка чиқишганда Миртемир ҳайратда қолди. Ярим кеча бўлишига қарамасдан ўн-ўн беш киши қаторлашиб туришганди.
Улар “хайрият” дегандек, енгил тортишди. Демак, бир неча соатдирки, кутишмоқда.
-Икки киши мен билан, қолганларга жавоб,- деди терговчи.
“Аскарлар” апал-тапал тарқалишди.
Миртемирни темир панжарали машинага чиқаришди. Беш дақиқада шаҳар миршабхонасига етишди. Терговчи аввал ўзи ичкарига кириб ҳужрани айланиб чиқди.
Кейин:
-Қалай? Олий кенгашнинг ишхонасига ўхшайдими? Ёки ҳукумат санаторийсигами?- деди.- Ҳар ҳолда халқ орасига кириб-чиққан яхши-да!
Яхши гап! Миртемирнинг хаёлида нимадир йилт этди. Булар ўзлари билмасдан янги гап айтиб қўйишади. Дарҳақиқат, халқ қамоқхонада. Мамлакат шу кеча-кундуз улкан қамоқхонага айланган. Маҳбусларни истасалар урадилар, истасалар ишлатадилар. Ҳар ҳолда урмасдан, сўкмасдан, ишлатмасдан, ҳақини емасдан боқмайдилар.
-Ҳа, қамоқ халқ билан бирга яшаш демакдир,- кинояга киноямуз жавоб қилди Миртемир.
-Мана бу ҳам халқнинг насибасидан бир парча!
Терговчи кутилмаганда унинг биқинига муштлади. Баччағар, уришга уста экан. Миртемирнинг нафаси орқасига қайтиб, “ҳиқ” деганча букчайди. Гўё уни биров баланд тепаликдан улоқтириб юборди-ю учиб кетаяпти, тушиб кетаяпти… уҳ, замин бунча узоқ бўлмаса? Қачон етади? Қачон? Бирдан “шарақ” этиб кўзи очилди. Ҳаммаёқда оқ юлдузчалар кезиб юрибди. Яна нимадир “шарақ” этди. Энди сездики, баччағар уришда давом этаяпти экан.
-Ў…либ қол…ади! Бу…лар ним…жон кел…ади!- Миртемирнинг қулоғига узоқдан келган товуш узуқ-юлуқ эшитилар эди.
-Ўл…са, мукофот ола…сан!
Терговчи ҳар қанча “баччағар” бўлса ҳам, дарров ҳансираб, аранг сўкинди. Миртемир жавоб қиламан, деганди, тили комига ёпишиб айланмай қолди.
Ўрнидан турмоқчи бўлди. “Шарқ” этиб кетди суяклари… Бу тепкидан кейин юзи билан бетонга урилди…
Миртемир бошини кўтарганда елкасига нимадир боғлаб қўйилгану бу оғир юк уни эзаётганини ҳис қилди. Нима бу? Терговчи оёғи билан босиб турибдими? Ёки тегирмон тоши каби бир нарсани бостириб қўйишдими? Яна бироз қўзғалганди, “юк” кўкрагининг ичида эканлигини сезди.
Бу оғриқ эди. Оғриқ ҳам дейиш қийин. Бу ёнғин каби бир нарса эди. Кўкрагини ичида ёнғин бошланганди. Аланга аста-секин кенгайиб бутун кўкрак қафасини ўраб олди. У “ёрдам!” дея қичқирмоқчи бўлди, лекин аланга унинг товушини ҳам ютиб юборди. Дори беришдими? Укол қилишдими? Нима бўлди?
У ўз саволларига ўзи жавоб беролмасди. Тамом-ми? Яшаш, ҳаёт шу ерга қадарми? Қизиқ у жон бераяптими?
Илгари одам ўлаётганда нималарни ҳис этаркан, дея ўйларди. Демак, ўлим олдидан одам ёнар экан. Аланга кўкракда бошланиб, бутун вужудни ўраб оларкан…
(ДАВОМ ЭТАДИ).

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Mushohada, Қувғин. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s