Жаҳонгир Муҳаммад: “Қувғин” романи

4. ЛУТФИЛЛО
Лутфилло бошлиқлар ичида унчалик кўзга ташланмасдан юрадиган киши. Москвада академияни битириб келган кезлари мажлисларда шартта-шурта гапириб, бир-икки танбеҳ олгандан сўнг индамай юрадиган бўлди. Ўзи ақлли, кўп нарсага фаросати етади. Гайран кетганда кўпчилик унинг бошлиқ бўлишини кутганди. Қўполлиги йўқ. Қўл остидагиларни тинглашни билади. Ишнинг “кўзи”ни кўрадиган одати бор. Мураккаб масалаларда энг охир гапиради ва кўпинча ҳақ бўлиб чиқади. Юқоридагилар нимагадир уни ўстиришмайди. Ҳозир нега келдийкин?! Бошлиқ юбордимикан?!
Рустам билан баробар Лутфилло ҳам хаёл суриб борарди… Балки эрталаб унга айтишим керакмиди? Кечаси билан ўйлаб, эрталаб сотса-чи? Йўқ, бунақа йигит эмас. Неча марта синовдан ўтган. Ундан бошқаси эплолмайди. Бунинг устига Миртемир билан яқин…
Улар ҳийла пана жойга боришганда Лутфилло сўз очди:
-Рустам, сенинг олдинга келишдан аввал кўп ўйладим. Ишонганим учун келдим. Генерал сени чиқариб юборгач, уч ўринбосарини чақирди. “Катта”: “Бу жўжахўроз жонга тегди, тинчитинглар” дебди. Вазифа сенга юклатиладиган бўлди. Эртага пойтахтдан қайтишинг билан… Биламан, ўзинг ҳам қийналаяпсан. Лекин бу нарсалар узоқ давом этмайди. Не-не империялар қулаб, ҳамма сирлар очилаяпти. Қанча-қанча топшириқ бажарган кишиларнинг умри хазон бўлди бугунгача. Кўрсатма берганлар эса яна минбарга чиқиб, адолатдан гапириб юришибди. Гапнинг пуст калласи шу: Миртемирни қутқазиш керак. Бундай йигитлар ҳали керак. Нима дейсан?
Рустам индамади. Балки бу тузоқдир? Балки ёнида диктофони бордир? Балки… йўқ, ҳамма борса ҳам бу қабиҳликка Лутфилло бормайди.
-Иккаламиз ҳам олов билан ўйнашаяпмиз. Ё ёниб кетамиз, ё ишни пиширамиз,-қўшимча қилди Лутфулло.
Орага пул ораладимикан, ўйлади Рустам. Йўқ. Лутфиллонинг пули етарли. Пул учун ўзини оловга ташламайди. Унда нима мажбур қилди уни? Виждонми? Иймонми? Эртанги кундан умидми?
-Лутфилло ака, нима қилишим керак?
-Аввал розилигинг керак. Ундан кейин нима қилишни гаплашамиз.
-Бу фикрни яна биров биладими?
-Йўқ! Сен, мен ва Аллоҳ… Мен куйсам, болаларим сенинг бўйнингда, сен куйсанг…
-Бу ишга катталар аралашган. Куйсак ҳам биргаликда тамом бўламиз. Уни ўлдиришолмайди, барибир.
-Сенга юклашади, эртага. Кейин кеч бўлиб қолиши мумкин.
…Менга! Мени нишонга олиш учун бу гапни айтаяптими? Нега менга юклашади? Боя генерал “Сенга ишонаман” деганда шунга шаъма қилдими?
-Бирор жойдан гап чиқмаслиги учун сенга тўхташди. Нима бўлганда ҳам Миртемир билан дўст эканлигингни кўпчилик яхши билади. Гап чиқса ҳам ишонишмайди, деган хулосага келинди.
-Қандай қутқазамиз?
-Сен аввал ўйлаб кўр, қўрқсанг розилик берма! Гап шу ерга кўмилади. Қўрқмасанг, бир фикрга келамиз. Сенга очиғини айтаман. Ўтган йили мени ишдан кетказишмоқчи бўлишди. Сабабини билмайман. Вазир буйруққа имзо чеккандан кейин бориб Миртемирга учрашдим. У меҳмонхонада яшар экан. Мени олиб борди хонасига. Узоқ дардлашдик. Эрталаб вазирнинг ёнига бордик. Вазир “Катта” топшириқ берган, деб айтибди. Билмадим, нима қилди, буйруқ уч кундан кейин бекор бўлди. Вазир “Бу депутатга неча миллион бердинг?” деб сўради ўшанда. Шундан билдимки, битмайдиган ишни битказган экан. Кейин боримни йиғиштириб, уйига олиб бордим. Олмади. “Сизга минг-минг одамнинг иши тушади. Шуларнинг ярми ноҳак айбланганлар бўлади. Шу яримнинг ярмига мен учун ёрдам қилсангиз, бас. Худо менга кўмаклашади”, деди. Уялиб кетдим. Шунда пулни олди-да ичидан бир дона ўн сўмликни сўғирди. “Буни метрога кираверишдаги гадойга бераман, савоби иккимизники”, деди…
Лутфилло бу ҳакда Миртемирдан бироз эшитганди, лекин бошқармада ҳеч қандай сўз айланмагани учун у қадар қизиқмаганди.
Лутфилло ҳикоясини давом этди:
-Мени вазирнинг гапи чўчитди. У орқамдан одам қўйиши мумкин, деб Миртемирнинг ёнига бошқа бормадим. Бунинг устига у уй олиб меҳмонхонадан чиққан ва оиласи билан пойтахтда яшарди. Кейин эшитишимча, бир кишига “Лутфилло номард йигит” дебди. Суроқлаб турмаганим учун шундай деган, шекилли. Мана энди қарзни узадиган пайт келди.
Рустамнинг қўнгли ёришди. Шу дамда Лутфиллони қучоқлаб олгиси келди. Мард одам экан.
-Биласизми, ичим ёниб кетаяпти. Агар улар айтгандек бўлса, бош кўтариб юролмайман. Ҳатто хотиним ҳам “номард экансан” дейди. Мен розиман. Фақат жуда пухта ўйлашимиз керак.
-Ҳали прокурор ҳибс қарорига қўл қўймагани учун ҳам эҳтиётдан Миртемирни шаҳар КПЗсига олиб кетишди. У ерда менинг йигитларим бор. Уларни қамай олишмайди. Жуда нари борса ишдан четлатишади. Миртемир ўшанда олмаган пулни шуларга берарман. Оғизлари ёпилади. Вақт ўтиб, кейин уларни яна тиклаймиз ёки бошқа иш топиб берамиз.
-Мен нима қилишим керак?
-Сен саҳар соат олти яримда Миртемирнинг уйига боришинг керак. Демак, олтида шаҳарга кириб, уни оласан.. Уйига келтирасан. Қўшнилариникига ўтиб, ўша ердан қочиб кетади.
-КПЗдаги йигитлар мени кўришадими?
-Йўқ. Қўл оёқлари, кўзлари боғланган бўлади. Калит ёнларида туради. Мен ётоқхона тарафдан кузатаман. Ўша пайтда чироқни, алоқани бир зумга ўчирамиз. Бу менинг ишим.
-У қўлга тушсачи?
Тушмайди. Қўшнилардан бири бизнинг одам. У тайёр туради. Орқа йўлдан машинаси билан олиб чиқиб кетади. Сен факат Миртемирга. “Вася”никига ўт, кейин қаердалигингни икки кундан сўнг Лутфиллога етказ, поччаси орқали”, дегин.
Улар яна қайтадан ҳамма икир-чикирларни гаплашдилар.
-Олти яримда, албатта, Миртемирнинг уйида бўл! Сездирма. Дўқ-пўписа қил оила аъзоларига. Кейин қўналғага кетаверасан…,- деди Лутфилло.
Улар қучоқлашиб, “Аллоҳ қўлласин” дея хайрлашдилар.

(ДАВОМ ЭТАДИ).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: