Улуғбек Бакиров

 Дунёда ТЕРРОР деган бало йўқолсин! 

Аввал 93, кейинроқ эса, 98 инсоннинг ҳалок бўлганлиги тўғрисидаги хабарларни қайта кўриб чиққан Норвегия полициясининг сўнгги маълумотига кўра, 22 июль жума куни Ослода бўлган хунрезликлар оқибатида 76 (68 Утоя оролида 8 Ослода) киши нобуд бўлган. Жароҳатланганлар сони Утояда 66, Ослода 30 киши.

Террористик хуружлардан кейин мана уч кундирки, бутун Норвегия бўйича мотам. Давлат байроқлари пастга туширилган, ҳар бир шаҳар ва шаҳарчалар марказларига одамлар гуллар қўйиб, шамлар ёқиб ҳалок бўлган юртдошларининг хотираларига бош эгишмоқда.

Бугун, 25 июль душанба куни маҳаллий вақт билан соат 12:00 да пойтахт Осло марказида Қирол оиласи, Бош вазир ва бир қатор расмий кишилар ҳамда оддий одамлар йиғилишиб, қурбон бўлганлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақлашди. Бир дақиқалик сукут сақлаш бутун Норвегия ва Швецияда бўлиб ўтди.

Оқшом пайти эса, биргина Осло шаҳрида “Хотира юришлари”га 150 минг одам иштирок этган. Бундай тадбирлар Норвегиянинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, мен муҳожирликда яшаётган Норвегиянинг Нурд-Трёнделаг фюлке (вилояти) Левангер шаҳарчасида бугун соат 18:00 да шундай “Хотира юришлари” бўлиб ўтди ва унда 2,5 мингга яқин аҳоли иштирок этди. Тадбирда иштирок этганларнинг қўлларида гуллар ва машъалалар, уларнинг бошлари эгик, кўзларида ёш, барча мотамсаро бўлди.

Норвег халқига ўзимнинг ҳамдардлигимни билдириш ниятида мен ҳам бу тадбирда қатнашдим…

Ўтган йили Ўш ва Жалолободда бўлган қирғин кунлари Левангерда яшайдиган жуда озчилик биз ўзбек йигитлари йиғилишиб, шаҳар марказида намойиш ўтазган эдик. Ўшанда бизлар ҳам худди бугунги мотам тутаётган норвеглар каби бошларимиз эгик бўлган. Ўша кунлари норвег халқининг бизларни қўллаб-қувватлаганлари ва чин дилдан ҳамдардлик билдириб, катта эътибор қаратганларини бутун умр ёдимдан чиқармасам керак. Намойишимизга шаҳар ҳокимияти раҳбарлари, бир қатор журналист ва оддий одамлар келиб, бизларни биродарларча бағриларига босиб, дардимизга шерик бўлгандилар. Доно халқимиз “одам тафтини одам кўтаради” деб, бежиз айтмаган.

Аслида бу фожеа нафақат норвег халқининг балки бутун инсониятнинг фожеаси, деган бўлардим.

Зулмдан қочиб келганимизда бизларни ўз бағрига олган Норвегия халқига бугунги оғир дамларида чуқур ҳамдардлик билдираман! Хунрезликлар оқибатида ҳалок бўлган бегуноҳ ёш болалар, аёллар, қариялар ва барча ўтганларнинг хотираси қаршисида таъзим қилиб, бош эгаман.

Дунёда ТЕРРОР деган бало йўқолсин! Йўқолсин, ирқчилик, миллатчилик, диний ва ғоявий айримачиликлар!

ТАҲ:Муаллиф хайрли иш қилиб маросимдан олган кўпгина суратларни “Замондош” сайтига жойлаштирган.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: