Дилфуза КОМИЛОВА

ҒАЖИБ ТАШЛАНАЁТГАН “КАБУТАР”

«Вақт ўтяпти!» деймиз сал ҳазинлик билан. Бу гапни инсон ўзини овутиш учун ўйлаб топган. Аслида биз ўзимиз ўтяпмиз…». Асқад МУХТОР

Ҳар куни бир мартагина кўзгуга боқмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Одатда биз ўзимизга зеб бериш, ташқи кўринишимизни тартибга келтириш учун ойнага қараймиз. Юзимиздаги кичкинагина ажин, сочимиздаги бир тола оқ ҳам кўнглимизни хижил қилади. Дарров уларни ниқоблаш ҳаракатига тушамиз.
Лекин энг сифатли пардоз воситалари билан ҳам кўринишимиздаги қарилик нишоналарини узоқ яшириб бўлмайди. Чунки бу нишоналар – ҳақиқат. Бизнинг ўтиб бораётганимиз ҳақидаги инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Негадир, ойнага боққанда бу ҳақида тафаккур қилмаймиз. Ўзимизни апил-тапил ниқоблаб, кўчага шошиламиз: иш кўп, вақт ўтяпти!..

Эҳтимол, вақтнинг ҳали вақти кўпдир. Эҳтимол, вақтнинг ўтиши олам учун унчалик катта йўқотиш эмасдир. Лекин бизнинг ўтишимиз ўзимиз учун катта йўқотиш. Негаки, жуда кўпчилигимиз сафар вақтида ўзига нима керак, нима нокераклигини тузукроқ ажратиб ололмагани учун ҳам елкасидаги хуржунини бўлар-бўлмас важларга тўлдириб олиб, юришга қийналаётган ва ўзининг аҳмоқлиги туфайли содир бўлаётган қийинчиликларда тақдирини айблаётган ношуд мусофирга ўхшаймиз.
Нолойиққа берилган меҳр
«Вақт борида яшаб қолиш керак!» – аксариятимизнинг шиоримиз шу. «Яшаб қолиш» қанақа бўлади? Қимматбаҳо либослар кийиш, сархил таомлар ейиш, зўр уловлар миниб, уйлар қуриш-у бола кўпайтириш «яшаб қолиш»ми? Кечирасиз-у, бунақа «яшаб қолиш»ни биздан кўра ҳайвонлар тузукроқ қойиллатадилар. Катта-катта еб юриш ва насл қолдириш масаласида барибир уларга етолмаймиз. Либос масаласида ҳам шундай. Ахир уларнинг терисига ҳавасимиз келиб, шилиб олинган ҳайвон териларини катта пулга сотиб олиб, пўстинми-ей, туфлими-ей тиктириб кийиб юрадиган ўзимиз эмасми? Тоғ ёнбағридан сўлим «дача» сотиб олганимиз учун бир қадар мағрурланаётган вақтимизда дунёнинг одам оёғи етмаган, табиати тоза, энг сўлим ва катта гўшаларида ҳайвонлар хўжайинлик қилишини, уммонларнинг жавоҳирларга тўла тублари ҳам сув жониворлари изнида эканлигини бир эслаб қўйсак бўларди… Демак, юқоридаги ¬«шиор»ни бироз ўзгартириш керак, яъни «Одамга ўхшаб яшаб қолиш керак!».
«Ҳамма ҳаловат излаб беҳаловат», деган эди файласуфлардан бири. Роҳат топаман деб меҳнат қиламиз-у, негадир роҳатларимиз ҳам меҳнат билан уйқашиб кетади. Нега? Чунки биз энг асосийсини – ўтаётганимизни эсдан чиқаряпмиз. «Сен ҳеч қачон ўлмайсан!» деган кафолат олган одамдай ҳаракат қилаяпмиз. Энг яхшиларимиз ҳам вақтимизни, меҳнатимизни, меҳримизни, эътиборимизни, мурувватимизни кимларга сарфлаш кераклигини яхшилаб ажратиб олмаганмиз. Нолойиқ одамларни назардан қолдириш, улардан четлашиш бундайларга нисбатан зулм ёки адолатсизлик эмас, аксинча, уларни тарбиялашнинг ягона усули, қолаверса, ўз умримизни барбод қилмасликнинг бир йўли эканини англамаймиз.
Дунёга келиб-кетган пайғамбарларнинг, авлиёларнинг, аҳли донишларнинг деярли барчаси нолойиқ одамга мурувват кўрсатиш кишининг ўзига зиён келтиришини уқтириб ўтганлар. «Аҳмоқдан кучинг борича қоч!» – бу ўгитни аҳмоқдан жон-жаҳди билан қочиб бораётган вақтида Исо алайҳиссалом айтган. Ҳатто ўликларга жон бахш этишга қодир бўлган пайғамбарнинг бу қўрқуви, эҳтиёти нечун? У аҳмоқлик дардига даво йўқлигини, аҳмоқ одамга яқин бўлганларнинг ақлига, тафаккурига, иймонига дарз кетишини яхши биларди. Буни бизнинг ота-боболаримиз ҳам чуқур англаганлар: «Қозонга яқин юрсанг қораси юқади».
Муҳтарам ўқувчиларимиз орасида ҳаётидаги маънавий қийинчиликлардан, дейлик, дўстларининг хиёнатидан, турмуш ўртоғининг нолойиқлигидан, фарзандларининг бемеҳрлигидан нолиб юрганлар бўлса, тақдирларидан эмас, фақат ўзларидан ўпкалашлари керак. Чунки уларни нолойиқ одамларга берилган меҳрнинг, уларга сарф этилган вақтнинг уволи тутяпти. Кўнглимиздаги меҳр-муҳаббат ҳам Аллоҳнинг неъмати. Уни бўлар-бўлмас нолойиқларга сарф этилса, қайтими бемеҳрлик бўлади. Бу тахлит фикрларни қабул қилиш қийинроқ эканини биламиз, айниқса, ўзини алдаб яшайдиган кишилар учун. Лекин аён ҳақиқатдан кўз юмиш имконсиз.
Ёмонни жазоламаслик – ёмонларга хайрихоҳликдир
Аёлининг хиёнатини кечириб, «бағрикенглик» (аслида аҳмоқлик) қилган эркак йиллар ўтиб пушаймон бўлиши тайин. Майли, ўрганган кўнгил ўртанмаган ҳам бўлсин, лекин ўша – хиёнатдан ҳазар қилмаган, (эри-ку майли) Худодан қўрқмаган хотиндан бузуқ феълли, ўжар, қайсар, гап уқмас фарзандлар бино бўлиши бор гап. Доно халқимиз «Отаси ёмон – биттаси ёмон, онаси ёмон – ҳаммаси ёмон», деб бекорга таъкидламаган. Ана энди бу эркак армон чангалида қолади. Кечагина бузуқлик қилиб юрган хотиннинг тили узун, «қорлар ёғиб, излар босилган». Бир вақтлар мардлик қилибми ёки болаларини кўзи қиймайми, ишқилиб хиёнатини кечириб, этагини ёпган эрининг камчиликларини ҳеч уялмай муҳокама қилаверади. Бўлар-бўлмас жанжаллари, ҳуда-беҳуда рашки, ноўрин тергашлари билан эрини жонидан тўйдиради. Худди шу нарса – ўша эркакка жазо. Эркакни ўзининг уволи тутди! Нолойиқ аёлга сарф этган эътиборининг, мол-мулкининг, соғлигининг, умрининг уволи тутди! Қонни, наслни бузадиган гуноҳни кечириб, жамиятга зарарли болалар туғилишига сабаб бўлгани учун ҳам куни армонга қолди унинг.
Тўғри, ҳар бир динда, ҳар бир жамиятда кечиримли бўлиш улуғ фазилат саналади. Лекин миллат софлигига, жамият тинчлигига, насл тозалигига путур етказадиган, иймониятни йиқитадиган ишлар қиладиганларни осонгина кечириш – ўша худобехабарларнинг «фаолияти»га йўл очиб бериш, уларнинг кўпайишини исташ билан баробар эмасми? Гуноҳкорларга ён бериш билан уларнинг яхши одамларни маҳв этишларига кўмак бермаймизми? Шундан эмасми, меҳр қўйган одамларимиздан кўраётган азиятларимиз, дўст деганларимизнинг кўзимизни ўйиши, яқинларимиздан ёмонлик кўриб, «қўйнимда илон сақлаган эканман», дея ўкинишлар?..
Ёмон одамнинг ёмонлиги, меҳр-муҳаббатга нолойиқлиги аслида аввал-бошданоқ унинг гап-сўзлари, қилиқлари, ишларидан маълум бўлади. Лекин кўпинча кўнглибўшлик, иродасизлик қиламиз ёки ҳиссиётларимиз ақлимиздан устун келади. Бадфеълларнинг таъзирини бериш тугул, уларнинг яхши томонга ўзгаришини кутиб умримизни совурамиз. Айни шу хатоимиз сабабли ҳам ҳаётнинг ўзи бизнинг таъзиримизни беради. Кейин адашишларимиз кетидан келган шўришларни тақдирга тўнкаб, «Пешонамга ёзилгани шу экан, нима ҳам қилардим энди», деб юраверамиз. Яхшиликнинг қадрига етмайдиганлар, тузлиққа туфлайдиганлар эса назардан қолиш, элдан чиқиб қолиш, яккаланиб қолиш нима эканлигини билмай, «гуллаб-яшнайверадилар». Ҳаётда каттами-кичикми ёмонликнинг жазосиз қолиши – ёмонларга хайрихоҳлик билдириш билан тенг. Қилғиликни қилиб, осонгина кечирилиб, яна бунинг устига яхши одамлардан ҳам кўпроқ эътибор топиб яшаётганларни кўрганларнинг «яхши яшаш учун юзиқорароқ, шаллақироқ, зўравонроқ бўлиш керак экан», деган фикрга бориб қолаётганлари ҳаммасидан ҳам ёмон.
Ҳар бир динда инсониятга зарар келтирадиган иллатлар қо¬раланган, гуноҳ ишлар маън этилган. Хўш, гуноҳ қилишдан қўрқмайдиган, ёмон ишлардан тийилмайдиган одам билан умр¬гузаронлик қилиб, унинг гуноҳларини кечириб, унинг учун ҳаётини фидо этган инсон ҳам гуноҳкорларнинг биттаси эмасми?
Биз ўзимизга (ўз танамизга, ҳаётимизга, қилар ишларимизга ва ҳоказоларимизга) ўзимиз хўжайинмиз, деган фикрдамиз. Йўқ, жуда унчалик эмас. Биз – Яратганнинг мулкимиз. Жонимиз, соғлигимиз ҳам бизга берилган омонат. Бирор қилиғи, гап-сўзлари ёки афт-башараси бизга ёқиб қолган кишининг ҳар қанча гуноҳ ва хатоларини кечирган ҳолда, унга Яратганнинг омонати бўлган умримизни, соғлигимизни фидо қилиб юборишга ҳаққимиз бормиди? Охир-оқибат беқадр бўлаётганимиз, «меҳр кўп кўргузиб, аммо меҳрибоне топмаганимиз» – бизни нолойиқларга берган меҳримизнинг уволи тутаётганидан даракдир балки…
Адолатни йиқитадиган марҳамат
Нобоп эр ёки нобоп хотинга тоқат қилиб, унинг ўнгланишини кутиб яшайдиганларнинг сабр косаси ҳам ҳамма қаторидир – бир кун тўлмай иложи йўқ. Бунақа оиладаги эр-хотинларнинг жанжалсиз ўтмаган куни бўлмайди. Ҳар жанжалда асаб томирлари узилиб, жигари эзилади, юраги қинидан отилгудек зўриқади уларнинг. Ўз саломатликларидан жудо бўлаётганлари майли, лекин бу «дўзах»да ўсаётган болаларнинг тарбияси, соғлиги абгор бўлиб бораётганини нима билан оқлаб бўлади? Бир ёмонни яхши қиламан деб, унинг қилмиш-қидирмишларига чидаб яшаб, оқибатда жамиятга аламзада, асабий авлодни рўпара қилиш оқиллик саналадими!
Дунёда қалбига қулф урилган одамлар бор. Уларнинг қулфи дилини очишга, тўғри йўлга солишга бандаси ожиз. «Биз баъзиларни жаҳаннам учун яратдик», дейилади муқаддас китобларда. Ҳаёси йўқ, Худодан қўрқмайдиган, гуноҳдан ўзини тиёлмайдиган, энг яқин кишиларининг ҳам юзига оёқ қўйиб кетаверадиган, гап уқмас, насиҳату ўгитларни икки пулга олмайдиган, ўзбилармон, худбин, мутакаббир кимсалардан жаҳаннамнинг ҳиди келиб туради. Бунақа кимсаларни ўзига дўст тутган, умр йўлдошликка танлаганларнинг куни дўзахий ҳаётга қолиши тайин.
Ичкиликка берилган эрининг тузалишидан умид қилиб яшаб, умрини беҳуда елга совурган қанча аёлларнинг сочлари эрта оқарди, ўзлари доимий асабий зўриқишлар сабаб тузалмас дардга гирифтор бўлдилар. Сурункали ичадиган одамнинг махлуқдан фарқи кам. «Болаларим отасиз ўсмасин», дея бу махлуқсифатларга кўниб яшаган аёлларнинг ҳаммаси ҳам болаларидан роҳат кўраётгани йўқ. Чунки отасининг ғайриинсоний қилиқларини кўриб улғайган болаларнинг аксарияти ҳаромдан ҳазар қилмайдиган бўлиб, отасининг қилғиликларини ўз ҳаётида такрорлаб яшаши кўп исботланган. Ахир «қуш уясида кўрганини қилади».
Ёмондан ўзни олиб қочиш – фалокатдан, касофатдан узоқроқ бўлишни кафолатлайди. Аммо кўпчилигимизнинг ҳолатимиз кабутарнинг ёнида мушук боқиб, унга чексиз меҳрибончиликлар кўрсатиб, кейин бир куни ғажиб ташланган кабутар бошида нола қилиб, ёзғириб ўтирган кимсанинг аҳволини эслатади. Хўш, айбдор ким?..
Нолойиқ одам билан яшашдан, унинг кирдикорларига чидаб, айбу гуноҳларидан кўз юмиб ўтишдан мақсад нима? Огоҳлантириб қўяйликки, сизни кундан-кунга, йилдан-йилга ўзига чидашга мажбур қилаётган, ўзингиз учун яшашингизга имкон қолдирмаётган кимсага (у умр йўлдошингизми, энг яқин дўстингиз, ҳатто фарзандингиз бўладими) кўрсатилаётган марҳамат – дунёда адолатни йиқитишга қўшилаётган ҳиссадир. Худо инсоф бермаётган кимсани инсофга киритишни мақсад қилиш – ўз-ўзига ҳукм ўқиш билан баробар. У сизни ким бўлишингиздан қатъий назар бахтсиз турмуш кечиришга маҳкум этади.
Одам аҳмоқдан, ножинсдан ўзини эҳтиёт қилишни, гуноҳкорлардан ҳазар қилишни ва энг муҳими ўзининг қадрига етишни билиши керак. Эҳтимол, атрофдагиларнинг ўзини олиб қочиши, яккаланиб қолиш хавфи ёмонларнинг бир қадар кўзини очар…
Хотима
Фикрларимизга қўшилмаган бўлсангиз ҳам ҳақсиз. Фақат бир нарсани эсдан чиқарманг – биз ўтяпмиз! Одамга ўхшаб яшаб қолишга улгуриш керак. Одамга ўхшаб яшаш – тафаккурни кенгайтириш, гўзал маърифатли бўлиш, юксак маънавиятни эгаллашдир. Аммо… Устоз Асқад Мухтор айтганларидай: «Вақт ўтиши билан биров ақллироқ бўлади, биров – каттароқ». Агар ақллироқлар сирасига кирсангиз, унутмангки, ўзимизни қадрламас эканмиз, кун келиб албатта ўзимизни ўзимизнинг уволимиз тутиши аниқ. (Ҳамроз).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: