Зилзила

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотига кўра, сешанба куни соат 00.35 да содир бўлган зилзилада Фарғона водийсида 13 киши ҳалок бўлган.

“Зилзила оқибатида Фарғона вилоятининг Риштон, Бағдод ва Ўзбекистон туманларида айрим эски уй-жойларга шикаст етган. Бунинг оқибатида 13 нафар фуқаро ҳалок бўлган, жароҳат олганлардан 86 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 35 нафари шифохоналарга ётқизилган,” дейилади вазирлик тарқатган маълумотда.

Тошкентдаги Зилзилашунослик институти лабаторияси раҳбари Улфат Норматов Би-би-сига зилзиланинг эпицентри Қирғизистондаги Боткен тумани бўлганини маълум қилди.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар бор…

“Ер силкиниши параметрлари магнитудаси Рихтер шкаласи бўйича 6.3, ер юзидаги унинг таъсири эпицентрда 8 балл белгиланган. Чуқурлиги 10 километр. Бу дастлабки маълумотларга кўра. Зилзила ўчоғи Тошкентдан 231 километр масофада жойлашган,” деди у.

Аввалроқ Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг Фарғона вилоятидаги Риштон туманида фаолият юритувчи ходими зилзила оқибатида беш киши ҳаётдан кўз юмганини хабар қилган.

Нобуд бўлганларнинг бири Олтиариқ туманининг Катпут қишлоғидан, қолган тўрт нафари Риштон туманининг Амиробод, Ҳуррамобод ва Қипчоқ қишлоқларидан бўлишгани айтилган.

Ташаббус гуруҳига кўра, қирқдан ошиқ одам жароҳат олган, Риштон тумани марказий касалхонасининг болалар кардиологияси бўлими яроқсиз ҳолга келиб қолган.

Риштон туманининг қишлоқларида бир неча уйлар вайрон бўлган. Ҳалмиён қишлоғидаги коллеж томи ўпирилиб тушган.

Поликлиника ва касалхона ходимлари жароҳат олган аҳоли вакилларига тиббий ёрдам кўрсатмоқда.

Зилзиладан зарар кўрган инсонлар учун марказий касалхона алоҳида учта тез ёрдам машинасини ажратган.

Ўзбекистон ҳукуматига тегишли uza.uz веб саҳифасида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг топшириғига биноан республика ҳукумати томонидан табиий офат оқибатларини бартараф этиш, жабр кўрганларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича тезкор чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтилади.

Риштон туманидаги болалар кардиологияси бўлими биноси яроқсиз ҳолга келган

Зилзиланинг эпицентри Қирғизистонда, Ўзбекистон чегарасига яқин ҳудудда, 10 чақирим чуқурликда бўлган.

Би-би-си билан суҳбатда Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудида яшовчи кишининг айтишича, бу сафарги зилзила аввалгиларидан анча кучлироқ бўлгани кузатилган.

“Тикка тургандим, тиззамга ўтириб қолдим. Камида 15 секунд қимирлади, тинчишнинг ўрнига кучайиб борди. Саккизинчи этажда турамиз, дом омон қолганига ҳайронман бундай зилзиладан кейин. Одамлар кўчаларга югуриб чиқишди, ухлаб ётганлар ҳам турди”, дейди у.

Унинг айтишича, кўплар зилзила ҳақида хабар олиш учун телевизорларини ёқишга уринганлар, бироқ зилзила кучидан “кабель каналлари ўчиб қолган”. Ўзбекистон давлат каналларида эса аввалдан тайёрланган дастурлар давом этган.

Яна бир тошкентлик фуқаро Би-би-сига зилзила жуда кучли ва қўрқинчли бўлгани ва токчалардаги идишлар ағдарилиб синганини айтади.

Зилзила “Ташкент” сейсмостанциясига биноан, Термезда 4 ва Самарқандда 3 баллга тенг бўлган.

Қаттиқ зилзила Тошкент вилоятидаги Янгийўл тумани аҳолисини ҳам уйғотиб юборган. Би-би-си билан тунда боғланган янгийўллик тингловчи ер қимирлаши ортидан “ярим соатдан бери” кўчада ўтирганини билдирди.

“Хотинимни, болаларимни олиб югурдик. Зилзила қаттиқлигидан бетон деворлар чирсиллаб овоз чиқарди,” дейди у.(BBC)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: