Мунаввар Қори

Хотираларимдан (1)

МКНИНГ СИЁСИЙ БОШҚАРМАГА БЕРГАН ВАЪДАМ

Бу 1928 йилнинг бошларида бўлган эди. Мени бошлиқ (СССР Бош сиёсий бошқармаси бўлимининг Ўрта Осиёдаги Мухтор вакиллиги бошлиғи) ўртоқ Бельский ўз олдига чақириб, жадидимиз пайдо бўлганидан буён бўлиб ўтган воқеаларни кенг ва ҳужжатлар асосида ёритишимни алоҳида огоҳлантирди. Менга саволлар битилган бланка берди. Ундаги саволларнинг бир қисмига ўзим жавоб бераолмасамда, иккинчи қисмига эса бошқаларнинг ёрдамисиз жавоб бериш анча мушкул кўринди.
Унинг таклифини мен катта қувонч билан қабул қилдим, чунки шу баҳонада бўлиб ўтган воқеаларни тадқиқ қилиш ва тарихга молик бирор нарса қолдириш мумкинлиги туғилди. Шу билан бирга бу ишни бажарсам менинг ҳукумат олдидаги сиёсий мавқеим яхшиланармикан деган умид ҳам пайдо бўлди. Афғонистонга кетмаслигимга, биринчидан, Бачи Соқов қўзғолони, иккинчидан эса мана шу таклиф сабаб бўлган эди.
Ёзмоқчи бўлганларимнинг режасини тузиб, ўртоқ Бельскийга кўрсатдим. Бельский ва Агидуллин мен тузган режани мақсадга мувофиқ деб маъқуллади. Режада мен ёзиладиган хотирани уч даврга бўлган эдим. Биринчиси жадидизм пайдо бўлганидан то февраль инқилобигача, иккинчиси февраль инқилобидан октябргача, учинчиси эса октябрь инқилобидан ушбу хотиранинг тугашигача эди.
Мана шу режага кўра ўз хотираларимни ёзишга киришдим. 1929 йилнинг бошида унинг биринчи қисми, яъни 1917 йилгача бўлган хотираларимни ёзиб топширдим. Иккинчи қисмини 1929 йили ёзишга ки-ришдим. Аммо менда ёзиш учун вақт жуда оз эди, сабаби, бу вақтда мен ишсиз эдим. Менинг оиламда ўзимдан бошқа бирорта ҳам ишлаб пул топадиган киши йўқ эди, хотиним эса бу вақтда (тиббиёт билим юртида) ўқир эди. Ҳар куни уйда 9—10 соатлаб ўтириб, пайпоқ ва қўлпоқ тўқиш ва шу билан 2—3 сўм пул топиб оила тебратишга мажбур бўлдим.
Шундай ўта бир чекланган пайтда мен хотираларимни тез орада ёзиб тугата олмаслигим ўз-ўзидан аён эди. Шунинг учун (1929 йилнинг августларида бўлса керак) бу тўғрида Сиёсий бошқарманинг Шарқ бўлими бошлиғи ўртоқ Агидуллинга мурожаат қилиб, ўзимнинг оилавий аҳволим ҳақида очиқ-ойдин сўзлаб бердим.
Агар хотира ёзишни тез орада тугатиш зарур бўлса, менга ёрдам беришлари кераклигини айтдим. Шунда у «Сизга қандай ёрдам бермоқ керак?» — деб сўради. Унга эса мен шундай дедим: «Менга маънавий ёрдам керак. Мен нафақа олиш учун ариза берганман. Агар сизлар томондан бироз таъсир бўлса мен нафақа оламан. Бу билан менинг ҳаётим бирозгина бўлса ҳам таъминланади».
Ўртоқ бошлиқ ёрдам беришга ваъда бериб, ёзганларимни оз-оздан бўлса-да, кўрсатиб туришимни талаб қилди. Бу пайтда мен иккинчи қисмни охирлаштириб қўйган эдим. Бошлиқнинг буйруғи билан мен бу қисмни тугалланмаган бўлмаса ҳам унга топширдим.
Ўртоқ бошлиқнинг ёрдамини кутиш билан бирга учунчи қисм учун материал излай бошладим. Аммо менинг қамоққа олинишим сабабли бу амалга ошмай қолди.
Мен октябрь инкилоби арафасида ташкил топган «Иттиҳоди тараққий» (11) (Тараққийпарварлар жамияти) ҳақида ёдимда қолганларини олдин ёзиб берган эдим.
Жамият дастурини Усмонбек билан Ҳайдар Афандилар (12) тузган. Мен уни (туркчадан) ўзбек тилига ағдарганман. 1917 йил августининг охирларида бўлса керак, менинг уйимда тараққийпарварларнинг Усмонбек раислигида бўлиб ўтган йиғилишида бу дастур қабул қилинди. Йиғилишда уч кишидан иборат раёсат ҳам сайланди. Унга раис қилиб Усмонбек, раҳбар бўлиб эса Ҳайдар Афанди сайланди. Учинчиси маҳаллий кишилардан бўлиши керак эди. Уни танлаш Усмонбек билан Ҳайдар Афандининг ўзларига топширилди. Мен октябрь инқилобигача бу жамият ишида қатнашиб келдим. Руҳонийлар ила бу жамият орасида келишмовчиликлар бўлиб турар эди.
Давлат (шаҳар) думасида бизлар эсер ва социал-демократлар билан иттифоқ тузган бўлишимизга қарамай, руҳонийларнинг вакиллари кўпчиликни ташкил этарди. Жамият октябрь инқилобидан кейин ҳам ўз ишини давом эттирди. Унинг аъзолари, дастурда кўрсатилгандек, бизнинг манфаатларимизга қарши бўлмайдиган ҳамма фирқаларга кириш ҳуқуқига эга эди. Шунинг учун баъзи бировлар большевойлар, бошқалар эса эсерлар фирқаларига кирди. Мен ҳам бирор фирқага кириш истагида Ҳайдар Афанди орқали раёсатдан ижозат сўрадим. Раёсат менга ҳали ҳукумат мустаҳкам эмаслиги ва унинг яшаб қолиш-қолмаслиги даргумон бўлиб турганлигини баҳона қилиб, бироз сабр қилишни маслаҳат қилди.
Бу вақтда мен маориф соҳасида ишлар эдим. Шундай қилиб, мен 1919 йил, яъни январ воқеаларигача (13) шу жамият раҳбарлигида бўлдим. У ўтган вақт давомида шўрога қарши фаолият кўрсатган эмас, аксинча ўз режаларини ҳаётга тадбиқ этиш учун Шўро ҳукума-тини энг муносиб ҳукумат деб билади. Жамиятнинг режалари қуйидагилардан иборат эди:
1) ёшларни аъзоликка жалб қилиш;
2) руҳонийлар билан кураш олиб бориш (14);
3) оқларни аниқлаш ва уларни имконияти бўлганида ҳукумат қўлига топшириш;
4) мактаб ишларини тартибга солиш;
5) турк ҳарбий асирларига ёрдам бериш ва уларни мактабларга ишга жойлаштириш.
Боку турклар томонидан босиб олинганидан кейин бизнинг «Иттиҳоди тараққийпарвар» жамиятимиз «Иттиҳоди тараққий» деб номланди. Охирги «парвар» сўзи олиб ташланди. Энди эса бу уюшма тараққиёт маъносини олади, олдин тараққийпарварлар уюшмаси эди. Шунинг учун кўпчилик бунга жиддий аҳамият бермайди, чунки жамият номига олдин ҳам «парвар» сўзи қўшиб айтилиши керак бўлса-да, «Иттиҳоди тараққий» деб номланар эди.
Мен бу ўзгаришнинг сабабини сўраганимда Ҳайдар Афандим шундай деб тушунтирди: «Бокуни «Иттиҳоди тараққий» жамиятини бошқарувчи турклар эгаллади. Шунинг учун алоқа қилиш осон бўлишини назарда тутиб, жамиятни «Иттиҳоди Тараққий» деб номладик». У яна олдинги раис Усмонбек кетиб қолганлиги, унинг ўрнига «Иттиҳоди тараққий» тарафдори бўлган Зиябек келганлигини ҳам айтди…
Менинг оқларга қарши олиб борган ишларимдан бири: 1918 йилда бир куни менинг олдимга Назаров С. исмли ўрис келиб, бир неча кун жой бериб туринг, деб илтимос қилди. Мен рози бўлдим. У меникида икки кун турди. Бу орада менга унинг шўро ҳукуматига қарши киши эканлиги маълум бўлди.
Ҳукуматнинг амалдаги қонунига асосан, мен бу тўғрида шўро вакилига хабар бердим. Бу пайтда Эски шаҳар қўшин (отряди) бошлиғи Низомиддин Хўжаев эди. Уни бошқа хонадонга (квартирага) кўчириш баҳонасида бир кузатувчи билан шаҳарга жўнатдим. Хадра-да уларни Низомитдин Хўжаевнинг одамлари кутиб турар эди. Шу ерга келганида кузатувчи ишорасига кўра Назаров қўлга олинди.
Бир неча воқеалар бўлиб ўтганидан кейин, ҳаммада шўро ҳукумати мустаҳкамланиши ва яшаб қолишига тўла ишонч ҳосил бўлгач, жамият ҳаёти ва унинг келажақда иш олиб бориш-бормаслиги масаласи бизларни қизиқтирмай қўйди. Бунга зарурият ҳам йўқ эди. Мен большевиклар фирқасига киришга қарор қилдим. Жамият раёсати бунга қаршилик қилмади, аксинча қуйидаги мазмунда қарор қабул қилди: «Шўро ҳукуматининг яшаб қолишига шубҳа барҳам топиши муносабати ҳамда жамиятнинг ғояларини (ғафлатга қарши маданият учун кураш) ҳукумат билан иттифоқда амалга ошириш осон ва мақсадга мувофиқ эканлиги туфайли у тугатилсин, унинг аъзолари Мунаввар Қори ва бош-қаларга бошланган ишни давом эттириш учун боль-шевойлар фирқасига киришга рухсат этилсин!» (15).
Шу пайтдан бошлаб мен жамиятдан чиқиб, фирқа сафига кирдим. Жамиятнинг тарқалиб кетишига қуйидагилар ҳам сабаб бўлди:
1) Аъзолар ўртасида интизомнинг бўшашиб кетиши;
2) Туркия мағлубиятга уч-раши билан «Иттиҳоди Тараққий» тарафдорларининг раҳбарлик лавозимларидан олиб ташланиши;
3) Маблағнинг йўқлиги;
4) Жамият раёсати ва аъзоларига нисбатан ишончсизлик муносабатининг кучайиши.
Ҳозирда унинг дастлабки пайтларидан иш бошлаган кишилардан мендан бошқа бирортаси ҳам қолмади. Унга кейинги пайтларда кирганлардан қуйидагиларни биламан: Саъдулла Хўжа, Отахон (16), Убайдулла Хўжаев (17). Жамиятнинг Тошкентдаги аъзолари кўп эмас эди. Уларнинг сони 50 га етмасада, обрўси жуда юқори даражада бўлган. Жамият тарқалганидан фақат унинг аъзоларигина хабардор эди. Шунинг учун ҳам ундан кўпчилик кишилар бехабар бўлган.

ЯНВАРЬ ВОҚЕАЛАРИ ВА «БИРЛИК» УЮШМАСИ
Январь воқеалари муносабати билан уламолар фир-қаси бир неча соат ҳокимиятни ўз қўлларига олиб, ғалаба қозонди. Бу имкониятдан улар бутунлай тараққийпарварлардан ўч олиш учун фойдаландилар. Та¬раққийпарвар большевойлар фирқасига аъзоми, аъзо эмаслиги сўраб суриштирилмай, излаб топилиб кал-такланаверди.
Бу шуни кўрсатдики, тараққийпарварлар билан большевойлар фирқаси аъзоларининг манфаатлари бир-бирига яқин. Шунинг учун «Бирлик» уюшмасини ташкил этиш лозим деб топилди. Бу тараққийпарварлар аъзоларидан фирқага кирган ва кирмаганларни бирлаштирар эди. Эски шаҳардаги босмахона (ўша пайтда штаб эди) биносида уч юзга яқин киши, фирқа аъзолари, фирқасиз хизматчилар ва тараққийпарварлар тўпланиб, «Бирлик» жамиятини ташкил этдилар (18).
Бу йиғилишда бир-биримизга ёрдам беришга кели-шиб олдик. Бирлашишдан мақсад ёшларни большевойлар фирқасига жалб қилиш ва уларни турли кутилмаган воқеаларга тайёрлашдан иборат эди…
Жамият 2—3 йил яшади. Ёшларнинг кўпчилиги фирқага кирганидан кейин, у ўз-ўзидан тугаб кетди. Энди унинг учун зарурият ҳам қолмаган эди. Шу вақтда Москвадан Мустафо Субҳий, Мавлавий ва Габировлар ке-лади. Улар Шайҳонтоҳурда катта митинг чақириб, «Шарқ озодлиги» уюшмасини ташкил этади. Бунга фирқа ва фирқасизлар аъзо бўлади. Бу жамият шўро ҳукуматини қўллаб-қувватловчи руҳда ташвиқот олиб бориб, уни омма билан яқинлаштириш ва мусулмонларни Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон олдида обрўсини кўтаришга ҳаракат қилади.
Жамият дастурини ўқиган эмасман, шунинг учун унда нима ёзилганини билмайман. Жамиятга Мустафо Субҳий бошчилик қилган.

VIII ҚУРУЛТОЙ ВА «МИЛЛИЙ ГУРУҲ»
«Иттиҳоди тараққий» тарқатилганидан кейин тараққийпарварларнинг кўпчилиги фирқага кириб сидқидилдан ишлай бошлади. Бу вактда ҳозиргидек синфий онг унча ривожланмаган эди. Ўрисларнинг ўзи маълум даражада мустамлакачилик кайфиятида бўлдилар.
Маҳаллий коммунистларга марказдан юборилган Кобозев (19) раҳбарлик қилди. Шу пайтда VIII қурултой чақирилди (20). Унда маҳаллийлар билан овруполиклар ўртасида душманлик муносабати пайдо бўлди. Фаоллар ва «миллий»лардан иборат икки гуруҳ юзага келди. Биринчи гуруҳни Казаков, иккинчисини эса Ко¬бозев бошқарди. Ҳар бир гуруҳнинг ўзи алоҳида-алоҳида мажлис чақирди. Кобозев маҳаллийларга, Казаков оврупаликларга раҳбарлик қилди. Бу пайтда Оренбург темир йўли тозаланиб, ҳукумат вакиллари кела бошлади. Кобозев ғалаба қозониб, жумҳурият раиси бўлди. Марказдан Элиава бошчилигида Турккомиссия келди. Маҳаллий коммунистларнинг руҳи анча кўтарилиб, ишга киришиб кетди. Аммо бу кўрсатилган миллий гурўҳнинг «миллий» номи Москвага янги ҳукумат таркиби миллатчилардан иборат деган хулоса чиқаришга баҳона бўлди. Шунинг учун ҳам бироздан кейин унга ҳужум бошланиб, оқибат натижада тарқатиб юборилди. Бир гуруҳ коммунистлар «Рисқуловчилар» деб номланиб, қувғин қилина бошланди. Командировкага юбориш баҳонасида ишдан бўшатиш кучайди. Мен бу вақтда Маориф Халқ Комиссарлиги аъзоси ва турк бўлими раиси бўлиб ишлардим. Бошқалар қатори мен ҳам ишдан олиндим.
Менимча, «раҳбарликдаги ташкилотлар» деган фалсафанинг маъноси мана шундан иборат. Аслида эса, бу пайтда коммунист ва коммунист бўлмаган хизматчилар орасида ҳеч қандай «ташкилот» йўқ эди. Ҳамма софдиллик билан хизмат қиларди. Юқорида кўрсатилган ҳукумат таркибидагилар тарқатиб юборилганидан кейин маҳаллий коммунистларнинг ўрисларга нисбатан муносабати ёмонлашди. Энди уларнинг ҳамма орзу-умидлари марказдан келадиган Турккомиссияга қаратилишидан бошқа иложи йўқ эди.

ШАРҚ ХАЛҚЛАРИ ҚУРУЛТОЙИ ВА АНВАР ПОШО БИЛАН БЎЛГАН ВОҚЕА
Бу вақтда Шарқ халқларининг Қурултойи (21) чақирилди. Унга турли миллатлардан фирқали ва фирқасиз делегатлар сайланиб, Бокуга Гиллер раҳбарлигида юборилди.
Гиллер йўлда ўзини ёмон тутди. У ўз котибаси билан алоҳида купени эгаллаб, ўзларига 3—4 хил таомдан иборат яхшигина нонушта ва тушликлар буюрар эди. Бошқа делегатларга эса бу вақтда фақат биттадан таом бериларди. Шу туфайли ҳамма делегатлар унга нафрат билан қарайдиган бўлдилар. Бокуда қурултой очилишига тайёргарлик кўрила бошлади. Ҳар қайси давлат делегатларига ўз ораларидан раёсат ва фракция аъзоларини сайлаш топширилди.
Иккинчи куни Зиновьев (22) қурултойга ўзи билан бирга Анвар пошони (23) олиб келди. Курултойда Туркия, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг вакиллари ҳам қатнашади.
Делегатларнинг кайфияти жуда юқори эди. Эрон, Афғонистон ва Туркияда шўро ҳокимияти ўрнатилади, деб ишонарди ҳамма. Зиновьевни кутиб олиш учун чет эл делегатларидан бошқа ҳамма вокзалга чиқди. Унинг поезди мусиқалар остида, тантанавор кутиб олинади, ҳамма у билан учрашиш ва фикр алмашиш умидида эди. Аммо у узоқдан туриб саломлашгач, автомобилга ўтириб шаҳарга жўнаб кетади. Бундан кўпчилик норози бўлиб қолди.
Иккинчи куни фракциялар мажлиси бўлди. Курултой раёсатига Рисқулов (24) ва мен кирдим. Шу сабабли қурултой охиригача Зиновьев билан тез-тез учрашиб туришга тўғри келди. Қурултойнинг биринчи мажлиси жонли ўтди. Делегатлар номидан Англияга норозилик эълон қилинди. Анвар пошонинг қурултойда қатнашиши албатта сезилиб турди. Қурултойда маъруза вақтида ҳам делегатлар навбат билан унинг ложасига кириб, қўлларини ўпиб, тавоф қилдилар. Анвар раёсатга мурожаат қилиб, сўз сўради. Бу масала икки кун муҳокама қилинди. Қурултой ва фракциялар кенгашларида Анвар пошо илтимосига рад жавоб қилинди. Шундан сўнг у ёзма равишда илтимос қилди. Афанди Зода Анвар пошонинг илтимосини қурултой аҳлига ўқиб эшиттирди. Шу туфайли Зиновьев билан раёсат ўртасида сезиларли ихтилоф юзага келди. Зиновьев ўзи Анварни курултойга бошлаб келиб, унга сўз бермай, жуда катта хатога йўл қўйди. Шундан сўнг делегатлар билан учрашув вақтида ҳам Зиновьев улар билан дўстона муносабатда бўлмади. Бу ҳолат эса чет эл ва шўро ҳукумати делегатларининг унга бўлган муносабатини ўзгартириб юборди. Ҳурмат-эҳтиром ва самимият бутунлай йўқолди. Туркистон делегатлари ҳам Зиновьевдан норози бўлдилар. Қурултой ўз ишини Шарқ халқлари кенгашига вакиллар сайлаш билан тугатди. Мен ҳам бу кенгаш таркибига кирдим. Қурултой ёпилгандан сўнг Туркистон коммунистлари Рисқуловдан нима учун ишни ташлаганлиги тўғрисида баёнот беришни талаб этди. Рисқулов бу тўғрида Зиновьев иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда маъруза қилди, у айтилган сўзларни асосли деб тан олди. Шу йиғилишда Москвага делегация юбориладиган бўлди. Делегация таркибига Рисқуловнинг ўзи ва Жўрабоев кирди.
Улар Москвага жўнаб кетди, бизлар эса Тошкентга қайтдик.
Бокудалигимда Анвар пошо билан икки марта учрашдим (25). Биринчи марта курултой мажлисида мен раёсатда икки-уч киши билан ўтирган эдим, Анвар индамай келиб, ўз илтимосномасини менга берди. Орамизда ҳеч қандай сўзлашув бўлмади. Унинг хатини мен Зиновьевга бердим. Иккинчи марта уни Доғистон вакиллари ва бир неча туркистонликлар жойлашган денгиз қирғоғидаги уйда кўрдим. Бир куни Анвар пошо келиб араб тилида суҳбат ўтказади, деган хабарни эшитиб, уни иккинчи қаватда кутиб турдик. Бироздан сўнг Анвар пошо келиб, бизлар билан 15 дақиқа суҳбатлашди. У айтдики, шўро ҳукумати Шарқ халқларининг фойдасига катта ишларни қилмоқда. Шунинг учун ҳам уни қадрлаш ва қўллаб-қувватламоқ лозимдир. Яна у шўро ҳукуматидан фойдаланиб, ўз болаларингизни ўқитингиз деб бизга маслаҳат берди.
Заки Валидий билан мен бир марта учрашдим. У қурултойга қўйилиши тўғрисидаги ўз аризасини Зиновьевга беришимни мендан илтимос қилди. Мен рад этдим, кейин у буни Жонузоқов орқали амалга оширди. Эшитишимча, Зиновьев хатни жавобсиз қолдирган. Бизлар Тошкентга қайтиб келдик. Бу пайтда фирқа қурултойи (26) бўлаётган эди. Мен бу қурултойга Шарқ халқлари кенгашидан делегат қилиб белгиланган эдим. Бу тўғрида фирқа қурултойига телеграф орқали хабар берилган.
Фирқа қурултойида бизнинг вакил Гиллер Шарқ халқлари қурултойи якунлари тўғрисида маъруза қилди. У Боку йўлида делегатлар билан ўзи ўртасида бўлган келишмовчиликларга ҳам тўхталди. Ҳамма айбни делегатларга ағдариб, уларни миллий оғмачиликда айблади. Шунинг учун бўлса керак, фирқа қурултойи иши давомида менга Шарқ халқлари кенгаши юборган телеграмма тўғрисида хабар берилмади. Телеграммани мен қурултойдан кейин Бухорода олдим.

БУХОРО ВОҚЕАЛАРИ
Биз Бокудалигимизда Бухорода инқилоб бўлди. Амир қочиб кетди. Ҳокимият ёш бухороликлар қўлига ўтди. Бу вақтда Туркистонда гуруҳбозлик кучли эди. Гоҳ улардан бири, гоҳ иккинчиси ғалаба қиларди. Мағлуб бўлганларни ғолиблар Хоразм ва бошқа шу каби ўлкаларга юборишарди. Буни бизлар «фахрли бадарға» деб атардик.
IX қурултойдан (27) сўнг Рисқулов гуруҳи бутунлай енгилди. Тўрақулов (28) гуруҳи ғалаба қилди. Бизлар (Рисқулов тарафдорлари) мағлублар қаторида «командировка» олишимиз керак эди. Шу сабабли Бокудан қайтганимдан кейин мени Шоҳид Аҳмадиев Маориф Халқ Комиссарлигига чакириб Бухоро Халқ Маорифига, Қори Йўлдош ихтиёрига юборди. Мени у коллегия аъзоси қилиб тайинлади. Шу билан бирга менга Бухорони озиқ-овқат билан таъминлаш вазифасини ҳам юклади. Вазифам аниқ бўлгач, мен Тошкентдан оиламни кўчириб келиб ишга киришиб кетдим. Орадан тўрт ой ўтгач, адашмасам 20 март бўлса керак, Туркистон МИҚ мени Тошкентга қайта чақириб олиб, илмий кенгаш аъзоси қилиб тайинлади. Бир неча кундан кейин, 31 март куни Тошкентда бошқалар қатори мени ҳам қамоққа олишди.

БУХОРО ВОҚЕАЛАРИ ХУСУСИДА
1920 йили Бухоро арки олдидаги майдонда октябрь байрамига бағишланган катта митинг бўлиб ўтди. Марказ вакили (Куйбишев бўлса керак) нутқ сўзлаб, Москва мустақил Бухоро Халқ жумҳуриятини тан олганлигини тантана билан эълон қилади. Ундан сўнг сўзга чиққан Мирза Қори Муҳиддинов митинг бўлиб турган майдон «Бухоро мустақиллиги майдони» деб номланганлигини эълон қилади.
Файзулла Хўжаев октябрь байрами ва Бухоро мустақил бўлганлиги билан табриклаб нутқ сўзлайди. Шу кундан бошлаб ёш бухороликлар «мустақиллик» сўзини тез-тез қўллайдиган бўлдилар ва унга эришишга ҳаракат қила бошладилар.
Бухороликлар орасида норозилик кучайиши туфайли Турккомиссия Бухоро ички ишига аралашмайдиган бўлди. Бухороликлар «бу инқилобми ёки босиб олишми?» деб сўрардилар. Бу норозилик тобора авж олади. Бирмунча вақт ўтгач, Бухорога Турккомиссия аъзоси Сафаров келади (29). У мени Ревкомга чақириб, Бухоро ходимлари орасидаги вазият ҳақида сўради. Бу ерда бош қўмондон Зиновьев ва таржимон Еникеев ҳам бор эди.
Сафаров мендан бухороликлар инқилобга қандай муносабатда эканликлари ва Шарқий Бухоролйклар нима учун амирни қўллаб-қувватлаётганликлари сабабини ҳам сўради. Мен ҳеч нимани яширмай, бухороликлар мустақилликка интилаётганликлари ва улар ҳозирги аҳволдан норози эканликлари, шунинг учун улар «бу инқилобми, ёки босиб олишми?» деган саволни ўртага ташлаётганликларини айтдим. Мен яна шуни ҳам таъкидладимки, Шарқий Бухорода (Қизил Армия) бўлинмалари отларни масжидларга боғлаб қўйиб, ўзлари эса уйма-уй юриб талончилик билан шуғулланмоқда. Шундан сўнг Сафаров Ревком мажлисини чақириб, ҳукумат вакилларини қаттиқ ҳақорат қилади.
Сафаров жўнаб кетганидан сўнг ҳукумат вакиллари ўзаро йиғилиш ўтказиб, Москвага хат ёзади. Унда агар Сафаров ўз муносабатини ўзгартирмаса, бизлар ҳаммамиз ишлашдан бош тортамиз, деб огоҳлантирилади. Москва бу огоҳлантирувни олганидан сўнг Сафаровга Бухоро ички ишларига аралашмасликни тавсия этади. Мазкур воқеалардан сўнг Бухорода турклар раҳбарлигида «Бухоро истиқлоли» жамияти ташкил топади.
Бу жамиятнинг асосий мақсади унинг арбобларидан бири Ҳошим Шоиқнинг сўзларига кўра, қуйидагилардан иборат бўлган: Бухоро мустақиллиги ва инқилобчилигини ҳимоя қилиш, иккинчидан эса, Шарқий Бухоро ва қишлоқлар оммасини жамият номидан инқилобий ҳаракат билан боғлаш, чунки бу вақтда Бухорода коммунизм номидан иш олиб бориши мумкин эмас эди. Мен Ҳошимдан жамият орқасидан ким эргашади, деб сўраганимда, у шундай деб жавоб берди: «Бухоро мустақиллиги ва инқилобчилигига меҳр-муҳаббати бор бўлган барча бухороликлар».
1929 йил 18 декабрь

Менинг ёзган китобларим ва мафкурамга нисбатан 1925 йилдан бошлаб матбуотда жуда кучли ҳужум бошланди. Буларнинг айримларида бир оз ҳақиқат бўлса-да, кўпчилиги ҳеч қандай асосга эга эмас эди. Табиий равишда, мен уларга тоқат қилолмадим. Шу сабабдан Тошкентни бутунлай тарк этишга, Москвага бориб, у ерда қолган умримни ўтказишга, рус тилини ўрганиб, бирор иш билан шуғулланишга азму қарор қилдим.
1926 йилнинг охирида ўз оилам билан расман алоқани узиб, Москвага жўнаб кетдим. Йўл-йўлакай, Қизил Ўрдада тўхтадим. У ерда ўртоқ Рисқуловни учратиб, унга ўз мақсадимни айтдим. У менинг мақсадим¬ни маъқуллаб, ёрдам беришга ваъда қилди. Шундан сўнг Қозон ва Нижний Новгород орқали Москвага келдим. Бу ерда Тўрақулов билан учрашдим. У ҳам менинг Москвада яшаб қолишимни маъқуллади. Шу орада (Туркистон) Халқ Комиссарлари Кенгаши раисининг ўринбосари Рисқулов Москвага келди.
Уларнинг ёрдамида мен Шарқ халқларини ўрганиш қўмитасида ишлаш ва унинг институтида ўқишга қарор қилдим. Кўмита раёсати мени яхши қабул қилди. Мени Ўзбекистонга ажратилган учта жойдан бирида расмий йўлланма билан қабул қилишмоқчи бўлди. Қўмита раиси бу пайтда Москвада бўлган Акмал Икромовга хат ёзиб, менга махсус йўлланма беришини илтимос қилди. Ўзим ҳам Акмал билан шахсан учрашиб, ёрдам беришни илтимос қилдим. Мен Акмал Икромовга Ватандан ташқарида яшашга қатъий қарор қилганлигимни ва энди ҳеч ҳам Ўзбекистон тупроғига қадам қўймаслигимни айтдим. А. Икромов эса, шундай деди: «Агар Сизнинг Ўзбекистондан бадарға бўлишингизга зарурият бўлганида буни биз ўзимиз амалга оширган бўлар эдик. Сиз Ўзбекистонга қайтинг. Мен ўзим Сизга йўлланма топаман».
Бу вақтда менинг «миллатчи» сифатида бадном қилган ўша ватан ва ўша миллатдан бутун умрга алоқани узиб, шўро ҳукумати пойтахтида яшаш, қўлимдан келганича илмий иш билан машғул бўлишга ва ниҳоят шу ерда қазо топишга қарор қилганлигим қатъий ва узил кесил эди (30). Шу мақсад учун расмий равишда ўз оилам билан алоқани узган, ҳовлимни оила аъзоларимга бўлиб берган, шунингдек, унинг бир қисмини эса маориф учун хайру эҳсон қилган эдим.
Икромов берган ваъда бўиича Тошкентга қайтиб, у ердан Самарқандга ўтдим. Шарқ халқларини ўрганиш қўмитаси берган хатни маориф халқ комиссариятида қолдирдим-да, яна Тошкентга бориб, ўз ишларим билан машғул бўлдим. Бир ойдан сўнг маориф халқ комиссарлигидан хабарнома олдим, унда мана бу сўзлар ёзилган эди: «Сизнинг аризангизни рад қилишта қарор қилинди, ўрнингизга бошқа киши юборилади». Кутилмаган бу жавоб мени бутунлай умидсизлантириб қўйди. Бу пайтда ўқув мавсуми бошланган эди. Мен яна ўқитувчи бўлиб ишга киришга мажбур бўлдим. Бироқ мен учун ҳаёт Тошкентда кундан-кунга оғирлашиб борди, менга бўлган тажовузлар тўлқини олдинги жабр-зулм ва руҳий эзилишлардан ҳам ортиб кетди. Буларга жавобан мен мақолалар ёзсам, улар матбуотга етиб бормас эди. Бу маломатлар менинг мафкурам чегарасидан чиқиб, оилавий ҳаётимни ҳам оёқ ости қила бошлади. Менинг ўз мафкурам ва шахсий оилавий турмушимга нисбатан бўлган ҳужум ҳаддан ташқари салбий эди. Манангулар, ниҳоят, менда қандай йўл билан бўлса-да, Ўзбекистондан чиқиб кетиш фикрини уйғотди. Бу фикр менда тобора ортиб борди. Менинг бутун вужудимни эса, қаергадир кетиб, ўша ерда ишда қолиш масаласи қамраб олди. Агар мен йўлланмасиз Москвага кетганимда яшаш жуда қийин бўлар эди. Бордию, Қозоғистон ёки Туркманистонга кетганимда ҳам барибир менга тинчлик беришмасди. Татаристон ва Озарбайжонда эса мен каби одамларга иш топилиши амри маҳол эди.
Мен жуда кўп ўйлай-ўйлай, юз берган аҳволдан чиқишнинг энг мақбул йўли Афғонистонга чиқиб кетиш ва у ердаги афғон ўзбекларининг қолоқ маорифи таркибидаги мактабларда ишлаш бирдан-бир тўғри йўл деган фикрга келдим. Мен учун энг севимли ишим, бу — ўқитувчилик эди. Афғонистонда мен каби ўқитувчиларга талаб кучли эканлигини билганим учун у ерда яшашни мақсадга мувофиқ деб топдим. Лекин у ерга қандай қилиб бориш мумкин эди? Қочиб кетиш нотўғри эди, чунки бу ерда бўлганидек, у ёқда ҳам ушлаб олиш эҳтимолдан ҳоли эмас эди. Бундан ташқари, мен қочоқликни истамас эдим. Шунинг учун афғон консули билан танишишга, агар имконият бўлса унинг илтимосига кўра расмий равишда Афғонистонга кетишга қарор килдим. 1927 йилнинг ноябри ёки декабрида кўчада тасодифан Мозори Шарифлик Мансур Хон деган бир афғонни учратиб қолдим, унинг афғон консули билан яқиндан алоқаси бор эди. Маҳаллий савдогарларнинг кўпчилиги билан олдиндан алоқаси бўлган бу ёш афғон йигити менга ҳам таниш эди. Ундан мен афғон консули билан таништириб қўйишни илтимос қилдим. 10—15 кундан кейин мен яна Мансур Хонни Ўрдадаги Қизил чойхонада учратиб қолдим. Уни бир пиёла чойга таклиф килиб, ўз илтимосимнинг натижасини сўрадим. Мансур Хон менинг илтимосимни консулга етказгани, у эса мен билан гаплашишга рози бўлганлигини айтди. Шу билан бирга у консул билан мени уйига чақириб, ўша ерда таништириш режаси борлигини ҳам айтди. 3—4 кундан сўнг Мансур Хон менинг йўқлигимда уйимга келиб хат қолдириб кетиб¬ди. Хатда у қайсидир кун (аниғи эсимда йўқ) кеч соат 7—8 ларда уйда кутиб туришимни кўрсатибди. Белгиланган вақтда мен уйда Мансур Хонни кутиб турдим. У тахминан соат 8 да келиб, мени 1-Қиёт кўчасидаги уйга олиб борди. Бу ерда кичкинагина хонада жуда ориқ бир киши ўтирар эди. Мансур Хон мени у билан таништирди. Соғлиқ-саломатлик тўғрисида гаплашиб ўтирдик. Кейин мен унга ўз мақсадимни билдирдим. У менга ҳозирги пайтда Афғонистонда ўзбек ўқитувчиларига талаб катта бўлганлиги, яқинда Кобулдан хат олганлиги, унда ўқитувчилар топиш илтимос қилинганлиги, агар топилса, бир эмас, бир нечасини Афғонистонга юборишга тайёр эканлигини айтди. Шундан сўнг у мендан бу ердан у ёққа борадиган ўқитувчилар топиладими, деб сўради. Мен унга, агар тегишли давлат ташкилотларининг расмий рухсати орқали бўлса, бир неча ўқитувчи топиш мумкин, норасмий йўл билан ҳеч ким рози бўлмайди, чунки уларнинг бу ерда оиласи бор, барибир уни йўқлаб туришлари керак, норасмий йўл билан кетса, улар қайтиб келолмаслигини айтдим. У мендан бу ердаги маданий ривожланиш ҳақида сўради. Маданият кутилганидан ортиқроқ даражада, жуда тез ривожланаётганлигини айтдим. У менинг фикримни тасдиқлаш билан бирга амир бошқараётган Афғонистонда ҳам маорифга катта эътибор берилмоқда деб айтди. Афғонистонга ўқитувчиларни юбориш масаласида у аввал, Кобулга хат ёзиши, жавоб олганидан кейин эса махсус рухсатнома олиш учун ҳаракат қилишини билдирди. Менинг тўғримда эса, агар мен норасмий кетишга рози бўлсам ёрдам беражагини тушунтирди. Мен рухсат олмай туриб кета олмайман ва қўрқаман дедим…
Шундай қилиб, мени ва ўқитувчиларни (Афғонис-тонга) юбориш масаласи Кобулдан жавоб келгунича очиқ қолдирилди. Кейин эса иккинчи марта Бачи Соқов қўзғолони бостирилгунча кечиктирилади. Бачи Соқов ғалаба қозонганидан кейин эса бу масаладан бутунлай воз кечиб, нафақа олишга ҳаракат қила бошладим. Мен нафақа олганимдан кёйин, уйдан ҳеч қаёққа чиқмай, оммадан ажралган ҳолда ўз хотираларимни ёзиб тугатаман деб ўйлаган эдим. Аммо менинг бу режам амалга ошмади.
Наманган ташкилоти вакили иккинчи марта келганида маҳаллий ерлик ва овруполиклардан ташкил топган қандайдир ташкилот кишилари Фарғонада ташвиқот олиб бораётганлигини айтди ва улар билан боғланиш керакми деб сўради. Мен қуйидагиларни ҳисобга олиб улар билан алоқа қилмаслигини маслаҳат бердим: агар бу ташкилотда овруполиклар қатнашаётган бўлса, бу оқ гвардиячи ташкилот бўлади. Туб жойликларнинг соддалигидан фойдаланиб, бу ташкилот уларнинг пулини ўмаришга ҳаракат қилади ёки уларни алдаб, бирор қўзғолонга тортиши мумкин эди.
Фарғона халқи жуда қизиққон бўлади, жаҳли тез, шунинг учун осонгина қармоққа илиниши ва эндигина тикланаётган Фарғона хўжалигини вайрон қилиши ва уни қон билан қориши мумкин. Мана шу даҳшатларни ҳисобга олиб мен унга юқоридаги маслаҳатни бердим. Уни яна қўрқитиш мақсадида ГПУ (Бош Сиёсий бошқарма) деган ташкилот борлиги ва у бундан бехабар бўлмаслигини ҳам айтдим. Балким, омма кайфиятини синаш учун бу хабарни тажриба сифатида ГПУнинг ўзи ҳам тарқатган бўлиши мумкин. Шунинг учун эҳтиёт бўлиш кераклигини таъкидладим…
1917—1918 йилларда мавжуд бўлган «Иттиҳоди тараққий» жамиятининг айрим тармоқлари жойларда, масалан, Наманганда ҳам ташкил топган эди. Унинг аъзолари кимлар бўлганлигини билмайман, аммо уларнинг орасида Зайнуддин Қори ва Ғофуржонов борлигини билардим. Эсимда, ўша пайтда Тошкент, Фарғона ва Наманган ўртасидаги алоқа Сирожиддин Хон ва Наби орқали амалга оширилган эди. Лекин «Миллий иттиҳод» жамияти даврида ким орқали алоқа олиб борилгани эсимда йўқ, аммо жамият мавжуд бўлиб, Тошкент билан алоқада бўлганлигини эшитганман. Ўзим эса 1917 йилдаги қурултойда мухторият эълон қилинганидан кейин Фарғонада бўлмадим. Зайнуддин Қорини охирги марта 1920 йилда Бокудаги Қурултойда учратган эдим. Орадан 6—7 йил ўтгач, бир киши Зайнуддин Қорининг хати билан олдимга келди. У менга қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди: «Эски ташкилот ишлаяптими, унинг маркази қаерда? Афғонистон орқали ҳажга борадиган кишиларга афғон консулидан ижозатнома (виза) олишга ёрдам бера оласизми?» ва ҳоказо. Умуман у ташкилотга тегишли саволларни берди. Мен бу саволлар кимдан, бир Қори акамдан эмасми деб сўрадим.
У бу саволларга биргина Қори номидан эмас, балки бутун бир ташкилот 5—6 кишидан деб айтди. Шунда мен ундан Ҳожи аканинг мақсад ва нияти тўғриси¬да сўрадим (31). Ҳожи ака Ҳиндистонда, сўнг Маккада ҳажда бўлган экан. Ҳиндистонда яшаб, ўқитувчи бўлиб ишлаган олим кишилардан, ҳозир эса у иш масаласида жуда қийин аҳволда, шунинг учун ҳам четга кетиш ҳаракатида экан.
Бу вақтда мен ўқитувчилар масаласида Афғонистон консули билан гаплашиб олган эдим. Шунинг учун Афғонистон ҳозир ўқитувчиларга муҳтож, ижозатнома олиш мумкин, ҳожи менинг олдимга келса ёрдам бераман деб ваъда бердим. Ташкилот масаласида мен у билан аллақачон алоқани узганман, шунга қарамай, агар жуда зарур бўлса, бу тўғрида кейинги учрашганимизда бирор нарса айтиш мумкин дедим. Мен уларни умидсизлантирмаслик ва қуйидаги сабабларга кўра ташкилот тугатилганлигини айтмадим:
Унинг гапидан аниқ бўлдики, Наманган ташкилоти ҳали мавжуд, у ишлаб турибди. Агар мен бу ер (Тошкент)даги ташкилот тугатилган деб айтсам ҳам, барибир Наманган ташкилоти фаолиятини тугатмай, ўз ифлос ишини давом эттиравериши, унга янги-янги кишиларни жалб этавериши мумкин эди [32]. Бу ташкилот менга ёқмади. У эшон, мулла ва савдогарлардан тузилган бўлиши мумкин, чунки унинг бошида Зайнуддин Қори турибди. Мен улар билан, бу ташкилот билан яқинроқ танишиш, унинг таркибидаги зиёлиларни турли бахтсизликлардан асраш ва уни ГПУ олдида фош қилиш, шу билан ГПУ ишончини қозониш мақсадини кўнглимга туккан эдим… [33].
Мен 1904 йилдан 1921 йилгача, яъни қамоққа олинган кунга қадар, маҳаллий халқ орасидаги ташкилотлар ишида фаол қатнашдим. Уларнинг кўпчилигида раҳбар бўлдим, 1921 йилдан то Ўрта Осиёда миллий чегараланиш ўтказилгунча ташкилотларнинг бирортасида ҳам қатнашмадим. Ташкилотларнинг борлиги ва ишидан хабардор бўлсам-да, уларнинг ишига аралашмадим. Шунингдек, ташкилотларнинг ишида қатнашиш ҳеч кимга ҳам ман қилинмаган эди. Умуман, ташкилотлар масаласида менинг қулоғим кар, кўзим кўр эди.
Миллий қайта чегараланишдан кейин мен ҳар қандай советларга қарши хуфия ҳаракатга муросасиз бўлдим [34]. Менимча, ўша пайтда қандайдир яширин ташкилот тузишнинг ҳеч иложи бўлмаган, чунки бирорта ҳам яширин ташкилот ГПУ эътиборидан четда қолиши мумкин эмас эди.
1929 йил 20 декабрь

Мен Бухородалигимда Тошкентда олдинги «Иттиҳоди тараққий» ўрнига «Иттиҳоди миллий» [35] ташкилоти барпо этилганлиги тўғрисида хабарнома олдим. У турк тилида ёзилган бўлиб, Ҳайдар Афандига тегишли эмас эди, чунки менга унинг дастхати жуда яхши таниш. Бу хабарни мен Саъдулла Хўжа, Қушбегиев ва Али Расуловларга бердим, улар ҳам бундан хабари борлигини айтдилар. Бу ташкилотнинг раҳбарлари ким, у қандай дастур асосида ишлашини, ўз низомига эга ёки собиқ «Иттиҳоди тараққий» низоми бўйича ишлайдими, менга юборилган хатни турк тилида ким ёзган — буларни бирортамиз билмас эдик.
Мен бу ташкилот бошида Ҳайдар Афанди ва Садриддинхон турган бўлса керак деб гумон қилдим ва Ҳайдарга «Иттиҳоди миллий»нинг дастури ва низомини юборишни, унинг марказий қўмитасига кимлар кирганлиги тўғрисида хабар беришни илтимос қилиб хат ёздим. Ҳайдар Афанди жавоб хатида ҳақиқатдан ҳам Тошкентда бундай ташкилот ташкил этганлиги, лекин унинг марказий қўмитасига кимлар кирганлигини аниқ билмаслигини, аммо бу ташкилот атрофида собиқ «Иттиҳод ва тараққий»нинг аъзолари уймаланишаётганлиги сабаб, унинг марказий қўмитаеига Садриддинхон ва Муса Бегиев кирган бўлишини тахмин қилиб, хабар берди. Бу вақтда Бухородаги туркистонликлар «Иттиҳоди миллий» ташкилотининг маркази ҳақида мажлис ўтказиб, унда марказни Тошкентдан Бухорога кўчириш керакми ёки Тошкентга бўйсиниб, бу ерда унинг филиалини ташкил қилиш керакми деган масалани муҳокама қилди. Узоқ тортишувлар натижасида Марказий қўмитани Тошкентдан Бухорога кўчиришга, Тошкентда эса унинг фақат вилоят бўлимини қолдиришга қарор қилинди. Бухорода Марказий қўмита ташкил этилади. Унга Саъдулла Хўжа ва Қушбегиев киради. Мен Садриддинхонга хат ёзиб, бизнинг қароримизни бажаришни ва ташкилотнинг муҳри, низо-мини юборишни таклиф қилдим. Садриддиндан жавоб бўлмади, Бухоро Марказий қўмитаси муҳрни ҳам, ни-зомни ҳам ололмади. Бу ҳолат бизда Тошкент марказига нисбатан ишончсизликни уйғотди. Бухоро Марказий қўмитаси икки-уч марта мажлис ўтказиб, ташкилотнинг дастури ва низомини ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилади. Бу вақтда бухороликлар билан тошкентликлар муносабати анча таранглашади: бухороликлар «Бухоро мустақиллиги» («Бухоро истиқлоли») байроғи, туркистонликлар эса «Иттиҳоди миллий» («Миллий уюшма») байроғи, остида ҳаракат қилади, шу билан бирга икки томонда ҳам кўпчиликни коммунистик фирқа аъзолари ташкил этади. Ўша вақт-да бизлар фирқага мансублик ҳеч вақт миллий-озодлик ҳаракатига тўсқинлик қилмайди деб ўйлар эдик. Бир куни мени Ҳошим Шоиқ уйига чақирди, Заки Валидов шу ерда экан. Мен Заки билан сўрашдим. Одатдаги салом-алик ва ҳол-аҳвол сўралгандан сўнг, у Бухорога бундан 20 кун олдин келгани, бу вақт ичида кўпчилик (Бухоро давлат арбоблари) билан танишиб улгургани, ички ишлар Комиссари Ҳамид Орипов уни турар жой ва зарурий озиқ-овқат билан таъминлагани ҳақида сўзлаб берди. У мендан Боку шаҳридаги Шарқ халқлари қурултойида аризасини ўртоқ Зиновьевга бериб қўймаганим учун хафа бўлганлигини ҳам айтди. Гап шундан сўнг ташкилот масаласига кўчди. Заки Ҳошим Шоиқ орқали «Бухоро истиқлоли» ҳақидаги мукаммал маълумотга эга бўлганлигини айтди. Менга эса «Миллий иттиҳод» ҳақида тўлароқ ахборот олишга чақиртирилганимни ҳам билдирди. Мен «Миллий иттиҳод» яқинда Бухорода ташкил топганлигини, ҳозир Бухоро билан Тошкент ўртасида Марказ учун кураш кетаётганлигини, бизга Тошкент марказига ким раҳ-барлик қилаётганлиги, низом ва муҳр юборилмаган-лиги сабаб бу иш билан банд эканлигимизни айтдим. Тошкентликлар билан бухороликлар ўртасидаги муносабат яхши эмаслигини Ҳошим Шоиқ ҳам тасдиқлади. Шундан сўнг Заки Бухорода бир оз муддатга қолиши, агар Бухоро ҳукумати Москвадан уни авф этишни илтимос қилса, у ўз хатти-ҳаракати учун тавба-тазарру қилиб, очиқ ишлашга ўтиши, акс ҳолда эса чет элга кетишини айтди. У яна «Миллий иттиҳод» ва «Бухоро истиқлоли» марказларининг ҳар иккаласидан вакил кирадиган «Марказлар маркази»ни тузиб, ҳамма мав-жуд ташкилотларни бирлаштириши, бухороликлар билан тошкентликлар ўртасидаги муносабатни яхшилаш нияти борлигини ҳам билдирди. Унинг сўзига қараган-да, бу тадбир бухороликлар билан туркистонликларни муросага келтириш ва икки ташкилот фаолиятини уйғунлаштириши мумкин эди.
Ҳошим Шоиқ Заки Валидовнинг бу фикрини бу-хороликлар бутунлай қўллаб-қувватлайди деган фикр¬ни билдирди. Мен ҳам ўз розилигимни баён қилдим ва шу билан Заки Валидов билан бўлган биринчи суҳбат тугади. Шундан сўнг «Миллий итгиҳод» учун махсус дастур тузишга эҳтиёж қолмади. Бир ҳафта, 10 кундан кейинми, Заки бухорликлар билан туркистонликлар-нинг бирлашган йиғилишини чақиради. Унда қатнаш-ганлар: Файзулла Хўжаев, Саъдулла Хўжа, Турсун Хўжаев, Мирзо Қодир, мен, Ҳошим Шоиқ, Заки Валидов ва Қушбегиев бўлди, бошқаларни ҳозир эслай олмадим. Орипов чақирилмаган эди, чунки унга Заки Валидовдан бошқа ҳеч ким ишонмас эди. Мана шу йиғилишда Заки Валидов ўзи тузган дастурни ўқиб берди. Унинг тўла мазмуни ҳозир эсимда йўқ, лекин унда Москвадан Бухоро мустақиллиги, Туркистон эса ҳақиқий мухториятга эга бўлиши, омма билан алоқа масаласи коммунистик рухда кўрсатилган эди. Бироқ, Заки Валидовнинг дастурини йиғилиш қабул қилмади. Ҳамма бу умумий мазмунга эга бўлган дастур билан ишлаш учун ҳали вақт борлигини айтди. Валидовга Туркистон ва Бухоронинг реал маданий имконияти ва икки мамлакат халқлари кайфияти ва аҳволини қатьий ҳисобга олувчи бошқа дастур тузиш таклиф этилди. Икки-уч кундан кейин Заки ва Ҳошим Шоиқ мени Мирза Қори Муҳитдиновнинг уйига таклиф қилди. Зиёфатда бизлардан ташқари яна икки-уч киши бор эди. Зиёфат тугагач, улар ва Мирза Қодир кетади. Ҳошим Шоиқ ва Заки Валидов билан қолдик. Заки ўз дастури ҳақида гапириб, уни қабул қилинмаганлигига норозилигини билдирди. Кейин у Жамол Пошодан «Халоси Ислом» жамияти томонидан тузилган дастурни сўраб олиш нияти борлигини айтди. Жамол Пошо бу пайтда Афғонистонда эди. Дастур Шарқнинг маданий қолоқ мамлакатлари Арабистон ва Ҳиндистонга мўлжаллаб тузилган эди. Заки бу дастур асосида «Марказлар маркази» дастурини тузишни режалаштиради. Унинг фикрича, Бухоро ва Туркистон Арабистон ва Ҳиндистон мамлакатлари даражасида. Шунинг учун дастур Туркистон ва Бухорога тўғри келади. Бизлар унинг фикрини маъқулладик. Бўлиб ўтган мана шу йиғилишда Ҳошим Шоиқга Жамол Пошога хат жўнатиш учун Афғонистоннинг Бухородаги консуллиги билан келишиш вазифаси топширидди. Валидов хатни рақамлар ёрдамида ёзишини айтди. Кейин мен Ҳошим Шоиқ билан уйга кетдик. Заки эса бу ерда тунаш учун қолди.
Кейинги куни кечқурун Ҳошим Шоиқ Заки қўли билан сонлар ёрдамида ёзилган хатни олиб келиб шундай деди: «Бу хатда Жамол Пошога «Халоси Ислом» ташкилоти дастурини юбориши илтимос қилиб ёзилган, унга Сиз ҳам имзо чекинг». Хатга Заки Валидов имзо қўйган эди. Мен ҳам уни имзолаб Ҳошим Шоиқга қайтардим. У хатга қўл қўйганми йўқми билмадим, мен қўл қўйганда унинг имзоси йўқ эди. Бугун, деди Ҳошим Шоиқ кетиш олдидан, у ёққа (Афғонистонга) бир киши кетади, хатни унга бераман. Мени 10—15 кундан кейин Туркистон марказий ижроқўми чақириб қолди. Бухорони ташлаб кетдим. Бухорода бўлган чоғимда, юқорида кўрсатилганидан гашқари, «Миллий иттиҳод» маркази деб номланган гашкилотнинг яна 2—3 та мажлиси бўлди. Буларда умумий гаплардан ташқари бирорта жиддий масала кўрилмади.
«Миллий иттиҳод» марказий қўмитасига мен юқорида кўрсатган уч киши кирган бўлса-да, унинг мажлисларида доимий равишда Саъдулла Хўжа, Қушбегиев, Юсупалиев, Отахон ва Али Расулов қатнашар эди. Мажлис расмий характерга эга эмас, балки тушлик, кечки овқат ва бошқа шу каби кўринишда ўтарди. Қарорлар ҳам ёзма равишда қабул қилинмас эди. Ташкилотга янги аъзолар ҳам қабул қилинмаган, унинг аъзолари Бухорога келган олдинги «Иттиҳод ва Тараққий»нинг аъзоларидан иборат эди…
1929 йил 22 декабрь

(Давоми бор)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: