Сиёсий сатира: Нофизийдан нома(66)

ҲАВАС

Кечагида Оқсаройга чақириб қолишди. Аниқроғи махсус машина ва махсус одамлар юбориб, “вий-вуй, вий-вуй”лар билан олиб келишди.
-Сиздан қаҳрамон ясамоқчимиз,-деди бўйинбоғига Ўзбекистон байроғи чизилган битта ширинсухан Окахон.
-Қаҳрамон?-мен ажабландим.-Ўзбекистон қаҳрамоними?
-Э, сиз Америка қаҳрамони бўлмоқчимисиз, табиийки Ўзбекистон қаҳрамони-да,-деди Окахон табассум билан.
-Мен лойми ёки пластилинмики мендан бир нарса ясаш мумкин бўлса?-дея ғудрандим мен.
-Биз ясаймиз десак албатта ясаймиз? Мана Абдулла Орипов, Озод Шараффидинов, Эркин Воҳидов, Саид Аҳмад… яна нечтасини санай сизга?
-Улар жааа зўр одамларку, мен уларнинг олдида данакдек…
-Ҳа, яшанг бизга данакдек маҳкамроғи керак бўлди. Улар пишиб, туршакка айланиб кетишди.
-Ўзи қаҳрамонлик дегани нима?-дея савол бердим, чунки тезроқ нима қилишим кераклигини билиб олмоқчи эдимда.
-Шуни ҳам билмайсизми, бу жасорат дегани, ҳеч ким қила олмаган ишни қилди, дегани?-деди лабидан бол томиб турган Окахон бамайлихотирлик билан.
-Абдулла Орипов нима қилган унда?
-Наҳотки билмасангиз? У зўр шоир. Ўзбекистонда у кишига тенг келадигани йўқ. Эсингиздан чиқдими, у киши Ҳажга бориб, ҳожи бўлиб қайтгандилар. Кейин “41 ҳадис” деган зўр шеърлар ёздилар. Ҳатто мен ҳам ёд олганман баъзиларини. Лекин бизга бу эмас, бошқа нарса керак эди. Биласиз, динга муккасидан кетганлар кўпайиб кетмоқда. Уларнинг калласига ҳажга бориб келиб ҳам арақ ичиб юравериш мумкин деган “чип”ни жойлаштириш лозим бўлди. Уларнинг кумири ким? Абдулла акангиз. Ҳатто соқоли тиззасига тушганлар ҳам унинг шеърларини ёддан айтадилар. Энди тасаввур қилинг, Ҳожи Абдулла ҳар куни маст бўлиб, шеър ўқиб юрсалар… Табиийки, улар ҳам у кишидан ибрат оладилар. Кўрдингизми, бу бутун дин тарихида бурилиш демакдир. Шунинг учун ҳам Пахан индамай “герой” деган указга қўл қўйгандилар.
Бу ёғини ҳеч ўйламаган эканман, қизиқ бўлиб кетдику?
-Унда Эркин ака қандай қаҳрамонлик қилганлар?-дедим ёш боланинг ҳаяжони каби қизиқиш билан.
-Сиз шунча соддами ёки атайлабдан сўраяпсизми?-деди Окахон дилимдагини уққандай.
-Ўзингиз мендан қаҳрамон ясаймиз дедингиз, уларнинг тажрибаларини ўрганмоқчиманда…
-Ҳммм… шундай демайсизми? Демак, розисиз. Хўш… Эркин акани сўрадингизми, биласиз халқ дегани пошо деганини ёмон кўради. Бу традиция. Буни бузиш керак эди. “Халқ керак бўлса пошо учун жонини бериши зарур” деган “чип”ни унинг калласига суқиб қўйиш вақти етганди. Халқнинг энг севган одами ким? Эркин Воҳидов. Зўр шоир, зўр одам… Агар у минбарга чиқиб бир нарса деса, ташналар сувни сипқорганидек халқ бу “чип”ни лўқ этиб ютиб юборади. Эркин ака “Сизга отилган ўқ, менга тегсин” деб кўкрагини кериб чиқди. Биласиз уруш даврида бошлиғи учун кўкрак керган аскарга қаҳрамонлик берилган. Эркин ака шундай қаҳрамонлик қилдилар. У киши оддий бошлиқ учун эмас, Олий қўмондон учун кўкрак кердилар. Шунинг учун ҳам у кишига қаҳрамонлик бериш ташаббуси Олий қўмондоннинг ўзларидан келди.
-Озод ака-чи?
-У одам биласиз энг зўр одам эди. Ўғли Бош прокуратурада коттакон бўлгани ёки менинг дўстим эканлиги учун айтаётганим йўқ бу гапни. Ростдан ҳам у одам мировой эди. Ҳатто мухолифатнинг ҳам пири эди. У кишини тан олмаган, у зотга қулоқ солмаган ижодкорнинг сони саноқли эди. Қўмондонни ҳамма мақтайверади. Лекин шунақа одам мақтаса, биласизми, бу дегани мухолифлар ҳам тан олди дегани. Раҳматли, нафақт мақтадилар, балки оқсоқол ҳақида зўр китоб ёздилар. Пири бир нарса деса муриди тешикка кириб кетади, деганларидек, кўп одамни мот қилдик. Ул зот шаҳид шаҳодатига муяссар бўлдилар.
Қолганларни сўрашга тоқатим етмади. Ўзим ҳам тезроқ қаҳрамон бўлгим келаверди.
-Мен нима қилишим керак?
-Сизми? Сиз ўша “Туронзамин” деган сайтингизга битта-иккита нарса ёзасиз. Бизни ёмонласангиз бас, улар кўз юмиб чиқараверадилар. Биз эса “туҳмат қилди” деб сизни судга тортамиз. Четдан “карнай-сурнайларни” ишга соламиз. Бутун дунёни оёққа турғазамиз. Ҳамма сизни гапира бошлайди. Сиз парво қилмай “Айбим йўқ” деб тураверасиз. Сизни суд қилиб, бир-икки йилга кесамиз.
-Нима, қамоққа кираман-ми? Юрагим чатоқ, ўлиб қоламан-ку?
-Юракка нима қилган?
-Ўтган йил инфаркт бўлгандим…
-Ҳммм, бўлмаса условни бериб, жаримага тортамиз, беш-олти миллион…
-Бунча пулни қаттан топаман?
-У ёғи билан ишингиз бўлмасин. Сиз судни судга берасиз. Дунё ларзага келади. Сизга “Олтин қалам” унвонлари ва бошқа мукофотлар ёғила бошлайди. Сизни чет элларга таклиф қиладилар. Биз эса қўймаймиз, виза бермай турамиз.
-Нега бермайсиз?
-Сиздан улар эмас, биз қаҳрамон ясамоқчи.
-Тушунмадим.
-Улар сизни олиб кетса, уларнинг қаҳрамонига айланасиз. Сиз эса бизнинг қаҳрамон бўлишингиз керак. Яъни охиригача туриб берасиз. Кечирасиз гапиб қўполроқ чиқди. Охиригача чидайсиз. Охирида оқланасиз, кейин истасангиз чет элларга ҳам кетаверасиз.
-Бу билан нимани исботлайсизлар?
-Бу билан сиз бизда адолат қандай қарор топиши ҳақидаги “чип”ни дунёнинг калласига суққан бўласиз. “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини кўксингизга оқсоқолнинг ўзлари тақадилар. Тассаввур қилинг, залда гулдурос қарсаклар, Пахан сизни қўлтиқлари остига босиб ўпмоқдалар…
Бўғилган каби ҳисдан уйғониб кетдим. Лекин жуда хафа бўлдим. Мен ўнгим деб ўйлагандим-да. Блин, доим шунақа бўлади, омад ё тушимда ё ҳушимда ёнимдан ўтиб кетади. Омадлиларга ҳавасим келади…
Нофизий, Тошкан.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: